15:07 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири: Бугунги кунда Интернетга киришни чеклаш имконияти йўқ

02.06.2005 19:36 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

- “13-майдаги Андижон воқеаларидан кейин кўплаб куракда турмайдиган сўзлар, жумладан, Ўзбекистонда Интернет сайтларига кириш тўсилаётгани ҳақида гаплар тарқалди. Бугунги кунда Интернетга киришни чеклаш имконияти йўқ ва бу тармоқда ишловчилар бундан бехабар бўлишлари мумкин эмас”, - деб маълумот берди 2-июнь куни хориж дипломатлари ва журналистлар учун ўтказилган брифингда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Элёр Ғаниев.

- “Ахборот технологиялари асрида Интернет тармоғини тўсиб қўйиш мумкинлиги эриш туюлади”, - дея таъкидлади у.

Ташқи Ишлар вазирининг «кутилмаган жасорат» билан қилган баёноти Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган хорижий матбуот вакиллари, айниқса, кундалик фаолияти давомида тўсиқларга дуч келаётган электрон нашрлар вакилларида киноявий табассум пайдо қилди. Журналистлар ўзаро “Ғаниевнинг баёноти электрон алоқанинг махсус хизматидан фойдаланувчи дипломатларга нисбатан қилинганга ўхшайди”, қабилида фикр алмашдилар.

Шундан сўнг, Элёр Ғаниев халқаро ҳамжамиятнинг «текширув ўтказиш тўғрисидаги қатъий мурожаатлари»га жавобан Ўзбекистон «АҚШ, Франция, Россия, Хитой элчихоналари, қўшни давлатлар вакиллари ва ЕХҲТ иштирокида Андижон вилоятидаги вазиятни барқарорлаштириш ҳамда ўтказилаётган терговни мониторинг қилиш мақсадида махсус ишчи гуруҳи тузишга тайёр» эканини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровга Андижон воқеаларида исломий экстремистлар ва чечен жангарилари қўли борлиги ҳақида фикр билдиргани учун ташаккур изҳор қилди. Ғаниевга кўра, бу каби фикрлар «вазиятни холис баҳолаш бўлиб, минтақадаги барқарорлик учун хизмат қилади».

Шу билан Ташқи Ишлар вазирлиги қабуллар уйида 12 дақиқа давом этган брифинг якунланди. Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазири йиғилганларга миннатдорчилик билдирди.