15:27 msk, 29 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сурат Икромов хотиралари: Тошкентда порахўр судьянинг жазоланиши

11.07.2016 15:22 msk

Сурат Икромов

“Фарғона” тошкентлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромовнинг хотиралар китобидан парчалар чоп этишда давом этади. ЎМҲҲТГ (Ўзбекистон мустақил ҳуқуқҳимоячилари ташаббус гуруҳи) раҳбари бўлган Икромов республика бўйича инсон ҳуқуқлари ҳимоясига бағишланган икки мингга яқин хабар тарқатган. Бугунги ҳикоямиз шу хабарларнинг учтасига асосланган: унда ўзининг шафқатсизлиги билан донг таратган, ноқонуний тарзда 11 марта олий жазога ҳукм қилган ва ўта йирик миқдордаги пора билан қўлга тушган судьянинг қўлга олиниши ҳақида ёзилган.

Судья учун “индульгенция”

ЎМҲҲТГ ташкил этилиши биланоқ ташкилотимиз аъзолари, шу жумладан мен ҳам фаол тарзда суд жараёнларининг мониторинги билан шуғулланар эдик. Одатда бу судлар “буюртма” бўлиб, айблов ҳукми олдиндан маълум эди. Терговчилар ишни тўқиб чиқарарди, прокуратура уни тасдиқларди, судьялар эса далил-исбот бўлмаса ҳам айбланувчиларни узоқ муддатга қамар эди.

Бундай вазиятларда мени айниқса судьяларнинг қилган ишидан ғазабланардим. Ахир улар расман ҳеч кимга тобе эмас ҳамда “қонун ҳамда ўз ишончига асосланиб” инсонларнинг тақдирини ҳал қилади. Аслида булар қуруқ гап холос: суд жараёни “тепадан” буюрилганидек якун топади. Қонунни ҳам ўз хоҳишига қараб талқин қилаверади.

Бундай судьялар “буюртма”ни бажариш орқали ўзларини махсус индульгенцияга эришгандек ҳисоблашарди. Шундан сўнг бошқа суд жараёнларидан ўз ҳамёнини тўлдиришда фойдаланиб, бутунлай мустақил эканликларини намойиш қилишарди. Ҳа, улар мустақил эди, аммо улар қонундан ва ахлоқий принциплардан мустақил эди.

Шу сабабли 2005 йил бошида “буюртма судья”лардан бири – жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси Комила Абдувалиева пора билан қўлга тушиб, судланувчилар скамейкасидан жой олганини эшитгач, мен бу суд жараёнини мониторинг қилишга аҳд қилдим.

Ҳеч бир сабабсиз берилган олий жазолар ва пойтахтдаги кошона

Мониторинг ўтказиш қийин экан – суд жараёни Олий судда ёпиқ тарзда ўтказилди. Суд мажлиси расман очиқ бўлса ҳам, ҳеч қанақанги “бегоналар”ни суд залига киритишмади. Мени ҳам, ташкилотимизнинг бошқа аъзоларини ҳам киритишмади. Аммо барибир мониторинг ўтказдик – ҳуқуқ ҳимоячилари Фарида Раҳимова и ва Раҳматулло Алибоев суд биноси ёнида жабрланувчилар ва гувоҳлар билан танишиб, суҳбатлашди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум бўлишича, 53 ёшли КомилаАбдувалиева Наманган вилоятидан экан. Наманган вилоят суди раисининг ўринбосари, Олий суд судьяси, кейин жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси лавозимларида ишлаган. Бу лавозимларда ишлаган пайтида ўзининг шафқатсизлиги ва нохолислиги билан донг таратган.

Менинг назаримда унинг энг катта жинояти шу бўлганки, у айби судда исботланмаган камида 11 та судланувчини олий жазога ҳукм қилган. Ўша пайтда Ўзбекистонда олий жазо сифатида ўлимга ҳукм қилинар эди, бундан келиб чиқсак, Абдувалиева айбсиз одамларни ҳаётдан маҳрум қилган. Бундай қонунийлаштирилган қотилликларнинг бир қисми “буюртмали” ишларга тўғри келади.

Буюртмаларни виждонан бажаргани эвазига расмийлардан индульгенция олганига ишонган Абдувалиева айбланувчилардан очиқдан-очиқ пора талаб қилишни бошлаган. Шунчалик киришиб кетганки, судланаётганларнинг қариндошларидан ҳам, жабрланувчилардан ҳам катта миқдордаги пул талаб қилган. Аммо порани олгандан сўнг ҳам судланувчи ва жабрланувчиларни мушкул вазиятга туширадиган ҳукмлар чиқарган. Шу тарзда йиққан маблағига Тошкентда улкан кошона қурдирган.

Ҳаммаси кинодагидек бўлди

Ҳаддидан ошган судья 2004 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳар судида ўтказган суд мажлисида қўлга тушган. Ўшанда айбланувчилар Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл шаҳридан бўлган. Улар бир нечта моддалар билан айбланган: 164 (“Босқинчилик”), 165 (“Товламачилик”), 118 (“Номусга тегиш”), 119 (“Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайр итабиий усулда қондириш”).

Бу ўринда судланувчилар бу жиноятларни содир этган ёки этмаганлиги муҳим эмас. Муҳими шуки, бу моддалар, айниқса охирги иккитаси жиддийгина эмас, балки шармандалик эди. Судланувчиларнинг қариндошлари шокка тушиб қолган. Аммо шундай мушкул вазиятдан ҳам осонгина чиқишнинг иложи бор экан.

Бунинг йўлини Комила Абдувалиева ўргатди. Танаффус пайтида у судланувчиларнинг яқинлари Минновар Бекназарова ва Озода Хоруновани ўз кабинетига чақириб, бор-йўғи 2000 доллар эвазига оқлаш ҳақида ҳукм чиқариб беришини айтади.

Қариндошлар бундан хурсанд бўлиб, судьяга бўнак сифатида 500 доллар беришади. Абдувалиева 23 ноябргача қолган суммани келтиришни талаб қилади, ўша куни ҳукм чиқарилиши керак эди. Шундан сўнг Бекназарова ва Хоруновага бир неча марта қўнғироқ қилиб, бир ярим минглик “қарз” ҳақида эслатади. Аммо бунча пулни топа олмаган қариндошлар иложсизликдан МХХ республика бошқармасига мурожаат қилишади.


2005 йил 21 февралда Олий суд олдида бўлиб ўтган пикет қатнашчиларидан бири. Муаллиф олган сурат

Натижада 23 ноябр куни соат учда Минновар Бекназарова айтилган 1500 долларни судья Абдувалиеванинг кабинетига олиб келади. У пулни олиб, ишни кўнгилдагидек битиришга ваъда беради.

Беш дақиқадан сўнг Абдувалиеванинг кабинетига МХХ ходимлари киради. Буёғи детектив фильмларидагидек кечади – олинган пулларни топиш, махсус мослама ёрдамида “пора” деб ёзилган белгини ёритиш, гувоҳлар, протокол, ҳибсга олиш.

Судьянинг сумкасидан яна 3000 доллар топилади. Абдувалиева булар ўзининг пуллари эканини айтиб, қасам ичади, гўёки нимадир харид қилиш учун ўзи билан олиб олган эмиш. Аммо бу пуллар қаердан келгани тез орада маълум бўлди. Судья қўлга олинганидан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига яна саккизта жабрланувчи мурожаат қилиб, бу судья таъмагирлик йўли билан ўзларидан катта суммада пора олганини маълум қилишди.

Шу сабабли МХХ Тергов бошқармаси томонидан Абдувалиевага нисбатан Жиноят кодексининг 210 “Пора олиш” моддасига биноан қўзғатилган ишда бир нечта эпизод бўлган. Анча шов-шувли иш бўлди: Абдувалиеванинг ҳибсга олиниши ортидан жиноий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Мустафоев ва унинг ўринбосари Сагатовлар лавозимидан бўшатилди. (Муштарийлардан узр сўрайман: одатда мақолаларда расмийларнинг исмини келтирмасдим, исмининг бош ҳарфлари ёки фамилиясини ёзардим. Ҳозир бу воқеаларга анча бўлгани учун тўлиқ исмларни аниқлаб бўлмайди, шунинг учун борича қолдирдим).

Судланувчи ишончли ҳимоя остида

Бироқ Абдувалиеванинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ шов-шув фақатгина суд-ҳуқуқ тизимининг юқори доирасида бўлган. Тошкент шаҳар судининг раҳбарияти алмашгани ва пора билан қўлга тушган судья ҳақида ўзбек матбуоти лом-мим дегани йўқ. Мустафоев ва Сагатов шармандаларча ҳайдалишнинг ўрнига бошқа лавозимга ўтказилган холос. Абдувалиева устидан суд жараёни ёпиқ режимда эмас, балки салкам махфий тарзда ўтказилган.

Аммо касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. 18 февралда ЎМҲҲТГга наманганлик Баҳриддин Шамсутдинов мурожаат қилиб, судья Комила Абдувалиеванинг жиноий қилмишларини фош этувчи ўнлаб факт ва ҳужжатларни тақдим этди. Бу фактлар ЎМҲҲТГ аъзолари тўплаган фактларга мос тушгани учун мен эртаси куниёқ судьянинг ҳибсга олингани ҳақида хабар чиқардим.

Натижада бу таъмагирнинг судланаётганини ҳақида бошқа жабрланувчилар ҳам хабар топиб, Тошкентга кела бошлашди. Аммо Абдувалиева ишончли ҳимоя остида экан. Ишни олиб бораётган судья М.Хасанов ҳам, унда иштирок этаётган прокурорлар Абдуллаев ва Давидов ҳам судланувчини ҳар хил нохушликлардан ҳимоя қилиб, суд залига бошқа гувоҳларнинг киришига йўл қўйишмади.

Шу билан бирга Абдувалиевани нафақат ҳимоя қилиш, балки уни оқлашга ҳам ҳаракат қилишди. Унга тақалган 210-моддага биноан 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин эди. Аммо Тошкент шаҳар прокурорининг ёрдамчиси, бу ишда давлат айбловчиси бўлган Давидов ҳам судланувчининг қандли диабет касалига чалинганини пеш қилиб, жазо муддатини 8 йилга қисқартиришни сўради.

Темир панжара олдидаги пикет

Тошкентга келган жабрланувчилар ва ноқонуний қамалганларнинг қариндошлари 2005 йилнинг 21 февралида ҳукм чиқарилишидан хабар топишди ва ўша куни Олий суд олдида пикет ўтказиб, собиқ судьяни қаттиқроқ жазолаш билан бирга унинг ноқонуний ҳукмларини қайта кўриб чиқиш ва зарарларни тўлашни талаб қилишга қарор қилишди.

Бу пикет ҳақиқатан ҳам 21 феврал куни соат 10 да ўтказилди. Унда жабрланувчилар ва уларнинг қариндошларидан 20-25 киши қатнашди. Кўпчилик қатнашчилар Абдувалиевани намунавий тарзда жазолашнигина талаб қилмасдан, балки бошқа судьяларга нисбатан ҳам ўз эътирозларини билдиришди. Олий суд атрофидаги баланд темир панжара олдида турганлар турли ёзувли плакатлар ушлаб олганди: “Мен суд ўзбошимчалиги қурбониман!”, “МирзоУлуғбек тумани суди судьялари Н.Азаматова ва О.Тошматова - порахўрлар!”, “Олий суднинг “кўзи кўр” судьялари ишдан бўшатилсин!”


2005 йил 21 февралдаги Олий суд олдидаги пикет. Муаллиф олган сурат

Аммо пикет ҳеч қандай наф келтирмади – суд ҳукмлари қайта кўрилмади, зарарлар қопланмади. Ҳаттоки уларни ҳукм ўқиладиган пайтда суд залига киритишгани ҳам йўқ.

Бундан ташқари суд мажлисига гувоҳлар, жабрланувчилар, кузатувчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар ҳам киритилмади. Кечки пайт судья котиби жабрланувчиларнинг уйига қўнғироқ қилиб, эртаси кун суд ҳукмидан нусха олиб кетишлари мумкинлигини айтган холос. Аммо Абдувалиеванинг қанча муддатга қамалганини ҳам айтмаган.

22 февралда маълум бўлишича, собиқ судьяга энг кам муддатдан ҳам камроқ муддат берилибди. Ўта катта миқдордаги пора олганлиги учун унга 7 йил берилибди холос. Бунинг устига барча пора олганлик ҳолатлари судда исботланиб, Абдувалиеванинг ўзи айбини тан олган.

“Индульгенция”амалда

Айбсиз 11 кишини ўлимга жўнатган, пора билан қўлга тушган бу судьянинг жазо муддатини тўлиқ ўтирганига шубҳам бор. Ҳаётда кўп кўрдим, бундай кишилар зонада кўп ўтирмайди. Имтиёзли шароитда етти-саккиз ой ўтиради, кейин амнистияга кўра озод этилади.

Шу сабабли ҳам, жазога тортилаётган судьялар сони кўпайгани билан, суд-ҳуқуқ тизимидаги коррупция тўхтамади, балки баттар кенгайиб кетди. Охир-оқибат МХХ порахўр судьяларни битта-битталаб эмас, балки ёппасига қўлга ола бошлади.

Адашмасам, 2009 йилда жиноий ишлар бўйича Тошкент вилоят судининг деярли бутун шахсий таркиби қўлга олинган. 2012 йилда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа тумани туманлараро судининг бошига ҳам шундай кун тушди. МХХ босадиган куни касал бўлган ёки ёзги таътилда бўлганларгина омади чопиб, қамоқдан қутулиб қолишди.

Судьяларнинг ўзи қамоққа олинишга номзод бўлиб қолиб, Учтепа судида ишлайдиган одамнинг ўзи қолмагани учун суд бир неча ой ишламади. Буни хаспўшлаш учун баҳона сифатида бинони таъмирлаш учун ёпишди.

Тошкент вилоят судида ҳам, Учтепа судида ҳам барча иштирокчиларни чўчитиб қўйишди холос. Айримлари амнистияга кўра ўз ҳамкасблари томонидан озод этилди, айримлари шартли муддат олди. Ҳеч ким судья лавозимига тикланмаган бўлса керак, чунки бу ҳуқуқ соҳасидаги фантастика бўлган бўларди. Аммо аксарияти адвокат бўлиб олди. Энди аввалгидан ҳам ёғлироқ иш билан шуғулланишмоқда – манфаатдор шахсларнинг порасини бошқа (ҳали қамалмаган) судьяларга етказишади. Демак, уларга барибир расмийлар томонидан индульгенция берилган бўлиб чиқяпти.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама