22:35 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пенсиялар яқинлашди, аммо ҳали ҳам олиш қийин

07.07.2016 18:24 msk

Ўз мухбиримиз

Июнь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб, Ангрен шаҳридаги пенсионерларнинг карточкадаги пенсияси маҳалла идорасида нақдлаштириб берилмоқда. Банк ходимлари жадвалда белгиланган вақтда маҳалла қўмитасига келиб, нақд пул тарқатмоқда.

Иш кунларида банклар олдида пенсионерлар тўпланиб кетаётгани сабабли шундай чора кўрилган. Пенсионерлар банкка пластик карта эмас, балки ҳақиқий пул олиш учун тўпланишади. Ҳолбуки, пластик карталар нақд пулни сақлаш муаммосини ҳал қилиши керак.

Умуман олганда, ҳал қилади ҳам. Пенсионерда нақд пул йўқ – демак, ҳеч ким ўғирлай олмайди. Электрон пулда эса бошқача бўлади. Ўз хоҳиши билан пластик карточка олганлар (қонун бўйича ҳаммаси ихтиёрий) учун имтиёзлар рўйхатида шу нарса кўрсатилмаганки, пластик картадаги пулнинг йигирма фоизигача миқдорини ютқизасиз. Акс ҳолда дўконларда “карточка”га товар сотилмайди.

Шундай қилиб, ҳозирги кунда давлат даражасида қонунийлаштирилган тарзда аҳолидан, энди пенсионерлардан ҳам пул тортиб олиниб, ўзбек банкларининг капиталига қўйилмоқда. Пул пулни чақиради, дейишади-ку. Шу ўринда бир латифа эсга тушади: “Овқатга кетадиган пулни тежаб, машинага тўплаш мумкинми? Мумкин, агар бошқалар ҳам овқат емаса”.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг буйруғи билан пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлаш тўғрисидаги Йўриқнома тасдиқланган. Унга кўра, фақат икки ҳолдагина пенсиядан маблағ ушлаб қолиниши мумкин: а) суд қарорини бажариш учун белгиланган тартибда, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ тарзда бажариладиган қарорлар асосида; б) пенсионерга ортиқча сумма тўлаб юборилган ҳолда, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими қарори асосида. Бошқа ҳолларда пенсиядан (тўловдан) ушлаб қолиш мумкин эмас.

Нақд пул учун маҳаллага бориш

“Мен эрталаб соат тўртда банкка келиб, навбат олар эдим. Борганимда аллақачон одам йиғилган бўларди. Баъзида банк очиладиган пайтгача уч юзтача одам йиғиларди”, - дейди пенсионер Нилуфар Қаршибоевна.

Аммо пенсияларни маҳалла қўмитасида нақдлаштириш орқали муаммо қисман ҳал бўлди холос (агар буни ҳал қилиш деб аталса).

Икки ҳафтадан бери пенсионерлар энди банк олдида эмас, маҳалла қўмитаси олдида навбатга турмоқда. “Яқинда пенсиямнинг бир қисмини нақдлаштириб олдим. Навбатда саксон учинчи бўлдим, бир неча кун туришга тўғри келди”, - дейди етмиш ёшли Ольга Петровна.

Бу дегани кекса аёлнинг ҳар куни маҳалла қўмитаси остонасида турганини билдирмайди. Ҳар доим ҳам жадвалда белгиланган кунларда пул келавермайди. Сабаби худди банкларда бўлганидек: нақд пулнинг йўқлиги.

Кўпчилик эр-хотинлар навбатда алмашиб туришади, эрталаб эри турса, тушликдан сўнг аёли туради. Айримларнинг навбатида болалари, неваралари ёки қариндошлари туради. Ахир кекса ёшингда шундай иссиқда, айниқса шундай салбий энергия ва ғазаб таратаётган оломон ичида кун бўйи туришнинг ўзи эмас. Хуллас, “муомалада қулай” пластик карточкадан пенсияни нақдлаштиришга ҳамма биргаликда ёрдам бермоқда.

Май ойида ва июнь бошида Ангрендаги банк ва почта бўлимларида юз минг сўмгача, ҳатто баъзиларга икки юз минггача нақд берилган бўлса, ҳозирги кунда киши бошига эллик мингдан кўп берилмаяпти.

Июнь ойи бошида Ангренда ҳамманинг июндаги пенсияси ва май ойидан қолган қарзлари мажбурий равишда пластик карточкага ўтказилди.

Ангрен: пластикка мажбурлаш қандай амалга оширилди

Ҳаммаси бир неча йил олдин бошланди, ўшанда почтада пенсия олаётганларга ихтиёрий равишда пенсиянинг муайян қисмини пластик карточкага ўтказиш тўғрисида ариза ёзиш таклиф қилинарди. Ўшанда пенсиянинг 10-20 фоизи назарда тутиларди.

Жуда камчилик бунга рози бўларди, чунки давлат ишидагилар ва корхонада ишлаётганларнинг пластик билан қийналиб юргани ҳамманинг кўз ўнгида эди. Агар пенсионер пластик карточка деб аталувчи бу илмий-техник тараққиёт ютуғидан фойдаланишни истамаса, уни ҳеч ким мажбурламас эди.

Уч йилча олдин шаҳар маъмурияти ҳар бир почта ходими, банк ходими ва ўқитувчилардан камида бешта пенсионерни пластик карточкага ўтказишни талаб қилди. Шу мақсадда шаҳар ҳудуди ҳудудларга бўлинди ва “вакиллар” ишдан бўш вақтида уйма-уй юришга мажбур бўлди.

Кимдир “қадрдон” почтальонга ёрдам қилиш учун, кимдир ўзига ёрдам қилиш учун ёки кейинги сафар пенсияни биринчи бўлиб олиб келишади деган умидда пластикка рози бўларди. Кимлардир ўқитувчилар ёки банк ходимларига ачинганидан рози бўларди, чунки уларнинг айтишича, пенсионерларни пластикка ўтказиш режасини бажармаганларнинг маошидан фоиз олиб қолинар эмиш. Бошқалар соддалиги учун алданиб, кейинчалик пушаймон еб юрган.

Бу чора ҳам кутилган натижаларга олиб келмади. Пенсионерлар оёғини тираб туриб олди.

Бўлиб ўтган бир воқеа ҳамманинг эсида (гувоҳлар бор). 2014 йилда Ангрендаги кварталлардан бирида мактаб маъмурияти эълон ёпиштириб, пенсиянинг бир қисмини пластик карточкага ўтказиш масаласини муҳокама қилиш учун пенсионерларни йиғилишга чақирган.

Белгиланган вақтда мактабга қирқтача пенсионер келган. Директор нутқ бошлаган: “Ҳурматли пенсионерлар! Ангренда нақд пул масаласи чатоқ бўлиб турибди, шу сабабли ҳокимият сизлардан шаҳарга ёрдам беришни ва пенсияларингизнинг йигирма фоизини пластик карточкага ўтказишни илтимос қилади”.

Аммо пенсионерларга қойил қолиш керак, “фойдали таклиф”га дадиллик билан, бир овозда рад жавобини беришди. Йиғилиш якунига етай деганда директорнинг йиғламсираб тушунтириб беришича, уни ҳар куни ҳокимиятга чақиришиб, “пластик бўйича” режани бажаришни талаб қилишар, акс ҳолда ишдан ҳайдаш билан қўрқитишар экан. Ўқитувчиларнинг эса дарслардан кейин уйма-уй юриб, одамларни кўндиришга ҳоли қолмаётган экан.

Бироқ пенсионерлар бўйин эгмади.

Бир йилдан ортиқ вақт Ангренда пенсиялар бир неча ҳафталик кечикиш билан берилди. Айримлар шикоят ҳам ёзди. Аммо кўпчилик буни тушунарди: нима ҳам қилардик. Ҳаммасига чидашди.

2015 йилнинг баҳорида Ангрендаги почта бўлимларида пенсиянинг йигирма фоизини пластикка мажбурлаб ўтказиш бошланди, акс ҳолда пенсияни бермаслик билан пўписа қилинди. Почтальонлар буни ҳокимиятнинг буйруғи билан изоҳлашди, аммо буйруқнинг ўзини ҳеч кимга кўрсатишмади. Айримлар қўрққанидан розилик билдирди. Аммо аксарият пенсионерлар қатъиян рад жавобини берди. Бу сафар ҳам ҳимоясиз пенсинерлар шаҳар маъмуриятининг режасини бузишди.

Шундай қилиб, 2016 йилнинг июнь ойи келди. Бу ойда Ўзбекистондаги пенсияларнинг ҳақиқий қиймати ўн беш-йигирма фоизга камаядиган бўлди. Чунки энди пенсионерлар ҳамма нарсани карточка билан тўлашга мажбур бўлади, демак маҳсулотлар ҳам қимматроққа тушади.

Энг жасур ёки умидсизликка тушган пенсионерлар вазиятни яхшилаш мақсадида “тепага” шикоят ёзмоқда. Ушбу тузум ичида туриб, тузумнинг ўзи чиқарган қарорлар устидан шикоят қилишдан наф йўқлигини ҳали тушуниб етишмаган кўринади.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги