00:10 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Октябрь ойидан бошлаб ҳамма пенсияларнинг ярми карточкага ўтказилади

03.07.2016 11:05 msk

Ўз мухбиримиз

Шу йилнинг октябридан бошлаб Ўзбекистонда барча пенсия тўловларининг камида 50 фоизи мажбуран пластик карталарга ўтказиладиганга ўхшайди. Кексалар ўз ихтиёри билан рози бўлмаслигини тушунган давлат амалдорлари ва банкирлар таъсир ўтказишнинг янги, репрессив усулларидан фойдаланишга қарор қилган кўринади. Бу йўлда нақд пулсиз ҳисоб-китобни расмийлаштириш “ихтиёрий” бўлиши кераклиги тўғрисидаги ўзлари чиқарган қонунларни ҳам менсишмаяпти.

Ҳаммамизга маълумки, қонунга кўра, пластик картаси эгасининг розилиги бўлмаса, банк унинг пенсиясини картага ўтказишга ҳаққи йўқ. Аммо шуниси ҳам тушунарлики, бу қоидани бузадиган банкирларни ҳеч ким жазоламайди. Айниқса бу нарса юқоридагиларнинг босими остида бажарилган бўлса.

Банк тизимидаги манбаларимиз берган маълумотларга кўра, тез орада пенсионерларга “50/50” принципи бўйича нақд пулсиз ҳисоб-китобга розилик билдиришга мажбурлайдиган ҳужжат чиқади. Яъни, хоҳлайсизми-йўқми, пенсиянгизнинг ярми электрон карточкага ўтказилади.

Ижтимоий тўловлар оладиган фуқароларни оммавий тарзда пластикка ўтказиш акцияси 1 июлдан бошланиши режалаштирилган эди, аммо иш кўламининг улканлиги ҳисобга олиниб, кейинроққа қолдирилди.

“ШОС ўтиб, мустақилликни ҳам нишонлаб олишимизни кутишяпти, кейин бемалол пенсия тўловлари соҳасидаги “инновация”ларни жорий этиш мумкин. Пенсия ва маошларнинг тўланиши мунтазам кечикиши ортидан ҳукумат шундан яхшироқ чорани ўйлаб тополмай, ўзбекистонликларни қабул қилиб бўлмайдиган шартларга розилик билдиришга мажбурлашмоқчи. Кечагина банкирлар қонунга риоя қилган ҳолда, қариялардан "ҳар томонлама фойдали пластик”ка ўтишни ялиниб юрган бўлса, энди босим ўтказиш воситаси пайдо бўлади ва расмийларнинг бошоғриғига айланган муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлади. Ҳар доимгидек, кимга қийин, халққа қийин бўлади. Йўл ҳақига тўлаш ёки мактабда овқатланиш учун озгина нақд пул олиш мақсадида соатлаб навбатда туриш, терминал қидириш, супермаркетда маҳсулотларни қимматига олиш...Дўкон эгалари бойишда давом этади, иложсиз пенсионерлар эса ночорроқ аҳволга тушаверади, чунки “Корзинка”лардаги нархлар бозордагидан 20-40 фоизга баланд”, - дейди “Фарғона” манбаси, мамлакатдаги нақд пулга оид аянчли вазиятни шарҳлар экан.

Унинг айтишича, ШҲТ саммити ўтказилаётган пайтда тепадан буйруқ тушиб, “қора бозор”да доллар курсини 5.700-6.000 сўмдан оширмаслик тайинланган. Худди шундай бўлди ҳам. Ҳолбуки, айрим маҳаллий иқтисодчиларнинг фикрига кўра, бугунги кунда ҳақиқий курс 8.500-9.000 сўмни ташкил қилиши мумкин. Айни кунларда тадбиркорлар нафасини ичига ютиб, доллар курсининг юқорига сапчиши ва шундоғам ночор иқтисодиётни дабдала қилиши эҳтимолини кутиб ўтиришибди. Бу нарса муқаррарга ўхшаб турибди…

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда нақд пул муаммосининг кучайиши ортидан Марказий банк июнь ойидан пенсияларни нақд пулда беришни тақиқлаган. Вақтинчалик киритилган бу чеклов доимийга айланди, бунинг устига чидаб бўлмайдиган шароитлар ҳам қўшилмоқда. Банклар олдидаги узундан-узун навбатларни олайлик, бу навбатларда кексалар озгина бўлса ҳам “ҳақиқий” пул олиш илинжида соатлаб кутишади.


Тўйтепадаги Миллий банк филиали олдидаги навбат. 2016 йил 13 май, соат 08:45. “Фарғона” фотосурати

Вилоятларда яшовчилардан розилик хати олиб ўтирмасдан, ҳаммаси ёппасига карточкага ўтказилди, аммо Тошкентда бу ҳийла ўтмади: нақд пулсиз ҳисоб-китобнинг таъмини тотиб кўрган қарияларнинг ярмидан кўпи карточкага ўтишга қатъий қаршилик қилмоқда. Ҳатто тескари жараён ҳам кетмоқда: пластикни банкка қайтариш ҳолатлари учрамоқда.

Хулоса аниқ: амалдорлар бюджетни тўлдиришнинг янгидан-янги усулларини қидириб, жамиятнинг энг ҳимоясиз қатламини мўлжалга олмоқда. Бюджетни тўлдириш учун бизнес юритишга нормал шароит яратишнинг ўрнига шу йўлдан борилмоқда. Шуниси сир эмаски, бугунги кунда тадбиркорлар тўлаган солиқлар кўпинча давлат бюджетини четлаб ўтиб, қўли эгри солиқчиларнинг ҳамёнига бориб тушмоқда. Бунинг сабаби шундаки, осмондан олинган солиқ ставкалари ва бизнеснинг таъқиб остига олиниши туфайли бизнес хуфия йўлга ўтиб, тегишли молиявий ва кучишлатар органлар овқатланадиган охурга айланмоқда.

Тошкентлик Лариса Кузнецованинг айтишича, қонунга итоаткор ўзбек фуқаролари “пластик”нинг ўзига қарши эмас, балки ундан фойдаланишга нормал шароитнинг йўқлиги ва терминалларнинг етишмаслиги-ю, банкоматларнинг йўқлигига қарши. Бу ерда ҳукуматнинг олдидаги асосий вазифа – нақд пулсиз ҳисоб-китоб юритиш учун барқарор асос яратиш.

“Биз “пластик”ка ўтишга қарши эмасмиз, аммо уни ҳамма ерда қабул қилишсин. Аҳолини пластикка “қамаш”дан олдин ҳукумат ҳамма жойга узлуксиз ишлайдиган банкоматларни ўрнатиш ва савдо нуқталарини ва деҳқон бозорларини юз фоиз терминал билан таъминлаш ҳақида ўйлаши керак. Акс ҳолда тараққий этган жамиятнинг ажралмас бўлаги бўлган нақд пулсиз ҳисоб-китоб воситаси оддий фуқаролар учун балога айланади. Кўчада ҳам, дўконда ҳам битта гап – нақд пул йўқ: болага сут олишга ҳам, транспортда юришга ҳам, ўқувчининг тушлигига ҳам нақд пул йўқ”, - дейди Лариса.

Хусусан, Тошкентнинг биқинидаги Чирчиқ шаҳрида бир-иккита дўконгагина терминал ўрнатилган. Пенсионерларнинг май ва июнь учун пенсиялари эса тўлалигича карточкага ўтказилди. Бунинг оқибатида тинка-мадори қуриган кексалар қирқ даража иссиқда банкда навбатда туриб, “электрон” пулларининг бир қисмини сўмга айлантириш илинжида (бир кишига кўпи билан 100.000 сўм берилади). Қарияларни тиббиёт ходимлар ва ... жасоратли ОМОНчилар кузатиб туради. Одамлар ҳушидан кетади, уруш-жанжал ва норозилик овозлари эшитилади…

12 июнь куни Чирчиқдаги навбатлардан бирида кекса аёлнинг жони узилгани ҳақида миш-мишлар тарқалди.У 1958 йилда туғилган экан (бизга унинг исми ва манзилини ҳам беришди). “Тез ёрдам” ходимлари эса навбатда турган пенсионернинг жони узилганини рад этади: врачлар унинг жонини сақлаб қолган эмиш…

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама