16:59 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Аҳмадбой пирамидаси: эски фирибгарликнинг янги нусхаси

24.06.2016 17:37 msk

Дмитрий Аляев

Ўтган ҳафтада бир нечта оммавий ахборот воситаси, жумладан “Фарғона” агентлиги ҳам “Озодлик”ка ишорат билан, Тошкент вилояти Олмазор шаҳрида яшовчи 38 ёшли Аҳмад Турсунбоевнинг қўлга олингани ҳақида хабар берганди. Халқ орасида Аҳмадбой исми билан танилган бу шахс Ўзбекистон ҳудудида молиявий пирамида тузганликда айбланмоқда. Тинтув қилинганида офисидан 40 млрд сўм (расмий курс бўйича $13,6 млн ёки “қора бозор” курсида $6,6 млн) ва 2 млн доллар нақд пул чиққан. Бошқа маълумотларга кўра, 13,139 млрд сўм ва 7,9 млн доллар чиққан.

Бир вақтнинг ўзида ўзбек телевидениеси Аҳмадбой фаолияти ҳақида репортаж тайёрлади. Publika.Uz сайтининг маълум қилишича, Турсунбоев жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда: 165 (“Товламачилик”), 168 (“Фирибгарлик”), 170 (“Алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш”), 177 (“Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш”) ва 178 (“Чет эл валютасини яшириш”).

Аҳмадбой йилига 100 фоиз кўпайтириб бериш шарти билан аҳолидан сўмда ва валютада пул қабул қилган. Бу фаолият билан тўрт-беш йил давомида шуғулланган. Бу пирамидага биринчи қўшилганларга фоизни кейинги қўшилганларнинг пулидан тўлаган. Одатда бундай пирамидалар бироз вақт ишлаб туради, унинг иштирокчилари барқарор даромад кўради, аммо иштирокчилар сони ошиб кетганидан сўнг муқаррар қулайди. Аҳмадбой пирамидага бир неча ўн минглаб ўзбекистонликларни жалб қилишга улгурган.

Шунисига ҳайрон қолади киши. Одамлар даромад топишнинг янги усулига қизиқиб кетгани эмас, балки пирамиданинг айнан Ўзбекистонда ташкил этилгани ҳайрон қоларли воқеа. Бу мамлакатда фуқароларнинг ҳаёти ва фаолиятини кузатишда махсус хизматлар, жумладан, молия ва солиқ ходимлари, жуда кўп сонли “кўнгилли” ва штатдаги айғоқчилар фаолият юритади. Бирорта ҳам тадбиркор давлатга билдирмасдан “қаттиқроқ нафас ҳам ололмайдигандек” туюлади баъзида.

"Чиноз "Авто Ҳамкор" ширкати раҳбари Аҳмад Ҳамидович Турсунбоевдан мусодара қилинган папкаларга асосланиб, 45 минг одам фирибгарлик қурбони бўлган. 20 июнь кунигача 20 минг кишидан ариза ëздирилди. Яна 25 минг кишидан ариза ëздириб оламиз. Аҳмадбойнинг ҳар бир мижозидан ариза ëздириш учун 45 минутдан вақт сарфланмоқда. Куну-тун ишлаяпмиз. Аризалар Чиноз тумани Чиноз шаҳри Шароф Рашидов кўчаси биринчи уйда қабул қилинаяпти" деган Озодлик манбаси. Манбанинг айтишича¸ ариза ва тушунтириш хати ëзганларга шаҳарни тарк этмаслик талаби қўйилган.

Хўш, Аҳмад Турсунбоев қанақа қилиб бир неча йил (!) давомида бемалол ҳамюртларининг ҳамёнини бўшатиб келган? Тегишли органлар кўрмаганми? Бўлиши мумкин эмас. Буни тасаввур қилиш ҳам кулгили. Балки ўзбек махсус хизматлари айнан шу турдаги фирибгарликни тушунмас? Буниси ҳам бўлмайди: улар илгари молиявий пирамидаларни кўрган, демак тегишли тажрибага эга. Бу тажриба ўтган асрнинг 90-йилларда орттирилган, ўшанда Россияни “пирамидомания” чулғаб олган, пирамида асосчилари эса Ўзбекистонга эътибор қаратган эди. Бу фаровон ўлка фуқаролари “кўрпа тахмонлари”да пул йиғиб қўйгани ва уларни секингина “ўзлаштириш” мумкинлигини тахмин қилишган.

Тошкентда ёки “Хопёр-Инвест” ёки “Русский дом Селенга” номли компаниядан десант тушган. У ён-атрофни кўздан кечиргач, устомонлик билан ишга киришган. Янги компания ISC деб номланди. Пойтахнинг қоқ марказида, Матбуотчилар 32, собиқ Ленинград кўчасида офис очилди. Бу “газета корпуси” деб аталадиган корпусга тақалган ярим ертўла шаклидаги бино-ошхона бўлиб, бу ерда Ўзбекистондаги асосий газеталарнинг таҳририятлари жойлашган эди. Бунинг устига Миллий Хавфсизлик Хизмати биносидан уч дақиқалик йўлда, Ички Ишлар Вазирлигидан ўн беш дақиқалик йўлда жойлашди.

Вақтни бой бермасдан, ISC кенг реклама кампаниясини йўлга қўйди, яхшиямки, республиканинг бутун ОАВси деярли қўл остида эди. Фирма тошкентликларга инвестиция қўйилмаларидан фойда олишни кафолатлади. Аҳоли билан ишлаш ҳам демократик йўлга қўйилган эди: ҳар қандай маблағдан катта фоизлар бериш кафолатланган эди, натижада судхўр бўлишни истаганларнинг кенг қатлами бунга қизиқиб қолди. Шу билан ISC томонга пул жилғадек оқа бошлади ва барқарор оқимга айланди.

Ўша пайтда ҳам ҳозиргидек, сўмни конвертация қилиш осон эмасди. Мамлакатда ўша пайтда ҳам валюталарнинг бир нечта курси бор эди. Бу нарса бир нечта омилга боғлиқ эди: сўм нақд ёки нақдсиз эканлиги, алмашув банкда ёки “қора бозор”да бажарилгани ва бошқа кўплаб ўзига хос томонлари бор эди, уларни таърифлаб ўтирмайман.


АҳмадТурсунбоев. Телевидениедаги кўрсатувдан олинган расм

Тез орада ISC фирмасига “тегишли идоралар” эътибор бера бошлади ва аста-секин “ишлов бериш” бошланди. Аммо хушёр россияликлар бир нималарни сезиб қолишди. Уларнинг офисига милиционерлар келишидан анча илгариёқ аҳолидан йиғилган барча пуллар катта пора эвазига нақдлаштирилиб, турли усулларда АҚШ долларига ўтказилди. Қай тарзда ўтказилганини аниқ билмайман, балки бир қисмини банклардан пора эвазига расмий курс бўйича алмаштирилиб, қолгани “қора бозор”да қилингандир. Нима бўлганда ҳам, худди ўша пайтда бозорда нақд доллар танқислиги юз бериб, нархи кескин кўтирилиб кетди.

Бундан ташқари Янгийўлда Аҳмадбойнинг ҳамкори бўлган Муродбой қидирилмоқда. У “автомобиль” пирамидасини қурган: одамларнинг автомобилларини олиб, 180 фоизгача фойдаси билан қайтаришни ваъда қилган. Ўзи шу кунларда йўқолиб қолган. Тафсилотлари “Озодлик” мақоласида

Нима бўлганда ҳам ўзбек кучишлатар органлари ISC офисида “зиц-раис Фунт”ни топишди. Бу раис офиснинг расмий директори бўлиб, қўл остидаги корхонанинг нима билан шуғулланишини билмаган, аммо ҳужжатларга қўл қўйиб бераверган. Кимдир жавоб бериши керак-ку. Хуллас, шу одам 18 йилга қамалган (кейинчалик айтишларича, муддатнинг охиригача ўтирмабди, тушунарсиз вазиятда ўлиб кетибди).

Нега бу воқеа ҳақида шунчалик ишонч билан гапиряпман? Чунки ўзим ИИВ кабинетларида соатлаб сўроққа тутилганман. Тан оламан, мен ҳам пул эвазига шу фирмани реклама қилганман. Бу нарса ўша пайтда тақиқланмаган бўлса ҳам, унчалик рағбатлантирилмасди, чунки “қора нақд пул” солиққа тортилмасди. Ўша ерда терговчилар билан суҳбат давомида шу воқеа ҳақида умумий тасаввурга эга бўлдим.

Хуллас, ISC компаниясининг ҳақиқий раҳбарларидан бирортасини ҳам қўлга олишолмаган. Офисни эса узоқ вақт давомида алданган омонатчилар қидириб юрди, уларнинг аксарияти пенсионерлар бўлиб, фирмага бор-будини топширган бўлишган. Ўша пирамида асосчилари ўзбекистонликларни қанча суммага туширганини билмайман. Уларнинг ҳужжатларини текширган бухгалтер билан ИИВда гаплашганимда шуни сўрадим. Аммо у қўл силтаб, бунақа суммани ўйлашнинг ўзи ҳам даҳшатлилигини айтувди.

Нимага буларни эслаб қолдим, нимага сўзлаб беряпман? Айтмоқчиманки, бунақа ишлар Ўзбекистон ИИВ учун янгилик эмас. Компания бир йил ёки ундан ошиқроқ ишлаган холос. Аммо Аҳмадбойга ўхшаб тўрт-беш йил эмас. Ҳолбуки, ўтган йигирма йил ичида ўзбек махсус хизматларининг қудрати ошиб, айғоқчилар тармоғи ҳам кенгайган.

Бундан шундай хулоса келиб чиқадики, Аҳмад Турсунбоевнинг ишлашига қўйиб беришган. Нимагадир. Ёки ким учундир. Балки тепадагиларнинг бирортаси шу йўл билан бойимоқчи бўлгандир ёки бошқа мақсад бўлгандир. Тез орада, шунчаки халқни тинчлантириш учун прокуратурага кучишлатар ходимлардан бирортасини қурбон қилишса керак. Чунки менимча ҳам бу бизнеснинг гуллаб-яшнашида кучишлатар органлардан кимнингдир ҳиссаси бўлса керак.

“Беш-олти йилдан бери бу одам бир яхши ишлаб юрган эди. Ундан ҳеч ким норози бўлган¸ хафа бўлган жойи йўқ. Етимхоналарга хайрия қилган¸ камбағалларга ëрдам берган. Ким пул берган бўлса¸ айтилган фоизини айтилган кунида олиб турган. Халқнинг ундан шикояти йўқ. Ҳақиқий фирибгар ва товламачи давлатнинг ўзи. Бу ерда давлат қароқчилик қилаяпти. Аҳмадбойдан олинган пулларнинг ярми бюджетга ўтса¸ қолган ярмини ўзлари еб юборади. Куйган яна халқ бўлади. Бор-йўқ жамғармамни бергандим. Майли¸ рўза-рамазон кунлари пулимни худо йўлига садақа деб ўзимни тинчитаманда энди”¸ - дейди тошкентлик ота. У Аҳмадбойга 4000 доллар бериб¸ уни кўпайтириб ўғлини уйлантирмоқчи эди.
Яна бир нарсани эҳтимолдан соқит қилиб бўлмайди, ҳукумат энди “стокгольм синдроми”га ўхшаган ҳолат билан юзма-юз келиши мумкин. Бу нарса Россиядаги алданган МММ омонатчилари орасида кузатилган. “Озодлик” ҳабар беришича, Аҳмадбойга пул берган фуқаролар уни айбламаяпти, балки фақат давлатни айбдор деб билмоқда. МММ билан ҳам шунақа бўлганди: алданган омонатчилар Сергея Мавродини озод қилиш талаби билан намойишлар ўтказган. Улар шунга ишонганки, давлат Мавродини ҳибсда сақлаб, унга қарзларини тўлаш имконини бермаяпти. Агар МММ асосчисига имконият берилса, у ҳамма омонатларни фоизи билан қайтаради.

Мен психолог эмасман, аммо тушунишимча, одамлар маблағидан бутунлай маҳрум бўлганига ишонгиси келмагани учун шундай бўлади. Мўъжизага ишониш. “Йилига 100 фоизлик дивиденд” ҳам мўъжизага ишониш эмасми? Бунақаси бўлмайди. Албатта, агар пул қўйилаётган корхона очиқдан-очиқ наркотик моддалар савдоси билан шуғулланмаса.

Умуман олганда, советларга хос менталитетнинг ўзи шунақа — ишламасдан ҳамма нарсага дарров эришиш. Собиқ иттифоқ ҳудудида бундай жабрланадиганлар ҳали яна учраса керак. Ўзбекларни очкўзликда айблаб бўлмайди. Россия матбуоти ҳам бир неча йил давомида Мавроди ва унинг “пулни ҳалол олиш” усуллари ҳақида ёзган. Хўш кейин-чи? Охири бехайр бўлдими? Йўқ. Жаноб Мавроди озодликка чиқди ва пул олиш усуллари янада ҳалоллашди: энди у бўлмағур тушунтиришлар билан бошни қотирмасдан, очиғини айтиб қўя қолди. Унинг компанияси бутун жаҳон иқтисодига ўхшаб “совун кўпиги” тамойилига қурилган, яъни улгурган фойда кўради. Бунинг устига анча-мунча тарафдорларга эга.

Шу сабабли ҳам Аҳмадбойнинг пирамидаси Ўзбекистон учун биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Айниқса бунақа нарсалар билан курашиши керак бўлган масъул шахсларнинг ўзи шу тарзда пул топиш ҳақида ўйлай бошласалар борми...

Дмитрий Аляев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама