06:48 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги мактаб директорининг кундалиги: пахта, ғалла, пилла. Ўқувчиларга ўрин йўқ.

22.06.2016 14:59 msk

Ўз мухбиримиз

Олдиндан айтиб қўяй: мен ўттиз йил иш тажрибасига эга бўлган мактаб директориман. 1986 йилда мактаб директори бўлганимдан бери шу креслони эгаллаб келяпман. Шу йил бошида барча мактаб директорларини туман ҳокимиятига чақиришди. Биз билан туман ҳокимининг шахсан ўзи суҳбатлашиб, ҳар бир директорга пахта-ғалла етиштирувчи фермер хўжалиги учун ер ажратишни буюрди. “Шуниси маъқулроқ” деб қўшиб қўйди. Олдинги йилларда ўқитувчилар ва техник ходимлар ёз бўйи далага чиқиб, пахтани ёввойи ўтдан тозалашар эди. Энди мактабнинг ўзига фермер хўжалиги берилгач, ўқитувчилар қаерда ишлашни билишади. Балки бу ерлар уйга яқин жойда бўлиб, тупканинг тагига бориш шарт бўлмас. Қолаверса, ҳаракат қилинса, пахта ва ғалладан фойда кўриб, уни мактаб инфраструктурасини яхшилашга ишлатиш мумкин.

Мактаблар “ўз” фермер хўжалигига эга бўлишининг афзалликларини санаб ўтган ҳоким айтдики, директор истаган одамини, масалан, турмуш ўртоғи, ўғли ёки ака-укасини хўжаликка раис қилиб қўйиши мумкин. Режани ўз вақтида тўлдиришга ҳамда вегетацион тадбирларни бажаришга мактаб директори масъул бўлади. Тўсатдан текширишга келиб қоладиган комиссияларга ҳам директор жавоб беради.

Шундай қилиб, барча мактабларга хўжалик учун ер ажратилди. Бизга 42 гектар тегди. Яхшиямки, ер мактабга яқин жойда, қишлоқ атрофида экан. Бироқ фермер хўжалигини очиш осон эмас экан. Муҳр ва штамп чизмасини тайёрлаш керак, бунинг учун архитекторга пул тўланади. Муҳр ва штамп учун милициядан рухсатнома олиш ҳам пул туради. Кейин икки марта вилоят типографиясига бориш керак: аввал буюртма беришга, кейин муҳр билан штампни олишга.

Туман тадбиркорлар палатасининг раиси ёрдамга келди. Унга 500.000 сўм (ва югур-югур учун қўлига 200.000 сўм) берсангиз, ҳаммасини ўзи қилиб, муҳр ва штампни олиб келиб беради. Фермер хўжалигининг Низомини ҳам ёзиб бериши мумкин, уни ҳокимга олиб бориш керак бўлади. Ҳоким қўл қўяди, туман ҳокимияти муҳр босади, шу билан Низом тасдиқланади. Кейин палата вакили Низомни нотариусга олиб бориб, нусхасини тасдиқлатади.

Шундай қилиб, 700.000 сўм тўласангиз, Низом, унинг нусхаси, муҳр ва штампни қўлга киритасиз. Энди банкка бориб ҳисобрақам очиш мумкин. Банкда ҳисобрақам очиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида маблағ керак. Бундан ташқари майда харажатлар ҳам бор, ҳаммаси бўлиб расмийлаштиришга бир миллион сўм кетади. Кейин бошқа мактаб директорларидан ҳам сўрадим, улар ҳам бир хил харажат қилибди.

Хуллас, фермер хўжалигига эга бўлдик, укамни раис қилдим. 42 гектардан 25 гектарига кузги ғалла экилган экан. Пахтага 17 гектар қолди, шу ерни шудгорлаш керак эди. Олдин шу ерни олган фермер кетишини билгани учун ерни ҳайдатмаган экан. Харажат қилишга тўғри келди. СИУ (сув истеъмолчилари уюшмаси, собиқ совхозлар) раисининг айтишича, яхши ишласак, ҳамма харажатлар қопланади, муҳими ер яхшилаб шудгор қилиниши керак. Мақолда айтилганидек: “Ер ҳайдасанг куз ҳайда. Куз ҳайдамасанг – юз ҳайда”. СИУ тасарруфида шудгор қиладиган улкан голланд универсал трактори “Орион” бор экан, унинг мойини алмаштиришга нақд 2 млн. сўм кетар экан. Агар шудгор учун пул ўтказиш йўли билан расман тўласангиз, бир гектари 140 минг сўмдан (жами 2.380.000). Нақд берсангиз, тежаш мумкин экан: гектарига 50.000 сўмдан берасиз, 17 гектар 850.000 сўмга тушади.


Шудгор қиладиган голланд универсал “Орион” трактори чизелни тақиб, қатор ораларини юмшатишга тайёрланмоқда

Нақд берақолдим. СИУ директори яна битта фермердан пул олди, тракторнинг мойини алмаштиришди ва ерни ҳайдаб беришди. Ҳамма харажатлар чўнтагимдан кетди. Яхши бир соғин сигиримни 3 млн сўмга сотдим, ўшандан бир миллиони хўжаликни очишга кетди, 850.000 – ерни ҳайдашга. Қолганини кейинги ишларга олиб қўйдим: бороналаш, ерни чуқур ҳайдатиш, чигит экиш. Чунки бизда ҳеч қандай техника йўқ, ҳаммасига нақд тўлаймиз. Ишларни вақтида бажариб олиш учун трактористнинг кўнглини олиш керак, бу ҳам пул туради.

Апрель келди. Узундан-узоқ ёмғир ёғди. Март охири – апрель бошида чигит экишга улгурмаганимиз ҳам яхши бўлибди. Кўпчилик қайта экишга мажбур бўлди, ёмғир туфайли чигитлар яроқсиз бўлиб қолди. Кўнглим чоғ эди, йигирманчи числоларда чигит экишга тайёрланаётган эдим. Шу пайтда даламга бир неча киши келиб, йўлимни тўсди.

Маълум бўлишича, укам (фермер хўжалиги бошлиғи) менга айтмасдан ҳали экилмаган майдоннинг 8 гектарини бошқаларга томорқа учун сотиб юборибди, улар пахта экиладиган жойларни ўзига белгилаб ҳам олибди. Олдиндан пулини ҳам олибди. Кимдандир гектарига бир ярим миллион сўмдан, бошқасидан яна қанчадир.

- Пул қани? – деб сўрадим укамдан.

Бу пулга у битта сигир, буқа, бир нечта қўй, янги телевизор ва музлаткич олибди. Менинг ҳеч нимадан хабарим йўқ, пул топиш учун ўзимнинг сигиримни сотиб юрибман! Будан ташқари, иккита ишчига томорқа учун 1,5 гектар берибди ва ўзи учун 1,5 гектар олибди. Шундай қилиб, менинг пулимга шудгор қилинган ва пахта экишга тайёрланган 17 гектар даладан 6 гектаргина қолибди.

Мен аччиқ устида укамдан муҳр ва штампни тортиб олиб, даладан ҳайдаб юбордим. Пул тўлаб қўйган ижарачиларга пулини укамдан сўрашларини айтдим. Кейин эшитишимча, ижарачилар укамнинг сигири, буқаси, қўйлари, телевизори ва музлаткичини олиб кетишибди.

Кейинги куни онам чақиртирди: мендан жуда хафа эди. Онам укам билан яшайди, шунинг учун бир пасда бойиб қолишганидан хурсанд бўлишган. Кейин яна гадой бўлиб қолишганидан аччиқланаётган эди. Укам онамнинг қулоғига роса “тепган” шекилли, аслида нималар бўлганини онамга ипидан-игнасигача тушунтиришга тўғри келди. Агар укам хоҳлаганидек бўлганида, мени қамоққа тиқишарди, шуни тушунтирдим.

- Сизга шу керакми? – дедим онамга. – Одам ҳам шунчалик бетайин бўладими? Ҳамма харажатни мен тўлаётган бўлсам. Укам бўлса индамасдан пул ишлаб ётса.

Онам ўйлаб қолди. Кейин укамни ҳеч бўлмаса оддий ишчи қилиб олиб, томорқага бир гектар ер беришимни сўради. Истар-истамас рози бўлдим. Кейинчалик унга 70 сотих ер бердим, иккита ишчининг ерини 50 сотихдангача қисқартирдим. Бу ер ғалла экиладиган майдондан олинган эди: маълум бўлишича, ғаллага 25 гектар ўрнига 23 гектар берилган экан. Шундай қилиб 17 гектарнинг ҳаммасига чигит экилишига эришдим.

Ўзимга томорқа олмадим, аммо бошқа директорлар олганини билардим. Аммо бу хатарли иш, исталган пайтда ёқангдан олишлари мумкин. Менга тинчлик керак эди. Ахир пенсияга икки йилгина қолди. Чидаш керак… Акс ҳолда муаммодан бошинг чиқмай қолади.

Эртаси куни чигит экишга дизель ёқилғиси олиш учун АЁҚШга ўзим бордим. Ҳамма ёқилғини укам олиб бўлибди, имзосини ҳам кўрсатишди. Укам ҳар гектарига 10 литрдан олибди, аслида бунга кўпи билан 3-4 литр кетади.

- Қани ёқилғи? – деб сўрадим укамдан.

Индамайди. Елкасини қисади, кўзини жовдиратади, тушунмаганга олади. Нимаям қилардим?!

Трактор бўлса кутиб турибди, ёнида бошқа фермер қараб турибди. Ёқилғи олмасам, тракторни олиб кетишади. Экишга охирги муддат – 20 апрель яқинлашиб қолди. Улгуриш керак. Укам АЁҚШ ходими билан келишиб, ёқилғини сотишгани ва фойдани арра қилишганини тушундим. Мен бақир-чақир қилиб, шунга ёпишиб олдим, охири менга ёқилғи берадиган бўлишди.

Чигитни экдим.

Кечқурун онамга айтиб берсам, онам укамнинг тарафини олди.

- Уйда ейишга ҳеч вақо йўқ, уканг нима қилсин? Сен унга иш бердингми, демак оиласини таъминлашинг керак.

Онам ҳалиям мендан хафа эди. Бошқа фермерлар ерини сотиб, яхши яшаётганини таъкидлади.

- Ҳа, яхши яшаяпти, охирида тийинигача қоқиб олишади.

Онам нима дейишини билмайди, аммо... у укам билан яшайди, шунинг учун чидашга мажбурман.

Кейин райхимиядан беш тонна селитра олдим, гектарига 200 килодан. Олдик, ҳайдовчининг ёнига укамни ўтирғизиб, далага жўнатдим. Ўзим СИУ директорининг олдига кетдим, минерал ўғит сепадиган аппаратни гаплашиш керак эди. Ундан трактористнинг рақамини олиб, гаплашдим, зудлик билан келадиган бўлди. Далага қайтдим. Қарасам, укам машинани кузатадиган милиционерга пул бериб, жўнатиб юборибди. Кейин ўғитни талон-тарож қилиш бошланибди: одамлар аравада келиб, ўн-ўн беш қопдан олиб кетяпти. Орқаларидан қувиб, қайтиб олмоқчи бўлдим… Аммо укам пулини олиб бўлган экан… Одамлар селитрани бермади.

Ўз укамни иккинчи марта даладан ҳайдашга тўғри келди.

Бу иккинчи марта ўғит солиш эди, шунда биринчисини ҳам укамга ишониб топширганимни эсладим. Демак, ҳозир тегишлича ўғит солинмаса, ҳосилдан умид қилмаса ҳам бўлади. Калламга шу фикр келиши билан дарров қайтиб, нима қилиб бўлса ҳам селитрамни қайтариб олдим. Милиционерни чақираман деб пўписа қилишга тўғри келди. Уёғини укамдан сўранглар, аммо мен ўғитни бериб юбормайман. Иккита ўқитувчини чақирдим, аёлим, коллежда ўқийдиган ўғлимни чақирдим. Трактор ҳам келиб қолди, кейин ҳаммамиз бирга ўғитни далага сепиб чиқдик.

Ўшандан бери онам мен билан гаплашмайди. Мен аҳдимдан қайтмадим, укамни далага яқинлаштирмадим, 70 сотих ерини олиб қўйдим.

Шу пайтга келиб пилла даври бошланди. Бизнинг фермер хўжалигимиз икки қути қурт боқиб, 84 килограмм пилла топшириши керак экан (ҳар гектар ерга 2 килодан ҳисобланган)…

Ўтоқ қилиш авжига чиққан маҳал. Чигит экилгандан кейин ёмғир ёғди ва ёввойи ўт ўсиб чиқди. 17 гектар ерни ўқитувчиларга бўлиб бердим, ёшни ҳам, қарини ҳам ишга солдим. Мактаб йиғилишида шундай талаб қўйилди. Ҳамма тенг, ҳамма ойлик олади, демак ҳамма ишлайди. Келишиб, 25 та ходим (мен, ўқитувчилар ва техник ходимлар) далани бўлишиб олдик. Ҳар биримизга 70 сотихдан тушди. Мажлисда келишиб олинди: ҳар ким ўз ерига бутун мавсум давомида жавоб беради: ўтоқ, ўтдан тозалаш, икки марта чилпиш (чеканка) ва ҳоказо. Мактаб илмий мудири масъул бўлди. Менинг еримда аёлим билан ўғлим ишлади.

Шу тарзда пилла боқиш учун ўзимга вақт ажратдим. Ҳар-хил вариантларни кўриб чиқдим. Агар илгари пилла боқмаган бўлсам, бу менга бир миллиондан кўпга тушар экан. Яхшиси бу йили пилла боқмасдан, ишни ўрганиб, харажатларни кўриб, охирида режадаги пиллани сотиб олганинг маъқул, дейишди. Пилла боқиш жуда мураккаб иш экан: одам керак, тут барги керак, қишлоқда тут ҳам унчалик кўп эмас. Тайёр пиллани бўлса туман пиллачилик бўлими бошлиғидан ёки етиштириб сотадиганлардан олиш мумкин. Қишлоқда махсус пилла боқиш билан шуғулланадиган оилалар бўлиб, улар бир мавсумда бир неча миллион ишлаб топар экан. Уларда ишлаб чиқариш тўлиқ йўлга қўйилган экан.

Шунақа аёллардан бирининг олдига бордим. Аванс тўласам, кейин пилла тайёр бўлганида чақирар экан. Қанча, деб сўрадим. Килоси 15.000 сўм. Нархини туширмоқчи бўлдим, аммо аёл кўнмади. Ҳафсалам пир бўлиб, қайтиб кетдим. Аммо кўпни кўрган фермерлар кўнглимни кўтарди. Ўтган йили нархлар кўтарилиб кетган экан, чунки 31 мартда совуқ тушиб, тут дарахтлари музлаб қолган экан. Тут барги кам бўлгани учун пилла боқувчилар ҳам кам бўлган. Бу йили унақа эмас экан, пилла боқувчилар кўп, пилла топшириш пайтида нархлар тушса керак.

Худди шундай бўлди ҳам. Битта фермердан ортиқча 47 кило пилласини 9.000 сўмдан олдим. Тайёрлаш пунктининг ўзида бошқа фермердан 20 килосини 7.000 сўмдан олдим. 10.000 дан сотмоқчи эди, аммо мен туриб олдим, сотиш зарур экан, сотди. Режага етмаётгани учун килосига 10.000 сўмдан пиллачилик бўлими бошлиғига пул қолдирдим. У ортиқча пиллаларни жойида сотиб олиб, режамни тўлдириб қўядиган бўлди. Биратўла 84 кг пилла топширганим ҳақида квитанцияни ҳам берди.

Шундай қилиб, илк бор режани бажардим – пилла режаси тўлди!

Энди навбатдагиси ғалла режаси эди.

Ғаллани йиғиб-териш пайтидаёқ фермерлик харажатлари қопланади, дейишди. Сомонни сотсанг бўлди экан. Ўтган йили битта прессланган сомонни фермерлар даланинг ўзидан уч-тўрт мингдан сотишибди, бир гектардан 200 та пресс чиқади. Ҳар бирига тракторист-прессчига 800 сўмдан тўлаймиз, шунда прессни камида 3.000 сўмдан сотсам, ҳар биридан соф 2.200 сўмдан қолар экан. Бир гектаридан 440.000 сўм чиқади! Менда 23 шектар бор, бу дегани ўн миллион сўмдан ортиқ дегани.

Демак, сомоннинг ўзидан ҳамма харажатни чиқариш мумкин. Сигирни қайта сотиб олиб, оғилхонага қўйиш мумкин. Бошқа харажатлар ҳам чиқади, фойда ҳам қолади. Ҳаёт нақадар гўзал!

Ахир ўтоқ қилиш деярли текинга тушди. Мактаб йиғилишидан кейин масъулиятни илмий мудирга юкладим, далада ҳамма бир-бирини назорат қилиб, ишлаб ётибди, ким ишчи ёллаган, ким боласини жўнатган, ким ишдан кейин ўзи далада ишлаган... Менга фарқи йўқ. Иш бажарилса бўлди.

Кейин ғалла йиғим-терими бошланди. Энг асосий масала – прессланган сомоннинг нархи қанақа бўлиши эди. Чунки деярли барча фермерлар шунинг орқасидан кун кечирар экан.

Аммо нарх паст бўлди: битта болкка 1200-1500 сўмдан. Пресслашнинг ўзи 700-800 сўмдан тушади, демак битта блокдан фойда 400-700 сўм бўлади. Харидорлар ҳам кўп эмас: бу йили ёмғир кўп ёғди, ўт-ўлан мўл бўлиб, чорвадорлар қишнинг ғамини еб қўйган эди. Улар шошилмасди, сомон нархи тушишини кутиб туришарди. Пул зарур бўлган фермер эса сувтекинга пуллашга мажбур…

Хуллас, умидларим пучга чиқди…

Дарвоқе, бугун эрталаб айрим фермерларни банкларига жўнатишди: ғалла ўрганларнинг ҳар бири гектарига 10.000 сўмдан ҳисобрақамига нақд пул топшириши керак экан. Раҳбарият ҳам прессланган сомондан қолган фойдага кўз тиккан кўринади.

Мен 420.000 сўм беришим керак. Яхшиямки ҳали ғаллани ўрганим йўқ.

Шошмай турарман.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги