22:52 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Прокурор Олег Гайданов –Шароф Рашидовнинг қайта дафн этилиши, “пахта иши” ва Ислом Каримов ҳақида

20.06.2016 16:38 msk

Дмитрий Аляев

Етмишинчи йилларнинг охиридан бошлаб, иқтисодий ва коррупцияга оид жиноятлар юзасидан Ўзбекистон ССРда олиб борилган жиноий ишлар мажмуаси (“пахта иши”)1989 йилнинг июнида якунига етди. Терговни Москвадан келган терговчи Тельман Гдлян ва Николай Ивановлар бошчилигидаги комиссия олиб борган. 800 та жиноят иши очилган, улар бўйича тўрт мингдан ортиқ киши, жумладан, мансабдор шахслар ва партия аъзолари, пахта тозалаш бирлашмалари раҳбарлари ва пахта заводлари директорлари турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

1989 йилда, халқ депутатлар биринчи Съезди кунларида Гдляннинг тергов усуллари жиддий танқид остига олиниб, Ўзбекистонда тергов олиб боришда қонун бузилиши юзасидан унга нисбатан жиноят иши ҳам очилган. 1990 йилда Гдлян бош прокуратурадан ҳайдалган, КПСС сафидан чиқарилган. Аммо 1991 йил августида Гдлян иши ёпилган. Ўша йилнинг декабридаёқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов “ўзбек иши” бўйича республика ҳудудида жазо муддати ўтаётганларнинг ҳаммасини оқлади.

Ўша йиллардаги воқеаларни россиялик юрист, юридик фанлар номзоди, профессор, Россия Федерацияси бош прокурори вазифасини вақтинчалик бажарувчи бўлган, Россия Федерацияси бош прокурорининг собиқ ўринбосари, 2-тоифа давлат адлия маслаҳатчиси Олег Гайданов ёдга олади. Айнан уни, мамлакатда танилиб улгурган 39 ёшли юристни қайта қуриш бошларида ўта муҳим участка – Ўзбекистонга юборишган. У тергов бошқармаси бошлиғи, республика прокурори ўринбосари лавозимида ишлаган ва бу ердаги иш даври унинг энг узоқ давом этган командировкаси бўлган.

Ўзбекистонда пахта иши бўйича 1984-1989 йилларда минглаб одамлар қамалгани учун кўпинча айнан Гайдановни айблашган.

Олег Гайданов
- Олег Иванович, ўша пайтларда ҳозирги Ўзбекистон раҳбари ҳокимиятнинг чўққисида эмас эди, аммо иш юзасидан у билан танишган бўлсангиз керак (Ислом Каримов 1983-1986 йилларда молия вазири, Госплан раиси ва Ўзбекистон ССР Совмин раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган. – “Фарғона” изоҳи.) У сизда қанақа таассурот қолдирган?

- Мен Ўзбекистондан кетаётган 1989 йилда Ислом Каримов республика Компартия Марказий Қўмитасининг биринчи котиби бўлди. Аммо уни анча йиллардан бери яхши билардим ва биз яхши муносабатда эдик. Чунки мен 1984 йилнинг кузида Ўзбекистонга келганимда, кабинетимга кирган биринчи амалдор Каримов бўлиб, у Ўзбекистондаги вазиятни тўлиқ тасвирлаб берган эди. Мен тергов бошқармаси бошлиғи ва республика прокурорининг ўринбосари эдим, у эса молия вазири эди. Биз бир неча соат суҳбатлашдик. Бундан олдин мен Қозоғистонда республика прокуратураси тергов бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, коллегия аъзоси эдим. Яъни ўшандаёқ юқори давраларда юрардим. Қўнаев билан икки марта учрашганман (Динмуҳаммад Қўнаев – ўша йилларда Қозоғистон ССР Компартия МҚ биринчи секретари. – “Фарғона” изоҳи) , ҳатто шахсан ўзидан топшириқ олардим. У Политбюро аъзоси эди. Менга, масалан, Қўстанай партия обкоми биринчи котиби Бородинни текшириб кўриш топшириғини берарди. Бородин Брежнев билан шахсан таниш бўлган. Мен Қозоғистон прокуратурасида тўрт йил терговни бошқардим. Айтмоқчиманки, ўшандаёқ мен иттифоқ даражасидаги энг юқори ҳокимият структураларида фаолият юритганман.

Шунинг учун менинг кабинетимда Ўзбекистон министри ўтириши ғайриоддий ҳол эмас эди. Аммо ўша 1984 йилнинг кузидаги суҳбат мазмуни менда кучли таассурот қолдирди, уни ҳалиям унутганим йўқ.

Тўрт соатлик суҳбат давомида мен қандай муаммоларга дуч келишим ва бажариладиган ишларнинг кўлами қанчалик улканлигини тушуниб етдим. Мени Ўзбекистонда ишлашга кўндираётганда МҚда айтилган ва Совет Иттифоқи бош прокуратурасида йўл-йўриқ берилган ишларга нисбатан ҳақиқий иш кўлами ниҳоятда катта эди. У менга шундай манзарани очиб бердики, бу ҳажм билан Қозоғистондаги ишни таққослаб бўлмас эди.

- Яъни Ўзбекистонда сизни нималар кутаётганини билмаганмисиз?

- Ўшанда Ўзбекистонда Гдлян, Любимов, Свидерский гуруҳлари, яъни бутун иттифоқ терговчилари ишлаётган эди. Шунинг ўзиданоқ Шароф Рашидов қандай мерос қолдирганини англаш мумкин эди. Унинг дунёдан ўтганига эса деярли бир йил бўлганди. Аммо мени Тошкентга ишга ўтишга кўндиришаётганда ўйлардимки, бу ерда иттифоқ тергов гуруҳлари ишламоқда, уларни иттифоқ прокуратураси бошқармоқда, менга эса фақат маҳаллий прокурорларни бошқариш қолади. Шунинг учун мен бир-бир ярим йил ичида ишни оёққа турғизиб, бемалол Ўзбекистондан кетаман деб келишиб олдик. Ишнинг биринчи ойларида Ислом Каримов менга айтиб берган нарсаларидан тушундимки, ишнинг кўлами ниҳоятда катта эди, буни ташкиллаштира олмайман деб ўйладим, бу ишлар мен Қозоғистонда қилган ишларга қараганда ниҳоятда катта, кенг кўламли эди.

Кейинчалик яна битта қизиқ учрашув бўлган. Мен 1989 йилда кетаётган пайтимда фаолиятимни қоралаш бошланган эди. Ҳар куни халқ депутатлари съездларида ҳам, ўзбек матбуотида ҳам фамилиямни тилга олишарди. Ҳар хил варақалар пайдо бўлди. Кейинчалик Тошкентдан Целиноградга ўтказилганимдан кейин Каримов интервьюларидан бирида мен ишни эплай олмаганимни, қонун бузилишларига йўл қўйганим, мен туфайли минглаб кишилар жабрланганини айтди.

Бу нарса ҳали-вери тугамаслигини тушундим. Тошкентга келиб, Каримов билан учрашдим. Қабулига киргач, унга айтдим: Ислом Абдуғаниевич, келишиб олайлик. Мен сенга таҳдид қилмайман, сен менга. Тўрт йил бирга ишладик, аммо мен индамай ўтирмайман. Ўзимни айбдор деб ҳисобламайман, мен ҳеч кимни ноқонуний ҳибсга олмаганман. Тўғри, минглаб санкция бериш керак бўлганида, терговчига ишонишга мажбурсан. Ўша пайтда Ўзбекистонда бутун СССРдан 3000 та терговчи ишлаётган эди, ҳар бирини текширишнинг иложи йўқ. Бевосита ишни олиб бораётган терговчининг қонунга риоя қилаётганига ишонасан барибир. Аммо шуни билиб қўй: агар яна бирорта интервьюда фамилиямни тилга олсанг, мен ҳам интервью бераман. Менда бор ҳужжатларга асосланиб, қонун доирасида, сен Госпланда, молия вазирлигида, Қашқадарёдаги фаолиятинг ҳақида гапираман. Сенга шу керакми? Йўқми? Менгаям керакмас.

Ўз номимни ҳимоя қилиш учун шундай чора кўришга мажбур бўлдим. Шундан кейин мана орадан 26 йил ўтди, ҳали бирор марта ҳам Каримов мени ўзининг ва ўзбек халқининг душманлари қаторига қўшганини эшитганим йўқ.


Тельман Гдлян ва Николай Иванов, 1989 йил. Архивдаги фотосурат

- Аммо Гдлян ҳам сизни минглаб айбсизларни қамашда айблаган...

- Тельман Гдлянга келсак... Мен ўз фаолиятимга бағишланган олтита китоб ёздим, бошида Гдляннинг терговчи сифатидаги фаолиятига эҳтиёткорлик билан баҳо берган эдим. Аммо бир йил олдин чиққан охирги китобимда ҳаммасини очиқ-ойдин ёздим. Гдлян билан муносабатларимиз ёмонгина эмас, балки муштлашиб кетишимизга оз қоларди. Николай Иванов эса мутлақо… У касал, уни муҳокама қилишга вақтимни сарфламайман.

Гдлян аҳмоқ эмас эди, ҳатто Ўзбекистонда ҳам уни ёмон терговчи деб бўлмасди. Мен келганимда вазият шунақа эдики, унинг ҳибсга олиш ҳақидаги мурожаатини кўриб чиқиш ёки бирорта тергов амалиётига санкция беришим керак эди. Ҳар гал санкция олиш учун Москвага бориб келмайсан-ку. Биз бу ерда бўлганимиз учун, менга Ўзбекистон бош прокурорининг ўринбосари сифатида, ўз ваколатларим доирасидаги масалаларни кўриб чиқиш ҳақида яширин буйруқ берилган эди. Мен ҳам айрим даражагача ишларни кўриб чиқардим. Мен шарманда бўлмаслик учун Иванов ҳақида ёзиб ўтирмадим, шундоғам прокуратурадагилар ва МҚдагилар бу ҳақда яхши билишарди.

Бир воқеани назарда тутяпман. Иванов тунда уйимга келиб, зудлик билан ҳибсга олишга санкция беришимни сўради. Тунда келгани майли, чунки ҳақиқатан ҳам шошилинч бўлиши мумкин, уч соатгина вақт бор бўлади, шунда улгуриш керак. Терговчилар прокурорсиз ҳеч нима қила олмасди. Прокурор санкция бермаса, оддий тинтувни ҳам ўтказа олишмасди.

Менга қоғозни берди, мен бу нима деб сўрадим. Ҳибсга олишга санкция, деди. Кимни, деб сўрадим. Бизга ишонмаяпсизми?, деди – “Гап ишониш-ишонмасликда эмас, бу қанақа савол бўлди?” – “Сизга Москвадан қўнғироқ қилишмадими? Биз уни КГБ билан бирга қўлга олдик, шуни расмийлаштириш керак” Мен унга: “ЖПКни очиб, қайта ўқиб кўр”, дедим. Қоғозни очсам, санкцияда фамилиялар қўйилмаган. Ҳаммаси ёзилган, қанча ўғирлади, хуллас ҳаммаси бор. Аммо фамилиялар йўқ. Ўтиб кетган сана билан қўймоқчи бўлган шекилли. Уни ҳайдаб юбордим.

Ўша пайтда Ўзбекистонда Совет Иттифоқи бош прокуратурасидан ўта муҳим ишлар бўйича 15 та терговчи бор эди. Уларни ҳеч ким бошқармасди, расман ҳеч ким назорат қилмасди. Расман ёндашилса, қонун бўйича, Конституция бўйича Ўзбекистон ҳудудида прокурор назорати бор, уни биз амалга оширишимиз керак. Аммо аслида улар бизга бўйсунмасди. Назоратни амалга ошириш учун процессуал ваколатлардан ташқари ташкилий ваколатлар ҳам керак, у эса мени бир тийинга олмаслиги мумкин. Шунақаси ҳам бўлган, “жўнатворишарди”. Тўғри, Бош прокуратура Тергов бошқармаси бошлиғи Герман Каракозов келиб турарди. Аммо уч ҳафтада бир марта, икки кунга келарди. Икки кунда нимага улгуриш мумкин? Ўшанда Гдлян 30 кишини ҳибсга олиб бўлувди. Гап назорат ҳақида кетаётган экан, демак масъул шахс ўтириб, ҳаммасини диққат билан текшириши керак. Яна айбланувчи ҳақиқатан ҳам шундай кўрсатмалар берганини ҳам текшириши керак. Ҳозирги даврда аудио, видео бор, аммо ўша пайтда бунақа нарсалар энди бошланаётган эди. Шу сабабли бу масала кўтарилди – бўлим яратиб, Ўзбекистон прокуратурасига жойлаштириш, ўша жойда терговчиларингизни назорат қилаверсин. Бирор-бир масалани ҳал қилиш керак бўлса, Гдлян орқамдан югуриб, ёқамдан олиши керак эмас, прокурор санкция бериши керак. Прокурорнинг ўзи Гдлянни қўллаб-қувватлаш керак-керакмаслигини ҳал қилсин. Ўша прокурор санкцияга менинг фамилиямни қўядиган бўлса, ҳаммаси қонунийлигига мени ишонтириши керак.


Тельман Гдлян ва Николай Иванов далилий ашёларни олмоқда: заргарлик буюмлари бидонларда сақланган. Архивдаги фотосурат

Иттифоқ менга бутун мамлакатдан уч мингта терговчини юборди. Ўзбекистонда уч мингтаси ишларди, бу ўзбек терговчиларини ҳисобга олмаганда. Иттифоқ ИИВ билан келишиб, Ўзбекистон ИИВда алоҳида бўлим ташкил қилдик. Бу бўлимда ИИВ марказий аппарати ходимлари пахта иши бўйича жўнатилган терговчиларни бошқариб, ишини ташкиллаштирар эди.

Совет Иттифоқи Молия вазирлиги билан келишдик. Ҳар бир иш бўйича экспертиза ўтказилар эди. Бутун Иттифоқдан нафақат терговчиларни, балки ревизор, бухгалтер, иқтисодчиларни юборишди, улар суд-бухгалтерия, суд-молия экспертизаларини ўтказишар эди. СССР Молия вазирлигидан ҳам гуруҳ бор эди. Улар Ўзбекистон Молия вазирлигида ўтириб, Каримовга ҳисобот берарди. Иттифоқ прокуратурасидан эса бунақа нарса бўлмади. Шу сабабли доим бизда Гдлян гуруҳи билан кураш кетарди. Бошқа гуруҳлар ҳам бизга бўйсунарди дея олмаймиз, аммо ҳеч бўлмаганда бизга ҳисобот беришарди, материалларни кўрсатишарди ва санкция сўрашарди. Гдлян гуруҳи эса бутунлай бошқача эди. Шунинг учун доим жанжал чиқарди, охири Иттифоқ прокуратураси коллегиясида масалани кўндаланг қўйишга мажбур бўлдик.

Мен санкцияларни имзолашдан бош тортганимдан кейин улар вилоят прокурорларига бора бошлашди. Прокурорлар менга қўнғироқ қилиб, сўрай бошлади: нима қилайлик, Гдлян (ёки Иванов) келди. Мен уларга: марказга жўнатинглар. Қанақасига марказ, ахир шошилинч-ку! Қонун бўйича вақт чекланган: қўлга олдингми, уч сутка ичида айбдор-айбсизлигини ҳал қилиш керак, тинтув ҳам кутилмаганда бўлиши керак, бир-икки соатда масалани ҳал қилиш керак. Улар бўлса вилоят прокурорларига боряпти, улар ҳам ҳаммаси қўрқади, бунинг устига ҳаммаси ўзбек. Район прокурорларига бора бошлашди, уларнинг ҳам 90 фоизи ўзбек. Ўшандан кейингина назоратни йўлга қўйишди.

Гдлян билан кураш тарихи тўқсонинчи йилларгача давом этди, бу пайтга келиб уни деярли прокуратурадан ҳайдаб юборишди. Қизиғи шуки, орадан 30 йилча вақт ўтибди, аммо ўшандан кейин Иванов билан ҳам, Гдлян билан ҳам учрашмабмиз.

Гдляннинг қилган ишларини кечириш мумкин. Ўзбекистонни ҳам кечириш мумкин: у ерда вазият оғир эди, у бўлса ўзини кўрсатиши керак эди.Бу кўрсатилган миллионлар ва олтинларнинг ярми уйдирма эди. Матбуотда кўрсатилган кўргазмалар ҳаммаси хўжакўрсинга эди. Бироқ, терговчимисан, ўзингни кўрсатгандан кўра терговингни қил.


Терговчи Гдлян мусодара қилинган бойликлар ҳақида журналистларга сўзламоқда

- Ўша пайтда бўлган бошқа уйдирмалар ҳақида ҳам айтиб ўтдингиз...

- Бу ҳақда матбуотга биринчи марта айтишим. Бу ҳақда ҳеч кимга айтмаганман. Биринчи марта сизнинг нашриётингизга айтмоқдаман. Гап 1986 йилда Шароф Рашидовнинг қайта дафн этилиши ҳақида кетмоқда.


Леонид Брежнев ва Шароф Рашидов. Архивдаги фотосурат

Яқинда телевидениеда Ўзбекистон ҳукуматининг собиқ раиси Ғайрат Қодиров чиқиш қилди. Мен уни беш қўлдай яхши биламан. Роса ёлғонни тўқиди. Қайта дафн этишда қандай қатнашгани, ҳаммасини қандай ташкиллаштиргани, қабрни танлагани, Рашидовнинг оиласига боргани, аёли ва қизи билан гаплашгани ва ҳоказоларни гапириб берди. Буларнинг ҳаммаси ғирт ёлғон, у ҳеч нарсани ҳал қилмаган.

Гапиришдан олдин Гайданов тирикми-йўқми, ўшани аниқлаштириб олиши керак эди. Алексей Бутурлин (ўша пайтдаги республика прокурори) даволанишда эди, мен Ўзбекистон прокурори вазифасини бажараётган эдим. Менга қайта дафн этиш тадбирини қонун доирасида амалга ошириш вазифаси топширилди. Қодиров бу ҳақда билмасди ҳам. Ҳаммасини МҚ иккинчи секретарь Анищев, КГБ раиси Головин, мен, ички ишлар вазири биринчи ўринбосари Дидоренко ва Ўрта Осиё ҳарбий округи кўмондони бажаришди. Горбачёв Политбюронинг қарорини юборди. Ҳамма ишни процессуал тарзда расмийлаштириш керак эди. Мусулмон давлатида мусулмонни гўрдан кавлаб олиш керак. Бунинг нималигини яхши тушуниб турардик, айниқса Рашидовдек авторитетга нисбатан бажарилаётганини айтмайсизми. Халқ нима дейди, оқибатлари нима бўлиши мумкин, ҳаммасини тушунардик. Шунинг учун Тошкентни қўшин билан ўраб олдик, электроэнергияни ўчирдик, телефон алоқасини бутунлай уздик. Рашидов дафн этилган майдонни қўшин ўраб олди, ҳалқа ичида эса КГБ ходимлари турарди.

Ҳаммаси қонуний бўлиши керак эди.Қонунга кўра эса қандай асос бўлишидан қатъи назар, эксгумацияни фақат қариндошлари рухсати билан қилиш мумкин. Унинг аёли Хурсанд Ғофуровна тирик. Аммо аёли рози бўлмайди, чунки бу Рашидовнинг аёли бўлиб, унинг қудрати Раиса Горбачеваникидан кучлироқ эди. Биз эса ундан ёзма розилик хати олишимиз керак эди.

Ҳужжатни тайёрладик. Олдига бориш керак. Бунинг тарихий оқибатлари бўлишини яхши тушунардим, шунинг учун мен билан бирга республика раҳбарларидан бири бўлишини талаб қилдим. Қодировни чақириб, мен билан боришни буюришди. У тиз чўкишига оз қолди: “мен боролмайман, бу ерда қариндошларим бор, мен ҳали шу ерда яшашим керак”. Мен унга тушунтирдим, орқамдан турсанг бўлди, сенинг орқангдан автоматчилар туради. Бир оғиз сўз гапиришинг шарт эмас. Аммо протоколда Ўзбекистон раҳбарларидан бирининг имзоси бўлиши керак, чунки бу миллий республика.

Кетяпмиз. Ўшанда биринчи марта Герман Лопатин кўчасидаги Рашидовнинг квартирасида бўлдим. У ерда ИИВ биноси бор, орқасидаги домда Рашидов яшаган. Ҳаммаёқ ўраб олинган, ҳамма керакли техника билан таъминланган. Соат кечқурунги тўққиз ярим. Ҳаммаёқ тинч деб хабар беришди. Бордик. Битта офицер эшик қўнғироғини босди. Эшик очилди. Аёли уйда ёлғиз экан. Ҳозир, орадан шунча йил ўтгандан кейин, бу ишлар нақадар қабиҳ ва оғир эканлигини тушуниб етяпман. Ўшанда эса бор-йўғи қирқ ёшда эдим. Чексиз куч-қудрат берилган бир йигит эдим. Унга айтишди:

- Олдингизга республика прокурори ўринбосари Олег Иванович Гайданов келди.

- Нимага? Нима мақсадда?

Мен борган жойда ё ҳибсга олишади, ё тинтув қилишади, буни ҳамма тушунарди. Мен:

- Кечирасиз, Москвадан топшириқ бор, сиз бу билан танишиб чиқишингиз керак. Шу мақсадда келдик.

- Биз деганингиз ким?

- Мен ва Ғайрат Ҳамидуллаевич (Қодиров).

Қодиров орқада қолиб, ташқарида турарди. Мен: “Ғайрат Ҳамидуллаевич, киринг”, дедим.

Хурсанд Ғофуровна бизни кичкина бир залга киритди. Мен ҳайрон қолдим. Кўплаб буюк инсонларнинг уйида бўлганман, аммо Рашидовнинг уйи шунчалик оддийлигига ҳайрон қолдим. Тилим лол эди. Киргандан кейин гапда давом этдим: “Биласизми, биз ёқимсизроқ бир вазифа билан келдик, кеча КПСС МҚ Политбюроси ва СССР Министрлар Совети қарор қабул қилган. Шу қарор билан танишиб чиқишингизни сўрайман”. Ўша пайтда қарор матбуотда чиқарилмаган эди. Бизга унинг имзоси керак эди. Имзо қўймаслигини ҳам тушунардик, шунга тайёр эдик. Биз Шароф Рашидовнинг аёли ҳужжат билан шахсан танишганини видео ва аудиога ёзиб олиб, далил-исбот сифатида ишга тикиб қўйишимиз мумкин эди.


Шароф Рашидовнинг кўплаб дабдабали портретларидан бири

Шундан кейин бошланди. У тутақиб кетди, “бу марҳумни таҳқирлашнинг ўзгинаси”, деди. Мен яна “танишиб чиқинг” дедим. Қарорда бир нечта, жумладан, ёдгорликларни олиб ташлаш ҳақидаги пункт бор эди, аммо энг асосийси учинчиси эди – қайта дафн этиш. Бунинг учун эксгумация қилиш керак. Қонун бўйича эксгумацияга қариндошлари розилик бериши керак… Буниси ҳам майли. Буларнинг “ичида” асосий вазифа бор бўлиб, уни МҚ қарорида ёзиб бўлмасди: ўша пайтда кенг тарқалаётган миш-мишларни текшириб кўриш керак эди. Миш-мишларга кўра, Рашидов тирик бўлиб, унинг ўрнига ўхшаши кўмилган, Рашидов эса қайтиб келади, у тилла-бриллиантларнинг бир қисмини олиб кетган, қолгани шу ўхшаш одам билан бирга кўмилган.

Шунга кўра, бизнинг асосий вазифамиз тўрт соат ичида суд-тиббиёт экспертизасини ўтказиб, қабрдаги ҳақиқатан ҳам Рашидовлигини тасдиқлаш, жасаддан ташқари бирор нарса бор-йўқлигини билиш эди…

Экспертларга уч соат вақт бердик (Совет Иттифоқидаги энг зўр медэкспертлар билан махсус техника самолётда Москвадан келтирилганди). Солдатлар ёдгорликни бузади, қабр очилади, тунги соат бирда тобутдаги жасад экспертларга топширилади, эрталабки соат тўртда улар ёзма хулоса бериши керак. Кўпи билан яна ярим соат қўшиб бериш мумкин. Бу ишларнинг вақти қатъий белгилаб қўйилган эди, чунки 5:30 да “Коммунистик” қабристонга кўмиб, ёдгорлик ўрнатиш керак, ҳаммаси соат 6:00 да тайёр бўлиши керак.Бу ишларни кечки соат 10 дан эрталабки 6 гача бажариш керак эди. Шу вақт оралиғида Тошкент ҳарбий ҳолатда эди. Пойтахт қуршаб олинган, алоқа ва электроэнергия узилган.

Мен Хурсанд Ғофуровнага эксгумация ҳақида ва розилик билдириши кераклиги ҳақида гапирганимни биламан... Кейинроф КГБ генерали Головин менга айтиб берувди: “Олег Иванович, сиз гаплашяпсиз-у, мен Қодировни кузатиб турдим. Оёқ-қўли қалтираб, ҳудди ҳозир тиз чўкворса керак деб ўйладим”.

...Мен овал стол олдида ўтирувдим, қоғозларни ёйдим. Рашидова ўтирмади, тик туриб ўқиди, ручкани отвориб, тушунарсиз бир ҳаракат билан… Мен ҳалиям қоғозлар билан андармон эдим, имзо керак эди. Қарасам, у секин орқага буриляпти, у ерда иккита кресло бор эди, уларнинг ўртасида столча, столчада хрустал ваза турувди. Мен ўтирганимда Ғайрат Ҳамидуллаевич унга рўбарў келиб қолувди. Қаршисида тик турувди. Қараб турибман, Рашидова вазани олиб, унга қараб ўқдай отди. Қандай қилиб чап бериб қолганини тасаввур қила олмайман. Ҳаммаси бир зумда бўлиб ўтди, Ғайрат Ҳамидуллаевич ўтириб қолди, ваза унинг устидан учиб ўтиб, орқасидаги улкан кўзгуга бориб урилди. Ҳаммаёқ чил-чил бўлди. Қодиров вазанинг зарбидан эмас, қўрқувдан йиқилди.

Атрофимизда полковниклар, генераллар турибди. Мен сакраб туриб: “Нималар қиляпсиз?”, дедим. У ўзбекчалаб Қодировга қараб гапириб кетди. Ўзбекчани тушунмайман, аммо таржима қилишларича, уни сўкибди, Гайданов майли-ку, аммо сен кимсан ўзи, нималар қиляпсан, болаларинг, невараларингга лаънат бўлсин ва ҳоказолар дебди...

Шунга ўхшаш ҳолат юз бериши мумкинлигини ҳисобга олиб, ўзимиз билан врачни олиб олган эдик. Уни дарров ўтирғиздик, врач иложи борича тинчлантирди. Мен бўлса операция барбод бўлди, вазифани бажаролмадим деб ўйлаяпман. Расмиятчиликка риоя қилишни истардим. Унинг имзо қўймаслиги мумкинлигини ҳам ҳисобга олгандик. Бу ҳолда бир нечта қўшимча вариантимиз бор эди. Масалан, у билан бирор нарса бўлиб қолиши, энг ёмони, юраги ёрилиши мумкин эди, ахир у бутун умр Рашидов билан яшаган, уни ҳаддан ташқари яхши кўрган, Рашидов ҳам уни яхши кўрган. Биздаги иккинчи вариант уларнинг ўғли Володя эди, у пайтда Володя КГБ майори эди. Бундан ташқари қизлари Гуля ҳам бор, у кимё фанлари доктори эди. Ҳар иккаласини ҳам назорат остида ушлаб турувдик. Бу ерда амалга ошмаса, уларнинг олдига борамиз.

Мен ўшанда ўғли керакмас, онасининг олдига қизини олиб келинглар, дедим. Қизи узоқда эмас экан шекилли, врач онасининг қон босимини ўлчаб, укол қилгунича, 5-7 дақиқа ичида етиб келди. Мен унга ҳам тушунтирдим... ва у ҳушидан кетди.

Гуля фаросатли эди. Ўзига келгач, ҳаммасини тушунди. Имзо қўйса ҳам, қўймаса ҳам, барибир Политбюронинг қарори бор. Тамом. Қайта дафн этиш қай тарзда амалга оширилишини, қаерга дафн қилинишини, ўзи иштирок этиши мумкин-мумкинмаслигини сўради. Мен фақат унга рухсат, бошқалар қатнашиши мумкин эмас, дедим. Қариндошларга ҳам хабар қилиш керак эмас. Икки кундан сўнг мумкин бўлади, унгача қўриқчилар туради. Чунки республикада Рашидовга нисбатан бошқача муносабатдагилар ҳам бор эди, қабрини таҳқирлашлари мумкин эди.

Шундай қилиб, режа қилинганидек, эрталабгача операцияни якунига етказдик.

- Ислом Каримовнинг ўша пайтдаги ва ҳозирги шахсиятига қайтсак. Шунча пайт ичида у қанчалик ўзгарди, деб ўйлайсиз?

- Бирор-бир одамни яхши тушунсанг, унинг давлат аҳамиятидаги қарорларини ҳам тўғри тушунтира оласан. У доим шунақа эди. Фойдаси тегадиган жойга боради. Америкаликларгами, демак америкаликларга. Улар билан совуқлашдими, демак Путиннинг олдига югуради. Путин пул берди, қарзидан кечди, энди яна америкаликларга қайтмоқчи… Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан кейинги дунёда давлат раҳбарига ўзини у ён-бу ёнга ташлаш жуда қийин.

- Каримов “пахта иши” бўйича ҳаммани оқлади. Кўпчиликнинг фикрича, Ўзбекистонга нисбатан улкан адолатсизлик қилинган. Бунга нима дейсиз?

- Расмий статистикага кўра, пахта иши бўйича ўғирлик ва пора юзасидан 800 дан кўпроқ иш очилган. Республиканинг 25 млн. аҳолиси учун бу матбуот тасаввур қилганидек жуда катта рақам эмас. Бу кўп албатта, лекин ҳаддан ташқари кўп эмас. Бу ишлар бўйича 1989 йил ҳолатига 20 минг кишига айблов қўйилган. Битта ишга 20-30 киши тўғри келяпти. Бу тоифадаги ишлар учун нормал ҳолат. Шулардан бор-йўғи 4,5 минг киши бевосита суд жавобгарлигига тортилган. Қолган 15 мингтаси афв этилган,жиноий ишлари тўхтатилган. Ҳаммаси айбини тан олган, чунки тан олмаса, жиноий жавобгарликдан озод этиб бўлмайди. Қонун шунақа эди. Ҳозир ҳам шунақа.

Етмишинчи-саксонинчи йилларда Ўзбекистонда вазият қанақалигини халқ яхши эслайди. Айниқса прокуратура ва ИИВда адолатсизлик ва коррупция гуллаб-яшнаган эди. Биринчи йилдаёқ Алексей Владимирович Бутурлин билан бирга мингтача фуқарони афв қилишга эришдик. Улар прокуратура ва ИИВ томонидан ноқонуний жазога тортилган эди. Илк ёзган китобларимда бирида, “Керенскийнинг лавозимида, Сталиннинг кабинетида”китобида мен аниқ ишларни келтирганман. Ўша одамларнинг миннатдорчилик мактубларини ҳалигача сақлайман.

“Пахта иши” бўйича қамалган 4,5 минг кишининг энг катта қамоқ муддати — тахминан 7-8 йил. 1981-85 йиллардаги нархлар бўйича 4-5 млрд. рубль зарар келтирган “пахта ишлари”дан ташқари шундай вазият юзага келгандики, 30-йиллардан бери СССР бўйича биринчи бўлиб Ўзбекистонда уюшган жиноятчилик қайта вужудга келган эди.

Ўзбекистонда пул кўп эди, у бутун Иттифоқдан турли тоифадаги фирибгар ва босқинчиларни ўзига жалб қиларди. Пахта ўғирланарди. Тўғри. Ҳар бир колхоз ва совхозда қўшиб ёзиш бўларди. Аммо 100 минг рубльни ўзлаштириш учун Иваново шаҳрига бўш вагонни “пахта ортилган” вагон қилиб жўнатиш учун кўплаб рухсатнома ва илова қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш керак эди. Шунинг учун бу занжирда анча-мунча одамнинг иштироки бўлган. Бу соддалаштирилган мисол, албатта, аммо фақат пахтачиликда эмас, балки бутун ўзбек қишлоқ хўжалигида шу аҳвол эди. Рашидовнинг ҳукмронлиги даврида қарши чиқиб бўлмайдиган бир тизим вужудга келганди. У ерда айбсизлар бўлмаган. Аммо ўзбек расмийларининг ўзи биз берган маслаҳатларга кўра, ўз фуқароларига ёрдам бериб, турли сабаблар билан уларни жиноий жазодан қутқаргани бошқа масала.

Каримов бу нарсани кампания деб атагани тўғри эди. Бу кампанияда Михаил Горбачёвнинг ҳиссаси катта эди. СССРда ҳокимиятга Андропов келгач, бутун мамлакат бўйлаб “Андроповча тозалаш” бошланиб кетди. Бу Ставрополь ўлкасигача етиб борди. У ерга ИИВ ва КГБ ходимларининг катта гуруҳи йўл олди. Ўша ерда Раиса Горбачёвага нисбатан расмий кўрсатмалар пайдо бўлди. Ўзбекистонда ҳам худди шундай майда нарсалардан бошланган. Андроповнинг ўрнига Горбачёв “ўз вақтида” келгач, Ставрополь ўлкасини зарбадан сақлаб қолиш ва шарманда қилмаслик учун бутун эътиборни Ўзбекистонга қаратди. Барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучлар ўша ерга жўнатилди. Буни Ислом Каримов яхши билади ва у бу борада ҳақ.

Менинг шахсий фикримга келсак, агар СССР раҳбари Горбачёв эмас, бошқа одам бўлганида, Ўзбекистонда терговлар барибир бўлиши мумкин эди, аммо бунчалик кенг кўламда ва ҳажмда бўлмаган бўларди.

- Охирги савол. Ўша даврдаги Ўзбекистондаги фаолиятингизни бугун қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Албатта, ишимизни бошқача баҳолайдиганлар ҳам кам эмас. Аммо менинг виждоним тоза, мен ўзимнинг ишимни ҳалол ва виждонан бажардим, қонунни амалга оширдим – бу қонунларни биз ёзмаганмиз. Хатолар бўлганми? Афсуски, бўлган. Бунинг сабаби Москва бизга ағдарган ишларнинг ҳажмида ҳам эмас. Хатоларнинг асосий сабаби оддий – сотқинлик эди. Бугун очиқ айта оламан, қонунбузарлик ва коррупцияга қарши курашга борганларнинг орасида ҳам сотқинлар кам эмасди.

Дмитрий Аляев суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама