17:00 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қадрли болалар. Тошкентдаги болалар боғчаларида таъмагирлик

15.06.2016 08:59 msk

Фарғона

Тошкентдаги болалар боғчаларининг бир гуруҳ мудиралари “Фарғона” таҳририятига мурожаат қилиб, амалдорлар томонидан пул йиғиш ва таъмагирлик ҳолатларидан шикоят қилди. Мудираларни шилаётгани билан, охир-оқибатда ҳимоясиз болаларни шилаётган бўлиб чиқмоқда. Суҳбатдошларимиз исмларини келтирмаслигимизни илтимос қилишди, уларни тушуниш мумкин. Виждонсизларча “талаш” ҳолатлари учун Яккасарой тумани мисол қилиб олинди. Уларнинг айтишича, бу туманда болалар ҳисобидан текинхўрлик қилиш авж олган.

Гапни ўтган йилнинг июлида Тошкентнинг бошқа тумани – Шайхонтоҳур туманида бўлиб ўтган воқеадан бошласак. ТШХТБ (Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси) бошлиғи Ильёр Акбаров 516-болалар боғчасини шахсан текширувдан ўтказиб, 96 ёки 98 миллион сўмлик молиявий қоидабузарликни аниқлаган (ўша пайтдаги ҳақиқий курс бўйича 32 минг доллар) ва дарҳол қонун бўйича жавобгарликка тортган. Ўғирликка ўрганиб қолган мудирани қамашди, ТШХТБ раҳбари эса коррупцияга қарши курашчи сифатида “тепадагиларнинг”назарига тушди.

Аммо болаларни фақатгина мудиралар шилмайди. Энг тартибли инсон деб ҳисобланадиган одамлардан бошласак.

“Гусарлар пул олмайди”

Текширувчи ташкилотларнинг орасида энг тартиблилари ёнғинга қарши кураш бошқармасидагилардир. Улар йилда бир марта келиб, энг кам миқдордаги жаримага тортишади ва бирор-бир қиммат бўлмаган журналга обуна бўлишни сўрашади. Жарима ва обуна ҳақида гапираётганда ўнғайсизланиб туришади, уларни бу нарсага раҳбарият мажбурлаётганини сезиш мумкин.

Ўт ўчирувчилар ҳеч қачон ўзлари учун пул ёки моддий бойлик сўрамайди. “Ҳақиқий офицерлар ва ҳақиқий эркаклар”, - деб ҳурмат билан таъриф беришади мудиралар.

“Таъмагир бўлмаганлар” рўйхатида иккинчи ўринда ҳокимият ходимлари туради. Текшир-текшир қилавермайди, икки-уч ойда бир қўнғироқ қилиб, “бир бутилка яхши коньяк” олиб келишни сўраши мумкин. Боғчалар айнан туман ҳокимияти томонидан молиялаштирилишини ҳисобга олсак, коньяк ҳақидаги илтимос мудираларга малол келмайди.

“Ош есалар ўртада сарсон илик”

Афсуски, шу билан “жентлменлар” рўйхати тугаб, юлғичлар рўйхати бошланади. Суҳбатдошларимизнинг айтишича, Тошкент бўйича энг ҳаддидан ошганлари Санитар-эпидемиологик назорат Марказининг (СЭС) Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими ходимларидир.

Яккасарой туманидаги гигиена бўлимида иккита аёл ишлайди – Зиёда Абдуллаева ва Дилфуза Одилова. Улар жуда хушчақчақ бўлиб, доим бирга юришади. Болалар боғчаларини кварталда бир марта текшириш керак, аммо бу қувноқ ходимлар хоҳлаган пайтида пайдо бўлишади, одатда бир-икки ойда бир марта келишади. Дарров “ҳеч бўлмаса кичкинагина жарима” ёзишади. “Кичкинагина жарима” дегани бир минимал ойлик маоши дегани, бу ҳозирги кунда 146 минг сўмни ташкил этади. “Жаримача”га қўшимча равишда ҳар бирига 200 минг сўмдан нақд олишади, эвазига улар “актни тегишли жойларга бермасдан, ҳар эҳтимолга қарши шкафга қўйиб қўйишади”.

Буларни режадан ташқари текширув дейиш мумкин. Раҳбарият буйруғи билан режадаги текширув ўтказилса, нархлар ҳам ўзгаради. “Жаримача” миқдори бешта “минималка”гача ошади, киши бошига нақд пул эса 250 минггача. Яна бу қувноқ СЭС ходимлари таҳлилга озиқ-овқатдан намуна олгани учун 80 минг бериш керак.

“Бу хонимлар ҳар бир боғчани бир кварталда камида бир миллион 860 минг сўмга туширади, - дейди “Фарғона” суҳбатдошлари. – Бу пулларнинг ҳаммаси бизнинг чўнтагимиздан кетади, чунки боғча бюджетида жаримага харажат кўзда тутилмаган”.

Болаларнинг қаймоғини тортиб ол ва виждонли бўлиб қол

Аммо Абдуллаева билан Одилова мудираларнинг ғашига қанчалик тегмасин, барибир уларни Раъно Расулованинг олдида фаришта дейиш мумкин. Раъно Расулова бутун Тошкент бўйлаб боғчаларни текширади.

Расулованинг лавозими камтаргина – Миробод туман СЭСда Болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлимининг мудираси. Аллақачон бу тумандаги боғча ва мактаблар орасида иштаҳаси карнайлиги билан донг таратган. Шунчалик донғи чиққанки, 2011 йилдаёқ туман ҳокими умумий йиғилишда тахминан шундай деган: “Расулова болаларнинг қаймоғини уч литрли банкаларда уйига ташийди”.

Ўша йилиёқ сентябрь ойи бўсағасида мустақил сайтлардан бирида мақола чиқди, унда бу хонимнинг мактаб ва боғчаларни қай тарзда талаши ҳақида ёзилган эди. Мақола интернетда сақланиб қолмаган, аммо Расулова устидан қилинган шикоятларга жавобан Соғлиқни Сақлаш вазирлиги қандай чоралар кўргани ҳақида ўқиш мумкин.

Мақола чиққанидан сўнг Миробод СЭС бош врачи Рустам Умаров ўз кабинетида барча мактаб директорларини йиғган. Ўша ерда Расулова ҳам бўлган, унинг олдида ҳамма директорларга “Расулованинг ҳалол одамлиги ва пора олмаслиги” ҳақида тушунтириш хати ёздирган. Боғча мудираларини ҳисобга олишмади, уларга шундай тушунтириш хатини... мақола қаҳрамони Расулованинг ўзи айтиб туриб ёздирган.

Таъмагирлик учун мукофот – шахсий автомобиль

Бу ҳикоянинг давоми бундан ҳам қизиқ бўлганини “Фарғона” суҳбатдошлари сўзлаб беришди. Ўшанда ҳамма мудиралар ҳам “диктант” ёзмаган, улардан еттитаси прокуратурага бориб, умуман қарама-қарши мазмундаги аризани топширишган. Прокуратура текширув ўтказганида фактлар тасдиқланган ва жиноий иш очилган. 2011 йил декабрида суд бўлиб ўтган, аммо Расулова амнистияга тушган.

Шаҳар СЭС бош врачи Алимуҳамедов бу бадном бўлган ходимни ишдан ҳайдашни буюрган, аммо Миробод тумани СЭС бош врачи Умаров очиқдан-очиқ бу буйруқни бажаришдан бош тортган. Шу тарзда Расулова бўлим бошлиғи бўлиб қолган. Ўтган йили Умаров шаҳар СЭСининг бош врачи этиб тайинлангач, Расулова кўтарилди – Умаров дарров унга шаҳарда ярим ставка врачликни бериб, ҳайдовчиси билан “Дамас” автомобилини бириктириб қўйди.

Биратўла Расулова шаҳар СЭСи номидан Тошкентнинг 445 та боғчасини текшириш ҳуқуқига эга бўлди. Мудираларнинг айтишича, текширув ҳар ярим йилда бўлади, бунинг учун ҳар бир тумандаги 3-5 та боғчани танлаб олишади. “Бегона” туманларда Расулова қаймоқ олмайди, фақат пул олади. Текширув тамойили худди ҳамкасб-фаришталарникидек: акт юқорига топширилмаслиги учун жарима тўлаш ва нақд пул бериш керак. Фақат миқдорлари бошқачароқ – жарима еттита “минималка” ва нақд 300 доллар.

РайОНОнинг иштаҳаси

Районо ёки шаҳар бошқармасидагилар СЭСдаги таъмагирлар билан кескин кураш олиб бориши керакдек туюлади. Аммо Яккасарой туманидаги боғчалар ўтган йилнинг июлидан бошлаб ўз раҳбарияти томонидан пул йиғишлардан азият чекиб келмоқда. Нимага айнан июлдан бошлаб? Чунки ўша ойда мактабгача муассасалар бўлимига методист қилиб Дилобар Зайнутдинова тайинланди. Бу аёлнинг шуҳрати Миробод СЭСидаги Рано Расулованикидан кам эмас.

Аввалига Зайнутдинова шаҳар бошқармасида (ХТШБ) инспектор бўлиб ишлади. Аммо шаҳар танловларида мукофотли ўринларни сотаётганида қўлга тушиб қолди: “энг яхши раҳбар” унвони – 500 доллар, “энг яхши безатилган боғча” – 200 доллар ва ҳоказо. Ўта катта миқдордаги пора олгани учун унинг лавозимини Мирзо Улуғбек туманидаги шу бўлим методистигача тушириб қўйишди.

У ерда ота-оналарга боғчаларга йўлланма сотаётганида қўлга тушди. Айтишларича, 2014 йилнинг ёз тунларидан бирида Зайнутдинова иш столида 250 та имзоланган йўлланмаларни қолдириб, изсиз йўқолган, ҳаттоки ишдан бўшашга ариза ҳам бермаган. Нақ бир йил йўқолиб қолиб, қандайдир мўъжиза билан яна шу тизимдаги раҳбар лавозимида пайдо бўлиб қолди. Бу сафар Яккасарой туманида иш бошлади.

Мудираларнинг айтишича, Зайнутдинова биринчи навбатда районога ўзининг содиқ “адъютанти” – Феруза Усмоновани олиб келган. Бу аёл у билан ШХТБда ҳам, Мирзо Улуғбек районосида ҳам норасмий ёрдамчи бўлиб ишлаган. “Ёрдамчи”сини одатдагидек боғчалардан бирига “ўлик жон” қилиб расмийлаштириб, кейин бу боғчаларни “шипшийдон” қилишни бошлаган.

Йиғимлар одатда турли семинарлар, танловлар ва спорт-кўнгилочар тадбирлар ўтказиш баҳонасида йиғилади. Навбатдаги қурбон сифатида тумандаги 21 та боғчадан бири танланади. Бу ерда истисно бўлмайди, боғча худди бошқа боғчалар каби “байрамни муносиб тарзда ўтказиш” учун пул топшириши керак. Шу май ойининг ўзида “Эртаклар даврасида” семинари учун 250 минг сўмдан йиғилди, “Истиқлол юлдузчалари” фестивали учун – 450 минг сўмдан, “Баҳодирлар саломатлиги” турнири учун – 600 мингдан, йилнинг энг яхши тарбиячиси унвони учун танлов эса бир миллиондан тушди.

Бу пуллар “масъул шахслар”га берилади, уларни Зайнутдинованинг ўзи белгилайди. Йиғилган пуллар тадбирларни безаш, болаларга ва ҳакамларга совға-салом олиш ва бошқа харажатларга сарфланади, деб ҳисобланади. Аммо одатда “қурбон” боғча бу харажатларни ўз ҳисобидан қоплайди. Йиғилган пулларнинг аксарият қисми қаерга кетишини фақат тахмин қилиш мумкин. Сарф-харажат ҳақида ҳеч қандай ҳисобот берилмайди.

Боғчаларга йўлланма – олтин кони

Қолаверса, Зайнутдинованинг ташаббуси билан ўтказиладиган турли-туман тадбирлардан тушадиган даромад унинг боғчаларга йўлланма сотишдан тушган даромади олдида ҳеч нарса эмас. “Фарғона” суҳбатдошларининг айтишича, бу унинг “олтин конидир”.


Яккасарой районосида йўлланма бериш комиссияси ишлаётган пайт. Одам кўплигидан тартибни кузатиб туришга милиционер жалб қилинган. “Фарғона” фотосурати

Мавжуд қоидаларга кўра, йўлланмаларни тақсимлайдиган комиссияга районо мудири раҳбарлик қилиши керак, мактабгача муассасалар бўлими методисти эса секретарлик қилиш керак. Аммо Зайнутдинова, худди бир пайтларда Мирзо Улуғбек туманидагидек, бу комиссияни дарров “хусусийлаштириб” олиб, тўлақонли хўжайинига айланган.

Мудираларнинг айтишича, комиссия ҳафтада икки марта, сешанба куни тушдан сўнг ва жума куни тушгача йиғилади. (Дарвоқе, Зайнутдинова фақат шу кунларда ишга келади, бошқа пайтда ҳамма ишларни унинг кабинетида ўтирадиган содиқ “адъютант” Феруза бажаради). Комиссиянинг ҳар мажлисига камида ўнта ота-она келиб, боласини боғчага жойлашни истайди. Зайнутдинова турли баҳоналарни рўкач қилиб, ҳаммасига рад жавобини беради.

Одатда бу ўнтадан бештасининг ҳафсаласи пир бўлади, қолганлар эса “бошқа йўлини” қидиришни бошлайди. Бундай йўлни “адьютант” Феруза орқали тезда топишади. Дарров маълум бўладики, болани боғчага жойлаштириш осон экан – боғчанинг мавқесига қараб, 200 минг сўмдан 200 долларгача тўласангиз бас.

Махсус боғчаларга қабул қилиш исталган пайтда амалга оширилиши керак, аммо Зайнутдинова йўлланма тарқатиладиган махсус кунни ўзича белгилаб қўйган, бу кун ойнинг биринчи душанбасидир. Бу ерда 200 минг сўм билан иш битмайди, фақат 200 доллар керак.

200 доллар тополмаганлар рад жавобини олади, ҳолбуки ота-оналар ҳамма ҳужжатларни тўплаган бўлади. Яккасарой туман соғлиқни сақлаш бўлими бош врачининг ўринбосари Ирода Жамолиддинова“оғир патологияли болаларни обрўсизлантириш” юзасидан туман прокуратурасига шикоят ҳам ёзган. Аммо шикоятни бости-бости қилишди, ҳеч нарса ўзгармади.

“Ўтда ёнмас, сувда чўкмас” методистнинг ҳомийси ким?

Зайнутдинованинг фаолияти Яккасарой районосида ҳеч кимга ёқмаса керак. Бу ҳаддидан ошган методистга биринчи бўлиб қарши чиққан одам шу ташкилотнинг раҳбари, районо мудири Равшан Мирзаев бўлган. У ўтган ёздаёқ услубчини ишдан ҳайдамоқчи бўлган, аммо шаҳар раҳбариятидан рухсат беришмаган. Кутилмаганда, унинг ўзини декабрь ўрталарида шаҳар бошқармасига, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи қилиб ўтказиб юборишди.

Мирзаевнинг ўрнига келган янги мудир Жаҳонгир Жияналиев ҳам Зайнутдиновани сиқувга олмоқчи бўлди. Уни ҳам бошқа ишга ўтказиб юборишди – май ойида спорт мажмуасининг директори бўлиб кетди.

Райононинг навбатдаги раҳбари Равшан Ғофуров ҳам ҳар нарсага қодир методистни йўқота олмаса керак. Суҳбатдошларимизнинг айтишича, методистнинг орқасида юқорида исми эслатиб ўтилган “коррупцияга қарши курашувчи” ШХТБ бошлиғи Элёр Акбаров турибди. У эса ўз навбатида Зоир исмли қандайдир нуфузли шахснинг дўсти. Зоир ҳақида мудираларнинг билгани шуки, у қандайдир қудратли ташкилотнинг вакили бўлиб, 2012 йилда боғча раҳбарларини аттестация қилиш бўйича навбатдан ташқари шаҳар комиссияси аъзоси бўлган. Бу аттестацияда унинг сўзи ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган. Бундан ташқари, у Зайнутдинованинг яқин дўсти ёки қариндоши ҳисобланади...

Ёпиқ айланани узиш вақти келди

Боғча мудираларини шиладиган амалдорлар ҳақидаги ҳикоянинг охири йўққа ўхшайди. Ҳаммасини санаб чиқсангиз, битта китоб бўлади. Шу сабабли бир нечта мисол келтирдик холос. Аслида боғчаларни истаган киши текшириб, талаб ётибди. Бу муттаҳамларнинг устида прокуратурага ҳам шикоят қилиб бўлмайди: бу назорат органи вакиллари ўтказадиган текширувлар энг қиммати ҳисобланади: жаримаси 4 миллион ва нақд пулда бирдан уч минг долларгача.

Ҳали пахта кампанияси ва ўнлаб газета-журналларга обуна бўлишдек “расмий” йиғимлар ҳақида гапирилмади, бу газета-журналлар боғчада ҳеч кимга керакмас. Ҳар бир мудирага пахта кампанияси 4 дан 8 миллион сўмгача тушади, обуна – тахминан 4 миллион. Туман ҳокимият молия бўлими боғчаларга обуна учун йилига 360 минг сўм ажратади, аммо қолган 3 миллион 640 минг сўмни мудиралар қаердан олиши ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Бунақа талончиликни мудиранинг маоши кўтармайди. Шунинг учун иложини топишга ҳаракат қилишади: мебель, ўйинчоқлар ва таъмирлашдан пул “тежалади”, ота-оналардан йиғилади ва боғчаларга “ноқонуний” болалар қабул қилинади.

Йўлланмасиз қабул қилинганлар “ноқонуний” болалар саналади. Улар умумий қозондан овқатланади, ота-оналари берган пуллар эса амалдорларнинг карнай иштаҳасини қондиришга сарфланади. Дарвоқе, ҳикоя бошида эсланган Шайхонтоҳур туманидаги мудира ҳам шу сабаб билан қўлга тушган, унинг боғчасидаги тарбияланувчилар сони меъёрдагидан юзта кўп бўлган.

Ҳолбуки, “Фарғона” суҳбатдошларининг таъкидлашича, “ноқонуний” болалар ҳамма боғчаларда бор. Бир йил ишлаган мудирани “қамаш” эса коррупцияга қарши кураш эмас, балки хўжакўрсинга қилинган тадбирдир. Чунки ҳозирги “йиғ-йиғ” даврида исталган мудирани қамаш мумкин.

Мактабгача тарбия тизимида вужудга келган бундай ёпиқ айланани узиш вақти келган. Ишни айнан текширувчи ташкилотлардан бошлаш керак.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама