04:40 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Пилла билан томорқа, ёки Олмоқнинг бермоғи бор

14.06.2016 22:10 msk

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистон фермерлари учун пилла топшириш ҳам пахта режасини бажаришга ўхшаган бир бошоғриқ. Одамлар пиллани бепул боқиб беришга мажбурланади, акс ҳолда расмийлар томорқада нарса етиштиришга рухсат бермайди. Бу томорқалар одамларнинг ягона даромад манбаи бўлгани билан, давлатдан ижарага олинган ер ҳисобланади. Аммо пилла боқишга киришсангиз, бошқа ишларни тўхтатиб туришга тўғри келади. “Фарғона”нинг штатдан ташқаридаги мухбирига берган интервьюсида ўзбек фермерларидан бири қандай қилиб пилла режасини бажариш билан бирга томорқасини ҳам сақлаб қолиши ҳақида аноним тарзда сўзлаб берди.

Шахсан сизга пилла бўйича қанча режа белгиланди?

- Мен пахта ва дон етиштирувчи фермерман. 57 гектар ерим бор, шундан 30 гектари донга, 27 гектари пахтага ажратилган. Пилла топшириш режаси ер майдонига қараб, гектарига икки килограммдан қилиб белгиланган. Яъни мен 114 килограмм пилла топширишим керак. Режани туман ҳокими туширади. Сувистеъмолчилариуюшмаси (совхознинг янги номи) директори туман агросаноат уюшмаси (ТАСУ) раиси билан бирга ҳар бир фермер учун режа белгилаб чиққан, ҳоким эса рўйхатни тасдиқлаган. Шунинг учун биз фермерлар шахсан туман ҳокими олдида жавоб берамиз, у эса вилоят ҳокимига ҳисобот беради. СИУ директори, ТАСУ раиси ва туман фермерлар уюшмаси раислари эса туман ҳокимининг югурдаклари холос.

- Пиллани кимга, қандай нархда топширасизлар?

- Туман пиллакорлик бўлимининг тайёрлаш идорасига топширамиз. Пилланинг килоси 4000-5000 сўм (қора бозор курси бўйича $0,7-0,8 ёки расмий курс бўйича $1,3-1,6). Аммо бирорта ҳам фермер топширган пилласи учун пул олмаган. Пилла қуртини беришдан олдин номига пул беришади, кейин ҳеч нарса берилмайди.

- Нимага унда пилла боқишдан бош тортмайсиз?

“Бу “пилла қуллиги” ҳақида деярли ҳеч ким билмайди, чунки пахта қуллиги бундан кўра узоқроқ ва кўламлироқ бўлиб, у ҳақда ёзиладиган мақолалар сони ҳам жуда кўп. Аммо пилла қуллигининг кўламини ҳам пахтаникига қиёсласа бўлади“. “Буюк ипак йўли, ёки Ўзбек фермерларининг иккинчи қуллиги”
- Бош тортиш?! Каллангиз ишлайдими?! Фермер бош тортиб кўрсин-чи, нақ мазасини қочиришади! Пилла билан шуғулланишни истамаганлар индамасдан пилла қуртини олиб, ишончномани имзолайди, кейин олиб кетиб, йўл-йўлакай ташлаб юборади. Пилла етиштириш жараёнини текширадиган комиссия келиб қолса, қуртлар касалланиб, ўлиб кетганини айтади. Комиссия келмаса, пиллани фермер топшириш давригача дам олиб, куч тўплайди, режани бажармагани учун жазо олишга тайёрланади. Пилла топшириш пайти ҳазилакам давр эмас, бу пайтда туман ҳокими, милиционерлар ва прокурор режани бажариш учун роса югур-югур қилади. Ўзлари жинни бўлади, фермерларни жинни қилади, режани бажармаганларни жазолашнинг турли йўлларини ўйлаб топишади.

Масалан, бу йили ҳар куни ҳокимиятга соат 22:00 да келишга мажбур қилишди. Бир ҳафта шунақа бўлди. Бир куни соат 23:00 да уйимизга участка милиционери келди. Мен чиқиб, гаплашиб турувдим, орқамдан аёлим чиқди. “Кечирасиз янга, - деди милиционер, - эрингизни олиб кетамиз”. –“Тинчликми?”– аёлим ҳайрон бўлиб, бир милиционерга, бир менга савол нигоҳи билан қарайди. Уни тинчлантириш учун айтдимки, мени адашиб пилла режасини бажармаганлар рўйхатига қўшиб қўйишибди, ҳозир ҳокимиятга чақиришаётган экан. Аёлим эса ишонмайди. Худдики мен бировни ўлдириб қўйиб, уйда яшириниб ўтирувдим, энди мени олиб кетгани келишгандек. Ёки ундан баттар нимадир бўлгандек. Аёлимнинг мазаси бўлмай қолди.


Пилла қуртини узоқ вақт барра барглар билан боқиш керак. Фотосурат © Тимур Карпов/”Фарғона”. Бошқа фотосуратлар — “Фарғона” галереясида

Милиционер менинг сўзларимни тасдиқлаганидан кейин аёлим озгина тинчланди. Мен милиционерга кетаверишини айтдим, ҳозир машинамда ўзим бораман, дедим. У вазиятни тўғри тушуниб, кетди. Мен ҳам тезда кийиниб, ҳокимиятга бордим.

У ерда маълум бўлишича, милиционер ҳақиқатан ҳам манзилда адашибди. Уни РОВД бошлиғи уч кундан бери пилла режасини бажармаганларнинг уйига жўнатаётган экан. Ҳоким мени кўриб, РОВД бошлиғига савол назари билан қаради: “Мен бу фермерни чақирмаганман. У режани бажарган”. Мени дарров қўйиб юборишди.

- Нимага пилла етиштиришга киришдингиз?

- Нимаси тушунарсиз? Ер ҳокимга тегишли, мен фермерман, ерни ижарага олганман. Қўпол қилиб айтганда, мардикорман. Мардикорлар хўжайинни айтганини қилиши керак.

- Топширган пиллангизганеча пул олдингиз?

- Бошида пластик карточкамга 126 минг сўм(қора бозор курси бўйича $21 ёки расмий курс бўйича $42) туширишди. Бўлди. Шу пулга пилла боқдик.

- Харажатларни олиб ташласак, қанча фойда қолади?

- Мана шу 126 минг сўмнинг ҳаммаси даромад. Пилла боқишга бир ой кетади. Шу давр ичида қилинган ишлар ҳақини туман пиллакорлик бўлими ўз ҳисобига ёзиб қўяди. Биз индолмаймиз. Бир мажлисда битта фермер пилланинг ҳисоб-китобидаги пуллар қаерга кетишини билмоқчи бўлди.Туман ҳокими унинг гапини бўлиб: “Роса билгинг келяптими?! Қизиқяпсанми?! Бўпти, эртага ер ўлчовчини уйингга жўнатаман, томорқангни ўлчаб кўради, биратўла пилла пули қаерга кетаётганини ҳам тушунтириб қўяди. Хўпми?!». Фермер дарров тушуниб, жим бўлди.


Фотосурат © Тимур Карпов/”Фарғона”. Бошқа фотосуратлар — “Фарғона” галереясида

Пилла қуртини боқсанг, ҳарорат 30 даража атрофида бўлиши керак, бунинг учун хонани иситасан. Тут баргини узоқдан олиб келсанг, транспорт керак, демак ёқилғи керак. Тракторлар ҳаммаси эскирган, тракторчига 30 литр солярка бермасанг, ҳеч қаёққа бормайди. 30 литр дизель ёқилғиси 2500 сўмдан 75 минг сўм бўлади. Тракторчига ҳам 25 минг сўм бериш керак. Техниканинг бир кунлик хизмати фермерга камида 100 мингга тушяпти, шунда ҳам бошқа ишчиларни ёлламасанг. Транспортдан беш кун фойдалансанг, 500 мингга тушиб ўтирибсан.

- Ҳам пиллага, ҳам далага қарашга улгурасизми?

- Қурт боқадиган аёлни ёллаганман. Хизмат ҳақига ўн сотих пиёз майдонини берганман, яъни – унинг ўзи ўғли билан келиб, бир гектарлик еримдан жой ажратиб олган. Менга шуниси тинч. Тайёр пиллани сотиб олиш варианти тўғри келмайди, шундоғам харажат кўп. Ўн сотих пиёз майдони яхши парваришланса, ўртача икки миллион сўм даромад олиш мумкин.

“Пилла ўралгач, уни қўлда тут шохларидан ажратиб олинади ва коробкага солиб, туман қабул қилиш пунктларига олиб келинади. Бир фермернинг айтишича: “Эрталаб соат 3.00 да туриб, нақ тунгача ишлаймиз. Тут барги йиғамиз, қуртларни боқамиз, хоналарни тозалаб, шамоллатамиз. Навбат билан бир-икки соат ухлаб оламиз, кейин яна бошидан бошланади. Қуртлар олдида кимдир доимий навбатчиликда туриши керак. Қуртлар ойига тўрт марта (туллаш пайтида) ухлайди, ўшанда ювиниб олиб, бошқа ишларни қилиш мумкин. Аммо бу ярим кунгина давом этади”. “Ўзбек-герман форуми: “Ўзбек фермери учун ипак сиртмоқ”

Яхшиямки ишчилар ўзимизники. Охирги беш кундагина тут қирқишда ёрдам сўрадим, унгача анави аёлнинг ўзи ҳаммасини ҳал қиларди. У жуда яхши ишлайди, ҳар йили фермерлар билан келишиб, қуртини боқиб беради. Бир неча кишининг қуртини боқади, биз қуртларни олиб, дарров олиб бориб берамиз. Шартномани яхши бажарганлар, яъни яхши пиёз майдонини ажратганлар ва охирги кунларда тут барги топишга ёрдамлашадиганларнинг режасини албатта бажаради. Иш тугашига 3-4 кун қолганда фалон куни ҳашар қилиш кераклигини айтади: ўша куни кўпроқ одамни чақириб, тушлик қилиб бериш керак бўлади. Бу кун фермерга 100 минг сўмга тушиши мумкин. Битта яхши тушлик: тўрт кило гуруч – 20 минг сўм, бир кило гўшт - яна 20 минг, пиёз, сабзи, ичимлик ва ҳоказо.


Шу тарзда олинадиган ипакдан машҳур атлас ва бошқа матолар чиқади. Сурат © Тимур Карпов/”Фарғона”. Бошқа фотосуратлар — “Фарғона” галереясида

Агар ҳаммасини тўғри ташкиллаштирсангиз, вазиятдан бемалол чиқиб кетиш мумкин. Айрим фермерлар доим нолиб юради, булар ишлагиси келмайдиган танбаллардир. Уларга чиқим бўлмаса-ю, фақат олса. Ахир олмоқнинг бермоғи бор-ку. Беришда ҳам қаерга, қанақа қилиб, қачон, кимга беришни билиш керак. Ўшандагина фойда қиласиз. Пилланинг ўзидан фойда кўрмайсиз, аммо томорқа бошқа гап. Ҳокимнинг айтганини қилсангиз, томорқангиз билан иши бўлмайди. Кўрса ҳам индамайди. Бунинг учун фақат ишлаш керак, ҳосил режасини доим бажариш керак. Шунда тинч яшайсан, оилангдагилар ҳам милиционер ташрифини кутмасдан, тинч ухлайди.

* * *

2015 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми “Ўзбек фермери учун ипак сиртмоқ” номли маъруза чиқарди.Унда пилла етиштиришда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш, пилла ишлаб чиқаришга марказлашган ёндашув ва давлат монополияси ҳақида ёзилган. Давлат фермерларга ишлаб чиқариш нормаларини мажбуран тиқиштириб, етиштирилган пиллани паст нархда сотиб олиши ҳақида ёритилган. Маърузанинг қисқа вариантини рус тилида ушбу ҳавола орқали ўқиш мумкин. Бу ерда эса “Фарғона”нинг бугунги суҳбатдошига ўхшаган бир қўқонлик фермер оиласининг ҳаёти ҳақида репортаж берилган. Бу оила ҳам пилла боқишга мажбурланган.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама