03:34 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги ҳаёт энциклопедияси: Милиция бизни қандай муҳофаза қилади

05.06.2016 15:43 msk

Фарғона

Ўзбекистонда милиционерларни барча собиқ совет давлатларидагидек “мент”лар деб аташади. Бу сўзда ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар тоифасига нисбатан ишончсизлик, бу касбга нисбатан илтифотсизлик ва улардан ўзини четлаш маънолари мужассам. Аммо ҳаётда барибир милиционер билан тўқнашасиз, шу сабабли ҳар биримизда кулгили, қўрқинчли ёки аҳмоқона бўлган “ментовской” ҳодисалар бўлган. Жамият қандай бўлса ментлар ҳам шундай бўлади, бошқача бўлмайди.

Бизнинг мухбиримиз ёшлигимизда ментлар қанақа бўлган-у, бугунги кунда ҳаммаси бузилиб кетгани ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашади.

Тўқсонинчи йиллар бошларида

Ментлар билан биринчи учрашувим ёшликда бўлган, жуда ёқимли бўлмаса ҳам, баъзида жуда кулгили ҳолатлар юз берган. Бир куни ўртоғим билан бирга Бродвейда пул ишламоқчи бўлдик. Гитарани олиб, “Зарик” (жуда машҳур “Зарафшон” ресторани бўларди) жойлашган бурчакка келдик. У ерда ёшгина бир мент турган экан.

“Тамом”, дедим. Дўстим эса: “Ҳечқиси йўқ. Асосийси – мулойим бўлиш”, деди. Унга қараб юрувдик, дўстим дарров “Ака, шу ерда қўшиқ айтсак майлими? (Можно, ака, мы попоем?)” деб сўради. У: “Нима?” - “Куйламоқчимиз” (Попеть хотим…)” Мент (яна): “Нима?” Мен: “Шу ерда куйласак майлими? (Можно здесь петь?)” Кейин уни жавобидан довдираб қолдик: “Бўпти, ичавер (Ну, пей)”. Биратўла ичарканмиз-да, деб кулишиб олдик. Аммо шу жойнинг ўзида қўшиқ айтиб, ўн сўмча пул ишладик. Пулни “Зарик”нинг пиво барида ичиб тугатдик.

Бироқ бу мент камдан-кам учрайдиган хилидан эди – Бродвейда фақат угина қўшиқ айтишга рухсат берган. Натижада мен дам олиш кунлари шу кўчада қўшиқ айтиб, майда харажатлар учун пул ишлардим. Онда-сонда, тахминан ойда бир марта мени ўша ердаги милиция пункти ходимлари қўлга олиб, Юнусобод РУВДсига олиб боришарди.

Аввалига дайди ёки безори сифатида расмийлаштиришарди, кейин ўша ерда зерикиб ўтирган ментларга кичкина концерт қўйиб берардим, шу билан қўйворишарди. Яхши замонлар эди, чунки ҳеч бир сабабсиз қўлга олинганимни, ҳеч кимга халақит бермаганимни ҳамма тушунарди.

Бир марта мени “Зарик” пиво баридан чиқишда ушлашди ва автобусга тиқишди – ментлар ҳушёрхонага одам топшириш режасини тўлдираётган эди. Пиво баридан чиқаётганда бу автобусга чап бериб бўлмасди, у ўн метр нарида турарди. Яъни пиво барига келганинг учунгина ҳушёрхонага тиқишган. Мен унчалик маст эмасдим, бир-икки кружка ичувдим холос, аммо барибир ўзимга ўхшаганларга ҳамроҳ бўлиб бордим.

Руҳий касалликлар шифохонаси яқинидаги ҳушёрхонага олиб келишди, расмийлаштириш бошланди: “Қаерда ишлайсан?” Мактабда, рус тили ва адабиёти ўқитувчисиман, дедим. Ростдан ҳам шунақа эди. “Шундай зиёли одам, нималар қилиб юрибсиз?” – “Мен маст эмасман, бир-иккита пиво нима бўлади?” – “Бўпти, кетаверинг, иложи борича бу барга келманг. Яхши боринг”. Боя айтганимдай, яхши замонлар эди, бу ментларнинг ҳам болалари бордир, уларни мен ўқитишим мумкинлигини тасаввур қилишгандир.

Шунақа замон эдики, айрим ўспиринлар метрода чекарди, уларни сезишмасди. Мен ҳам бир марта чекканман. Балки ўша пайтда метрода ментлар умуман бўлмагандир? Ушлаб олишганида ҳам РУВДда эрталабгача олиб ўтирган бўлишарди – у пайтда суд ёки катта жарима ҳақида гап ҳам йўқ эди.

Бугунги кунлар


Тошкентдаги метро бекатига киришда ҳужжат ва шахсий буюмларни текшириш. Денис Мукимов сурати - Danlux.livejournal.com
-

Афсуски, озодлик ва демократия учқунлари кўринаётган кунлар ўтиб кетди. Демократия туғилмасидан ўлди, озодлик эса борган сари камайиб бормоқда. Ҳозирги расмийлар ўрнатган тартиб-қоидаларни татбиқ қилувчилар асосан ментлардир. Ўзбекистон аллақачон полиция мамлакатига айланиб бўлган. Баъзида пойтахтда аҳолидан кўра ментлар кўпроққа ўхшаб кетади.

Бугун Тошкентда милицияга ишга вилоятдан келганлар киради, уларга Тошкент пропискаси керак (аммо русчада бирорта ҳам сўзни айтолмайди!). Ёки шон-шуҳрат, тез келадиган пул ва хўжайинлик ҳиссини хоҳловчи тошкентликлар киради. Унга ҳамма нарса мумкин, у хўжайин, қолганлар эса хизматкор. Оддий шаҳарликлар бундай янги бойларга қарши чиқишга маънан ҳам, бошқачасига ҳам тайёр эмас – ўзига қимматга тушиши мумкин.

Полиция давлатида ментлар ҳам юқоридагилардан кўп таёқ ейди. Қачон қарама, арзимаган нарсага ҳам “режимни кучайтириш” (усиление) бошланади. Бунақа кучайтиришда казарма ҳолати ўрнатилади, улар бир неча кунлаб уйга бора олмайди. Масалан, ўтган йили камида икки ой давомида кучайтириш бўлган, ҳозирги кунларда – ШҲТ саммитидан олдин ҳам кучайтириш кетмоқда.

Бир ўртоғимга таниш ментлар айтибди, ҳозир комендант соати ҳам амалда экан. Соат кечки 9 дан кейин кўчага чиқмаган маъқул, акс ҳолда биометрик паспортинг ёнингда бўлса ҳам РУВДга олиб кетиб, бармоқ изларини олишади ва турли камситишлардан кейин, эрталабга яқин қўйиб юборишади.

Милиционернинг трансвеститни калтаклаши матбуотда ва ижтимоий тармоқларда шов-шув бўлган

Ментлар оддий шаҳарликларни бир тийинга олмаслигига бир мисол келтирсам. Бир куни бир арзимас справка учун РУВДга келдим, уни кириш жойидаги будкада беришар экан. Иш куни бошланди, будка ёнида навбат йиғила бошлади. Айримлари ёш боласи билан, кексалар ҳам бор. Айримлар сал олдинроқ келган, навбатда биринчи турибди. Шунақа справкаларни берадиган қандайдир капитанни кутяпмиз. Кимдир уни йиғилишда деди, кимдир индамай кутяпти.

Иш вақти бошиданоқ одамлардан нарироқда иккита мент қизғин суҳбатлашиб турибди. Онда-сонда кулиб қўйишади, латифа айтишяпти шекилли. Навбатда турганлар буларни танимайди, бу ерда унақалар тўхтовсиз ўтиб турибди. Ўн беш дақиқа ўтди, йигирма, ўттиз, қирқ дақиқа…

Шунда анави “латифачилар”дан бири ҳамсуҳбати билан хайрлашиб, бемалол будканинг олдига келди ва уни очиб, ичига кирди. Бу ўша, ҳамма кутиб турган капитан экан. Нима дейишни ҳам билмайсан киши.

Баъзида интернетда айрим видеолар пайдо бўлади, масалан, милиционерлар аёл кишини ураётгани ёки пистолет ғилофида носвой сақлаши тасвирга туширилгани ҳақида...

Олмани тагига олма тушади

Хўш, яна бир марта сўраймиз: ҳозирги ментлар қанақа одамлар? Менинг даврамда шундай фикр ҳукмронки, оддий, калласи ишлайдиган одам ҳеч қачон милицияга ишга кирмайди. Милицияга ишга кирди дегани энди истаганини қилиши мумкин дегани эмас, балки Ўзбекистондаги ҳозирги авторитар ҳокимиятни, президент Ислом Каримовнинг диктатурасини қаттиқ севиш ва қўллаб-қувватлаш деганидир. Ҳукуматнинг ҳар қандай ҳаракатини, ҳатто ошкора ноқонуний бўлса ҳам, меъёрий ҳолат деб қабул қилишади.

Баъзида сўрагиси келади одамнинг: милиционерлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар, наҳотки одамларни шаҳар марказидан чет туманларга кўчириш, ҳаммаёқда чинорларни кесиб ташлаш ноқонуний эканини кўрмаясиз? Шаҳарнинг одамлари ва табиатига бундай муносабат қилиш ярамаслигиничи?

Балки тушунишар, балки тушунишмас. Улар учун хўжайинлар нима қилса, ўша қонуний бўлиб кўринса керак. Масалан, Ўзбекистоннинг тўқсон фоиз аҳолиси учун Каримовнинг навбатдаги, конституцияга хилоф президентлик муддати ҳам қонуний бўлиб кўринади.

Ҳақиқатан ҳам, ментлар биз гуллаб-яшнаётган мамлакатда эмаслигимизни атайлаб сезишмайди. Кабель телевидениесидаги ҳар бир реклама блокига киритилган социал рекламалар эса мақтаб ётибди. Мен бу мавзуда ментлар билан кўп гаплашганман, уларнинг ҳаммаси бирдай ҳайрон қолишади: “Мамлакатимизни нимаси ёқмаяпти? Яхши яшаяпмиз-ку. Осмонимиз тинч, президентимиз яхши – Худо унга узоқ умр берсин!”

2009 йилда кесиб ташланган Сквер ҳақида битта мент шундай деган: “Қайтага яхши бўлди, чиройи очилди…”

Хуллас, Шварц айтган аждарҳо бор ва ўша эртакнамо шаҳарнинг миллионлаб аҳолиси шу аждарҳони севади. Ментлар биринчи қаторларда…


Милиционер машинасини уйи олдига қўйиб, овқатланишга кириб кетган. Эчки эса автомобил устига чиқиб, дарахт баргларини емоқда. Сурат Фейсбукдан.

Фактлар ва рақамлар

Энг катта пенсияни кучишлатар тузилмалар ходимлари олади. Охирги окладнинг 80% миқдорида белгиланган. Агар пенсияга чиқишдан олдин милиционер 5 млн сўм олган бўлса, пенсияси 4 млн бўлади. Бундан ташқари, пенсияга 40 ёшда чиқилади. Пенсияни почтахонадан эмас, охирги иш жойидан, нақд пулда олади. Бутун умр давомида солиқ тўламайди, пенсия фондига тўлов тўламайди.

Фуқаролар билан солиштириб кўринг: энг катта пенсия 1 миллион атрофида бўлади. 55-60 ёшда пенсияга чиқилади ва бутун умр солиқ тўланади. Уларнинг пенсияси карточкага ўтказилади, доимо кечиктириб берилади.

“Ментлар” ҳақидаги ҳикоялар – ҳам кулгили, ҳам қайғули

“Мана сизга ҳаётда бўлган воқеа. Мен вилоятдан келган талаба эдим, ментлар ҳам вилоятдан келган аҳмоқлар бўлиб, арзимас нарсаларга ҳам бошингни қотирарди. Айниқса метрода. Бир марта шимимга гапирса бўладими, дазмолланмаган эмиш. Бу шимни мен чет элдан олувдим, оддий casual pants (кўчага кийиладиган шим) эди. Яна бир марта мен курсдошимнинг фонарли брелокини текшираётганимда ёпишиб олишди. Қўлимни қайириб, зўрлик кўрсатиб, сўкиниб, махсус хонага олиб боришди. У ерда ёзув-чизувни бошлаворишди, кимлигимни, қаерда яшашимни сўрашди. Мен акам билан яшайман, у доктор-венеролог бўлиб ишлайди, дедим. Ўзи акам лор-врач эди. Аммо акам менга айтувдики, ментларнинг аксарияти таносил касалига учраган бўлади, чунки ўзлари ҳомийлик қиладиган фоҳишаларнинг хизматидан бепул фойдаланади. Мент дарров акам билан қизиқиб қолди. Унинг қабулига кириши кераклигини айтди, мендан шуни ташкиллаштиришни сўради. Унинг кўринишидан худди бирор ери оғриётгандек туюларди. Мен ёрдам бераман дедим, битта сохта телефон рақамини бериб, уникини олдим. У жуда хурсанд бўлди, дарров мен билан муомаласи ўзгарди. Худди эски қадрдонлардек хайрлашдик”.


***

“Биз эски ГАЗ-69 машинасида Янгиободга кетаётган эдик. Бурилишгача етиб келдик: тўғрига юрсангиз Олмалиқ, чапга – Ангрен. Гаи тўхтатди. Уёқни текширди, буёқни текширди, уни кўрсат, буни кўрсат... Охирида нима дейди денг:

- Акажон, озгина пул ташлаб кетинг, қорин оч, шу атрофда овқатланиб олмоқчи эдик. Кейинги сафар тўхтатмаймиз...

***

“Президент трассаси” ҳақида ҳамма тошкентликлар билади, бу шаҳарнинг бош кўчаси бўлиб, унда вақти-вақти билан президент кортежи ўтиб кетиши учун йўл ҳаракати тўхтатилади. Шу вазиятда ҳам турли ҳангомалар юради. Мана бир-иккитаси.

“Трасса бўйлаб кетадиган тротуардамиз. Кутилмаганда, куппа-кундуз куни кортеж Дўрмонга қараб ўтмоқда. Йўл бўйидаги ментлар ҳаддидан ошяпти. Трассага чиқадиган кўчалардаги машиналарни шоша-пиша тўхтатяпти, кўриниб қолганларини трасса бўйлаб тезда ўтиб кетиб, йўлни бўшатишни буюряпти. Тротуарда ҳам ғала-ғовур. Битта мент рацияда бақиряпти: “Давай, ҳаммани йўқот, айниқса велик-пелик, кучук-пучукларни йўқот!”.

Ана президентга асосий хавф қаерда экан!”.


Денис Мукимов олган сурат - Danlux.livejournal.com

***

“Эрталаб ишга кетяпман, шу трассани кесиб ўтишим керак. “Омадим келди”: президент эскорти ўтадиган вақтга тўғри келибман. Мент бизни тротуардан узоқроққа, уйларни орқасига ҳайдаяпти. “Илтимос, бир метр ичкарига киринглар”, - деяпти. “Бир метрга кириш нимага керак? Барибир кўринмаяпмиз-ку...”. Жавоб: “Ўзларинг биласизлар-ку, бизнинг АҲМОҚ раҳбарлар АҲМОҚОНА буйруқ беришини”, - деб узр сўраяпти мент”.

***

“Кеки пайт, 19.30, Дархон. Трассани бўшатиш бошланди. Кўчадаги президент ўтадиган қаторни машинадан тозалашяпти. Машиналарни тўхтатиб, бошқа кўчага жўнатяпти. Тротуардан эса пиёдаларни бинолар тагига ҳайдашди. Ментлар деразаси очиқ қолган квартираларнинг тагига бориб ҳуштак чалади. Дераза ёпилмаса, тўғри ўша квартирага боради. Ҳатто карниз бўйлаб мушук ҳам юриши мумкин эмас. Ахир бу ниқобланган террорист бўлиши мумкин!

МАЪЛУМОТ: Ўзбекистонда ҳали ҳам милиция ҳақидаги Қонун йўқ. 1991 йилнинг октябридан ҳозирга кунгача ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар “Ички ишлар вазирлиги тўғрисидаги Низом”га асосланиб ишлайди. Бу яхши эмас, деб ҳисоблайди президент Ислом Каримов.

Шу пайт тротуарга тахминан бир ярим яшар болакай югуриб чиқди. Бу ёшда оёқда бемалол туради, аммо президент кимлигини билмайди. Ҳадемай тақиқланган ҳудудга югуриб чиқади. Кекса бобоси ҳечам эплолмаяпти. Охири уни ушлаб олди:

- Ана, қара, Вой-Вой кевотти! – деб кўзларини ола-кула қилди бобо. Шунақа деб қўрқитишса керак-да.

- Вой-Вой??? – деб сўради болакай, ҳар эҳтимолга қарши бобосининг қўлига чиқиб олиб. Бобоси: “Ҳа, Вой-Вой!” деди.

- Вой-Вой! – деб бақирган ҳолда иккаласиям ҳовлига қочиб кетишди.

Ана, Ватанни севишни қандай ўргатишади бизда... Биз бўлса деворга қапишиб турибмиз. Ёнимиздан ҳар бири юзлаб минг доллар турадиган мерслар учиб ўтди, худди болаларни лейкоздан даволаш нархларига ўхшаб...».

Материални тайёрлашда таҳририятга ижтимоий сайтлар орқали юборилган матнлардан фойдаланилди. Биз билан баҳам кўрадиган хотираларингиз борми? Ёзиб қолдиринг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама