13:35 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижонликлар гўшт ўрнига қоқ суяк (суп набор) истеъмол қилмоқдалар

07.11.2005 12:08 msk

ўз.ахб.

Гўшт нархи кўтарилгач, айрим андижонликлар қоқ суяк сотиб олиб истеъмол қилишга ўтишди.

Ҳар куни Андижон давлат тиббиёт институти клиникаси биносида жойлашган колбаса цехида камида 20-30 кг қоқ суяк сотилади. Клиника ишчи-хизматчилари бу ерга жуда ўрганишган. 200 сўм турадиган бу суякда ҳеч қандай эт йўқ. Авваллари бу суяклар ташлаб юборилар ёки хонадонлар ўз итларига олиб кетишарди

- Гўшт қимматлагач, доим ҳам сотиб ололмаяпмиз, - дейди клиника фарроши С.И. - Суякни кунора сотиб оламан. 4-6 соат қайнатсангиз, суяклар ҳам эзилиб, иликлари чиқиб, шунақа ширин шўрва бўладики... Болаларим билан мазза қилиб ичамиз.

Ҳозир Андижонда 1 кг мол гўшти 3000 сўм, қўй гўшти эса 3 минг 600 сўмни ташкил этади. Гўшт сотиб олишга қурби етмайдиган, фақат ойлик маошга ишлайдиган одамлар суяк сотиб олиб бўлса-да, овқат пиширишга мажбур бўляптилар.

- Барибир қайнаганда барча витаминлар овқатнинг сувига чиқади, шундай бўлгандан кейин суяк солдингиз нима-ю, гўшт солдингиз нима? – дейди косиб К.А. – Биз ҳам қоқ суяк сотиб оламиз, лекин жуда унақа гўшти қириб олинмаган, ҳарқалай шўрва қилиб ичса бўлади.

- Суякларни ташламай қўйдик, одамлар бунга яхши ўрганиб олишди, - дейди қассоб Нозимжон Салоҳиддинов.

Шифокор Рустам Аҳмедовнинг сўзларига кўра, «суяк шўрва» одам организми учун ғоят фойдали таомдир. У қондаги гемоглобин миқдорини кўтаради, яъни камқонликни даволайди.

Айни пайтда Андижонда озиқ-овқат маҳсулотлари бозори чаққонл. Одамлар нарх-навонинг, айниқса гўштнинг нархи яна қимматлаши мумкинлигидан хавотирга тушаяптилар. Агар аҳвол шундай кетаверса, қолган-қутган суяклар ҳам одамлардан ошмай қолади.