10:57 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳамма ўтоққа – ўқитувчи ҳам, коллеж директори-ю, прокурор ҳам!

04.06.2016 21:26 msk

Фарғона

Яганага жалб этилган шаҳарликлар. Фото © Ozodlik.Org

Бугунги кунда ўзбек фермерининг иши қайнаб ётибди. Далага пахта экди, яхши ўсяпти худога шукур. Бу йили қайта экиш ҳолатлари жуда кам учради. Деярли ҳамманинг чигити бир мартада униб чиқди. Апрель охири ва майда ёққан давомий ёмғирлар ҳам ёрдам бўлди. Пахта униб чиқди. Аммо ёввойи ўтлар ҳам бирга ўсиб чиқди, улар пахтадан кўра тезроқ ривожланади. Ўз вақтида тозаланмаса, ҳосил барбод бўлади: ўтлар кучайиб, пахтани ўсишга қўймайди. Шу сабабли ҳам шу кунларда бутун Ўзбекистон бўйлаб пахта ҳосилини сақлаб қолиш учун шиддатли кураш кетмоқда.

Иш қай тарзда ташкиллаштирилади?

Вилоят ҳокимиятларининг ҳар бир ходими битта туманга юборилиб, пахта даласининг муайян қисми учун масъул қилиб қўйилган. Уларни ҳокимнинг вакили дейишади. Республика даражасида ҳам, туман даражасида ҳам вакиллар бор. Қисқаси, одатда қишлоқ хўжалигига алоқаси йўқ ходимлар бугун ўзига топширилган пахта майдонининг ўз вақтида ўтоқ қилинишига жавоб бериши керак.


Эрталаб. Фермерларнинг оила аъзолари ўтоққа кетмоқда. “Фарғона” сурати, 2016 йил, май.

Аслида пахта етиштириш ва териб олишнинг ҳар бир босқичи ўта муҳим ва масъулиятли бўлиб, катта эътибор талаб қилади. Шунинг учун Ўзбекистоннинг бош экинига боғлиқ бўлган кампанияларда “раҳбарият пахта етиштиришга халақит берадиганларни аяб ўтирмайди”, бу ҳақда бош вазир Шавкат Мирзиёев селектор мажлисларида бот-бот такрорлаб туради.

Ҳақиқатан ҳам шундай. Ҳаттоки прокурор ва милиционерларни ҳам аяшмайди. Улар пахта далаларида ўзларига юклатилган ихтиёрий-мажбурий вазифаларга совуққонлик билан қарайдиган бўлса, ишдан ҳайдалади ва ҳайдалмоқда.

Ҳар қандай даражадаги прокурор бирор-бир тумандаги пахта даласининг бир қисмига масъул ҳисобланади. Бош прокуратура эса вақти-вақти билан бирорта туман ёки вилоятда текширув ўтказадиган одати бор. Агар вилоят ёки туман прокурори масъул бўлган майдонда муаммо топилса, унинг ишдан кетиши ҳеч гап эмас. Бу эса, айниқса ёши ўтган амалдор учун фожиа дегани: бутун прокурорлик стажи куйиб кетади, пенсия ва имтиёзлардан маҳрум бўлиб қолади. Бу аҳволга тушмаслик учун амалдорлар жон-жаҳди билан тиришиб, жавобгарлиги остидаги пахта даласини зўр қилишга ҳаракат қилади.

Таълим тизими ишчилари – муҳим ресурс

Ўзбекистонда таълим ва соғлиқни сақлаш тизими ходимларини қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилишни ножўя иш деб билишмайди. Улар жуда фойдали ва итоаткор ишчи кучи бўлиб, бошлиқнинг оғзидан чиққанини бажаришга тайёр.

Бу қандай юз беради? Бир воқеий мисол келтирсак.

Бир туман ҳокими коллеж директорини чақиради ва унга бир фермернинг пахта даласини бириктиради. Директор фермернинг ёнига бориб, гаплашиб кўради. Бу фермернинг пахтага ажратилган 30 гектар ери бўлиб, уни ёввойи ўтлардан тозалай олмаётган экан. Ёрдам керак экан. Аммо фақат ўқитувчилар ва техник ходимларни ажратиш мумкин, чунки ўқувчиларни чиқариш тақиқланган. Яна бир варианти – фермерга пулдан ёрдам бериш мумкин, у шу пулга одам ёллайди. Ҳозирги пайтда бутун республика бўйлаб қизлар бригадалари ташкил қилинган бўлиб, улар фермерларнинг олдига бориб, муайян ҳақ учун ишлашни келишиб олишади.

Тарифлар турлича: бир кунлик ишга чиқиш учун киши бошига 13-15 минг сўм олишади (долларнинг расмий курси 2919 сўм, “қора бозор”да 6100 сўм). Бригадир олиб келган ҳар бир киши учун минг сўмдан олади. Транспортни ҳам фермер тўлайди. Кўпинча совет пайтидаги “РАФ” микроавтобуси ишлатилади, унга ўн бир киши сиғади. Бу автомобилларни шаҳар транспортидан чиқариб юборишди, энди қишлоқларда ишлатилмоқда, унга 18-20 кишидан чиқариб, фермерларга олиб борилади. Пахта майдонининг узоқлигига қараб, бир кунлик транспорт фермерга 30-50 минг сўмга тушади.

Гектарига қараб келишиш ҳам мумкин. Агар далада ёввойи ўтлар ҳаддан ташқари кўп бўлса, ўтоқ баҳоси 150 минг сўмгача чиқиши мумкин, аммо ўртача нархи 40-70 минг сўм бўлади. Алоҳида ишчилар бевосита фермер билан келишиб, майдонига қараб ишлайверади.

Баъзида фермер ишга таклиф қилади, аммо тўлашга пули бўлмайди. Эртага берамиз дейди, эртасига йиғилишдаман дейди, учинчи куни яна битта баҳона, хуллас, тўловни кечиктириб юради. Тўртинчи куни унинг орқасидан бригадир ва ишчилар югуриб юради.


Пахтани ягана қилиш. Ҳар ўн сантиметрда биттадан кўчат қолдириб, ортиқчаси олиб ташланади. “Фарғона” сурати, 2016 йилнинг майи.

Фермерларнинг орасида ҳам ўз ишининг усталари бор, унақалари 10 дан 30 фоизгачани ташкил этади. Уларда ҳаммаси режалаштирилган, ўзининг одамлари бор. Йил бошида келишиб олишади, кейин ўшалар муайян гектар ерда йил бўйи ишлайди: ўтоқ, чилпиш ва ҳоказо. Эвазига келишилган пул ёки буғдой, похол ва ғўзапоя олишлари мумкин.

Далани ёввойи ўтдан тозалаш муаммоси асосан қишлоқ хўжалигига тасодифан келиб қолган фермерларда бўлади. 2008 ва 2015 йиллардаги оптимизация даврида келиб қолган бу фермерлар ишни ташкил қилишни билмайди. Ҳозирда бунақалар деярли 70 фоизни ташкил этиб қолган.

Коллеж директорига қайтсак. У ҳокимнинг олдидан қайтиб келиб, 70 кишилик коллективни йиғади ва уларга қайси фермерга бириктирилганини айтади. Туман ҳокими очиқчасига тушунтирган: фермердан пул сўрамайсан, лекин ёрдам берасан. Агар педагоглар ўзи далага чиқадиган бўлса, 30 гектар ерни тугатиш учун камида ўн кун кетади. Транспортга ҳам тўлаш керак. Ҳар куни транспортга 50 мингдан берилса, ўн кунда 500 минг бериш керак. Овқатланиш ҳам бор: тушликнинг ўзи яна 500 мингга тушади. Дала шароитида кимнингдир мазаси қочиши мумкин, унда дорига ҳам юз мингдан бир миллионгача харажат кетади.

Коллеж коллективи буларни ўйлаб кўргач, пул тўлаб қутулишни маъқул топишди ва маошдан 15 минг сўмдан йиғишди. Жами бир миллион сўм йиғилди. Директор пулни фермерга олиб бориб берди, фермер эса ўзи одам топадиган бўлди.

Хурсанд бўлган директор бу ишни ҳокимга айтиб берди ва ҳоким уни қўйиб юборди. Аммо тез орада директорни вилоят коллежлар бошқармасига чақиришиб, бошқа тумандаги бошқа фермернинг ерида ишлашни буюришди. Бу масала ҳам шу тарзда ҳал қилинди: 70 киши 30 минг сўмдан аванс олгани ҳақида қўл қўйди, бу икки миллион сўм пулни эса директор иккинчи фермерга олиб бориб берди...


Беш-олти йил олдин Ўзбекистондаги ўқувчи ва талабалар май ойини пахта далаларида ўтказишган. Елена Урлаева олган сурат, 2011 й.

Пул бериб қутулган яхши эмасми?

Шу кунларда бир вилоят ҳокими вилоят коллежлар бошқармаси бошлиғини чақириб, бизга таниш коллеж жойлашган тумандаги 300 гектар ерни ёввойи ўтдан тозалашни топширди. Бу туманда бешта шунақа ўқув юрти жойлашган. Уч кун олдин вилоят бошқармаси бошлиғи туманга келиб, барча коллеж раҳбарларини йиғди ва бажарилган топшириқни етказди. Унинг ёнида шу туман бўйича масъул бўлган вилоят прокурори ўтирди. Прокурор топшириқнинг муҳимлиги ҳақида гапирди: ҳозир вазият жиддий бўлиб, далани тез фурсатда бегона ўтлардан тозалаш керак, чунки пахта етиштириш – стратегик аҳамиятдаги вазифа. Ёрдам беришдан бош тортганлар норозилик кайфиятини тарқатувчи ва мустақил давлатимизнинг душмани ҳисобланади, деб пўписа қилди прокурор. Бу ишга ўқувчиларни жалб қилишни қатъиян тақиқлади: улар бизнинг келажагимиз, улар ўқиши керак. Пахта далаларини эса беш кун ичида, 29 майгача тозалаш керак.

Бизнинг директоримиз 24 май куни коллективни йиғиб, энди қутулиш учун 70 мингдан йиғиш кераклигини айтди. Илгаригидан кўпроқ тўлашнинг сабаби, ёмғирлардан кейин бегона ўтлар ўсиб кетган, агар бир неча кунга кечикилса, пахта билан хайрлашса ҳам бўлади, чунки ўтоқ қилиб бўлмай қолади.

Педагоглар ва техник ходимларнинг жаҳли чиқди, айримлари бақир-чақир қилди. Кейин аксарияти маош ҳисобидан 70 минг сўмдан олгани ҳақидаги ведомостга қўл қўйди.

Агар директор ҳаракат қилса, туман молия бўлимидан коллежга “юқори кўрсаткичлар” учун қўшимча мукофот ундириши мумкин. Кейин ведомость тузиб, пулни яхши натижа кўрсатган ўқитувчи ва техник ходимларга тарқатишади. Аммо аслида шу пулни тўлаб... ўтоқдан қутулиб қолишади.

Ўз мухбиримиз.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама