21:00 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Муштарий мактуби: Ядро физикаси институтининг тугатилиши офат келтириши мумкин

30.05.2016 19:30 msk

Фарғона

Суратда: Тошкент ядро физикаси институтидаги НГ-150 нейтрон генератори

Ўзбекистон ФА ядро институти учун юбилей ҳисобланган 2016 йилда президент Ислом Каримов ўзининг қарори билан уни тарқатиб юборди. Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Улуғбек шаҳарчаси, Хуросон кўчаси, 1 манзилида жойлашган институт биноларида энди Миллий университет физика факультетининг кафедралари, лабораториялари, магистратура ва докторантура бўлимлари жойлаштирилади. Университет ихтиёрига деярли барча замонавий асбоб-ускуналар ҳам ўтади. Ядро реактори ва унга боғлиқ объектлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қошида ташкил қилинадиган Радиацион хавфсизлик маркази тасарруфига ўтди.

Институтнинг тугатилиши ҳақидаги хабар яқин-атрофдаги аҳоли пунктларида яшовчиларнинг кўнглига ғулғула солди: хавфли объект билан ишлаш оқибати аянчли бўлиши мумкин. Бу ҳақда тошкентликлардан бири “Фарғона” таҳририятига ҳис-ҳаяжонга тўла мактуб ёзиб, ўз фикрини билдирди.

Бу ҳақда сиз нима деб ўйлайсиз? Мақолани ўқигач, махсус саҳифада фикрингизни қолдиринг.

“Радиация + саводсизлик = фожиа”

“Ўзбекистон ҳукумати тутуруқсизлиги туфайли қанчадан-қанча заводлар, трамвай йўллари ва тарихий жойларни йўқотди. Энди юқори технологияларга ҳам навбат келди. Тўғри-да, ночор иқтисодиётли кичкина давлатга Ядро физикаси институти нимага керак? Ўзбекистон ҳукумати худди шу баҳонадан келиб чиқиб, институтни ёпишга қарор қилишган кўринади. Бу институт ўзбекларнинг буюк аждоди – Улуғбек номи билан аталган шаҳарчада жойлашган.

Институт ҳудудида ядро реактори жойлашган бўлиб, унда маълум миқдорда радиация бор. Айтишларича, худди шу сабабли ҳам уни ёпишга қарор қилишган, чунки катталардан кимнидир даҳшатли ўй-хаёллар чулғаб олган. Кейин бемаънилик бошланиб кетди: комиссиялар кетма-кет келишди, кўришди, ўйлашди ва бу ҳудудларни иккита ташкилотга беришга қарор қилишди. Булар фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент университетининг (ТошДУ) физика факультетига (Ўзбекистон Миллий университети шундай аталган – “Фарғона” изоҳи) бериладиган бўлди. Улар учун шаҳарча ҳудудидаги эски ётоқхоналар ва битта меҳмонхона таъмирланди. Реакторнинг ўзи эса 2018 йилгача олиб ташланадиган бўлди, қўшимча иншоотлар қолади ва бу ерга экскурсия уюштириладиган бўлади, яъни “мана, шунақа зўр нарсаларга эга эдик, аммо хавфсираб юравермасдан, тинчгина йўқотишни маъқул топдик” деган маънода.

Корхонанинг аксарият ходимларини ишдан бўшатишди, яъни маданийроқ қилиб айтганда, қисқартиришди. Қолганлар эса имтиҳон топширади, бу имтиҳонда мажбурий бир фан бор, у ҳам бўлса, Каримовнинг асарлари. “Бу бемаънилик-ку” дейишингиз мумкин, бунга ҳеч ким эътироз билдирмайди. Чунки бемаъниликнинг чегараси бўлмайди, у Африкада ҳам, Тожикистонда ҳам бемаънилик бўлиб қолаверади. Аммо ҳаттоки Тожикистон ҳам Россия билан ҳамкорликда атом электростанцияси қурмоқда. Бизда эса ГЭСлар бутунлай эскириб бўлган бўлса ҳам, ягона реакторимизни йўқ қиляпмиз. Бу реактор ҳам электр энергияси ишлаб чиқариши, илмий изланишларда ёрдам бериши мумкин эди. Бу соҳага маблағ киритилса бўлди эди, аммо президент хорижий грантларни тақиқлаб қўйди, олимлар ҳам мамлакатнинг зиёлилари эмас, бор-йўғи аллақандай физикларга айланиб қолди!

Бизнинг мамлакатга тинч мақсадларда ишлатиладиган атом керак эмас. Бизга пахта керак, бизга теримчилар керак. Кейин теримчиларни ўша жойларга экскурсияга олиб борамиз, расмийларнинг калтабинлиги туфайли музейга айланиб қолган жойларни кўрсатамиз. Ҳарна-да!

Музей ва институтнинг режалари ҳақида гап кетганда, айниқса реакторни қисмларга ажратиш учун белгиланган муддатга назар солсак, анча-мунча саволлар туғилади. Бу сизга трамвай изларини олиб ташлаш эмас, ҳурматли жаноблар, булар радиоактив изотоплар. Институт ходимлари бундай ишга қўл урмаса керак, чунки радиациянинг тўпланадиган хусусияти борлигини ҳамма билади. Бу реактор жойида 70 йил турганини ҳисобга олсак, барча асбоб-ускуналари радиоактив эканлиги ҳам маълум.

Интенсив радиация билан бутунлай саводсизликни ҳисобга олсак, бу нарса чекланган ҳудудни қамраб оладиган, аммо ўта ачинарли бир фалокатга олиб келиши мумкин. Аммо ҳукуматдаги (фақат “беш”га ўқиган) жаноблар буни қаердан билсин. Реакторни олиб ташлаш пайтида чиқадиган чанг ва ғубор ён-атрофга тарқалиши, бизнинг пойтахтимиз Тошкентга ҳам етиб келиши мумкин! Одамлар касалланишни бошлайди, онкологик касаллар сони ортади, нурланиш аломатлари топилиши мумкин. Бироқ одамларни Тошкент Чернобили музейига олиб бориш имконияти туғилади.

Бу хали ҳаммаси эмас! ТошДУдаги физикларнинг бу ерга жўнатилишига нима дейсиз? Балки бунда ҳам бир мантиқ бордир: аҳоли кўпайиб кетаётгани учун ҳукумат ёшларни камайтирмоқчидир. Худди қадимий Спартадагидек: энг кучлилар омон қолсин. Аммо бу кулгили эмас. Бу нарсалар ростдан ҳам амалга оширилмоқда, бу ҳақда газета ва интернет-ресурсларда ёзилди.

Шуниси қайғулики, бу фикрнинг қанчалик хатарли эканини катталарга тушунтириб бўлмайди. Ахир бутун институт ҳудудини йўқ қилиб бўлмайди. Собиқ иттифоқ даврида бу ҳудуднинг 11 километрлик радиуси кўкаламзорлаштирилган. Манбалар хабар беришича, институтни кўкаламзорлаштириш билан шуғулланган шахс дарахтларнинг ярмини кестириб, сотиб юборган. Пулига институт яқинидан уй қурган, бир нечта автомобил сотиб олган. Аммо ҳали дарахт кўп. Улар ҳам кесилиб кетса керак. Бироқ уларни кесиб бўлмайди, чунки радиация теккан. Аммо буни кимга қизиғи бор. Мебель харид қилаётганингизда дозиметр билан ўлчамайсиз-ку, шифокорлар ҳам онкологик касалликнинг манбасини аниқлолмайди...

Бу институтни демонтаж қилиш учун белгиланган икки йиллик режанинг барбод бўлишини расмийлар тушуниб етса нима бўлар экан. Ахир калласи ишлайдиган одам бунақа жойда битта шурупни чиқаришга ҳам бормайди, борса ўлишини билади. Улуғбек шаҳарчасидаги ядро реакторини демонтаж қилишнинг олдида ёппасига пахтага чиқариш ҳам ҳолва бўлиб қолади шекилли. Бу нарсани икки йил ичида бажариш белгилаб қўйилган.

Имзосиз”.

Ядро физикаси институтига оид расмий маълумотлар

Юқоридаги суратга (ёки шу матнга) боссангиз, институтнинг расмий веб-сайтига ўтасиз (в Google кешда ҳам бор). Бу ерда институт фаолияти ва тарихига оид кўп маълумотлар, уникал объектларнинг суратлари берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси қошидаги Ядро физикаси институти 1956 йилда ташкил қилинган. Унда қуйидаги асосий йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб борилган: ядро физикаси, қаттиқ жисмлар радиацион физикаси ва материалшунослик, активацион таҳлил ва радиокимё, илмий асбобсозлик, ахборот технологиялари.

ЎзР ФА Ядро физикаси институтининг энг муҳим илмий вазифалари: замонавий ядро физикаси, релятивистик ядро физикаси, радиацион физика ва материалшунослик, активацион таҳлил ва радиокимё, асбобсозлик ва радионуклидли маҳсулотлар ишлаб чиқариш соҳаларининг долзарб йўналишларида фундаментал тадқиқотлар ва амалий ишланмаларни бажариш; тадқиқотлар натижаларини халқ хўжалигининг турли соҳаларига тадбиқ қилиш ва институт ишлаб чиқараётган радиоизотопли маҳсулотлар, ускуналар, материаллар ва ҳ.к. ларни реализация қилиш; юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига мувофиқ тарзда уларни тайёрлаш шаклларини такомиллаштириш.

Институт таркибига қуйидаги шўъба корхоналар киради: Радиоизотоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган "Радиопрепарат" ДК ва "Тезлатгич" МЧЖ, радиоизотоп назорат ускуналарини ишлаб чиқарувчи Конструкторлик бюросига эга тажриба заводи.

Тажриба ўтказиш қурилмалари ва усуллари: ВВР-СМ 10 МВт ядро реактори, гамма-қурилма, U-150 и U-115 тезлатгичлар, нейтронлар генератори; ядро спектроскопияси усуллари; активацион таҳлил усуллари (зарядланган зарралар воситасида активлаштириш, нейтронлар таъсирида активация); ядролар ва атомларни ғалаёнлантиришга асосланган усуллар (нейтрон-радиацион, рентгено-флуоресцент); спектрометрик усуллар (ЭПР, термо-гамма-люминесценция, фотоўтказувчанлик, спектроскопия усуллари, ютилиш спектри, масс-спектрометрия, гамма-спектрометрия, α и β – спектрометрия, радиометрия); структурани таҳлил қилиш усуллари (авторадиография, нейтронография, рентген ёрдамида структура таҳлили (анализи), кристалл панжара параметрларини ўрганиш методикаси, механик параметрларни ва микроқаттиқликни ўлчаш усуллари).

Тадқиқот соҳалари: ядро физикаси, оғир ионлар физикаси, элементар зарралар физикаси; ядро спектроскопияси, ядро реакциялари, назарий ва математик физика, қаттиқ жисмлар радиацион физикаси, ярим ўтказгичлар радиацион физикаси; диэлектриклар, шишалар, оптик ва керамик материаллар радиацион физикаси, паст температураларда конденсацияланган материаллар физикаси, ўта ўтказувчанлик, спектроскопия; радиокимё, аналитик кимё, активацион таҳлил, илмий асбобсозлик, радионуклидлар ишлаб чиқариш.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатиладиган хизматлар: Радиоактив изотоплар, радиоизотоп асбоблар (уровнемер ва зичлик ўлчагичи); сув ва ҳавони тозалаш учун фильтрлар; ўта соф металлар; фармацевтика препаратлари ва тиббиёт асбобларини стерилизация қилиш; хом ашё, материаллар ва маҳсулотларга радиацион ишлов бериш.

Институт тоғ-металлургия, нефт қазиб олиш, электротехника каби саноат соҳалари, тиббиёт, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва экология каби соҳалар учун ускуна ва маҳсулотлар ишлаб чиқаради.

Институтнинг халқаро алоқалари: Ядро Тадқиқотлари Европа Маркази (Женева, Швейцария), Ферми номидаги тезлатгичлар Миллий Лабораторияси (Батавия, Иллинойс, АҚШ), Ўтаўтказувчан суперколлайдер лабораторияси (Даллас, Техас, АҚШ), "Триумф" тезлатгич маркази (Канада), Аргонн ва Сандия Миллий Лабораторилари (АҚШ), Ядро Тадқиқотлари Бирлашган Институти (Дубна, Россия), Миллий Ядро Маркази (Қозоғистон) ва бошқа тадқиқот марказлари ва университетлар (АҚШ, Германия, Россия, Франция, Швеция, Италия, Бельгия, Япония, Польша, Чехия, Корея, Ҳиндистон ва бошқалар. Ядровий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича МАГАТЭ билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Институт Марказий Осиё регионида ягона халқаро ядро информациялари маркази (ИНИС) бўлган.

Бўлган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама