00:09 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ернинг ҳосилдорлиги камаймоқда, фермерлар хонавайрон бўлмоқда

25.05.2016 17:24 msk

Ўз мухбиримиз

2008 йилда бошланган фермер хўжаликларини йириклаштириш кампаниясининг нотўғри эканини ўзбек расмийлари 2015 йил охирида тан олишди. Бу жараён пахта ва дон етиштирувчи фермерларни қамраб олган эди. Энди тескари кампания бошланди: йирик фермер хўжаликлари бўлиб ташланмоқда. Бунинг натижасида янгидан-янги муаммолар юзага келмоқда. Фермерлардан бири Ўзбекистондаги пахта етиштирувчи хўжаликларнинг аҳволи ҳақидаги фикрларини “Фарғона” билан баҳам кўрди.

Ушбу мақола ҳозирги кундаги Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг аҳволи ҳақидаги мақолалар туркумини очиб беради.

* * *

Ўзбек фермерлари ёз фаслини хавотир билан кутиб олади: қандай бўларкин? Яна қурғоқчилик бўлармикан? Чунки мамлакат раҳбарияти қўшни Тожикистон ва Қирғизистон билан тил топиша олмаяпти. Уларда эса Тошкентга таъсир ўтказиш ричаги бор – Сирдарё ва Амударёнинг юқори ирмоқлари уларнинг ҳудудида жойлашган.

Айтишларича, 90 йилларда Ўзбекистоннинг биринчи вице-премьери (бош вазир ўринбосари) Исмоил Жўрабеков муаммо туғилганида шартта Хўжандга бориб, Тожикистон расмийлари билан юзма-юз гаплашган. Тил топишган, муаммони ҳал қилган. Энди бўлса биз ўзимизни акадек тутамиз, қўшнилар эса буни тан олмайди. Келишиб олишни истамаймиз, натижада муаммолар йилдан-йилга кўпайиб кетмоқда. 13 йил олдин ҳукумат тепасига Шавкат Мирзиёев келганидан бери қишлоқ хўжалиги фақат пастга қараб кетмоқда.

Аммо сув етишмовчилиги муаммоларнинг биттаси холос, ўзбек фермерлари анча йиллардан бери “икки ўт орасида қолган”.

Хато туфайли етган зарар кўлами

Ваниҳоят, 2015 йил охирида ҳукумат қишлоқ хўжалигидаги вазиятни ўзгартириш кераклигини ва 2008 йилдаги оптимиллаштириш нотўғрилигини англаб етди. Ўшанда милиция ходимлари фермерларни тўп-тўп қилиб туман ички ишлар бўлимига олиб келиб, ерни топшириш ҳақида аризани мажбуран ёздириб, муҳр билан штапмни ҳам тортиб олишганди. Хўжаликлар йириклаштирилиб, ҳар бир фермерга камида 80 гектар ер бериладиган бўлди. Икки-учта майда фермернинг ерини бирлаштириб, битта хўжалик ташкил қилинган. Расмийлар кўзлаган мақсад шундай бўлганки, катта ерли фермерлар йирик миқдордаги ҳосилни пуллаб, катта маблағ топади ва ўзига керакли техника ва бошқа воситаларни сотиб олишга қурби етадиган бўлади. Фермерлар бойиганидан кейин кўп профилли мулкдорларга айланиб, ўз хомашёсини қайта ишлаш учун фирма ва кичик корхоналар очади, қишлоқдагиларни иш билан таъминлайди. Шу йўсинда биратўла бир нечта муаммо ҳал бўлади.

Ғоя яхшига ўхшайди, аммо нотўғри ўйланган. Республиканинг қишлоқ хўжалиги боши берк кўчага кириб қолди. Ерни топширган фермерлар ва уларнинг ишчилари ишга жойлаша олмади: янги “йирик” ер эгалари уларни ишга олмади – тўлашга пул йўқ эди. Чунки пахтани парваришлаш даврида берилиши ваъда қилинган имтиёзли кредитлар берилмади, берилгани ҳам ойлик у ёқда турсин, далага ишлов беришга ҳам етмасди. Пахтани бегона ўтлардан тозалаш учунгина, шунда ҳам узиб-узиб маблағ ажратишди. Фермер хўжалиги ишчиларининг ойлик маоши ҳақида фермерларнинг ўзи ҳам унутиб юборди.

Аммо оилани боқиш керак. Маошсиз қолган фермерлар ҳар-хил йўлларни қидириб топа бошлади. Илгари пахта ёки дон майдонининг икки-уч гектарини томорқага ажратган бўлса, энди анча катта жойни уриб қоладиган бўлди. Ҳолбуки, қонун бўйича фермер ерга фақат давлат буюртмасига кўра пахта ва дон экиши керак. Бошқа нарсага рухсат йўқ. Аммо бу ҳолда фермер ҳам, хўжалик аъзолари ҳам яшашга ҳеч вақоси қолмайди. Улар шу тарзда қонуни бузиб, яшаш учун курашишга мажбур.

Расмийлар буни билгани учун бирин-кетин текширувчи ва бошқа қон сўрувчиларни юбориб, фермерларни қаттиққўллик билан бошқаришга ҳаракат қилади. Улар фермернинг ерини сантиметрлаб ўлчаб, дон ва пахта ўрнига экилган ноқонуний томорқани қидиради. Қонунбузарлар жазоланади. Кимнидир қаттиқроқ, кимнидир юмшоқроқ жазолашади – буниси айбдор берадиган “совға” миқдорига боғлиқ.

Фермерларнинг аксарияти қарзга ботган

Фермерлар ишчиларга маош тўлай олмагани учун анча-мунча ер йиллар давомида ишлов берилмай қолиб кетган. Ишлов берилмаган ернинг ҳосилдорлиги камаяди. Бунинг устига, ҳар йили нефт маҳсулотлари, минерал ўғитлар, техника ва эҳтиёт қисмларининг нархи ошади (йилига ўртача 50 фоиз), пахта ва доннинг нархи эса беш фоизча кўтарилади. Натижада, илгари бадавлат бўлган фермерлар ҳосилни сотишдан тушган пулга харажатларни ва банк кредитини ёпа олмай қолди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ҳар бир туманда фермерларнинг пахтани етиштиришга имтиёзли кредитдан қарзи камида икки-уч миллиард сўмга бориб қолган (расмий курс бўйича $686 минг - $1,02 млн ёки “қора бозор” бўйича $328-492 минг).

Йирик фермер хўжаликларини майда хўжаликларга бўлиб ташлашга аҳд қилган расмийлар буни куч ишлатиш йўли билан амалга оширди: фермерларни милиция пунктига олиб келиб, ерларни “ихтиёрий” топшириши ҳақида ариза ёздириб, ўша жойдаёқ муҳр ва штампларни тортиб олди. Бу ҳақда хорижий матбуотда ёзилганидан кейин Мирзиёев селектор мажлисида вилоят ва туман ҳокимлари, прокурорлари ва милициясига бошқача топшириқ берди. Уларга адолатни қарор топтиришни, яъни фермерларга ёппасига ёпишмасдан, энг ночорларини танлашни буюрди.

Маҳаллий амалдорлар учун Клондайк (олтин кони)

Ҳар бир шунақа кампания бошланганида туман ҳокимлари мазза қилади. Чунки бунақа пайтда секингина ёқтирмаган фермерларни йўқотиш, энг яхши ерларни эгаллаб олиш ва кейин ўзи қўйган нархда сотиш мумкин.

Банк ишчилари ва ер ўлчовчи каби текширувчиларга келсак, улар Бош прокуратура қарори ва Бош вазир талабига кўра, ҳали ҳам барча туманларда ўтирибди. Бу текширувчилар фермерга индамаслиги учун оғзини мойлаб туриш керак.

Масалан, яқинда 35 та фермерни бирлаштирувчи хўжаликда 2,5 млн сўм (расмий курс бўйича $858, қора бозор бўйича $410) пул йиғилди. Бу пулга иккита текширувчи квартира ижарага олиб, ҳар куни вилоят марказидаги саунага бориш, истаганча еб-ичиш ва бошқа кўнгилхушликлар қилиши учун сарфланди. Йиғилган пул тўрт кунлик маишатга етди холос. Бахтга қарши, ўша кунлари ёмғир ёққани учун текширувчилар ишлай олмади. Улар ҳудудни кўргани чиққанда эса, фермерларда пул қолмаган эди. Кейин ревизорлар шунақанги ҳисобот ёздики, хўжаликнинг аҳволи вой бўлди: ўнта фермерда пахта ўрнига экилган ноқонуний томорқа топилди. Натижада учта фермер участкаси ёпилиб кетди, қолган еттитаси томорқани бузиб, пахта экишига тўғри келди. Хўжалик директори ишдан ҳайдалди, иккита маҳалла раиси ва бир мактаб директори ҳам бўшатилди. Улар фермерларга кўз-қулоқ бўлиши, қонунбузарлик аниқланган ҳолларда текширувчини кутмасдан, ўз вақтида раҳбариятга етказиши керак бўлган.

Шундай қилиб, пахта етиштирувчи хўжаликларни қайтадан ташкиллаштириш вазифаси коррупцияни ривожлантириш, кераксиз фермерларни йўқотиш ва ерларни қайта тақсимлашнинг навбатдаги механизмига айланди. Амалдорлар фойда олади, фермерлар эса чуқурроқ қарзга ботади.

(Давоми бор)

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама