08:18 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳуқуқ ҳимоячи Елена Урлаева “тиббий ҳибсда”. Пахтага ким боради?..

24.05.2016 09:16 msk

Фарғона

Тошкент шаҳар руҳий касаллар шифохонасида даволанаётган таниқли ҳуқуқ ҳимоячи, “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси” раҳбари Елена Урлаевани июнь охиридагина чиқаришлари мумкин. Ҳолбуки, ҳуқуқ ҳимоячи апрелдаёқ ўзини соғлом ҳис қилаётган эди. Бу ҳақда унинг ўғли Денис хабар берди.

Шундай қилиб, унинг мажбурий даволаниши, яъни ташқи дунё билан алоқасининг узилиши тўрт ойга чўзилади.

Елена Урлаева бу шифохонага қариндошларининг розилиги билан жойлаштирилди. Ўзи ихтиёрий даволанишдан бош тортган. Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туманлараро судининг қарорида айтилишича, 9 март куни Елена Урлаеванинг психик ҳолати ёмонлашгани туфайли, “Психиатрик ёрдам тўғрисидаги” қонуннинг 27-29-моддаларига кўра, шифокор-консультатив комиссия психиатрлари уни мажбурий даволашга ётқизишга қарор қилган.

Шундан сўнг қариндошларнинг аризаси ва комиссия қарорига асосланиб, 11 март куни шифохона фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мурожаат қилиб, Елена Урлаевани мажбуран даволашга ётқизиш ҳақида сўраган. Суд ўз навбатида ҳуқуқ ҳимоячининг қариндошлари олдида шифохонанинг аризасини қондирган.

Шифокорлар апрелда унинг аҳволи яхшилангани ҳақида ўғлига маълум қилиб, 2 май куни шифохонадан чиқарилиши мумкинлигини айтишган. Аммо ўша кунга бориб, шифокорларнинг фикри ўзгарган. Елена Урлаеванинг аҳволи “беқарор” эканлигини баҳона қилиб, даволаниш муддати яна бир ярим-икки ойга узайтирилди.

Денис даволовчи врачдан амбулатория шароитида даволаниш мумкинлигини сўраган, аммо унга мажбурий даволанишни тўхтатиш ҳақидаги қарорни даволовчи врач эмас, балки врачлар комиссияси бериши айтилган. Аммо Елена Урлаеванинг аҳволи барқарор бўлмагани туфайли бундай қарор чиқарилмаган.

Онаси билан суҳбатлашган Дениснинг айтишича, бугун онаси соғлом одамга ўхшаб гаплашмоқда, яшаш шароити ва даволанишдан нолимаган, қариндошларининг келиши чеклаб қўйилмаган. Ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган. Фақат шифохонада эканлигидан ташвишланмоқда.


Елена Урлаева ўз фаолияти учун қўлга олинган пайтлардан бирида

Ўзбекистон пахта далаларида мустақил мониторингни ким ўтказади?

Урлаевани изоляция қилишнинг узайтирилиши кўпроқ мажбурий ушлаб туриш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолиятини чеклашга ўхшаб кетади. Чунки Елена Урлаева пахтадаги болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг фаол ва самарали кузатувчиси сифатида танилган. Айнан май ойидан бошлаб Ўзбекистонда пахта далаларини ягана ва ўтоқ қилишга одамлар оммавий равишда чиқарилади. Бу ишлар июнь охиригача давом этади, Урлаевани ҳам айнан ўша пайтда касалхонадан чиқаришмоқчи.

Бугунги кунда давлат томонидан мажбурий ишларга одамларнинг оммавий жалб қилиниши юзасидан мустақил мониторинг ўтказувчи энг фаол ҳуқуқ ҳимоячиларидан фақатгина Урлаева қолган холос.

Ўзбекистонда фуқароларни пахта теримига мажбурлаш муаммосига журналистик қизиқиш билдирган Урганчлик журналист Сергей Наумов 2013 йил кузида майда безорилик айби билан сохталаштирилган фуқаролик иши бўйича жазоланган эди. Ўшандан бери у пахта мониторинги билан шуғулланмай қўйган.

Шу йил бошида Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячи Ўктам Пардаев ҳар қандай ижтимоий фаолият юритиши чекланган ҳолда уч йилга шартли равишда озодликдан маҳрум қилинди. Бошқача қилиб айтганда, уни ҳуқуқ ҳимоячи ва дала мониторингчиси сифатида йўқ қилишди.

Ангренлик ҳуқуқ ҳимоячи Дмитрий Тихонов ҳам бир неча йил давомида Тошкент вилоятининг Бўка тумани пахта далаларидаги мажбурий меҳнатга боғлиқ вазиятни ўрган юрганди. Айнан шу ҳудудда Жаҳон банки қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштириб келаётган эди.

Ўтган йилнинг декабрида учта маъмурий иш очилгани ҳамда “Замондош” сайтида туҳмат мақоланинг чоп этилгани боис қамоққа олиниш хавфи остида қолган Дмитрий мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Бу аноним мақолада Дмитрий террористик ташкилотга алоқадорлик, портловчи мосламаларни ясашга оид қўлланмани сақлаш ҳамда давлатга қарши фаолият юритишда айбланган эди. Уни ҳам бевосита кузатувчи сифатида йўқ қилишди.

Воқеалар ривожи қаёққа қараб кетаётгани кўриниб турибди. Ўзбекистон расмийлари мамлакатдаги мажбурий меҳнатнинг мустақил мониторингига нисбатан қаршиликни борган сари кучайтирмоқда. Бу соҳада ишлайдиган журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини бирма-бир йўқ қилишмоқда. Энди навбат Урлаевага келди. Суд-психиатрия экспертизаси уни муомалага лаёқатсиз деб топди. Демак, уни қамаб бўлмайди. Мамлакатдан “сиқиб чиқариб” ҳам бўлмайди. Шу ўринда яна шифокорлар қўл келмоқда.

Елена Урлаева иҳоталаб қўйилганидан кейин Ўзбекистонда ҳуқуққа оид энг долзарб муаммолардан бири ҳақида муқобил маълумот олиш имконияти деярли йўққа чиқди. Тахмин қилиш мумкинки, бу йили Ўзбекистонда ғўзани ягана қилиш пайтидаги инсон ҳуқуқларининг поймол қилиниши ҳақида жуда кам маълумот тўпланади.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўз мажбуриятларини бажаришда виждонсизлик қилаётган Жаҳон банки ва у таклиф этган Халқаро меҳнат ташкилоти бундай шароитда бемалол тинч ухлаши ва ёлғон маъруза тўқиши мумкин. Бундай маърузаларда фақатгина “мажбурий меҳнатни қўллаш хатари борлиги ва камдан-кам ҳолатлар учун хавотир билдирилади” холос.

Маълумот.

Елена Михайловна Урлаева ҳуқуқ ҳимоячи фаолияти билан шуғулланишни 1998 йилда бошлаган. 2006 йилда ташкил этилишида ўзи фаол қатнашган “Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси”га раҳбар бўлди. Бу альянс ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиларининг норасмий бирлашмасидир. Ўз фаолияти учун бир неча марта фуқаролик иши моддалари бўйича судланган, ҳибсга олинган ва калтакланган. Кўплаб халқаро мукофотлар соҳиби.

Беш марта руҳий шифохонага ётқизилган. Биринчи марта 2001 йилда шифокорлар уни “шизофрения” ташхиси билан ётқизишган, Миробод туманлараро суди эса унга мажбурий руҳий даволаниш тайинлаган.

Иккинчи мартаси 2002 йилда, мусулмонлар ҳимоясига пикет уюштирганидан кейин бўлган. Учинчиси 2005 йилда. Бунга сабаб бўлиб, Андижондаги фожиаси юзасидан мустақил текширув ўтказишни талаб қилгани ва бир нечта пикет ўтказганидир. Мажбурий даволанишга норозилик белгиси сифатида Урлаева очлик эълон қилган. 2005 йилда ўтказилган суд-психиатрик экспертиза уни муомалага лаёқатсиз деб топган. Бунга жавобан халқаро ташкилотлар “жазоловчи психиатрия” ҳамда Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказилаётгани ҳақида эълон қилган.

2012 йилда ЎҲҲА раҳбари тўртинчи марта шифохонага тушади. Ўша пайтда у Туркияга сафар қилган ва ўзининг айтишича, ўша ерда руҳий касали зўрайган. 2016 йил 7 март куни бешинчи марта мажбурий даволаниш учун шифохонага жўнатилган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама