10:53 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Светлана Ганнушкина – Ўзбекистон фуқаросини ўғирлаш амалга ошмагани ҳақида

24.05.2016 04:23 msk

Фарғона

“Гражданское содействие” (Фуқаровий кўмак”)қўмитасида ҳайдовчи бўлиб ишловчи Ўзбекистон фуқароси Собир Рустамов билан бўлиб ўтган ғалати ва хавфли воқеа ҳақида қўмита раиси Светлана Ганнушкина фейсбукдаги саҳифасида ёзди. “Бу ғалати қиз Регина билан унинг олтита ёрдамчиси махсус хизматлар буюртмасига кўра навбатдаги Ўзбекистон фуқаросини ўғирламоқчи бўлгани ҳақидаги фикр хаёлимдан кетмаяпти”, - деб ёзади Светлана Алексеевна.

2009 йилда Ўзбекистонда Собир Рустамов сиртдан айбланиб, унга Ўзбекистон Республикасининг конституцион тузумига тажовуз қилиш (ЖК 159-м, 3-қ.), диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш, бундан ташқари жиноий мақсадларда қуролли ташкилот ёки гуруҳ ташкил қилиш (ЖК 244-2-м 1-қ.) айби қўйилган. Рустамов “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзоликда гумонланган, терговчининг таъкидлашича, унда Ўзбекистон Республикаси ҳокимиятини оммавий равишда ағдариш ва исломий давлат тузишга чақириқ мазмунидаги китоб ва варақалар бўлган.

Ўзбекистон аёли ва болалари билан Россияга чиқиб кетган Рустамовни қидирувга берди. Аммо “Гражданское содействие” қўмитасининг ҳуқуқ ҳимоячилари аралашганидан сўнг, Россия бош прокуратураси уни Ўзбекистонга бериб юборишни тақиқлади. Бундан ташқари, 2012 йилнинг июлида “Рустамов Россияга қарши” иши Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида кўриб чиқилди. Судда шу нарса исботландики, Рустамовни Ўзбекистонга бериб юбориш қарори бажарилса, Конвенциянинг (“қийноқни тақиқлаш”) 3-моддаси бузилган ҳисобланади. Рустамовга нисбатан 39-қоида қўлланди (кейинги кўрсатма берилгунича Ўзбекистонга чиқариб юбрилмаслиги керак) ва унга Россияда вақтинчалик бошпана тақдим этилди.

Аммо шунинг билан Собир Рустамовнинг кўнгилсизликлари тугамади. “Фарғона” Светлана Ганнушкинанинг постини тўлалигича келтирмоқда.

* * *

“19 мартда бу ҳақда ёзувдим, вақтинчалик бошпана бериш ҳақидаги гувоҳноманинг қанақа ҳужжат эканини бизнинг полициячилар тушунмайди. Шу сабабли, Бош прокуратура Ўзбекистонга рад жавобини берган бўлса ҳам, полициячилар доим ҳайдовчимизни ушлаб, Ўзбекистонга жўнатишга ҳаракат қилади.

Аммо вазият бундан-да мураккаброққа ўхшайди.

2012 йилда ИҲЕС регламентнинг 39-қоидасини қўллаб, Собирни бериб юборишни тақиқлаганидан сўнг унга вақтинчалик бошпана берилди. 2015 йилгача унга ҳеч ким индамаган.

2015 йил сентябрида полиция у билан яна қизиқа бошлади: икки марта қўлга олишди, адвокати Роза Магомедова уни полиция бўлимидан олиб чиқишига тўғри келди. Ўшанда вазиятни шунчаки тушунтириш кифоя қилди.

2016 йил мартида Собир ўз номига машина сотиб олди. Шундан кейин уни кетма-кет ҳибсга ола бошлашди. Энди оддий тушунтириш кифоя бўлмай қолди: прокуратурага қўнғироқ қилиб, навбатчи прокурорни уйғотиш ва ишга аралаштиришга тўғри келди.

Мана, 9 май келди. Ғалаба куни – бизни бирлаштириб турадиган сўнгги байрамлардан бири. Собир уйидалигида, соат бирларда қўнғироқ бўлди.

- Рустамов Собир Аминович?

- Ҳа..

- Москва тумани Садовый-Самотечный ГИБДД бўлимига келишингиз керак.

- Адвокатим билан маслаҳатлашиб олай, - деб Розага қўнғироқ қилади.

Роза Собирга полициядан қўнғироқ қилинган рақамни ёзиб олади. Бу мобил телефон рақами бўлиб, унга ёш аёл жавоб беради. У ўзини Регина Рыкина деб таништириб, ГИБДД ходими эканини айтади ва ҳозир йўл-транспорт ҳодисаси туфайли бир нечта машинани текширишаётганини айтади.

Регина Ильич майдонида Собир билан учрашишни таклиф қилади.

Менга жумбоқ бўлган томони, байрам куни полициянинг бундай шошқалоқлик қилиши, учрашувни ГИБДД биносида эмас, кўчада белгиланиши Розани ҳайрон қолдирмаган. Улар эҳтиёткор эди-ку?

Нима бўлганда ҳам, Собир соат учларда Регина билан учрашувга боради.

Майдонда рақамни теради ва телефонини кўтарган аёлни кўради. Қўлини кўтариб чақиради. У аёл келиб, ундан ҳужжатларини сўрайди. Собир унга гувоҳнома, машина ҳужжатлари ва ҳайдовчилик гувоҳномасини беради.

Шу заҳоти уларнинг ёнига бошқа машина келиб, йўлни тўсади. Ундан олти киши тушиб, Собирнинг қўлини қайириб, кишан солади ва машинага тиқади.

У машинада 2,5 соат ўтиради. Унга ҳар-хил саволлар беришади, сўкишади, терроризмга алоқадорликда айблашади, бу ерда керакмаслигини айтиб бақиришади… Улар кимнидир кутаётгани аён эди. Адвокатга қўнғироқ қилишга қўйишмайди. Собир ҳамма нарсадан кўра, бу ўзбек махсус хизмати бўлишидан қўрқиб турарди.

Ваниҳоят, милиция ходимлари келиб, Собирни “Таганское” ички ишлар бўлимига олиб кетишади. У ерда тунги соат биргача шу зайлда сўроқ қилиш давом этади. Уйга қўнғироқ қилгани қўйишмайди, ейиш-ичишга рухсат йўқ. Полициячилар нуқул ўзбек ҳамкасблари томонидан Собирни Ўзбекистонга бериб юбориш ҳақидаги сўров ҳақида гапиришарди. У эса прокуратуранинг хати билан танишиб чиқишни, унда Олий суднинг экстрадицияни бекор қилиш қарорига кўра, унинг қидируви бекор қилингани ҳақида айтади.

Кейин Собирни “автозакка” солиб, Москва бўйлаб юришади, йўл-йўлакай шунга ўхшага бечораларни йиғишади. Етти кишини йиғиб, тонгги соат 5 ларда Петровка 38 манзилига олиб келишади.

У ерда Москва ГУВД ходими кутиб олиб, Собирнинг ҳужжатларини текшириб кўргач, дейди:

- Буни нега олиб келдинглар? Ҳужжатлари жойида, қўйвориш керак.

Соат 6 да Собирни яна Таганкадаги ички ишлар бўлимига олиб келишади.

Соат 9.30 да Собирнинг аёли Розага қўнғироқ қилиб, эри қаердалигини сўрайди. Ўшандагина Роза хато қилганини англайди, номаълум Регинанинг рақами эса ўчиқ эди.

Соат 10 дан 12 гача Роза Магомедова сирли Регина Рыкинани қидириб, полиция бўлимларига қўнғироқ қилиб чиқади, аммо бундай ходим ҳақида ҳеч ким билмасди. Шунда Роза одам ўғирлангани ҳақида ариза беради. Ўша пайтда қанчалик ташвишга тушганимизни айтиб ўтирмасам ҳам бўлади, чунки Россия махсус хизматлари томонидан ўзбекларни ўғирлаб, Ўзбекистонга бериб юбориш ҳолатлари биз учун янгилик эмасди.

Соат 10 ларда Собир чидай олмай, шовқин кўтара бошлайди. Соат 11 да уни Таган туманлараро прокуратурасига олиб келишади, у ерда прокурор ёрдамчиси кутиб олади. Прокуратурада Собирга мулойим муносабатда бўлишган.

Собир ҳужжатларини ички ишлар бўлимидан прокуратурага келтирилишини талаб қилади. Прокурор унинг ҳужжатларини кўриб, ҳайрон қолади:

- Бу ҳужжатларни полицияга кўрсатганмидингиз?

Соат 12.10 да прокурор Собирнинг уйига қўнғироқ қилиб, унинг қаердалигини ўғли Шуҳратга айтади. Шуҳрат прокурорнинг рақамини Розага беради. Роза у билан боғланиб, Олий суднинг экстрадицияни бекор қилиш қарори ҳақида айтади. Прокурор қарорни олиб келишни сўрайди, адвокат эса уни суднинг сайтидан олиш мумкинлигини айтади.

Барча ҳужжатларнинг нусхаси Савеловский тумани прокуратурасида бор экан, ўтган сафар Собирни шу ерга олиб келишган эди.

Шундан сўнг прокурор Собирдан узр сўраб, қўйиб юборади.

Бу сафар Собир полицияга нисбатан эътирози йўқлиги ҳақидаги ҳужжатларга қўл қўймайди. У байрам куни 23 соат ҳибсда ўтирди, байрам оиласига татимади.

Аммо мени бошқа нарса ўйлантиради.

Бу ғалати қиз Регина билан унинг олтита ёрдамчиси махсус хизматлар буюртмасига кўра навбатдаги Ўзбекистон фуқаросини ўғирламоқчи бўлгани ҳақидаги фикр хаёлимдан кетмаяпти. Бекорга байрам куни танланмаган: шундай кунда кимдир оддий ўзбек ҳайдовчисининг тарафини олиб ўтирармиди?

Ҳар бир ўғирлик учун ўзбек расмийлари нақд тўлашади (рублда эмас). Бу нарсани ўғирлашга ҳаракат қилинган ўзбеклардан (ва бошқа миллат вакилларидан ҳам) эшитганмиз, уларнинг кўз ўнгида музокара ўтказилиб, пул берилган. Бундай гувоҳликларга ишонмасликка асосим йўқ.

Бу нарса билан курашишга бизнинг кучимиз етмайди. Ахир ташкилотимиз аксилкоррупциявий экспертизалар тўпламини чиқаргани учун “хорижий агент вазифасини бажарувчи” деб эълон қилинган бир пайтда, коррупция билан қандай курашиш мумкин?

Тан оламиз: биз Собир ва унга ўхшаган хорижликларнинг агентимиз. Ва бу осон иш эмас”.

* * *

Бошпана ва ҳимоя сўраб Россияга келган Марказий Осиё республикалари фуқароларининг ўғирланиши ҳолатлари ҳақида “Фарғона” мунтазам равишда ёзиб келмоқда: одамлар йўқолиб қолади, кейин Ўзбекистон ёки Тожикистон қамоғидан топилади. Мана айрим мақолалар: , “Ўзбекистон фуқароси Юсуф Қосимохунов Россияда ўғирланди”, “Amnesty International: Москвада полициячилар ўзбекистонлик қочқинни ўғирлашди”, “Ўзбекистон: Москвада ўғирлаб кетилган Россия фуқароси 20 йилга қамалиши мумкин”, “Страсбург суди Россияда ўзбек ва тожик қочқинларининг ўғирланишидан чуқур ташвишда”, , Россияда йўқолган тожик бизнесмени Низомхон Жўраев Душанбедаги СИЗОда топилди” “,“Россия: Волгоградда ИҲЕС ҳимояси остидаги Тожикистон фуқароси Абдулвоси Латипов ўғирлаб кетилди”, “Тожикистон: Москвада ўғирлаб кетилган Мақсуд Ибрагимов Душанбеда қамоққа олинган”.

Сўнгги воқеалардан бири – Ўзбекистон фуқароси Мирсобир Ҳамидқориевнинг ўғирлаб кетилиши. У “Нафс” фильмига продюсерлик қилган, фильмда Гулнора Каримованинг йигити Фаррух Соипов ўйнаган. Фильм Ўзбекистонда тақиқланган, президентнинг қизи Соипов билан ажрашган, фильмни суратга олишда қатнашган Мирсобирнинг ўнлаб танишлари диний экстремизм ва “Ислом жиҳодчилари” ташкилотини тузишда айбланган. Ҳамидқориевнинг бизнеси тортиб олинган, ўзи учиб кетадиган куни, 2010 йил декабрида акасини ҳибсга олишган. Ўзбекистон Республикаси Ҳамидқориевни экстрадиция қилиш сўровини юборган.

2013 йил июнида Мирсобир қўлга олинган, кейинчалик ўтказилган бир нечта суд мажлиси натижасида Головин туманлараро суди қарор қилишича, Ҳамидқориев Россияда тақиқланган ҳеч қандай исломий ташкилот тузмаган ва аъзо бўлмаган, бундан ташқари уни жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган. Ҳамидқориев Россияда қочқин мақомини сўраб, УФМСга мурожаат қилган, аммо унинг ҳикоясини ишонарсиз деб топиб, рад қилинган. Бироқ Ҳамидқориев бу қарор устидан шикоят қилган, кейин 2014 йил 12 майида Замоскворец туман суди РФ ҳудудида Мирсобирга қочқин мақомини беришни УФМСга юклаган.

“Умримда бир марта шундай суд қарорини кўрганман, унда қочқин мақомини бериш миграция хизматига буюрилсин деб ёзилган, - деган эди Светлана Ганнушкина. – Биз буни улкан ғалаба деб ҳисоблаганмиз. Суд қарори 2014 йил 12 июнда кучга кириши керак эди, аммо 3 кун қолганда, 9 июнда Мирсобирни ўғирлаб кетишди. Сурбетларча. Уни илгари ҳам кўз олдимизда ўғирлаб кетишга уринишган, адвокат ўртада туриб олиб, машинага Мирсобирни тиқиб кетишга йўл қўймаган. Уни қутқариш учун нималар қилмадик, бир марта “деразага чиққан”… Аммо суд қарори чиққандан кейин у хотиржам бўлиб қолди. Бундан ташқари, Россияда фарзанди туғилди, ҳаммаси бехавотирдек эди… Мирсобир болани врачга олиб бормоқчи бўлди, аёли билан бирга дўсти ҳам боришини истаган. Такси чақирган. Аммо ҳайдовчи унинг дўстини олиб кетмаслиги айтган: такси икки кишига ва битта болага буюртма қилинган, демак, ортиқчаси кетмайди. Албатта, ҳақиқий таксист унақа демаган бўларди, аммо Мирсобир сергак тортмаган. Аёли бола билан бир дақиқага аптекага кирган, қайтиб чиқса, машина йўқ. Тунги соат иккигача қидирганмиз, ҳамма ёққа, ИҲЕСга, чегарага, факс жўнатганмиз, чегарачиларга қўнғироқ қилганмиз… Аммо терговчи уни аллақачон дашт орқали олиб кетишган бўлиши мумкинлигини айтди. Ҳечам бунақа бўлмаган!”

Мирсобир Тошкентда пайдо бўлди, уни қийноққа тортиб, суд қилишди. Москвада ўғирланиб, оддий рейсли самолётда олиб кетилган, паспорт текширувидан четлаб ўтказилган Мирсобир Ҳамидқориев ватанида экстремизм учун саккиз йилга қамалди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама