21:00 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон “Пластик карта” балоси. Пенсионерлар пулларини ўз вақтида ва фақат нақд олишни истайдилар

23.05.2016 11:17 msk

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистонда аҳолига иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни тўлаш учун нақд пул тақчиллиги муаммоси кундан-кунга кучайиб бормоқда. Ушбу масала бўйича фуқароларнинг ҳокимият органлари вакилларига кўп сонли мурожаатлари ҳамон жавобсиз қолмоқда. Одамлар турли инстанцияларга шикоят ёзишмоқда, маҳаллий журналистларга мурожаат қилишмоқда, бироқ уларга бериладиган жавоб битта: банкларда нақд пул йўқ.

Тошкетликлар ўтган ой учун пенсия янги ойнинг бошида берилаётганига кўникиб қолдилар, баъзи пенсионерлар эса огоҳлантирилмай пулларининг бир қисми пластик картага ўтказилмоқда.

“Март ойида мен мутлақо тасодифан пенсиямнинг 30 фоизи пластик картага ўтказилаётганини билиб қолдим. Собесда мендан ташқари яна олти кишининг номи киритилган қандайдир рўйхатни кўрсатишди, гўё биз ўз қўлимиз билан нақд пулсиз хизматига ўтказилишига рози бўлиб ариза ёзган эканмиз. Табиий, мен аччиқланиб уришиб кетдим, шу масала бўйича келган яна уч киши менга қўшилди. Шу ернинг ўзида бизга пенсияларимизни аввалги ҳолатда тўланишини ваъда қилишди”, - дейди Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшовчи пенсионер аёл София Мажидова.

Пенсионерларга ялинишдан чарчаган туман миқёсидаги мутасаддиларнинг гўё “пластикка” рози бўлганларнинг рўйхатини ёппасига банкларга бериш ҳолатлари Чилонзор туманида ҳам оз эмас. Уларнинг нияти жўн: жанжал қилишса, аввалги тартибга ўтказадилар, индамасалар – демак хийла иш берган бўлиб чиқади. Очиқ-ойдин рад қилишга ҳақлари йўқ, қонун бунга йўл бермайди, бироқ Марказий банк томонидан одамларни пластикка ўтказиш бўйича кўрсатмаларини бажармасликнинг иложи йўқ.

Чилонзор тумани №117 почта бўлими хизматидан фойдаланиб келаётган пенсионер аёлнинг аччиқланиб маълум қилишича, унга бериладиган пенсиянинг бир қисмини ўзбошимчалик билан онлайн-картага ўтказишган: “Ўзи пенсиям бор-йўғи 184 минг сўм (расмий курс бўйича $63 ва “қора бозор” курси бўйича $30) бўлса, ариза бермасам ҳам ўтказиб қўйишибди! - ўн фоизни пластикка ташлашибди, жанжал қилганимдан сўнг 18 минг сўмни қайтариб беришди”.

Тошкетда бунақа ҳолатларни кўпини учратиш мумкин, банк ходимлари пенсионерларни пластик карта тизимига ўтказишга кўндириш мақсадида уйма-уй юришни тўхтатгани йўқ. Кексалардан ўз ихтиёрлари билан пенсияларининг бир қисмини пластик картага ўтказиш тўғрисида ариза ёзиб беришлари талаб қилинмоқда. Одатда, иш осонроқ кечиши учун аризалар олдиндан ёзиб тайёрлаб қўйилмоқда, пенсионерлар уларга ўз имзоларини қўйсалар бўлди.

Шу билан бирга агитаторлар ўз банкларида хизмат кўрсатиш шароити бошқаларга қараганда яхшироқ деб ишонтирмоқчи бўлишяпти. Мисол учун, “Қурилиш-банк”да картадаги қолдиқ маблағга рақобатчиларининг йиллик 14 фоизидан фарқли ўлароқ 22 фоиз устама фоиз қўшиб беришга ваъда қилишмоқда. Бундан ташқари “ёлловчилар” ўзларининг иш ҳақлари юз фоиз пластикка ўтказилаётганини, аҳволлари пенсионерларга қараганда анча ёмонлигидан ҳасрат қилишмоқда. Гаплари турган-битгани муғомбирлик: ҳар қанақа банк ўз ходимларига электрон ҳамёнларидаги пулни ҳеч бир муаммосиз нақд қилиб бериши кўпчиликка аён.

Бироқ ҳафсаласи пир бўлган тошкентликларга ҳар қанча далиллар ва ялинишлар таъсир қилмай қўйди. Норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон пойтахтида пенсионерларнинг ярмидан озини пластик картага ўтказилган, холос. Боз устига, айни пайтда тескари жараён бошланган: банк ходимларининг банк картасини расмийлаштириш тўғрисидаги аврашларига ишониб рози бўлган пенсионерлар бу фикрдан қайтмоқдалар.

Почта ходимларига кўра, бугунги кунда шаҳарнинг ҳар бир туманида иккитадан ўнтагача пластик картадан воз кечганлар топилади. Улар картадан фойдаланиш, товар сотиб ва кўрсатилган хизматлар учун пул тўлашдаги имкониятлар чеклангани, нақд пул берадиган терминалларнинг етишмовчилиги билан боғлиқ қийинчиликларни бошидан кечирдилар ва ҳоказо. “Воз кечганлар” сони арзимаган даражада оз бўлишига қарамай, ишлари пачава банк тизимига одамлардаги ишончсизлик тобора ўсиб бораётгани кишининг эътиборини ўзига жалб этмоқда.

Банклар қошида махсус тузилган пластик карталар билан ишлайдиган бўлимлар гўё сандон билан болға ўртасида қолиб кетишди: бир томондан аҳолини ёппасига пластик карталарга ўтказишни талаб қилаётган раҳбарият, иккинчи томондан эса – “пластик” хизматидан бош тортаётган пенсионерлар оқими.

“Банкирларнинг пластик карта хизматини мақтаб келтираётган барча далиллари – одамларни шубҳали лойиҳаларга жалб этиш учун тўқилган уйдирмадан бошқа нарса эмас, - дейди комил ишонч билан ўзини Салима опа деб таништирган, яқин ўтмишда бухгалтер бўлиб ишлаган мирободлик пенсионер аёл. – Аввалига сени “исканжага” олишади, ана ўшандан кейин қўқисдан шартноманинг бирорта банди, жумладан, банкирлар ваъда қилган СМС-хабарнома жўнатиш, пенсиянинг қолган қисмини нақд пул кўринишида ўз вақтида олиш хизматини йўлга қўйиш тўғрисидаги ваъдалар бажарилмаётганини билиб қоласиз. Илгари пенсиямизни жорий ойнинг охирги кунларида олаётган бўлсак, ҳозир келгуси ойнинг биринчи кунларида олишга тўғри келиб қолди. Ҳеч нарса яхшиланганги йўқ, боз устига ҳар олти ойда ўлиб қолмаганингни билдириб туришинг керак. Менда на соғлиқ қолди ва на йўлкирага ортиқча пул, чунки банк бўлимига етиб бориш учун бир нечта транспортга чиқишим керак”.

Кекса аёлнинг айтишича, у банкда пластик карта хизматидан воз кечаётгани тўғрисида ариза ёзган, кейин бўлса шартноманинг бекор қилиниши тўғрисидаги ҳужжатни бюджетдан ташқари пенсия фондининг туман бошқармасига (собесга) олиб борган. Қизиғи шундаки, банк ходимлари ҳужжатда шартномани бекор қилиш сабабларини кўрсатмасликни илтимос қилишган...

Шу билан бирга, нуфузли мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда нақд пул улкан тақчиллигининг асосий сабаби –юқори мартабали мулозимлардан иборат тор гуруҳ қўлида “жонли пуллар”нинг жамланиб қолишида бўлиб қолмоқда. Улар бу пулларга чет эл валютасини давлат нархида сотиб олиб, қора бозорда икки баробарига сотиб фойда қилишмоқда.

Тадбиркорларга нисбатан репрессия сиёсатини ўтказиб, солиқларни давлат ғазнасига тўлашга эмас, балки назорат органлари ходимларини чўнтагига солиб қўйишга ундаётган солиқчиларнинг ишлаш услуби ҳам нақд пул тақчиллигининг бошқа сабаблардан бири бўлиб қолмоқда.

Афтидан, иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақаларни тўлашга қаратилган пул маблағларини беришни кечиктиргани учун банкларга нисбатан қатъий чора кўрилишини кўзда тутувчи қонун меъёрлари ишламаётганга ўхшаяпти.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йил баҳорида оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Марказий банки раиси биринчи ўринбосари Улуғбек Мустафоевнинг мамлакат бош вазири Шавкат Мирзиёев номига нақд пул атрофида юзага келган ўта ночор аҳвол тўғрисидаги маҳфий мактубининг нусхаси пайдо бўлганди. Унда маълум қилинишича, аҳвол шунчалик жиддийки, нафақат пенсионерлар ва ногиронлар, балки стратегик корхоналар ҳамда давлат маҳкамалари ходимлари ҳам пулсиз қолиб кетиши мумкин. Мустафоев ўшанда бош вазирни “муаммони ҳал қилиш учун тегишли чоралар кўрилмаса”, мамлакатда ижтимоий-иқтисодий аҳвол кескин равишда ёмонлашиб қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Шундан сўнг мамлакатда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар ёппасига пластик карталарга ўтказила бошланди. Раҳбарларнинг ҳар қандай инжиқликларини кўтаришга мажбур, улар яратиб берган қатъий шароитларда ишлашга кўниккан бюджет ташкилотлари ходимлари пластикка ўтишга индамай рози бўлдилар, аммо шу чоққача қайсар пенсионерларга давлатнинг кучи етмаяпти.

Дебет карталаридан фойдаланиш, уларга иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловларни ўтказиш қулайлигини бутун дунё эътироф этган. Бироқ бу ҳолат Ўзбекистонга тааллуқли эмас. Сизларчи, сиз қандай фикрдасиз, азиз ўқувчиларимиз? Ўз шарҳингизни Фейсбукдаги саҳифамизда (https://www.facebook.com/uzbekfarghona/) қолдиришингиз мумкин.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама