22:55 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Андижоннинг 11 йиллиги: АҚШ элчихонаси ҳамдардлик билдирди, ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро текширув ўтказишни талаб қилмоқда

21.05.2016 16:39 msk

Фарғона

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўз сайтида 2005 йилнинг 13 майида Андижонда бўлган фожиавий воқеалар юзасидан ҳамдардлик билдирди.

“Бугун Америка Қўшма Штатлари ўн бир йил олдин Андижонда бўлиб ўтган воқеаларни эсга олади ва шу фожиада ва унинг натижасида жабр кўрганларнинг барчасига чуқур ҳамдардлик билдиради”, - дейилади хабарда.

Дипломатик вакилликнинг таъкидлашича, “келажакда тинчлик ва барқарорликни таъминлашнинг омили сифатида АҚШ мунтазам равишда тотувлик, ҳисобдорлик ва барча фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақиради”.

Таниқли халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳам баёнот билан чиқишди. Жумладан, Human Rights Watch ташкилотининг ҳисоблашича, АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро тузилмалар Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеалари учун масъулиятни ўз зиммасига олишга ундаши керак, бу воқеалар пайтида “Ўзбекистон ҳукуматининг қуролли кучлари юзлаб тинч намойишчиларни ўлдирган”. Human Rights Watch Ўзбекистоннинг ҳуқуқ ҳимояси соҳасидаги ташвишли вазият масаласини БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида кўтариб чиқиш ва алоҳида экспертни тайинлаш орқали ўзбек расмийларининг БМТ кузатув органлари билан ҳамкорликдан бош тортишига йўл қўймасликни талаб қилмоқда. Натижада бу мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни барқарор назорат қилиш ва бу борадаги ҳисоботларни тайёрлаш таъминланади.

Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари, жумладан, АҚШ ва ЕИ ўзбек расмийларига шуни билдириши керакки, агар инсон ҳуқуқлари соҳасида сезиларли яхшиланиш бўлмаса, уларга нисбатан муайян чекловлар қўлланади. Бу чекловлар жумласига масалан, инсон ҳуқуқларини жиддий тарзда бузган, Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган муассаса ёки шахсларга виза беришни тақиқлаш ёки маблағларини музлатиб қўйиш кириши мумкин. Бундан ташқари улар БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистонга бағишланган махсус маърузачини тайинлаши керак.

АҚШ Давлат департаменти ўн йилдан бери Ўзбекистонни диний эркинликни тақиқлаши туфайли “кучли ташвишга солувчи мамлакат” деб ҳисоблайди. Аммо давлат хавфсизлиги масаласини эътиборга олган Оқ Уй санкция қўллагани йўқ.

Human Rights Watch эслатишича, Ўзбекистон ҳалигача сиёсий маҳбуслар Акром Йўлдошев ва Нуриддин Жуманиёзовларнинг қаердалигини ошкор қилгани йўқ. Ҳолбуки, озодликдан маҳрум этилган шахснинг тақдири ёки унинг қаердалигини яшириш ёки ошкор қилишдан бош тортиш мажбурий йўқолишга киради. Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра жиноят саналади.

2016 йилнинг январида ҳуқуқ ҳимоячиларига маълум бўлишича, Ўзбекистондаги энг таниқли диний фаоллардан бири, 52 ёшли Акром Йўлдошев 2010 йилда қамоқда силдан вафот этган. У 2016 йил февралида чиқиши керак эди, аммо ўлими ҳақида ҳеч ким билмаган, чунки 2009 йилдан бошлаб расмийлар унинг тақдири ёки қаердалиги ҳақида маълумот беришдан бош тортиб келадилар.

Эркин фикр билдириш ҳуқуқидан фойдалангани учун ҳеч қандай сабабсиз қамоққа тиқилганлар орасида 14 та ҳуқуқ ҳимоячи бор: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нуриддин Жуманиёзов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев ва Аъзам Турғунов.

Яна бешта журналист маҳбус бор: Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Саидов. мухолифат фаолларидан уч киши: Самандар Қўқонов, Қудратбек Расулов ва Рустам Усмонов; етти киши мустақил диний фаоллар, улар ҳукумат танқидчилари деб ҳисобланади: Руҳиддин Фахриддинов, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев ва Равшанбек Вафоев; битта маҳбус – Дилором Абдуқодирова – Андижондаги қирғиннинг шоҳиди бўлган.

Бир нечта ҳуқуқни ҳимоя ташкилотлари ягона баёнот билан чиқишди, булар: IPHR (Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик), ACAT-France (Христианлар ўлим ҳукми ва қийноқларга қарши), AHRCA (“Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси), RSF (Чегара билмас мухбирлар) ва NHC (Норвегиядаги Хельсинки қўмитаси). Улар сўнгги 25 йил ичида Ўзбекистондаги энг қонли бостириш қурбонларининг хотирасини тилга олишди ва бу мамлакат расмийлари ўн бир йил олдинги воқеа ҳақида фикр билдирадиганларни ҳали ҳам таъқиб қилаётганидан ташвиш изҳор қилишди.

“2005 йил 13 майда Андижоннинг Бобур марказий боғида ҳукуматнинг репрессив сиёсати ва иқтисодий қийинчиликларга норозилигини изҳор қилиш учун бир неча минг киши йиғилди. Ўзбек хавфсизлик кучлари аксарияти қуролсиз бўлган намойишчиларни ўраб олиб, ўт очди. Огоҳлантириб ўтирмасдан, бошқа усулларни қўлламасдан (сув ёки кўз ёшини оқизувчи газ сепиш), намойишчиларнинг қичқириқ ва илтижоларига қулоқ солиб ўтирмасдан ўт очишди. Натижада юзлаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди. Қурбонлар орасида аёллар, болалар ва кексалар кўпчилик эди. Расмий маълумотларга кўра 187 киши ўлдирилган, норасмий ҳисоб-китобларга кўра эса 500 дан 1500 гача киши ҳалок бўлган”, - деб эслатмоқда ҳуқуқ ҳимоячилари.


Сурат устига босиб, галереяга ўтинг ва Денис Синяковнинг Андижонда олган бошқа суратларини кўринг

Кейинчалик юзлаб кишиларга зўравонлик айби қўйилиб, тергов ишлари ёпиқ тарзда ўтказилди ва айбланганлар узоқ муддатларга қамалди. Кўпчилик Ўзбекистондан қочиб кетишга мажбур бўлди. Баёнотда таъкидланишича, қирғинга жавобгар бўлган расмийлардан бирортаси ҳам жазога тортилмади.

Ўзбекистон ҳукумати “Андижон масаласи”ни ички масала деб ҳисоблайди ва 2005 йилнинг май воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақириқларни рад этиб келди.

“Ўзбекистонда қийноқ орқали олинган ва ўзингга қарши айтилган кўрсатмаларга асосланиб озодликдан маҳрум қилиш оддий ҳолатга айланиб қолган, — дейди Жулия Бурбон, АСАТ Марказий Осиё бўлими бошлиғи, - Маҳкумларнинг қамоқ муддатлари кўп марталаб узайтирилади. Минглаб сиёсий маҳбуслар йиллар давомида қийноқ ва хўрлик шароитида қолмоқда”.

Андижон фожиасидан 11 йил ўтган бўлса ҳам, воқеанинг кўп жиҳатлари ойдинлашмаган. Жумладан, ҳалок бўлганлар, яраланган ва дом-дараксиз йўқолганларнинг сонини аниқлаш керак, қолаверса, текширув ўтказишни талаб қилаётган гувоҳлар ва фаолларни таъқиб қилишни тўхтатиш керак.

Ўзбекистонни тарк этиб, Россия ва МДҲ мамлакатларида бошпана топганларга ҳам нисбатан репрессия ва таъқиблар давом этмоқда. Андижон қочқинларининг Ўзбекистонда қолган қариндошларига давлат органлари доимий равишда босим ўтказади. Интерполнинг механизмларини суиистеъмол қилган ҳолда Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаолларини халқаро қидирувга бермоқда.

“Ўзбекистон ҳукуматининг барча қатламларида коррупциянинг кенг тарқалганлиги қонун устуворлигини бузиб, конституциянинг тамойилларига путур етказади, - дейди “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциациясининг президенти Надежда Атаева. – Сўз эркинлигининг йўқлиги ва судларнинг мустақил эмаслиги оқибатида қийноқлар ва замонавий қулчилик шакллари жорий этилмоқда. Биз Андижон фожиасини ёдда тутишимиз ҳамда Ўзбекистондаги вазият ҳақида жим турмаслигимиз керак”.

“Расмийлар 2005 йил 13 май фожиаси ҳақида хабар берганларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилишига қарамасдан, биз Андижон фожиасини унутмаймиз. Ўзбекистон расмийларининг ўз халқи – теримчилардан тортиб ОАВ ходимларигача – репрессия олиб бораётгани ҳақида бутун дунёга билдиришда журналистлар муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистонда ўз фикрини ифода этгани учун жазо тариқасида зўравонлик, қамоқ, қийноқ ёки қувғиндан жабр чекаётган журналистлар билан ҳамфикрмиз”, - деди Йоханн Бихр, RSF Шарқий Европа ва Марказий Осиё сектори раҳбари.

Халқаро ҳамжамият Андижондаги фожиани эсда тутиши ва Ўзбекистонда содир этилаётган инсон ҳуқуқларининг бузилишини кузатиб бориши керак. Андижон воқеалари учун жавобгарликка тортиш, Ўзбекистонда инсоннинг энг муҳим ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш учун ташқи босим ўтказиш муҳим, деб ҳисоблайди ҳуқуқ ҳимоячилари.

“Андижондаги қирғинни унутиш дегани ўзбек расмийларининг энг оғир жиноятлари учун жавобгарликдан қочишига имкон яратиш демакдир, - дейди IPHR консультанти Рэйчел Буглер. – Халқаро ҳамжамият бу фожиа учун жавобгарликка тортишни талаб қилишда давом этиши, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши эса Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи тайинлаши керак”.

Инсон ҳуқуқлари бўйичп БМТ қўмитаси аъзолари, жумладан АҚШ ва ЕИ мамлакатлари очиқ тарзда ва мунтазам равишда Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари борасидаги мажбуриятларини бажаришини талаб қилиши керак - бу икки томонлама муносабатларни давом эттириш учун шарт қилиб белгиланиши керак, - дейди Human Rights Watch. Ташкилотга кўра, ўзбек ҳукумати қуйидагиларни бажариши шарт:

- барча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, сиёсий ва диний маҳбусларни озод этиш;

- нодавлат ташкилотларининг Ўзбекистонда ишлашига тўсқинлик қилмаслик;

- инсон ҳуқуқлари масаласида БМТнинг масъул кузатувчилари билан тўлиқ ҳамкорлик қилиш;

- сўз ва матбуот эркинлигини кафолатлаш;

- мажбурий ва болалар меҳнатига қарши конвенция шартларини бажариш, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан тўлақонли ҳамкорлик қилиш;

- Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик (ЕХҲТ) ташкилотининг стандартларига мос равишда сайловлар ўтказиш.

Эслатиб ўтамиз, расмий версияга кўра, 2005 йил 13 май кечаси ва эртаси куни Андижонда қуролли босқинчилар қамоқ ва бир нечта ҳукумат биноларини қўлга олган. Ҳужум давомида 12 нафар орган ходимлари ўлдирилган, 334 дона қурол тортиб олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари хабар беришича, террористлар жами 70 кишини гаровга олган, 15 тасини ўлдирган. Кейинроқ Андижонга қўшин киритилган. Расмий маълумотларга кўра, 187 киши ҳалок бўлган.


Сурат устига босиб, галереяга ўтинг ва Денис Синяковнинг Андижонда олган бошқа суратларини кўринг

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва гувоҳларнинг айтишича, қурбонлар сони 700 дан кам бўлмаган. Кўпчилик тасодифан ўша жойга бориб қолгани ёки майдон ёнидан ўтиб кетаётгани туфайли нобуд бўлган. 2006 йилда ғарб сайтларида Андижон воқеалари ҳақида 70 дақиқали фильм қўйилди, унда митинг қатнашчилари асосан тинч аҳоли вакиллари, жумладан, аёллар ва болалар бўлгани тасдиқланади. Буларга 23 тадбиркорнинг аёллари ҳам киради. Бу тадбиркорлар диний экстремизм ва тақиқланган “Акромийлар” ҳаракатига аъзоликда айбланиб, ҳибсга олинган ва уларнинг устидан ўтказилган суд туфайли норозилик акцияси бошланиб, охири фожиа билан тугади.

Кейинчалик ёпиқ судларда камида 358 киши судланган; уларнинг устидан чиқарилган ҳукм матнларини уларнинг қариндошлари ҳам, адвокат ёки ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам қўлларига ололмаяпти; юздан ортиқ одам Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, қидирувга берилган; МДҲ мамлакатларида 2005-2008 йилларда камида 125 та гумондор шахс қўлга олинган.

Ғарб мамлакатлари Андижон воқеалари юзасидан хорижий экспертлар иштирокида мустақил текширув ўтказишни талаб қилишди. Аммо уларга рад жавоби берилди: Ўзбекистон бу қўзғолоннинг бостирилиши Тошкентнинг ички иши экани, Европа эса мустақил давлатнинг ички ишларига аралашмаслиги кераклигини эълон қилган. Бунга жавобан Европа Иттифоқи санкциялар жорий этди, жумладан: бу республикага ички репрессияларда ишлатиши мумкин бўлган ҳар қандай қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа ускуналарни етказиб беришга эмбарго; Андижон воқеаларига жавобгар бўлган 12 нафар ўзбек амалдорига ЕИ давлатларига киришни тақиқлаш; Ўзбекистонга молиявий ёрдамни қисқартириш ва ўзаро савдо-сотиққа чеклов ўрнатиш.

Изоляцияда қолган Тошкент инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни яхшилашни бошлайди деб умид қилган Ғарбнинг умидлари чиппакка чиқди: қамоқда ва тергов пайтида қийноқлар давом этмоқда, сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилмади, диний асослар билан қамалган виждон тутқунлари хўрланмоқда, мамлакатда сўз эркинлиги йўқ. Бу ҳам етмагандай, ОАВ цензураси кучайтирилди, Интернетда мустақил маълумотларни ўқиш техник жиҳатдан бутунлай тақиқланди. Ўшандан бери ўзбекистонликлар юзлаб веб-сайтларга тўғридан-тўғри кира олмайдилар. Тўсилган сайтлар қаторида ҳукуматга мухолифатда бўлган партиялар, ҳаракат ва ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон ҳақида муқобил ахборот тарқатувчи мустақил матбуот сайтлари ҳам бор. Жумладан, “Фарғона” ахборот агентлигининг интернет-порталига ҳам тўсиқ қўйилган. Ўзбекистондан деярли барча хорижий нодавлат ташкилотлар, аксарият хорижий ОАВ ходимлари қувиб чиқарилди, мустақил журналистлар мамлакатни тарк этди, ҳуқуқ ҳимоячилари мунтазам равишда ҳибсга олинади.

2009 йил октябрида Ўзбекистон билан газ масаласида муносабатларни яхшилаш учун ЕИ барча санкцияларни олиб ташлади. АҚШ эса халқаро текширув ўтказиш ҳақида таъкидлайвергач, 2005 йилнинг июлида Тошкент Хонободдаги базада АҚШ оғир транспорт самолётларини тунда учиришни тақиқлаб қўйди. Натижада америкаликлар Афғонистондаги Баграм базасига кўчишга мажбур бўлишди. Андижон воқеаларини юзасидан халқаро текширув ўтказилмай қолиб кетди.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама