17:27 msk, 30 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

1916 йилги қўзғолонга 100 йил тўлиши муносабати билан: Тарихчи қайдлари

18.05.2016 22:37 msk

Камол Абдуллаев

Роппа-роса юз йил олдин Ўрта Осиёнинг “рус” қисмида ва Чўл ўлкасида (ҳозирги Қозоғистоннинг шарқий, шимолий ва ғарбий қисмларида) халқ қўзғолони бошланди. Бунга подшо ҳукуматининг 1916 йил 25 июнидаги 1526-сонли “Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳарбий иншоотлар қуриш ишларига жалб қилиш тўғрисида”ги фармони сабаб бўлган. Унда ҳеч қандай тушунтиришсиз, Император подшо томонидан 19-43 ёшли эркакларни, жумладан, “Сирдарё, Фарғона, Самарқанд вилоятларининг бегона халқларини” фронт ортидаги ишларга сафарбар қилиш “амр этилган” эди. Бу фармон Ўрта Осиё аҳолисининг урушда қатнашаётган армияга чақирилганини билдирар эди. Фармонга нисбатан қатъий норозилик уйғониб, бу воқеалар “1916 йилги қўзғолон” сифатида тарихга кирган. Бу мақолада қўзғолоннинг юз бериши ва ривожланиши билан бирга, ундан олинган тажриба замонавий Тожикистон ва минтақадаги бошқа мустақил давлатлар нуқтаи-назаридан таҳлил қилинади.

Ҳарбийлар армиясидан фуқаролар армиясига

1914 йилда катта ёшли Ўрта Осиёликлар учун яшаш жойидан бошқа жойдаги давлат иштирокида ва шу давлат тарафида туриб жанг қилиш умуман нотаниш бир ҳодиса эди. Тожик, қирғиз, афғон, ўзбек, қозоқ ва туркманларда кам харажатли ва кам қон тўкиладиган “жиҳодлар”, зиддиятли тўқнашувлар, босқинчилик, қўзғолон ва ҳатто босиб олишлар кенг тарқалган эди. Бу урушларда профессионал аскарлар (лашкар) билан бирга “ярим ставкада” ёки “чорак ставкада” жанг қиладиган деҳқон-аскарлар ҳам қатнашган. Уларни ҳудудий-диний ёки қабила бошлиқлари, бундан ташқари “хонлар”, яъни Чингизхон ва Амир Темурнинг ҳақиқий ёки сохта авлодлари сафарбар қилган.

Бундай урушга мисол сифатида 1920 йиллардаги босмачилик ҳаракати, ўрта асрларда Амир Темур ва Бобурнинг Ҳиндистонга юришини келтириш мумкин. Бунда бошқа ҳудудга бостириб кириш ёки одамнинг жонига қасд қилишдан олдин тажовузнинг сабабини тушунтириш керак бўлган. Кўпинча уламолар фатво чиқариб, ғаним тарафни “кофир” деб эълон қилишган ва “ислом тиклангунига қадар” уларга қарши уруш олиб бориш кераклигини айтишган.

Бу урушлар, худди ўрта асрларда Европадаги урушларга ўхшаб, манфаатдор шахслар томонидан бошқариб турилган. Уруш ҳаракатлари билан бирга дипломатия, пора билан ўз томонига оғдириш ва бошқа “қон тўкилмайдиган” усуллар қўлланган. Бу урушларда ғанимнинг одам ва материал ресурсларини бутунлай йўқ қилиб, келажакда қасос олиш имкониятини қолдирмаслик мақсади ҳеч қачон бўлмаган (Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушидан фарқли ўлароқ). Аҳолини ёппасига сафарбар қилиш ва ҳарбийлаштириш бўлмаган. Бу урушларда “ҳарбий брокерлар”нинг манфаатига хизмат қилувчи, мужмал маънодаги “динни ҳимоя қилиш” (ислом ёки христианликни) ёки “маданият”нинг “варварлик”ка қарши уруши кабилардан ташқари аниқ ғоя бўлмаган, душман тарафга нисбатан нафрат сунъий равишда кучайтирилмаган.

Оммавий ҳарбий мажбурият рус миллатини ташкил қилиш воситаси сифатида

“Фуқаролик” тушунчаси “бегона халқларга” нисбатан қўлланмайдиган Россиядек кўп миллатли империяда “аскар-фуқаролардан” ташкил топган армияни тузиш қийин бўлиши турган гап эди. Россияда биринчи оммавий чақириқ 1894 йилда жорий этилган, аммо 1904-1905 йилги рус-япон урушидаги мағлубиятдан сўнггина, рус ҳарбий стратеглари сафарбарлик сиёсатини ислоҳ қилиш кераклигини тушуниб етишди. Бунда ҳарбий хизматни фуқаролик бурчи деб ҳисоблаш ҳақида гап бораётган эди. Рус халқининг ўзи ҳарбийлашишни бошлаб, армия оммавий сиёсатнинг бир воситасига айланди. Александр III айтганидек, армия ва флот “Россиянинг энг яқин дўстларига” айланди. Империя давлат номидан оммавий ўлдириш ва давлат учун оммавий ҳалок бўлиш асрига, қонли “қисқа XX асрга” қадам қўйди.

1914 йилда урушда қатнашаётган армияга аскар олиш табақалаштирилган эди. Россиядаги немис ва жуҳудлар “маданиятли но-руслар” сифатида армияга қабул қилинар эди, аммо ҳарбийлашув ва материал ресурслари учун кураш қамраб олган жамиятда уларни таъқиб қилишда давом этишар эди. Жуҳудларни талон-тарож, немисларни депортация қилишарди. Шундай бўлса ҳам, барча “Россиянинг маданиятли халқлари” ҳам фронтга интилавермас эди. Масалан, финлар 1901 йилдаёқ рус армиясида хизмат қилишни мутлақ рад этган ва умуман руслаштиришга қарши эди. Натижада уларни чақиришдан воз кечишга тўғри келди. 1904 йилдан бери Финляндия ҳарбий хизматдан озод этиш эвазига махсус солиқ тўлар эди. Яъниким, 1914 йилда уруш бошланишига “бегона халқларни” жалб этиш сиёсий жиҳатдан хатарли эканлигини подшо маъмурияти тушунарди. Билгани билан куч-қудратининг чексизлигига ҳам ишонар эди.

Миллий озчилик ёки “бегона халқлар”, яъни тожик, туркман, ўзбек, қирғиз ва қозоқлар чақириқдан озод этилган эди. Нима сабабдан? Ўрта Осиё энг охирги мустамлака этилган ўлка бўлиб, бунинг устига аҳолисининг аксарияти мусулмон эди. Улар Сибир, Кавказ ва Поволжьядаги но-руслардек марказга содиқ эмас эди. Бундан ташқари, рус офицерлари “сартлар” ва Туркистон кўчманчиларидан фойда йўқ, улар нотаниш муҳитда ва бегона иқлимда ёппасига касалланиб қолади деб ҳисоблар эди. Уларни ўргатиш ва даволашга ҳам кўп маблағ кетиши, натижаси кўнгилдагидек чиқмаслиги мумкинлигини ҳам ҳисобга олишарди.

Россияда туғилиб, Ўрта Осиёга кўчиб кетган мустамлакачилар ҳам хизматдан озод этилган эди. Фақат XIX аср охирида Туркистонда туғилган европаликларгина чақирилар эди. Шу тариқа чоризм рус мустамлакачилигини рағбатлантириб, Ғарбда уруш олиб бораётган давлатнинг жануби-шарқий томонини ҳимоясиз қолдиришдан хавфсирар эди. Ўрта Осиё йўналишида Россия маҳаллий мусулмонлардан ташқари ташқи душманларни ҳам ўзига рақиб деб билар эди: Ғарбий Хитой мусулмонлари ва ҳукумати, Ҳиндистондаги инглизлар ҳамда эркинликни севувчи ва жиҳодга тайёр афғонлар. Ташқаридан ҳужум бўлишидан хавфсирашга ҳақиқий таҳдидгина эмас, балки шундай мамлакатнинг геополитик фобия ва амбициялари сабаб бўлар эди. Шунинг учун чоризм томонидан рус аҳолиси таянч сифатида кўрилар эди. 1880 йилларда рус ҳукумати амалдорлари орасида Сирдарё ҳарбий губернатори (бўлғуси Туркистон генерал-губернатори) Гродековнинг бир гапи машҳур эди: “ҳар битта янги рус посёлкаси битта рус қўшинлари батальонига тенг”. Маҳаллий аҳоли исён кўтарса ёки ташқаридан ҳужум бўлган ҳолатда подшо ҳукумати кўчиб келган 32 мингта рус деҳқонларини қуроллантириш имкониятига эга эди.


/>“Империядаги бегона халқлар эркак аҳолисини ҳарбий иншоотлар қуриш ишларига жалб қилиш тўғрисида”ги амри олий

Маҳаллий аҳолининг урушга бўлган муносабати

Россиянинг 1904-1905 йилги рус-япон урушидаги мағлубияти мустамлака қилинган халқлар кўз ўнгида Россиянинг ожизлигини очиб қўйди. Шу сабабли, Туркистон ва Бухоро элитасининг ичида Россия томонидан урушга қатнашишга қарши бўлганлар кўп эди. Булар Туркияга пинҳона хайрихоҳлик қилувчи, консерватив кайфиятдаги маҳаллий кучлар эди. Туркия 1914 йилда Германия тарафидан “муқаддас жиҳод” учун урушга киришган эди. Подшонинг жосуслари хабар етказишича, афғонлар жиҳод бошлагани ва тез орада “рус” Ўрта Осиёсига бостириб кириши ҳақида муллалар миш-миш тарқатган. (Бугунги кундаги воқеаларни эслатиб юбормаяптими?)

Традиционалистлар – тожик ва ўзбеклар пинҳон тарзда Россиянинг ғанимларига хайрихоҳлик билдирса, маҳаллий кўчманчи аҳоли (қозоқ ва қирғизлар) маълум сабабларга кўра урушга нисбатан нафратини яширмас эди. Улар келгиндилар тортиб олган мулкларни қайтариш иштиёқида эди. Қозоқ тарихчиларининг маълумотларига кўра, XIX аср охиридан 1916 йилгача Қозоғистоннинг тўртта вилоятига (Акмола, Семипалатинск, Тўрғай ва Урал) асосан Россия ва Украинадан келган 1,14 миллион одам жойлашиб олган. Туркистон ўлкасига кирувчи Семиречье вилоятига камроқ, атиги 100 минг киши келган. Кўчиш-кўчириш бошқармаси ташкил этилиб, бу бошқарма маҳаллий аҳолидан энг ҳосилдор ерларни тортиб олиб, кўчиб келганларга берган. 1914 йилгача кўчманчи қозоқлардан 40 миллион десятиндан ортиқ ер тортиб олиниб, русларга берилган, бу майдон деярли минтақанинг 20% ерига тенг эди. Уруш ва бошланаётган қўзғолон кўчманчиларга ўз ерларини қайтариб олишдан ташқари, истилочилар билан ҳисоб-китоб қилиш имконини ҳам берар эди.

Архив

Архив
1916 йилги қўзғолонга оид жуда кўп ҳужжатлар Semirechye.Rusarchives.ru сайтида омма эътиборига ҳавола этилган.
Албатта, Ўрта Осиёда Россия тарафдорлари ҳам бор эди. Хўжандлик таниқли тарихчи Шариф Джалиловнинг ёзишича, урушнинг бошида шаҳарнинг аслзодалари асосан Россияга хайрихоҳ эди. Фарғона водийсидаги тожиклар, ўзбеклар ва қирғизлар уруш пайтида русларнинг ўрнини босиб, ҳарбий юклар жўнатиладиган темир йўлларни қўриқлашган. Уезднинг саноат корхоналари фронт учун ишлар эди. Деҳқонлар фронтга энг яхши отларини берган, бойлар эса Хўжанддаги Шайхи Муслиҳиддин масжидида ҳарбий заёмларга ёзилишган ва яраланганлар учун моддий ёрдам беришган. 1915 йилнинг майида Туркистон ўлкасининг босиб олинганининг 50 йиллигига бағишлаб, фронтга ёрдам доирасида Хўжандда кўплаб тадбирлар ташкил қилинган. Маҳаллий мусулмон маъмуриятидан ташқари, традиционалистларнинг рақиблари – бош кўтараётган сиёсий ташкилотлар ва замонавий, ғарблашган ҳаракатлар, жумладан, жадидлар ҳам Россиянинг ҳарбий сиёсатини қўллаб-қувватлади. Улар турк диндошларига хайрихоҳ бўлишига қарамай (деярли барча жадидлар пантуркист бўлган), Туркияни қўллаб-қувватлашмади. Жадидчилик тарихининг замонавий тадқиқотчиси Адиб Халидга кўра (келиб чиқиши Покистондан бўлган америкалик), жадидлар учун Россия бошқарувидаги жамиятда ўз ўрнини сақлаб қолиш муҳим бўлган. Жадидлар юзага келган имкониятдан фойдаланиб, ватанпарварлик орқали империя билан ришталарни мустаҳкамлашга интилган. Улар шу ҳаракат тўлқинида рус жамиятига “кириб бориб”, Россия урушда ғалаба қозонганидан кейин рус элитасининг обрўли ва тан олинган аъзолари ва янги Туркистоннинг лидерлари бўлишни ният қилган. 1914 йилда Кавказ тузем отлиқ дивизиясини ташкил қилиш орқали Россияни қўллаб-қувватлаган Кавказ элитаси сингари (унга озарбайжонлар (турклар) ҳам кирган) иш тутмоқчи бўлган.

Халидга кўра, униси ҳам, буниси ҳам подшо ҳукуматининг назаридан четда қолган. Жадидларга ишонишмаган, уларнинг самимийлигига шубҳа билдириб, булар кўнглида сепаратист бўлиб қолади ва исталган вақтда сотқинлик қилади деб ҳисоблашган. Кўчманчилар ва мустамлакачи ҳукуматнинг ўзбошимчалиги ва коррупцияга қарши бош кўтарган деҳқонлар террорист ва русофоб деб эълон қилинди. Ҳукумат булардан бирортаси билан ҳам мулоқотга киришишни истамади. Деҳқон ва кўчманчиларни фанатик-чопончи деб ҳисоблашган, жадидлар эса саводли бўлгани учун катта хавф деб билишган. Чунки Ўрта Осиё зиёлилари рус либерал-демократик ва социалистик лагерларининг “эркин фикрли” вакиллари билан (жумладан, эсерлар билан) яқинлашаётганини кўриб туришарди.

Шу тарзда рус ҳукумати маҳаллий аҳолини ўзига қарши қилиб қўйди ва Россияни қўллаб-қувватламоқчи бўлган кичик гуруҳларни ҳам қўпол тарзда узоқлаштирди. 4-Давлат Думасидаги мусулмон депутатларнинг “Россия ҳалқларининг уруш даврида мустаҳкамланган кўп асрли алоқаларини ҳисобга олиш” ва миллий чекловларни умуман бекор қилиш чақириқлари рад этилди. Ҳаттоки фронтга интилганлар ҳам буйруқдан хафа бўлишди. Чунки уларга “Николай пошшони” ҳимоя қилиш учун майдонда от суриб, қилич солиш эмас, балки белкурак билан чуқур қазиш буюрилган эди. Подшо ҳукумати Россияни қўлда қурол билан ҳимоялашга тайёрларнинг ҳам қадрига етмади. Аксинча, милитаристик иштиёқ билан бирга шовинизм ва “бегона халқларни” ёқтирмаслик кайфияти ҳам кучайди. Қўзғолон авжига чиққан пайтда Хўжанд расмийлари буйруқ чиқаришди, унда жумладан айтилишича, “маҳаллий аҳолининг рус ҳокимияти олдида таъзим қилиши белгиси сифатида, барча маҳаллий аҳолига офицер ва амалдорлар олдида ўрнидан туриб, таъзим қилиш тавсия этилсин”. Фронт ортидаги ишларга сафарбарлик ҳақидаги буйруқ эса миллатга қараб ажратишга урғу берди ва юридик жиҳатдан мустаҳкамлади.


Қўзғолон

1916 йил 3-июлида Хўжанд полиция участкаси ёнида маҳаллий маъмурият вакиллари бўлган 85 тача мусулмон йиғилди. Уларга императорнинг фармони ҳақидаги телеграмма ўқиб эшиттирилди. Ўша куни кечқурун ифтордан кейин Шайхи Муслиҳиддин масжидида полиция бошлиғи Е.Г.Устимович томонидан дарҳол рўйхат тузишга киришиш ҳақидаги буйруқ ўқиб эшиттирилди. Бунинг устига буйруқ қўпол тарзда берилиб, қатнашганларнинг иззат-нафсига тегди. Эртасига эрталаб, одамларни танлаш бошланиши керак бўлган 4 июлда оммавий норозилик ва тартибсизликлар бошланди. Ўша кунги воқеалардан бирини Ш.Жалилов қуйидагича эслайди: “миршабнинг ёнига Ходими Джамолак исмли аёл келди ва унинг қиличини олиб, ерга урди. Қўзғолончилар уни қўллаган ҳолда полициячи ва қўриқчиларни уриб, тошбўрон қилишни бошлади”. Ўша куни учта Хўжандлик яраланди, шулардан иккитаси тез орада ҳалок бўлди. Хўжанддаги исён ҳақидаги хабар бутун Туркистонга тарқалди ва бир неча кун ичида қўзғолон бутун минтақага тарқалди. Туркистондаги қўзғолон Бухоро амирлигида ҳам акс-садо берди. Бухоро расман империя таркибига кирмаса ҳам, аслида Россияга қарам эди, катта ҳарбий солиқ тўларди. Бунга жавобан тожиклар қўзғолон кўтаришди, айниқса Қоратегин ва Қўрғонтепада кескин бўлди.

Шу тариқа, 1916 йилги қўзғолон минтақа аҳолисининг қуйидагиларга қарши оммавий норозилиги бўлди: 1) мусулмонларга алоқаси бўлмаган урушда қатнашиш; 2) мустамлакачи режим; 3) сафарбарликни қўллаб-қувватлаган подшо маъмурияти ва маҳаллий кучлар вакиллари; 4) энг ҳосилдор ерларни эгаллаб олган руслар.

Қўзғолон Семиречьеда энг йирик кўламли тус олди. Бу мустамлакага қарши анъанавий қўзғолон бўлиб, русларнинг бошқарувига қарши қаратилган эди. Рус генерали Сандетскийнинг сўзларига кўра, бу “русларнинг ўлкани бошқариш ҳуқуқига” қарши ҳаракат эди. Уруш ҳар иккала томондан ҳам ваҳшийлик ва адолатсизлик билан ўтказилди. Қўзғолонда рус миллатидаги оддий аҳоли, жумладан аёллар ва болалар қурбон бўлди. Бутун ўлка бўйлаб ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Октябрда подшо ҳукумати қўзғолонни ундан-да аёвсиз тарзда бостирди. Қозоқ ва қирғизлар ёппасига осилди, уларнинг овуллари, жумладан Иссиқкўлдагилар, бутунлай ёқиб юборилди. Академик Б.Ғофуровнинг қайд қилишича, Хўжанднинг ўзида ҳарбий суд 400 дан ортиқ кишини қамоққа тиққан. Қўзғолон пайтида жами юз минглаб “бегона халқлар”, асосан қирғизлар ҳамда 3-4 минг руслар ҳалок бўлган. Жазодан қочган 300 мингдан зиёд кўчманчилар Хитойга ўтган. У ердаги қаттиқ қиш туфайли яна ўнлаб мингтаси ҳалок бўлган.

Хулосалар

Ўрта Осиё мусулмонларига қарши бу урушда катта йўқотишлар эвазига Россия енгиб чиқди. Кутилган натижага эришилмади. Тахминан 100.000 киши сафарбар қилинди, бироқ бундан беш баравар кўпроғи режалаштирилган эди. Сафарбар этилганлардан фойда ҳам бўлмади. Улар бу мажбуриятни жазо сифатида қабул қилишди; касалланишди, совуқ ва очликдан ҳалок бўлишди. Минглаб майиб-мажруҳ ва касалларни уйларига жўнатишди. Сиёсий жиҳатдан зарари эса анча каттароқ бўлди. Қўзғолоннинг бостирилиши подшо ҳокимиятининг мустаҳкамланишига олиб келмади. Рус ҳокимияти ва аҳоли ўртасида воситачи бўлган маҳаллий амалдорлар, жадидлар ва уларнинг тарафдорлари обрў-эътиборни йўқотишди. Чунки улар исёнчиларни қоралаб, рус императорини кўкларга кўтарган эди, жумладан, жадидлар етакчиси Маҳмуд Беҳбудий ва шоир ҳамда драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийлар ҳам шундай қилган. Ҳар иккаласи ҳам фанатиклар қўлидан ўлим топган. Қўзғолондан уч йил ўтиб Беҳбудий, ўн уч йил ўтиб, Ҳамза ҳалок бўлди.

Камол Абдуллаев
Камол Абдуллаев
1916 йил қўзғолони жадидчиликнинг асосий ожиз томонини кўрсатди – унинг “замонавийлаштириш”га муккасидан кетгани ва ўз ижтимоий тажрибасига эътибор бермаганлиги эди. Улар рус тилини ва Россиянинг ўзини яхши билмаган ва тушунмаган, шунинг учун уни Ўрта Осиёдаги жамиятни замонавийлаштириш ва фанатик муллаларга қарши курашдаги етакчи куч деб ҳисоблаган. Афсуски, жадидларни кенг халқ оммаси тушунмади ва қабул қилмади. Омманинг нуқтаи-назарида жадидлар “кофир”, рус мустамлакачиларининг иттифоқчиси эди. Жадидлар турк-тожик шаҳарликлардан ташкил топгани учун, қўзғолоннинг марказий кучи бўлган кўчманчилар орасида мавқега эга эмасди. Мустақилликка интилиш, инсон қадр-қимматини муҳофаза қилиш, миллий ва ижтимоий жабр-зулмга ва диннинг сиқувга олинишига қарши курашиш – мустамлакага қарши шу каби шиорлар Шарқда долзарб бўлган, Ҳиндистонда миллионлаб оммани тўплаган бўлса ҳам – жадидларнинг кун тартибидан жой олмаган эди. Рус ҳокимияти қуласа, жадидлар ўзлари етишиб чиққан муҳит ва усиз яшай олмайдиган муҳитдан маҳрум бўлишарди. Ҳақиқатан ҳам, бошқаларнинг тажрибасидан ўрнак олишга ихтисослашган жадидчиликнинг умумиллий ғояга айланишига тўсиқ бўлган асосий камчилиги бу – уларда оригиналлик ва маданий ўзига хосликнинг йўқлиги эди. Жадидлар ўз халқи билан тенг ҳамкор сифатида мулоқотга киришишни эплай олмаган ва буни хоҳламаган. Улар халқни маданиятга етаклаш керак бўлган қора омма деб ҳисоблашган.

Умуман олганда, юз йил олдинги воқеаларни Ўрта Осиёнинг аста-секин қарамликдан қутулиш нуқтаи-назаридан қараб, тушуниш керак. Қўзғолон чоризмни ғафлатда қолдирди, чунки чор ҳукумати ўзи бир тийинга олмайдиган “бегона халқлар”дан бундай жавобни кутмаган эди. Халқ индамас ўйинчоқдан мустақил ва ҳайбатли субъектга айланиб, тўрт ой давомида “оёқ тираб туриб олди”. Ўрта Осиё мусулмонлари орасида бирдамлик бўлмаган бўлса ҳам, 1916 йилда минтақа озодлик сари машаққатли йўлга тушгани, империя эса пастга шўнғиб, қўзғолон бостирилганидан кейин бир йил ўтибоқ қулаганини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.

Камол Абдуллаев, тарихчи, (с) Navruz Media учун махсус, 2016 й. май

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама