05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Муҳожирларни Россиядан оммавий равишда чиқариб юбориш: шафқатсизларча ва ёппасига

17.05.2016 18:43 msk

Мария Яновская

2016 йилнинг 10 майида “Гражданское содействие” (“Фуқаролик кўмаги”) қўмитаси Константин Троицкийнинг “Россиядан маъмурий чиқариб юборишлар: Суд орқали кўриб чиқишми ёки оммавий ҳайдашми?” деб номланган маърузасини тақдим қилди. Бу маърузада сўнгги беш йил ичида муҳожирларнинг ёппасига чиқариб юборилиши статистикаси ва бу борада бўлиб ўтган суд жараёнлари таҳлил қилинган. Таҳлил натижасига кўра аҳвол қувонарли эмас.

2013 йилнинг августида Маъмурий кодексга ўзгартиришлар киритилиб, режимни бузганлик учун жаримага қўшимча равишда бир қоида киритилди. Унга кўра, агар муҳожир Москва ёки Санкт-Петербургда, Москва вилояти ёки Ленинград вилоятида қўлга олинган бўлса, у албатта мамлакатдан чиқариб юборилади. Ўшандан бери суд машинаси тўхтовсиз ишлаб ётибди: 2013 йилда чиқариб юборишлар сони ўтган йилгига қараганда уч баробарига ошиб, 45.227 та шундай қарор чиқарилган; 2014 йилда – 198.371 та; 2015 йилда – 177.821 та. 2016 йилнинг илк уч ойида 17.888 киши Россия ҳудудидан чиқариб юборилган.



Чиқариб юборишдан сўнг Россияга қайтиш тақиқланади. Биринчи марта ихтиёрий чиқариб юборишдан сўнг беш йилга, иккинчи мартасида мажбурий чиқариб юборишдан сўнг ўн йилга кириш тақиқланади.

Маърузадан парча: “Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш ва киришни тақиқлаш асосан Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан қўлланади. Масалан, Тожикистон Меҳнат, аҳоли бандлиги ва миграция вазирлигининг миграция хизмати маълумотларига кўра, 2015 йилнинг охирига келиб, 330 минг нафар Тожикистон фуқаросига Россияга кириш тақиқланган. Бу Тожикистон аҳолисининг 4 фоизига тенг ёки 2015 йилда Россияга ишлашга кетганларнинг ярмидан кўпи дегани.

Чиқариб юборишлар ва тақиқлар кўламининг катталиги Россия Федерал миграцион хизмати (ФМС) томонидан миграцион сиёсатнинг муваффақияти сифатида кўрилади. Масалан, 2013 йил октябрида, миграцияга оид қонунларнинг кучайтирилиши ва оммавий чиқариб юборишлар сиёсати илк мевалар бера бошлаган пайтда, РФ Давлат думасида чиқиш қилган К.Ромодановский кунига 3.000 кишига тақиқ қўйилишини бир ютуқ сифатида баҳолади. Бу пайтга келиб, тахминан 300.000 кишига тақиқ қўйиб бўлинган эди. 15 ойдан кейин, яъни 2015 йилнинг бошига келиб, тақиқланганлар сони 1.000.000 га етиши, 2015 йил апрелида 1.300.000 дан ошганини ҳисобга олсак, кўриниб турибдики, тақиқ қўйишнинг ўсиш тезлиги ўзгармай қолган. Сўнгги уч йил (2013-2015) давомида ҳар кунги тақиқлар ўртача сонини ҳисоблаб кўрсак, бу ҳар куни 1.500 тага тўғри келади”.





2014 йилги воқеа. Москвада рейд кетмоқда, ноқонуний муҳожирлар изланмоқда. Машинадан бўёқ тушираётган ишчиларни кўришди. Полиция автомобили тўхтаб, саккизта ишчини олиб кетади. Бўлимда буларнинг ҳужжати жойида экани, ишга рухсатномаси борлиги маълум бўлади. Нима қилиш керак? Жарима солиб, чиқариб юбориш учун баҳона ўйлаб топилади: бу ишчилар “мутахассислигига кўра ишламаяпти”. Ҳужжатда “маляр” деб ёзилган, улар эса “ёрдамчи” сифатида бўёқ юклашмоқда… Уларни адвокат Васильев қутқариб қолди: ягона тариф-квалификация маълумотномасида бир таърифни топди, унда ёзилишича, маляр фақат биргина бўяши эмас, балки иш жойини тайёрлаши ҳам мумкин. Шунинг учун қўйворишди.

Тезкор ва шафқатсиз судлар

Чиқариб юборишга асос бўладиган Маъмурий кодекс моддалари бу 18.8, 3-қ (вақтинчалик яшаш режимини бузиш, жарима ва чиқариб юбориш) ва 18.10, 2-қ (ноқонуний иш фаолияти олиб бориш, жарима ва чиқариб юбориш). 2015 йилда Москва туман судларида шу моддалар бўйича кўриб чиқилаётган ишлар улуши 81 фоизни ташкил этган. Айрим судларда 90 фоизга ҳам етган.

Адвокат Илларион Васильев: “Мен бир суд раиси билан гаплашганимда, нима билан шуғулланишимни айтувдим. У бўлса: “Нималар қиляпсан? Бизнинг вазифамиз бу одамларни чиқариб юбориш, сен бўлса оқимга қарши сузяпсан”.

Ҳақиқатан ҳам судларнинг олдига чиқариб юбориш вазифаси қўйилганига рақамлар ҳам гувоҳлик беради. Москвадаги туман судларида шундай судьялар борки, улар шу икки модда бўйича ҳар куни эллик-олтмишта ишни кўриб чиқади.

2015 йилнинг биринчи ярмида бу борадаги рекордни Головин туман суди судьяси Сергей Базаров қўйган: “2015 йил 23 январда, жума кунги қисқартирилган иш кунида у 94 та ишни кўриб чиқиб, 90 дан ортиқ кишини Россиядан чиқариб юборди. Демак, ўша куни бошқа нарсага қўл урмасдан ишлаган бўлса, ҳар бир ишни кўриб чиқиш ва тегишли қоғозларни тўлдириш учун 5 дақиқадан вақт сарфлаган” (маърузадан).

2015 йилнинг биринчи ярмида Головин тумани судида маъмурий жазо (18.8-м 3-қ ва 18.10 2-қ) тайинлаш ҳақидаги суд қарори 100% ишларда чиқарилди: бу моддага оид 1700 та ишнинг бирортасида ҳам судьялар ишни қайтариш ёки тўхтатишга асос топа олмаган.

Иккинчи ўринда – Щербин туман судидан судья Марина Николаевна Липская. 2015 йил 21 январда 73 та одамни чиқариб юборган, шулардан 66 нафари СУВСИГга жойлаштирилган (хорижий фуқароларни вақтинчалик ушлаб туриш махсус муассасаси, унда сақланишни адвокатлар озодликдан маҳрум этиш билан тенг деб ҳисоблайдилар). 2015 йилнинг олти ойида бу моддалар бўйича жами 1500 та иш кўриб чиқилиб, 100 фоиз ҳолда жазо тайинланган.

Учинчи ўринда Москванинг Чертан туман суди судьяси Андрей Геннадьевич Васильев турибди, у 2015 йилнинг январ-июнь ойларида 2500 та маъмурий ишни кўриб чиққан, шулардан тахминан 95 фоизи шу моддалар бўйича, кунига 25 тача иш кўрилган. “Айрим кунларда (масалан, 2015 йил 27 февраль ва 24 апрель) судья Васильев 60 дан ортиқ ҳукм чиқарган, бу соатига еттита иш ёки ҳар бир ишга тўққиз дақиқа кетганини билдиради” (маърузадан).



Кўпинча ишларни ёппасига кўриб, ҳамма қўлга олинганларни бирданига сўроққа тутишади ва жазога тортишади. Қай тарзда кўриб чиқилишини тушуниш учун Мещан туман судидаги мажлиснинг стенограммасини ўқиш кифоя, судья Ирина Аккуратова. Мана бир парча.

Судья: Ўрнингиздан туринг. Ўзбекистон фуқаросимисиз?

Маҳбус: Худди шундай.

С.: Ўзбекистондаги манзилингизни айтинг.

Маҳбус манзилни айтади.

С.: Полиция лейтенанти Карабаев, Сердарё вилояти. Шунақаям ёзадими. Карабаевга салом айтинг.

Полициячи: айтамиз.

С.: Луғатга қараб ёзсин

З.: Кечирасиз, аммо бизда …

С.: Хўш, қани анави … паспорти?

З.: Мана паспорт, мана патент, регистрация, қариндошлари ҳозиргина олиб келиш…

С.: Ёнида йўқмиди?

З.: Йўғиди.

С.: Ёнида олиб юриш керак.

Суҳбат тамом.

Бу нарса “одатдаги суд тартиби”га айланиб қолди: ҳужжатлари жойида, аммо қўлга олинган пайтида ёнида бўлмаган. Кейинроқ қариндошлари олиб келса ҳам, судья уларни ҳисобга ҳам олмайди.

Стенограммасидан парча келтирилган 15 дақиқалик мажлиснинг якуни одатдагидай бўлди: қўлга олинган олти киши билан икки дақиқадан гаплашиб, жарима ва чиқариб юбориш тайинланди. Чиқариб юбориш аввал ихтиёрий бўлди. “Ким ўзи кета олмайди? Ким ўзи билет ола олмайди? Қўлини кўтарсин”, - деб сўрайди судья мажлис охирида.



Яна бир муаммо шуки, 18.8 ва 18.10 моддалар бўйича давлат адвокатининг иштироки кўзда тутилмаган: чунки бу моддалардаги жазода озодликдан маҳрум этилмайди. Таржимонга рухсат бор, аммо суд таржимонни чақиришга мажбур эмас. Шу сабабли, албатта, ҳеч қанақа таржимон ҳам йўқ.

Илларион Васильев: “Иккита вариант бор, буни ҳамма яхши билади. Муҳожирни ушлаганда, унга айтишади: ҳозир айбингга иқрор бўласан, эртага суд бўлади, кейин ўз ихтиёринг билан ватанингга кетасан. Ёки таржимон билан адвокатни талаб қилишни бошлайсан, сени 48 соатга ҳибсга оламиз, кейин суд бўлади, уёғи мажбурий чиқариб юбориш, шу билан 10 йилга Россияга кира олмайсан. Одатда муҳожирлар енгилроқ бўлган биринчи вариантни танлашади. Кейин судга ҳужжатларни олиб келишади, уларда муҳожир қинғир-қийшиқ қилиб, хатоларга тўла ариза ёзган бўлади. Унда рус тилини тушунишини, адвокат керакмаслигини ва айбига иқрор бўлишини ёзган бўлади. Бу ҳолда уни ҳимоя қилишдан наф йўқ. Айбига иқрорми, бўлди тамом”.

Ҳар қандай майда-чуйда ишлар, бирорта янглишиш, майда қоидабузарлик ҳам чиқариб юборишга асос бўлади: аввал ихтиёрий (ўзи билет сотиб олиб, кетади), кейин мажбурий (кетмайди ва яна қўлга тушади). Мажбурий чиқариб юбориш дегани, муҳожирни СУВСИГга жойлаштиришади, у ерда суд қарорини кутиб, икки йилгача ушлаб туриш мумкин.

Светлана Ганнушкина, “Фуқаролик кўмаги” қўмитаси раиси: “Махачқалада, СУВСИГда бешта сурияликлар ўтирибди. Учтасини февралда Москвага олиб келишди, кейин уларни Сурияга чиқариб юбориш қарори чиқди. Биттасининг Доғистонда хотини бор, иккита боласи бор. Биз унинг Россияда қолиш ҳуқуқини ҳимоялаб чиқдик, жумладан, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Европа конвенциясининг саккизинчи “Шахсий ва оилавий ҳаётнинг ҳурмат қилиниши ҳуқуқи тўғрисида”ги моддасини ҳавола қилдик. Судья эса рад этди, унинг айтишича, Европа конвенциясининг саккизинчи моддасига таяниб бўлмайди, чунки “бу одам оталик ва эрлик мажбуриятларини яхши бажармаган”. Бугунги кунда чиқариб юбориш тўхтатилган – бу бешта суриялик юзасидан Европа судининг қарори чиққан”.

“Тинглаш шарт эмас!”

“Баъзан судда ўз нуқтаи-назарига эга бўлган ҳимоячи, иш берувчи ёки адвокат борлигининг ўзи ҳам ёрдам беради, - дейди Илларион Васильев. – Судья ишни тўхтатиш ҳақида ҳукм чиқармайди, аммо қандайдир сабаб топиб, ҳужжатларни ФМСга қайтаради. Кейин миграция хизмати ходимига эшикни кўрсатишади ва у суд залидан чиқади, ўша пайтда битта одамни қутқариб қолганингизни тушунасиз. Аммо юрист сифатида ҳеч нима қилмаган бўласиз. Шунчаки судьялар овоза бўлишдан қўрқишади. Аммо ҳар бир қўлга олинган одамнинг ёнига адвокат қўшиб бўлмайди …»

Маърузадан – кузатувчи Щербин туман судига киришга уринмоқда, 2015 йил 9 июль.

“Ишни судья Ольга Сергеевна Иванова кўриб чиқмоқчи эди.

Биринчи гуруҳни суд залига олиб киришди. Кузатувчи ҳам “тингловчи” эканини айтиб, улар билан кириб кетмоқчи бўлди, аммо суд ижрочиси формасидаги одам йўлни тўсиб, “Тинглаш шарт эмас!” деди.

— Нега шарт эмас? Нега тақиқлаяпсиз? Асосингиз борми?

— Шунга.

— Кечирасиз, хона жуда кичкина. Ишда таржимон ҳам қатнашяпди, — деб гапга қўшилди ФМС ходими.

— Менинг иштирокимни тақиқлашга қандай асосингиз бор? — деб давом этдим.

— Мен айтдим.

— Сиз кимсиз?

— Мен суд ижрочисиман, чунки мен сизга айтдим!

— Нимага асосланиб менга суд мажлисида қатнашишга рухсат бермаяпсиз?

— Мен сизга айтяпман.

— Биринчидан, менга қўл теккизманг …

— Чиқ дедим, — паст овозда сенсиради формадаги киши.

— Иккинчидан, мен суд мажлисида тингловчи сифатида қатнашмоқчиман

— Йўғ-е?

— Шу судда қатнашишга ҳаққим йўқ бўлса, бунга асос келтиринг.

— Тинглаб нима қиласиз?

— Чунки бу нарса Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг йигирма тўртинчи моддасида ёзиб қўйилган.

— Сиз кимсиз ўзи? Ким?

— Тингловчиман.

— Булар сизнинг қариндошларингизми? Ўзи нима керак сизга?

— Гап қариндошликда эмас, гап шундаки, бу очиқ суд мажлиси.

— Нима?

— Бу очиқ суд мажлисими?

— Йўқ, ёпиқ.

— Нимага? Ким ёпиқ деб эълон қилган? Қачон?

ФМС ходими:

— Тортишмайлик”.

Иш берувчининг масъулияти

Муҳожирни “ноқонуний иш фаолияти юритгани учун” чиқариб юбориш ҳукмидан кейин негадир иш юборувчига нисбатан автоматик равишда иш очилмайди – ҳолбуки шундай бўлиши мумкин эди, чунки ишга ноқонуний жойлаштирилганлиги судда исботланди, бу нарсани қайта ўрганишга ҳожат йўқ. Маъмурий ҳуқуқбузарлик кодексининг 18.15-моддаси (“Хорижий фуқарони ноқонуний равишда иш фаолиятига жалб қилиш”) бўйича иш берувчи (юридик шахсни) ҳар бир муҳожир учун 250 дан 800 минг рублгача жаримага тортиш мумкин (Москва, Санкт-Петербург, Москва вилояти ва Ленинград вилоятида – 1.000.000 рублгача) ёки иш фаолиятини уч ойгача мажбурий тўхтатиб қўйиш мумкин. Бундан ташқари, иш берувчи бир нечта муҳожирни ёлласа, ноқонуний миграция ташкил қилгани учун жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аммо иш берувчига нисбатан ФМС иш очади. Миграция хизматлари иш қўзғаш ёки “дилдан” келишиб олишни ҳал қилишади. Ишчиларинг қўлга тушса, сен ҳам яхшигина жаримага тортиласан деган қатъий қоида йўқ. Ҳамма масъулият муҳожирнинг елкасига юкланади: жарима солишади, чиқариб юборишади, Россияга киришни тақиқлашади. Ишчилар устидан суд бўлиб ўтганидан кейин ҳам иш берувчи компания расмийлар ва органлар билан келишиши мумкин.

Светлана Ганнушкина: “Иш берувчилар ҳар хил бўлади. Айримлари ўз ишчиларини ҳимоя қилади. Айримлари эса аксинча, таъмагирлик билан шуғулланади: шунақаси ҳам бўлган, биз бепул юридик ёрдам бермоқчи бўлганимизда, иш берувчи бунинг эвазига сурияликлардан катта миқдорда маблағ олган (тўрт ёки беш минг евро) – ҳолбуки, сурияликлар қочқин мақомига эга бўлган ва уларни чиқариб юбориш мумкин эмас. Айримлар эса фақат ноқонуний муҳожирлар билан ишлашни маъқул кўради: полицияга саккиз юз бериб қутулгандан кўра, муҳожирга юзтани берган яхшироқ”.

Судьялар ва полиция

Яна битта жуда муҳим жиҳати бор. Чиқариб юбориш масаласида судьялар полиция билан ҳамкорликда ишлашади. Светлана Ганнушкина суд мажлисида судья билан полиция ўртасидаги суҳбатни эшитганини айтиб берди.

Судья: Флешкани олиб келдингми?

Полициячи: Эсимдан чиқибди.

Судья: Энди қарорни ўзим ёзишим керакми? Бирортасини жўнат, флешкани олиб келсин …

Дмитрий Медведев президент бўлган пайтида бундай ҳамкорлик ҳақида гапирган, бу сўзларни энг юқоридан берилган тушунтириш деб қабул қилиш мумкин. Судьялар фақат 0,8% ҳолларда оқлаш ҳақида қарор чиқаришини эшитиб, бошини силкитиб маъқуллаб қўйган: “Оқлаш ҳукми чиқарилса, бу суднинг фикри терговчининг фикрига тескарилигини билдиради. Бундай қилиш эса одатда жуда қийин. Бунга психологик нуқтаи-назардан, ҳатто профессионал ёки корпоратив нуқтаи-назардан қараганда ҳам шоҳид бўлиш мумкин”.

Агар суд психологик, профессионал ва корпоратив жиҳатдан тергов жараёни билан боғланган бўлса, демак, давлат томонидан чиқариб юбориш вазифаси қўйилган пайтда мустақил ҳукм чиқарилишини кутиб бўлмайди.

Маърузанинг тўлиқ матнини бу ерда ўқиш мумкин.

Мария Яновская

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама