15:29 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Россия: Ҳуқуқ ҳимоячилар меҳнат муҳожирларини қулга айлантириш, зўравонлик ва одам ўғирлаш ҳақида бонг урмоқдалар

16.05.2016 17:58 msk

Ўз мухбиримиз

Меҳнат муҳожирлари ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича “Единство” Регионлараро касаба уюшмаси Краснодар ўлкаси бўича Бошқарув кенгаши раиси Дилшод Назиров ўлка регионал прокуратураси, Тергов қўмитаси бошқармаси, ИИВ ички хавфсизлик бошқармасига ариза билан мурожаат қилиб, одам ўғирлаш, иш берувчи томонидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига нисбатан зўравонлик ишлатиш ҳамда полиция ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ҳолатларини текширишни сўради.

Дилшод Назаров томонидан “Фарғона” агентлигига ҳикоя қилиб берган кишини ғазаблантирувчи ушбу воқеа қуйидача содир бўлган. Саккизинчи май куни эрталаб Ўзбекистон фуқароси Одина Эгамова “Единство” касаба уюшмасига ишонч телефони орқали қўнғироқ қилган. Аёл 6 май куни иш берувчи хўжайини эри Зафар Эгамовни гўё помидор ва бодринг ўғирлагани учун шавқатсиз равишда калтаклагани ҳақида шикоят қилган. Унга кўра, эрини арматура, лом ва белкурак билан уришган ва шундан сўнг чалажон ҳолда қаёққадир олиб кетишган. Одина икки кун давомида хўжайинидан эри қаердалигини, унинг аҳволи қанақалигини билишга уринган ва бунга жавобан эрининг ўғирлик қилгани учун полицияга топширилганини эшитган.

- Биз ўша заҳотиёқ айтилган манзилга – Краснодардан тахминан 15 километр масофада жойлашган Старокарасунская станицасига қараб йўлга чиқдик. У ерда ташландиқ МТФ №1 заводи ёнида иссиқхоналар жойлашган катта дала бор. Бизни 14 нафар Ўзбекистон фуқаролари кутиб олдилар. Улар бу ердаги тўрт нафар Хитой фуқаросининг қўлида ишлаётган бўлиб, бир неча ойдан бери иш ҳақини ололмай юрибдилар. Баъзи мигрантлар 4 ой, баъзилари эса икки-уч ойдан бери ишлаяпти. Хитойликлар патент олиб беришни ваъда қилиб, ўзбекларнинг ҳужжатларини олиб қўйишган, аммо шу чоққача патентларни беришмаган, - дейди Дилшод Назиров.


Старокарасунская станицасидаги мигрантлар ишлаётган иссиқхоналар

Маълум бўлишича, Зафар Эгамов мигрантларнинг бригадири бўлган. Айнан унинг ўзи юртдошларини шу хўжаликка ишлагани олиб келган. Ишчилар “Максим” ва “Саша” деб чақирадиган хитойлик иш берувчилар унга одамларга яшаш учун қулай шароит яратиш, овқатини бериб патентларни расмийлаштириб бериш ҳамда ҳар бирига 22 минг рублдан иш ҳақи тўлашни ваъда қилишган. Бироқ амалда ҳаммаси бошқача бўлиб чиққан.

Мигрантлар номидан Назиров қўли билан ёзилган ҳамда 11 май куни Краснодар ўлкаси прокурори Л.Г. Коржинек номига йўлланган аризада, жумладан, қуйидагилар маълум қилинган: “Бизга қилишимиз керак бўлган иш ҳажмини кўрсатиб, чайлаларга жойлаштирдилар, чунки биз кириб жойлашадиган хоналарда ремонт ишлари тугамаган экан. Улар бир ҳафта ичида кўчиб киришимизни ваъда қилдилар. Эртаси куни Максим паспортларимизни олиб қўйиб, овқат бермай қўйди, ҳеч қаерга чиқармай, бизни қулларга айлантириб қўйди. Бизга энди сизлар менинг қулларимсиз, деб эълон қилди, аммо бизга тегишли ҳужжатларни унинг қўлида ишлашимиз учун расмийлаштиришини айтди. Тўрт ой давомида бизнинг яшаш шароитимиз ўзгармади, бизга овқатни деярли бермай қўйдилар. Ишда бизни помидор ва бодринг кўчатларини кимёвий қоришмалар билан ишлов беришга, химикатларнинг ўрамларини эса ёндириб ташлашга мажбурлашди. Қўлларимизни ювишга ҳам имконият бўлмагани важидан биз тўла антисанитария шароитида ишладик. Шу билан бирга, тўрт ой давомида хўжайинимиз Максим бизга нисбатан зўравонлик ишлатиб келди. 1994 йилда туғилган Мамасамиев Хадимжон ва Мамасамиева Ферузани (1998) белкурак билан урганидан сўнг улар ўз паспортларини бир амаллаб қўлга киритдилар ва қочиб кетишга эришдилар. Биз ҳаммамиз даҳшат ичида қулликда қолиб кетдик, чунки қочиб кетишга имконият бўлмади”.


Назиров ва мигрантларнинг Краснодар ўлкаси прокурорига аризасининг биринчи бети

Мигрантларнинг гапини олган Дилшод Назиров полицияга қўнғироқ қилди. Чақирувга катта лейтенатнт унвонидаги полициячи етиб келиб, ўзини маҳаллий участка нозири деб таништирди, лекин фамилиясини айтмади. Полициячи Одина Эгамовага гўё “ариза ёзиш учун” машинага ўтқазди ва хитойлик иш берувчиларга ўзининг ортидан юришга буюрди. Дилшод Назировнинг “аёлни қаерга олиб кетаётгани ҳақидаги саволига полициячи қўполлик билан: “Ишинг бўлмасин. Ақлли бўлиб кетган бўлсанг, сен ҳам улар билан бирга қамаласан”, деб дўқ урди.

Касаба уюшмаси раиси иккинчи марта телефон қилиб полиция чақирди. Улар етиб келгунича у Одина билан телефон орқали боғланишга эришди. Аёл йиғлаб Зафарнинг олдига етиб келганини, эри калтаклардан кўкариб кетгани, оёқлари сингани бироқ ҳеч ким унга медицина ёрдами кўрсатмаётганини маълум қилди. Боз устига, катта лейтенант унга пўписа қилиб, “агар бўлган ишлар ҳақида бировга шикоят қиладиган бўлсанг, эрини қаматиб юбораман”, деб қўрқитибди. Шу ерда Одина билан алоқа узилиб қолди.


Одина Эгамова

Иккинчи марта етиб келган полициячилар мигрантларга қулоқ ҳам солиб ўтирмадилар.

- Бизнинг вазифамиз сизларни яшаш ва ишлаш шароитингизни ёки бўлмаса, иш берувчининг муносабатини текшириш эмас. Ҳозир ҳаммангизни участкага олиб кетиб, ҳужжатларингизни текширамиз, кимники чатоқ чиқса, депорт қиламиз, бизнинг қиладиган ишимиз шу, - деди полициячилардан бири.

Дилшод Назировдаги маълумотга кўра, мигрантларнинг иккитасини ўша заҳоти депорт қилдилар, беш киши қочиб кетди, қолганлар эса бир амаллаб яна хитойлик қулдор хўжайинларининг олдига қайтдилар. Станицада қолганлар бир неча ой давомида ишлаган пулларини олишга умид қилмоқдалар.

Лекин ўша кундан, яъни 8 майдан бошлаб Одина ҳам йўқолиб қолди. Шу бугунги кунгача ҳеч ким унинг эри қаердалигини аниқ билмайди. Дилшод Назиров сўнгги бор Зафар Эгамов билан 11 май куни Тергов қўмитаси ўлка бошқармасига ариза бергани келганида терговчининг кабинетидан туриб телефон орқали гаплаша олди. Эгамовнинг айтишича, у қандайдир дала ҳовлида экан, бироқ манзилни билмайди. Шунингдек, агар у шикоят қиладиган бўлса, уни депорт қилишлари ёки бодринг ўғирлагани учун жиноий жавобгарликка тортишлари мумкинлиги билан қўрқитишаётганини маълум қилди. Алоқа яна узилиб қолди.

Биз Краснодар ўлкаси бўйича ИИВ Ички хавфсизлик бошқармасига ариза ёзиб, чақирув бўйича фермага етиб келган полиция ходими Полиция тўғрисидаги қонунни қўпол бузгани, мансаб ваколатларини суистеъмол қилгани, ўзини таништирмай, пўписа қилгани ва жабрланувчилардан ариза олишдан бош тортганини маълум қилдик. Шунингдек, Краснодар ўлкаси прокуратурасига, Тергов қўмитасига, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича парламент вакилига одам ўғирланиши тўғрисида ариза бердик. Биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари аҳволни батафсил текшириши, эр-хотин Эгамовларни топиши, уларни ва бошқа мигрантларни таҳқирлаганларни жазога тортишига умид қиламиз. Одам ўғирлаш ва уни ўз ихтиёрига қарши тутқунликда сақлаш ҳолати очиқ-ойдин кўриниб турибди. Биз, шунингдек, Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига марожаат қилиб, Старокарасунский станицасида содир бўлган ушбу воқеага эътибор қаратишларини сўраймиз, - дея хулоса қилди Назиров.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама