11:39 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда таҳоратхона қоғозидан ядро реакторларигача импорт учун янги божхона тўловлари ва акциз солиғи жорий қилинмоқда

06.11.2005 14:22 msk

Олег Байрамов

Биринчи ноябрдан бошлаб, президентнинг «Экспорт-импорт амалиётларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳақида» қарорига мувофиқ Ўзбекистонда республикага олиб кирилаётган истеъмол моллари учун янги божхона тўловлари ва акциз солиғи жорий қилинмоқда, шунингдек, жисмоний шахслар томонидан ун олиб кирилганда ягона божхона тўлови миқдори оширилмоқда.

Аввалда бўлгани каби божхона тўловлари оширилишининг ўта зарурлиги республикага паст сифатли ва сертификатланмаган молларнинг олиб кирилиши давом этаётгани билан изоҳланади. Шунинг учун солиқлар ва божхона тўловлари фақат омманинг манфаати йўлида - «ташқи савдо обороти мувозанатини ошириш, экспорт-импорт амалиётларини божхона-тариф жиҳатдан тартибга солинишини бундан буён такомиллаштириш, корхоналарнинг технологик қайта жиҳозланиши ва модернизацияси учун қулай шарт-шароитлар шакллантириш, экспортга мўлжалланган рақобатбардош ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида» оширилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, божхона тўловлари ставкалари билан тўлов олинадиган моллар рўйхатида юзлаб товарлар белгилаб қўйилган. Ушбу рўйхат шу қадар кўламлики, унда Ўзбекистонга олиб кирилиши мумкин бўлган деярли ҳамма нарса - таҳоратхона қоғозидан ядро реакторларигача бор.

Биринчи ноябрдан бошлаб бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига белгиланган акциз солиқлари ошди: гўшт ва уй паррандалари маҳсулотларига 50 дан 70 фоизгача (ушбу маҳсулотни олиб кириш учун 30 фоиз миқдорида божхона тўлови ҳам жорий қилинган), гўшт ва балиқдан қилинган тайёр маҳсулотларга 10 фоиздан 30 фоизгача акциз солиғи белгиланган.

Қарор билан йирик шохли қорамол гўшти импортига 20 фоиз ҳажмида ва сухарига 40 фоиз ҳажмида акциз солиғи киритилмоқда. Кўнгил очиш учун мўлжалланган товарлар (30 фоиз) олиб кирилишига янги акциз, шунингдек, амалдаги ставкаларни сақлаб қолган ҳолда 46 та товар бўйича тўқимачилик маҳсулотлари ва 76 та товар бўйича кийим-кечак буюмларига дифференцияланган импорт божхона тўловлари киритилади. Шакар импортига нисбатан божхона тўловлари бироз – 20 фоиздан 30 фоизгача кўтарилади, бироқ гуруч импортига нисбатан акциз ставкалари 40 фоиздан 20 фоизга пасаяди.

Ун масаласига келсак, 1 ноябрдан бошлаб тижорат мақсадида жисмоний шахслар томонидан ун олиб кирилиши учун ягона божхона тўлови ставкаси маҳсулотнинг қайси мамлакатда ишлаб чиқарилганидан қатъий назар божхона тўловисиз киритилиш нормалари қўлланмаган ҳолда 20 фоиздан 26 фоизгача оширилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқий шахслар томонидан буғдой унининг олиб киритилиши учу божхона тўлови 5 фоиздан 10 фоизгача оширилмоқда. Бошқа турдаги ун импорти учун божхона тўловлари ўзгаришсиз (30 фоиз) қолган.

Барча турдаги божхона тўловлари тўланганидан кейин республикага олиб кирилаётган истеъмол молларининг нархлари қай даражада ошишини ҳисоблаб чиқиш қийин эмас. Масалан, гўшт ва парранда маҳсулотлари (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 70 фоиз), сут-қатиқ маҳсулотлари, йогурт, кефир (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 50 фоиз), пишлоқлар (божхона тўлови 5 фоиз, акциз 50 фоиз), сақич (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 70 фоиз), ананас ва цитрус шарбатлари (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 70 фоиз), шоколад ва таркибида какао бўлган бошқа тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 30 фоиз), парфюмерия, косметика (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 50 фоиз) аудио и видеоаппаратура (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 45 фоиз), телевизорлар (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 60 фоиз), микроавтобуслар (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 70 фоиз), гиламлар (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 90 фоиз), музқаймоқ (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 200 фоиз), шакар (божхона тўлови 30 фоиз, акциз 30 фоиз).

Аммо божхона тўловлари ва акциз бу ҳали ҳаммаси дегани эмас. Ташиб киритилаётган барча молларга барча божхона тўловлари ва акцизлар тўланганидан кейин 20 фоиз миқдорида қўшимча қиймат солиғи тўланади. Бунга қўшимча равишда савдода яхши алоқаларни ўрнатиш ҳақида битимлар имзоланмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган молларга нисбатан божхона тўловларининг асосий ставкалари икки баробар ошади ҳамда МДҲнинг тегишли битимлар имзоланган мамлакатлари молларидан тўлов олинмайди. Учинчи мамлакатларда ишлаб чиқарилган истеъмол моллари Ўзбекистонга реэкспорт қилинса, импортчилар 20 фоиз ўлчамида қўшимча тўлов тўлашларига тўғри келади.

Санаб ўтилган янгиликлар фақат ҳуқуқий шахслар – савдо фирмалари ва ширкатларга тегишли, холос. Ўзбекистонга мол олиб кирувчи хусусий савдогарларга учун эса солиқнинг алоҳада тартиби жорий қилинган: улар акциз солиғидан ташқари бир қатор моллар учун ноозиқ-овқат маҳсулотларига 70 фоиз ҳажмида ва озиқ-овқат маҳсулотларига (унни истисно қилганда) 40 фоиз ҳажмида божхона тўлови ва УНС билан ягона божхона тўлови тўлашлари шарт бўлади.

2004-2005 йиллар мобайнида Ўзбекистонда истеъмол молларининг киритилиши учун уч маротаба янги акцизлар ва божхона тўловларини киритганлар ва оширганлар. Бу каби тадбирлар билан ҳукумат маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рақобатдан ҳимоя қилишга ҳамда истеъмолчиларни унчалик сифатли бўлмаган маҳсулотни сотиб олишга уринмоқда, истеъмолчилар эса бундай қилишни ҳечам истамаяптилар.

Тўловлар ва акцизларнинг оширилиш сабабларидан яна бири Ўзбекистон раҳбариятининг ўзи ҳашамат белгиси деб ҳисоблаган матоҳларга валюта ажратишни истамаслигидан келиб чиқади. Бундай матоҳларга ҳукумат одатда қаҳва, шоколад, пардоз-андоз буюмлари, заргарлик буюмлари, аудио- ва видеоаппаратура, телевизорлар, гиламлар, автомобиллар, сақич ва бошқа товарларни киритади.



 

Реклама