05:08 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Барҳаёт полк” акцияси Тошкентда: Биринчи бор ва тақиқларга қарамасдан

12.05.2016 12:20 msk

Сид Янышев

Шаҳар расмийларининг тақиқлашига қарамасдан, режаланганидан камроқ одам иштирок этган бўлса ҳам, тўққизинчи май куни Тошкентда “Барҳаёт полк” акцияси бўлиб ўтди. Шу билан бирга, яқинда Москвага расмий ташриф буюрган президент Ислом Каримов анча йиллардан бери биринчи марта 1941-1945 йилги урушни Улуғ Ватан Уруши деб атади. Георгий тасмасини Ўзбекистон байроғи рангидаги тасма билан алмаштириш кампанияси эса бошланмасиданоқ амалга ошмади. Бир чеккадан изоҳласак.

Хотира ва Қадрлаш кунига икки ҳафтача қолганида (Ғалаба куни Ўзбекистонда 1999 йилдан бери шунақа номланади – “Фарғона” изоҳи) ижтимоий тармоқлар ва бошқа маҳаллий сайтларда шундай хабар пайдо бўлдики, гўё президент Каримовнинг “Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасини абадийлаштириш” тўғрисидаги фармонининг ижроси доирасида, қандайдир ёшлар ташаббус гуруҳи билан Ўзбекистон жангчи-фахрий ва ногиронлар “VETERAN” бирлашмаси биргаликда Тошкентда “Барҳаёт полк” акциясини ўтказишни режалаштирмоқда.

Бунинг учун тошкентликлар урушда қатнашган қариндошларининг сурати ва маълумотларини ташкилотнинг электрон почтасига юбориши ва айтилган манзилга уларнинг рамкага солинган суратини олиб келиши керак эди. Кейин эса ўзлари “9 май куни 10:30 да пойтахтдаги “Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасининг кириш жойига шахсан келиб, ўша ерга қўйилган фотоматериалларни қўлга олиб, бошқалар билан колонна бўлиб юриши ва абадий олов ёнида шаҳидларга эҳтиром билдириши керак” бўлган.

Аммо иккинчи май куни Тошкент ҳокимиятининг ахборот хизмати “айрим интернет нашрларида хабар қилинган “Барҳаёт полк” акцияси режалаштирилган тадбирлар рўйхатида йўқ” деган хабарни эълон қилди. Бошқача қилиб айтганда, бу акцияни ўтказишга рад жавоби берилди. Аммо бу пайтга келиб, режалаштирилган акция доирасида “VETERAN” бирлашмасига юздан ортиқ сурат келиб тушган эди.

“Биз “VETERAN” бирлашмасига мурожаат қилганимизда, улар ёрдам қилишга ваъда беришди ва биргаликда ишни бошлаб юбордик, - дейди лойиҳа координаторларидан бири Глеб Смирнов. – Бирлашма шаҳар ҳокимиятига ариза ёзди, унда “Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасида уруш қатнашчиларининг суратлари жойлаштирилган стендлар ўрнатиш режаси ҳақида айтилган эди. Аммо биз аризани нотўғри ёзибмиз, унда стендларнинг сурати ва жойлаштириш схемасини келтириш керак экан. Шу сабабли бундай кўргазмани ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслигини айтиб, сурат олиб келиш ва уларни кўтариб марш ўтказишни тақиқлашди.

Аммо бизга юборилган барча уруш қатнашчиларининг суратларини келажакда шаҳардаги музейлардан бирига жойлаштиришни мўлжаллаб турибмиз. Қайси музейдалиги ҳали аниқ эмас. Айни пайтда бир нечта музей билан музокара олиб бормоқдамиз ва тез орада жавоб олиш умидидамиз. Жавоб олишимиз билан барчага маълум қиламиз”.

Аммо ҳокимият “Барҳаёт полк” акциясини ўтказишни тақиқлагани ҳақидаги маҳаллий матбуотдаги хабарни ҳамма тошкентликлар ҳам ўқимагани тўққизинчи май куни маълум бўлди: ўша куни “Биродарлар қабристони”га ташриф буюрган бир неча минг кишидан тахминан юз киши ветеран қариндошларининг суратини олиб келди. Мангу олов ҳамда “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига аввал дипломатик вакиллар, кейин Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти офицерлари томонидан гулчамбар қўйиш тантанасидан кейин бу одамлар суратларини кўтариб, ёдгорлик атрофида айланишди. Яхшики, уларга ҳеч ким тўсқинлик қилмади.

Президентнинг кутилмаганда “янглиш гап айтиши”

Одатда Ўзбекистон президенти “Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасига келмайди – ҳар йили тўққизинчи май куни эрталаб Каримов бошчилигидаги давлат делегацияси Мустақиллик майдони яқинидаги Хотира майдонида мангу олов ва “Мотамсаро она” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйиб келади.

Бу йили об-ҳавонинг ноқулай келиши туфайли президент томонидан гулчамбар қўйиш маросими саккизинчи майга кўчирилди. Маросимдан кейин Каримов одатдагидек, уруш ва меҳнат фахрийлари, сенатор ва депутатлар, ҳукумат вакиллари ва журналистларга тантанали нутқ билан мурожаат қилиб, жумладан қуйидаги сўзларни айтди:

“Шу кунларда юртимизда, қишлоқ ва шаҳарларимизда, ҳар бир оила ва хонадонда каттаю кичик – барча ватандошларимиз 9 май – Хотира ва қадрлаш кунини, Улуғ Ватан урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллигини кенг нишонламоқда. Ана шу буюк ғалабани қўлга киритишда мардлик ва жасорат кўрсатган фахрийларимизни, фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизни табриклаш, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилаш мен учун катта шарафдир.”

Шу нутқда президент урушни Улуғ Ватан уруши деб атади, ҳолбуки Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери совет даврига тегишли ёдгорлигу топографик номларни йўқ қилиб келинганидан ташқари, бу уруш Иккинчи жаҳон уруши деб аталади.

Мустақил таҳлилчилар Каримовнинг бу иборани қўллагани бежиз эмаслигини айтиб, буни президентнинг яқинда (25-26 апрелда) давлат ташрифи билан Россияга боргани ва шунинг ортидан Ўзбекистон-Россия муносабатларининг илиқлашуви эҳтимоли борлиги билан боғламоқдалар. Акс ҳолда, “Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасидаги парад ва гул қўйиш маросимида дикторнинг эълонлари давлат тилида эмас, балки фақат рус тилида янграганини бошқа қандай изоҳлаш мумкин?!


Тошкентда 9 майни нишонлаш, 2016 й. Фото © “Фарғона”

Георгий тасмасига муқобил Ўзбекистон тасмаси

Апрель ойида кўплаб ижтимоий тармоқларда шундай хабарлар пайдо бўлдики, Тошкентда ва Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида георгий тасмасини тақиб олган хусусий автомобилларни ЙПХ ходимлари тўхтатмоқда. Ҳайдовчиларга бу тасмаларни олиб ташлаб, ўрнига Ўзбекистон байроғи рангидаги кўк-оқ-яшил тасмаларни совға қилишган ва тақиш тавсия этилган.

Одатда ҳайдовчилар ЙПХ ходимлари билан баҳсга киришмасдан, индамасдан тасмаларни олишган. Аммо автомобилларига тақиб қўйишга шошилишмаган. Бугун ҳам шошилишмаяпти. Чунки Ўзбекистонда георгий тасмаларини тақиш расман тақиқланмаган. Георгий тасмасига эса кўникиб қолинган, бу тасма 2005 йилдан бери Ўзбекистонда ҳам, собиқ иттифоқ республикаларида ҳам Ғалаба куни рамзига айланган.

“Биродарлар қабристони” мемориал мажмуасига ҳам кўпчилик кўксига георгий тасмасини тақиб келди. Умуман шаҳар бўйича ҳам бир неча кишигина Ўзбекистон байроғи тасмасини таққанига “Фарғона” мухбири гувоҳ бўлди.

Шуни қайд қилиб ўтиш лозимки, аксарият ўзбекистонликлар учун Россия каналларини кўрсатувчи кабель телевидениеси асосий ахборот манбаси бўлиб қолган, шу сабабли республика аҳолисининг аксарияти Россияга хайрихоҳ. Россия президенти Владими Путин эса аҳоли орасида деярли Ислом Каримов билан бир хил обрўга эга. Шунинг учун Россиянинг рамзи бу ерда ҳам иззатга лойиқлиги ажабланарли ҳолат эмас.

Бу орада Ўзбекистон телевидениеси ҳам георгий тасмасига яширинча тақиқ қўйди. Масалан, бешинчи май куни Тошкентдаги уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида бўлиб ўтган байрам концертини тасвирга олиш учун “Ахборот” информацион дастури ижодий гуруҳи келди. “Концерт арафасида пансионат директори Турсунмурод Эшиев фаоллардан бирига Россия элчихонасидан ҳамма учун жами юзта тасма олиб келишни буюрди, концертдан олдин олтмиштача одам шу тасмалардан тақиб олган эди, - дейди шу пансионатда яшовчи Геннадий Юртаев. – Аммо концерт бошланишидан ижодий гуруҳ раҳбари бизнинг терапевтимиз Феруза Иноғомовага нимадир деди, кейин терапевтимиз “пансионат директори буйруғи билан” тасмаларни олиб ташлай бошлади”…


Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари эса Ғалаба кунини “халқлар отаси” Иосиф Сталин номи билан боғлайди. Тошкент, 2016 й. Фото © “Фарғона”

Фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси берган маълумотларга кўра, 2015 йилда Ўзбекистонда 3109 нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси ва 70 минг атрофида меҳнат фронти фахрийилари қолган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Тошкентда 300-400 нафар уруш қатнашчиси яшайди. Охирги йил ичида уларнинг сони қанчалик камайгани ҳақида маълумот йўқ. Пойтахт бўйича ҳам, республика бўйича ҳам бугунги кундаги ҳолатга оид аниқ рақамлар йўқ.

Расмий маълумотларга кўра, Улуғ Ватан урушида 1,5 миллион ўзбекистонлик қатнашган, ҳолбуки, уруш бошланган пайтда республика аҳолиси бор-йўғи 6,5 миллион атрофида бўлган. 500 мингдан ортиғи урушдан қайтиб келмаган. 338 киши Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлган. Уруш йилларида Ўзбекистон эвакуация қилинган бир миллионга яқин болалар, аёллар ва кексаларни қабул қилган.

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларига 800 минг сўм (бозор нархида $125) миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам берилди. Таққослаб кўрсак, Марказий Осиёдаги мамлакатлардан фақат Туркманистондагина фахрийлар бундан кам ($57) олишди. Қирғизистонда $200, Тожикистонда $250, Қозоғистонда эса $450 миқдорида ёрдам берилди.

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама