16:38 msk, 19 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон Игор Савицкий коллекциясининг виртуал каталоги яратиладими?

28.04.2016 21:10 msk

Борис Чухович

© Мақола “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги учун махсус ёзилган. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Кўчириб босишда манбани ва муаллифни кўрсатиш шарт

Европа матбуотида Нукусдаги аҳвол мониторинги

Ўтган ҳафтада Европада яна Нукусдаги музей ҳақида материал пайдо бўлди, унда жуда кўп ишлатилган “Саҳродаги Лувр” ибораси яна бир бор қўлланди. Париждаги таниқли Mediapart виртуал портали блогери Доминик Коний “Саҳродаги Лувр: бу сени яхшироқ кўриш учун, бўтам!” деб номланган мақолани чоп этди. Ўз навбатида немис газетаси Die Welt ўрта саҳифасида Юлия Смирнованинг “Нимага “Саҳродаги Лувр” жиддий хавф остида?” деб номланган мақоласини чиқарди.

Журналист ва ёзувчи Доминик Конийнинг мақоласини афсонасифат матн дейиш мумкин. Унда “илгари ёпиқ бўлган ўлканинг очилиши”, “улкан пахта монокультураси”, “ўлкага ишқи тушиб қолган фидойи инсон” ва унинг издошига “асраш учун топширилган хазина”, “уни асраш, кўргазма ва архивация ишларида сўзидан қайтмас аёл” ва “20-30-йиллардаги рус авангардининг дунёдаги энг зўр коллекцияси, Петербургдагидан кейин иккинчи ўринда” каби жумлаларга тўлиб-тошган.


Mediapart сайтида мақола расми сифатида Савдар Георгиев ва Аманда Поупнинг “Тақиқланган санъат саҳроси” (2011) ҳужжатли фильми постеридан парча қўйилган

Музейдаги сўнгги тўқнашувлардан хабари бор одам бунақанги образли ибораларнинг аксариятини шубҳа остига олиши ёки аниқлаштириши мумкин эди, аммо 2015 йилнинг август охири ва кузидаги баҳс-мунозарали мақолаларга муаллифнинг кўзи тушмаган шекилли. Қолаверса, Доминик Конийнинг аудиторияси ҳам тафсилотларга берилмаган: бу одамларнинг ўзи бундай музейнинг борлигини шу мақоладан билишганга ўхшайди. Улар учун асосий масала – Мариника Бобоназарованинг ўтган йили ишдан олинишига жавобан кечроқ билдирилган муносабат эмас, балки музейдаги коллекциянинг бутун сақланишидир. Матннинг ҳис-ҳаяжонга тўла шу қисмида муаммонинг моҳияти ёритилади. Конийнинг хавотирланишига сабаб, коллекциянинг бир қисми республиканинг марказий музейларига ўтказилиши мумкин, у ҳолда эртакчи Перро айтган оқибатлар келиб чиқади (“бу сени яхшироқ кўриш учун, Қизил шапкача”). Яна эслатиб ўтилишича, қувғиндаги Гулнора Каримованинг Женевадаги вилласида бошқа музейлардаги асарлар топилган (аниқлик киритиб ўтсак, виллада топилганлардан фақат Резниковнинг “Анор” картинасигина музейдан олинган дейилмоқда. – муаллиф изоҳи) ва президентнинг кичкина қизи “иштаҳаси карнайлиги, бунга Калифорниядаги улкан кошонаси ва ундаги гўзал арт-галереяси исбот эканлиги” ёзилган.

Die Welt газетасидаги Юлия Смирнованинг мақоласи Нукусга буюрилган ташриф ва бир нечта мутахассислар, жумладан, музей ходимлари билан суҳбатларга кўра ёзилган. Ундан маълум бўлишича, собиқ директорнинг муаммолари 2015 йилнинг ёзидан бошланган, ўшанда унга Ўзбекистондан чиқишга рухсат берилмаган. У пайтда ҳали текширув комиссияси ва псевдоэкспертлар воқеаси бўлмаган эди. Бундан ташқари, бешта картинанинг алмаштириб қўйилиши юзасидан очилган жиноий ишда Мариника Бобоназарова ягона гувоҳ сифатида қатнашмоқда экан. Унинг раҳбарлиги остида Савицкийнинг 100 йиллигига бағишлаб тайёрланган каталогнинг тиражи мусодара қилинибди. Музей ходимлари томонидан имзоланган, собиқ директорни ҳимоя қилиб ёзилган арзнома шу ходимларга қарши қўлланибди. Музей ходимларини қўрқитиб қўйишибди, уларга босим ўтказилмоқда экан (афсуски, бундан мақсад нималиги аниқлаштирилмаган). Нукус аҳолиси пинҳона тарзда Мариникага хайрихоҳлик қилар экан, аммо дилидагини ташқарига чиқара олмас экан. Таниш манзара...


Булардан келиб чиқадиган хулоса шуки, Савицкий музейидаги кадрлар алмашувини ортга қайтариб бўлмаслиги кўриниб турган бўлса ҳам, айнан собиқ директор билан боғлиқ вазият хорижий матбуотнинг эътиборида турибди. Доминик Коний деярли афсус билан ёзади: “У [Мариника Бобоназарова - БЧ] меросхўр ҳам, [музейнинг - БЧ] эгаси ҳам эмас, балки шунчаки ўз миссиясини англаб етган, васиятга содиқ қолган инсондир”. Бундай муносабатнинг охири тушкунлик билан тугайди: агар Фейсбукдаги қўллаб-қувватлаш гуруҳи фаолларидан бирининг сўзи билан айтганда, “музей бу – Мариника” бўлса, унинг кетиши билан коллекциянинг умри тугаши керак эди.

Музей Мариника Бобоназаровасиз ҳам яшай оладими?

Албатта, тушкунликка тушишга асос бор. Шахсан Савицкийнинг ўзи Мариника Бобоназаровани бош қўриқловчи қилиб тайинлаган. У ўз вазифасининг уддасидан чиққанини аксарият мутахассислар тан олади: бошқа музейларга ўхшаб, коллекциялар қисман талаб кетилмади. Собиқ директор ишлаган йилларда асарларни сақлаш ва реставрация қилиш шароити кескин яхшиланганини аниқлаш қийин эмас. Экологик фожианинг марказида жойлашган шаҳарда янги архитектуравий мажмуанинг босқичма-босқич қурилганини эса унинг касбий жасорати деб ҳисоблаш мумкин. Дирекциянинг кўргазмалар ва илмий тадқиқотлар ўтказиш фаолияти асарларни асраш фаолиятидек пухта бажарилмаган бўлса ҳам, шуни ишонч билан айтиш мумкинки, Мариника Бобоназарованинг ишдан олинишига сабаб, Маданият вазирлиги унинг тадқиқотчилик салоҳиятига шубҳа қилгани ёки унинг кўргазмалари ва мақолаларида советча тушунчаларни топгани эмас. Бу ўринда раҳбариятнинг алмаштирилишига сабаб айнан музейдаги бойликларни қўлга киритиш мақсадида режалаштирилгани ҳақидаги фараз ўринлигина эмас, балки юқори эҳтимолга эга.


Мариника Бобоназарова музейда. 2015 йилда олинган сурат

Бу вазият анча-мунча чигаллашиб кетган, аммо нима бўлганда ҳам айни пайтда Мариника Бобоназарованинг шахсига ёки жиноий ишга эмас, балки музейда нималар бўлаётганига ва бўлишига эътибор қаратиш лозим. Мариника Бобоназарованинг ўзи “ташқи” фаолларнинг қўллаб-қувватлашидан ўзини четга олмоқда, очилган жиноий ишнинг тафсилотлари эса барибир судгача номаълум бўлиб қолади.

Янги директор Максет Карлыбаевни санъатшунослар ҳамжамиятида деярли ҳеч ким танимайди, аммо унинг касбий тажрибасига қараб, бировларнинг қўлида қўғирчоқ бўлмаслигига умид уйғонади. Музейшунос ёки санъатшуносликка ўқимаган бўлса-да, ҳар қалай ижтимоий фанларга оид бир нечта мақола ёзган, Ғарбдаги бир нечта илмий институтда диссертация ҳимоя қилган ва тажриба орттирган. Мариника Бобоназарова директор лавозимига тайинланганида фақат Жаҳон тиллари институтининг дипломига эга бўлган, санъатшуносликка олти йилдан кейингина Тошкент театр ва рассомчилик институтида сиртдан ўқиган.


Максет Карлыбаев. Фейсбукдаги шахсий саҳифадаги сурат, туширилган санаси номаълум

Максет Карлыбаев биринчи интервьюсини дипломатик тилда олиб бориб, асосий саволларни жавобсиз қолдирди, аммо Мариника Бобоназарова ҳам доим ҳукумат билан тил топишар эди ва ҳеч қачон “режим билан курашувчи” бўлмаган. Ўз-ўзидан равшанки, олдинги раҳбарни олиб ташлаб, янгисини тайинлаш сабабини англашимиз керак. Менимча, янги раҳбариятнинг мақсадини аниқлаш мумкин бўлиб, у қуйидагилардан иборат.

Виртуал каталог – расмийларнинг мақсадидан дарак

Бугунги Нукус коллекцияси бу – 1990-2000 йилларда тўқилган афсона. Музейнинг бир нечта ходимидан ташқари ҳеч ким заҳирахонада сақланаётган асарларнинг ҳаммасини кўрмаган. Музей фондининг кам фоизигина чоп этилиб, кўргазмага қўйилган. Улар ҳам асосан 1980 йилларда урф бўлган “югураётиб ташлаб кетилган авангард” мавзусига мос келадиганларидир. Қолаверса, коллекциянинг қолган қисми ҳақида ишончли маълумот йўқлиги боис, бу борада якуний хулоса чиқариб бўлмайди. Албатта, аввалги каталогларда чоп этилган асарларни хавфдан холи дейиш мумкин: уларнинг аниқ нусхасини яратишнинг деярли иложи йўқ, ўғирлашга эса ҳозирги вазиятда ботинишмаса керак. Аммо бу нашрларда коллекциянинг максимум беш фоизигина ёритилган, бундан келиб чиқадики, экспонатларнинг катта қисми ҳимоя остида эмас. Айниқса санъат асарларининг жаҳон бозорида таниқли бўлган ва Россияда талабгорлари кўп бўлган рус рассомларининг асарларидан хавотирланиш лозим.

Бир мисол келтираман. Турли манбаларда айтилишича, Нукус коллекциясида Иван Кудряшовнинг 285 та ёки ҳаттоки 351 та асари мавжуд. Бу рассом УНОВИС уюшмасининг Оренбург бўлинмаси асосчиси, абстракт геометризмнинг “космик” версияси муаллифидир. Ҳолбуки, Гугенхейм коллекциясида унинг бор-йўғи олтита асари бор, Третьяков галереясида эса, “Прошлый век”га кўра, иккитагина асари бор (улардан бири ўта машҳур бўлиб, Костаки коллекциясидан ўрин олган, театр залидаги безакнинг хомакисидир). Нукусдаги юзлаб асарлардан озгинасигина чоп этилган – “Югураётиб ташлаб кетилган авангард” албомидан графикали тўртта варақ, музей сайтида эса акварель ва мойбўёқ билан ишланган расм холос. Бошқа асарлар ҳам бор бўлиши мумкин, аммо Савицкий коллекциясидаги Кудряшов бўлимининг асосий қисмини музей ходимларигина кўрган бўлса керак. Чоп этилмаган бу асарларнинг қиймати ҳар хил бўлиши мумкин: кимошди савдоларида Кудряшов асарлари беш мингга ҳам, эллик беш минг долларга ҳам сотилган. Аммо Нукусдагилар шундоғам қиммат ҳисобланади, агар музейдаги Кудряшов асарлари бозорга чиқарилса, уларга қанақа нарх қўйилишини тахмин қилиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам уларнинг асли 285 тами ёки 351 талиги масаласи жиддий аҳамият касб этади...

Шундай қилиб, Нукус музейининг асосий муаммоси – коллекциянинг электрон каталогини яратиш ва оммага тақдим қилишдир. Мутахассислар азалдан шу муаммони кўтариб келишган. Шуни биламанки, айрим обрўли халқаро институтлар 2000 йилларнинг биринчи ярмидаёқ Савицкий жамғармасини рақамлаштириш ва интернетга жойлаштириш харажатларини тўлашга тайёр бўлган. Аммо каталог яратилмаган. Мариника Бобоназарова музей раҳбари бўлган даврда тадқиқотчиларнинг илмий фаолиятига шароит яратиб берилмаганидан нолиш мумкин, аммо коллекциянинг бутун сақланишига ҳамма амин бўлган. Бугунги кунда айнан коллекциянинг бутун сақланиши масаласи биринчи ўринга чиққани учун, каталогнинг яратилиши ёки яратилмаслигига қараб, раҳбариятнинг ўзгариши сабабларини тахмин қилиш мумкин. Агар янги директор тезда тўлиқ каталогни тузишга киришса, унинг фаолиятига бўлган ишонч дарҳол ортади. Аммо илгаригидек иш юритиладиган бўлса, яъни, айрим асарларгина интернетга қўйилса, кўргазма залларида суратга олиш тақиқланса ва бошқа чеклов чоралари туфайли музейга фақат бир-иккита мутахассис ёки маданий ҳордиққа қизиқадиган туристларгина келадиган бўлиб қолса, у ҳолда коллекциянинг бутун сақланишига умид қолмайди.

Халқаро майдонда бу ишлар қандай бажарилади

Албатта, агар барча асарлар интернетга қўйиладиган бўлса, томошабин Нукусга келиб ўтирадими, деган савол туғилади. Бутунжаҳон тажрибасига асосланиб, бунга аниқ жавоб бериш мумкин: виртуал кўргазма ташкил қилинадиган бўлса, томошабинлар доираси тораймайди, балки кенгаяди. Дунёда энг кўп ташриф буюриладига ўнта тасвирий санъат музейи ичида фақат Ватикандаги музейларгина тўлиқ виртуал каталогга эга эмас (аммо Римдаги музейларнинг (MAXXI сингари музейлардан ташқари) ачинарли аҳволи ҳаммага маълум бўлиб, уларни намуна қилиб бўлмайди. Аммо шуниси аниқки, музей қандай аҳволдалигидан қатъи назар, одамлар Сикстин капелласини кўргани боради).


Рейтинг етакчиси – уни “Сенадаги Лувр” деб атайлик –график коллекциясининг тўлиқ каталогини ва рассомлик коллекциясининг жуда катта фондини ўнлаб йиллар олдиноқ интернетга чиқарган. Унинг сайтидаги айрим асарлар музейнинг ўзидагидан ҳам кўра батафсилроқ тасвирланган. Айтайлик, Жокондани барча исталган кўринишда томоша қилиш мумкин, хоҳлаган одам расмнинг орқа томонидаги майда ёриқларгача кўриши мумкин. Унинг турли йўсинда сканердан ўтказилган нусхаларини, ҳаттоки, айрим тошкентлик экспертларга мамнуният бағишлайдиган жиҳати, расмнинг ултрабинафша лампа ёрдамида сканерланган суратини ҳам кўриш мумкин. Аммо буларнинг ҳаммаси ўша залга оқиб келадиган томошабинларни тўхтата олмайди. Маданиятшунослар бу ҳодисанинг таърифини келтириб қўйишган – кўплаб олинган нусхалар оригиналнинг аурасини сусайтирмайди, балки кучайтиради холос.

Умуман олганда, жаҳон музейлари тажрибасидан келиб чиқсак, ҳозирги пайтда виртуал портал дегани туристлар учун реклама буклетининг интернетдаги шакли вазифасинигина бажармайди. Умумий йўналиш шунақаки, бу порталлар ҳозирда музей витринаси, алоқа воситаси, маълумотлар омбори ва тадқиқот воситаси функцияларини ўзида жамламоқда. Кўпчилик музейларнинг сайтларида коллекция суратларига қўшимча равишда унга оид маълумотлар: провенанс (келиб чиқиши), қайси кўргазмаларга қўйилгани, аввалги ва ҳозирги атрибуцияси, иқтибос даражаси, библиографияси, мавзулар мазмуни ва ҳоказолар келтирилади.

Нью-Йоркдаги Метрополитен музейининг виртул каталогида Темурийлар санъатини қидириб кўрсангиз, 64 та натижа чиқади. Ҳар бир тасвирнинг юқори сифатли версиясини кўриш ва юклаб олиш мумкин, унга оид барча маълумотлар ҳам тақдим этилади. Британия музейининг сайтида ҳам шу аҳвол – маълумотлар омборига киритилган маълумотдан ташқари кўплаб асарларнинг битта эмас, бир нечта суратлари бор бўлиб, улар асар ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Вашингтон Миллий галереяси сайтида Л.Лисицкийнинг 2 та асари, Казимир Малевичнинг битта ва Марк Шагалнинг 413 та асари борлигини бир зумда аниқлаб, уларнинг аксарияти билан танишиб чиқиш мумкин.

СССР ва собиқ иттифоқдош республикалар музейларидаги санъатшуносларнинг кўз қорачиғидай асралган, эринмасдан тўлдириб борилган сирли каталог карточкаларини ҳеч ким кўрмаган бўлса, энди улар онлайнга қўйилиб, бир зумда халқаро илмий ишларда қўлланилиши мумкин. Бундан ҳамма ютади. Музей ўз ишини намойиш қилади, унинг натижасидан дунёдаги ҳар қандай тадқиқотчи фойдаланиши мумкин бўлади, бунинг оқибатида эса мақолалар кўпайиб, коллекция оммавийлашиб боради, шу билан бирга музей фондининг рамзий ва моддий қиймати ошиб боради. Дунёнинг энг йирик музейларида шундай ошкораликка эришилган экан, Нукусда бу нарсани амалга ошириш шарт. Чунки бу музейнинг санъатшуносликни илмий ривожлантириш учун ресурслари ўта чекланган бўлиб қолмоқда.

Шундай қилиб, виртуал каталогни тузиш хоҳишининг йўқлигини тижорий мақсадлар билан оқлаб бўлмайди. Каталогнинг тузилиши коллекциянинг талаб кетилишидан ҳимоя қилишидан ташқари, муҳим бир жиҳати ҳам борки, бу мавзу ҳали тилга олинмади.

“Ворис-2” операцияси

Нукусдаги музейнинг директори ўрнига келиб қолган ҳар қандай мутахассис ўзини Савицкийнинг меросхўри ва унинг ишининг давомчиси сифатида тасаввур этишга мажбур – чунки бу лавозимнинг моҳияти ҳам шунда - by default. Аммо бу лойиҳанинг моҳияти ва келажак тақдири ноаниқ бўлиб турибди. Савицкийнинг бош биографи асарларни тўплашнинг “монографик тамойили” ёки уларнинг “кенг ёйиб қўйилиши” ҳақида гапиргани билан ҳеч нимага аниқлик киритмайди. Жумладан, қуйидагилар ноаниқ бўлиб қолмоқда: музейнинг асосчиси 20-30 йиллардаги, музей ва ҳаёт ўртасидаги тўсиқни олиб ташлаган радикал авангард музейлари тажрибасининг тарафдори бўлганми ёки “гўзаллик халоскори” сифатида анъанавий ва консерватив қарашларга эга бўлганми ёки “миллий меросни ташкил этиш” ғоясидан илҳом олганми? Охиргиси хатарли йўл эканлигини ҳисобга олсак, “миллий меросни ташкил этиш” маҳаллий партия-номенклатура элитаси ўйнаган ўйин шартларига мажбурий бўйсунишмиди ёки у Савицкийнинг ўз дастурига мос келармиди? Бу масалаларни алоҳида мақолада батафсил ёритган маъқул. Аммо битта нарсани аниқ айта оламиз – Савицкийнинг стратегик мақсади тўпланган асарларни жисмоний сақлашгина эмас, балки уларни шаҳарга ва бутун дунёга намойиш қилиш бўлган. Ўзи тўплаган асарларни суратга олишни тақиқлайдиган ёки уларни виртуал шаклда бутун дунёга тақдим қилишни истамайдиган музей асосчисини тасаввур қилиш қийин.

Мариника Бобоназарова Савицкийдан бошқачароқ ижтимоий шароитда фаолият юритиб, СССР тарқалиб кетиб, бозор иқтисодиёти кириб келган даврда ҳам музейни сақлаб қола билди. Бугун эса вазифа бошқача қўйилган: коллекцияни таланишдан ҳимоя қилган ҳолда, уни кенг кўламли ўрганиш ва намойиш қилиш йўлини топиш лозим. Шу мақсадни назарда тутсак, виртуал каталогни яратишга бўлган муносабат кўп нарсага ойдинлик киритади. Максет Карлыбаев қайси йўлдан боради? Музейда сақланаётган бойликларнинг калитини ўзида сақлаб қолишга интиладими ёки коллекцияни ҳақиқатан ҳам шаффоф қилиб қўядими? Ҳалқаро ҳамжамият билан биргаликда ишлашни маъқул кўрадими ёки онда-сонда чет элда ўтказиладиган кўргазмалар билан кифояланадими? Ёки Die Welt газетасида ёзилганидек, музей олдига тўхтайдиган “Даниялик ва Швециялик пенсионерлар ўтирган автобуслар” билан кифояланиб қоладими? Умид қиламизки, тез орада ҳаммаси ойдинлашади.

Борис Чухович - музейшунос, санъатшунос (Université de Montréal), мустақил куратор

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама