16:38 msk, 19 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

АҚШ ва Санжар Умаров ўзбек клептократиясининг пуллари масаласини ҳал қилмоқчи

25.04.2016 15:20 msk

Мария Яновская

Бугун Вашингтонда қуйидаги савол муҳокама қилинадиган жамоатчилик мунозараси бўлиб ўтади: Швейцария банкларида музлатиб қўйилган ўзбек клептократиясининг маблағларини қаерга йўналтириш мумкин.

Эслатиб ўтамизки, жорий йил февралида АҚШ Адлия департаменти хабарнома чиқарди, унда жумладан шундай дейилган: “АҚШда қимматли қоғозларини савдога чиқарган, катталиги бўйича дунёда олтинчи ўринда турувчи VimpelCom Limited ва унинг Ўзбекистондаги шўъбаси ООО Unitel билан АҚШ Адлия департаменти биргаликда резолюция чиқарди. Унда ёзилишича, бу компания 2006-2012 йилларда Ўзбекистон амалдорларига 114 миллион доллардан ортиқ пора берганлигини тан олган. <…> Шу муносабат билан Адлия департаменти Швейцария банкларида жойлашган 550 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилиш учун фуқаролик даъвосини тақдим этди. Бу маблағлар “Вымпелком” ва бошқа иккита телекоммуникация компанияси томонидан ўзбекистонлик амалдорга тўланган. <…> Бундан олдинроқ, 2015 йилнинг 29 июнида бошқа даъво берилиб, унда Белгия, Люксембург ва Ирландиядаги банк ва инвестицион ҳисоблардаги 300 миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилиш кўзда тутилган эди. Бу пуллар ҳам “Вымпелком” ва бошқа телекоммуникация компанияси томонидан худди ўша амалдорга пора сифатида тўланган”.

Мусодара қилинган маблағларни тақсимлаш эҳтимолига бағишланган Вашингтондаги мунозарада собиқ ўзбек тадбиркори ва сиёсий маҳбус Санжар Умаров ҳам иштирок этади. Санжар Умаров 2009 йилда қамоқдан озод этилган бўлиб, ҳозирда АҚШда яшайди. “Фарғона”га маълум бўлишича, у АҚШ Адлия департаментига хат юбориб, бу пулларнинг бир қисми унга зарарни қоплаш учун тўланиши кераклиги ҳақида даъво қилган. Бунга “Уздунробита” билан боғлиқ масала ҳам киради, бу телекоммуникация компанияси 2006 йилдан бери МТСнинг шўъба корхонаси ҳисобланиб, 2013 йилда банкрот деб эълон қилинган ва унинг активлари “Ўзбектелеком” миллий алоқа операторининг балансига ўтказилиб, менежерлари судланган эди.

Биз Санжар Умаровдан бу даъво тўғрисида, бу маблағларнинг мусодара қилиниши ва тақсимланиши ҳақида қандай тасаввурда эканлиги ҳақида батафсил сўраб-суриштиришга қарор қилдик.

Санжар Умаров

- “Уздунробита” 1991 йилда ташкил қилинган. Сиз озод этилганингиздан кейин берилган баёнотда сиз ““Уздунробита” лойиҳасида бевосита иштирок этганингиз” ёзилган, бошқа мақолада эса сизни компаниянинг муассисларидан бири деб аташган. Сизнинг иштирокингиз қай тарзда расмийлаштирилган эди?

- “Уздунробита”ни ташкил этиш ҳақидаги шартнома америкаликлар ва Ўзбекистон ССР Алоқа вазирлиги томонидан 1991 йилнинг февралида имзоланган. Ҳужжатни алоқа вазири ва унинг ўринбосари имзолаган, америкаликлар томонидан Пол Гриффитс ва Виктор Фишман имзолаган. Қўшма корхона ташкил этиш таклифи Ўзбекистон тарафига 1990 йилнинг биринчи ярмида берилган, аммо таклиф Алоқа вазирлигида тураверган: алоқа соҳаси деярли “муқаддас” соҳа бўлгани учун, унга чет элликларни, айниқса америкаликларни киритиш жуда қийин эди. Шунинг учун Ўзбекистон томони бу лойиҳани қабул қилмаган, лойиҳа “чанг босиб ётган”. Мен бу ҳақда америкаликлардан билиб қолдим: ўша пайтда бизнес-мактаб билан шуғулланар эдим, биз Тошкентдаги чет элликларни жалб қилишга ҳаракат қилар эдик. Бундан ташқари Виктором Фишман билан дўстона муносабатда эдик, у эса Пол Гриффитснинг ёрдамчиси эди. Уларнинг офисига тез-тез бориб турардим.

Мен лойиҳани кўриб қолиб, варақлаб чиқдим, қизиқ экан. Нимага ётибди деб сўрадим. – Ҳечам юришмаяпти, Алоқа вазирлиги жавоб бермаяпти. Хоҳласанглар, мен шуғулланаман, декб таклиф қилдим. Қизиқ экан, аммо битта шартим бор: бу билан фақат мен шуғулланаман, мендан бошқа ҳеч ким Алоқа вазирлигига бормаслиги керак. Рози бўлишди, чунки бу лойиҳа бир неча ойдан бери ётган эди, октябрь ойи ўтаётган эди.

Мен бу лойиҳа билан шуғуллана бошладим ва декабрь охирига келиб, шартнома билан устав борасида розилик олдик. Мен бунга икки ойда эришдим. Расмий имзолаш 1991 йилнинг февралида ўтказилди.

- Сизнинг “Уздунробита”даги иштирокингиз қандай расмийлаштирилди? Сиз мулкдормидингиз? Ёки бенефициарми? Компания хусусий бўлганидан кейин-чи?

- Аввалига “Уздунробита” давлат иштирокидаги қўшма корхона эди. Буларнинг ҳаммасини эслаш ёқимли эмас… Мен Америка компанияси номидан иш юритсам ҳам, Ўзбекистон фуқароси ва совет одами эдим, шунинг учун давлат манфаатлари ҳисобга олинишига ҳаракат қилардим. Бошланишига Алоқа вазирлигига 55 фоизини бердик, 45 фоизи америкаликларга ўтди. Бу тақсимот озгина ўзгаришлар билан 2001 йилнинг бошигача амалда бўлди. Кейин бир таниқли зот (интервью давомида Санжар Умаров унинг исмини тилга олмади, аммо Гулнора Каримова назарда тутилаётгани аниқ эди. – “Фарғона” изоҳи.) “”га кўз олайтириб, давлат улушини деярли текинга ўзиники қилиб олиб, офшор компанияси номига ўтказди, кейин уни МТСга сотди. Эгасиз нарсани эгаллаб олди.

Бир вақтнинг ўзида америкаликларнинг улушини ҳам сувтекинга олиб, уни ҳам МТСга сотди. Охир-оқибат МТС “Уздунробита”нинг 100 фоизлик эгасига айланди. Аммо бу нарсалар босқичма-босқич амалга оширилди.

- Бу зот америкаликларнинг улушини қандай қилиб олди?

- Мен билганим бўйича, у бошида америкаликлар улушининг деярли ярмини, яъни 20 фоизини талаб қилган: уларнинг манфаатларини ёқлагани учун бўлишишни талаб қилган. Қолганини эса давлат улушининг бир қисмига эгалик қилганидан кейин тортиб олди: у 51 фоизга эгалик қилгани учун америкаликларни “сиқиб чиқарди”. Америкаликларни боши муаммодан чиқмай қолди: токни ўчириб қўйишарди, Ўзбекистонга келган техник ходимларни қўрқитишарди. Охир-оқибат америкаликлар ўзида қолган улушни ҳам сувтекинга бериб кетишди. Бу зот уларни олиб, МТСга сотди.

- Бу воқеалар 2006 йилда, яъни “Ўздунробита” МТСнинг шўъбасига айланганида бўлган. У пайтда сиз қамоқда эдингиз-ку?

- Булар 2001 йилдан бери давом этиб келди.

- Хўп, унда компанияда расман ким эдингиз? АҚШ Адлия вазирлигида бадал олиш ҳуқуқингизни қандай асослайсиз? Сиз расман директормидингиз ёки компанияга маблағ ётқизганмисиз?

- Бу қўшма корхона америкаликлар ва ЎзССР Алоқа вазирлиги томонидан тузилган эди. Қўшма корхонада мен вазирлик улушига даъво қила олмас эдим. Компания ташкил қилинаётганда мен америкаликларга айтдим: бу инвестицион лойиҳа мен учун қизиқарли, менга фоиз керак эмас, аммо компанияни сотаётганда менга “биринчи қўл ҳуқуқини” берасизлар (“Сотувдаги имтиёзли ҳуқуқ” – “Фарғона” изоҳи.). Бошқача айтганда, бу биринчи рад этиш ҳуқуқидир. Улар пул топиб, сарфланган харажатларни қоплаб, фойда олганидан сўнг бизнесни сотиши керак бўлади, ўшанда биринчи бўлиб менга таклиф қилишлари керак. Биринчи бўлиб рад этиш ҳуқуқи менга берилган, бу ҳақда “” директори Гриффитс билан келишувимиз бор эди.

- Демак, сизни бу ҳуқуқдан маҳрум қилишибди-да?

- Биз эндигина бизнес билан шуғулланишни бошлаган эдик, аммо ҳали ҳам совет одами эдик, давлат манфаатлари ҳақида ўйлардик. “Курашлар” билан давлат улушини хорижликлардан олганмиз, чунки давлат бир тийин ҳам сарфламаган, фақат частоталарга ва бошқа нарсаларга рухсатнома берган. Офис ижараси, миноралар, электр токи ва ҳоказоларнинг ҳаммасини америкаликлар тўлар эди.

Ўн йилдан кейин давлат раҳбарининг қизи вазирлик улушини сувтекинга олиб, сотиб юбориши мумкинлигини билмаганман.

Бу нарса хаёлимга ҳам келмаган.

- Ҳеч ким билмаган.

- Ҳа. Бориб, ҳақингизни талаб қилолмасангиз… Унақада Ўзбекистонга қайтмасдан, Америкада яшашга тўғри келарди, унақа ниятим йўқ эди. Болаларим АҚШда ўқигани учун оилам ўша ерда яшарди. Аммо йилига икки марта, таътилда Ўзбекистонга келишарди, мен ҳам мунтазам равишда бориб турардим. 70 фоиз вақтни бирга ўтказардик.

Фарзандларим ўзини муҳожирдек ҳис қилмаслиги учун ватанда ўз уйи бўлиши керак, деб ҳисоблардим. Ўғлим университетни битирганида, магистр даражасида ўқишига ҳам қўймай, Ўзбекистонга қайтишга кўндирганман.

- Ҳозир сиз биланми?

- Ҳа. Ҳозир ҳамма шу ерда.

- Сиз АҚШ Адлия департаментига хат юбориб, суд мусодара қилиши мумкин бўлган маблағнинг бир қисмига даъво қилибсиз. Бу маблағ сизга “Уздунробита” иши юзасидан бадал сифатида тўланиши керак. Шу ростми?

- Фақат “” юзасидан эмас. Бу зотнинг мусодара қилинадиган пуллари қаердан келгани менга қизиқ эмас. Бу пулларнинг бир қисмини фуқаролик жамиятини қўллашга йўналтириш керак деб ҳисоблайман. Аммо шахсий манфаатим ҳам бор – менга етказилган зарар тўланиши керак. Хуллас, битта даъвода иккита масала.

«Дождь» телеканалига берган интервьюда айтганимдек, нохушликлар “Ўздунробита” билан бошланди. Асосий нохушлик 2005 йилда юз берди, бу йирик GTL (Gas To Liquid) лойиҳасига боғлиқ эди. Мен бу лойиҳани 2003 йилдан бери илгари суриб келаётган эдим. Гап табиий газдан суюқ углеводород ишлаб чиқариш ҳақида эди. Бу 100 фоизлик инвестицион лойиҳа бўлиб, уни ўшанда бир миллиард долларга баҳолаганмиз, ўшанда биз бу лойиҳани амалга ошириш учун ҳукуматдан ҳатто кафолат сўрамаганмиз ҳам – гап тўғридан-тўғри инвестициялар ҳақида кетаётганди.

Маълумки, ўша пайтлардаёқ нефть қазиб чиқариш камайиб, суюқ углеводородлар камчил, газ эса кўп эди. 2000 йилларнинг бошида табиий газдан суюқ углеводород ишлаб чиқариш технологияси пайдо бўлди. Биз Америкада шу масала билан шуғулланадиган йирик компания билан музокара ўтказиб, шу лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишга келишдик. Менинг вазифам шу лойиҳани илгари суриш эди.

Биз 2003 йилда ишни бошлаган эдик. Ўзбекистонда шундай бир қоида бор, қиймати 20 миллиондан ошадиган лойиҳа инвестицион дастурга киритилиши керак, бу дастурни ҳар йили президент имзолайди. Лойиҳа президентга кириши учун унга бош вазир, бош вазирнинг тўртта ўринбосари ва тўртта давлат маслаҳатчиси виза қўйиши керак. Тўққизта имзо.

Бу имзоларни олиш осон эмас. Ҳар бирининг ваколатли одами бор, улар билан учрашиб, келишиб, “масалани ҳал қилиш” керак. Мен бунга рози бўлмадим, бундай йўлдан бормоқчи эмасдим.

Бу пайтда Америкада оилам яшарди, фарзандларим ўқирди, менда ҳам доимий яшаш ҳуқуқи бор эди, шу сабабли порага аралашгим келмади. АҚШда “Хориждаги коррупцияга қарши кураш” ҳақида қонун (Foreign Corrupt Practices Act, FCPA) бор, шу қонун доирасида мени жиноий жавобгарликка тортишларини хоҳламадим. Мен бу лойиҳага юзлаб миллион доллар пул тикадиган ҳамкорни топдим, эди унга нима дейман? Порани ҳам тўлаш керак дейманми? (кулади) Бу бемаъни ва ноқонуний йўл эди.

Мен очиқ усулни қўллашга аҳд қилдим, президентнинг кўзи тушиши учун лойиҳа ва унинг имкониятлари ҳақида интервью бу бердим. Аммо интервьюга Zeromax компаниясининг (Ўзбекистон иқтисодиётига энг йирик инвестор бўлган швейцар-ўзбек компанияси, уни Гулнора Каримова назорат қилган; 2010 йилда банкрот деб эълон қилинган. – “Фарғона” изоҳи.) кўзи тушган шекилли, менга таклиф берилди: сендан ўн фоизини сўрашган бўлса, биз беш фоизга ҳал қилиб берамиз. Шунда 100 млн. доллар эмас, 50 бўлади (агар лойиҳа бир миллиардлик бўлса). Аммо мен бир долларга ҳам рози эмасдим, умуман бунақа усулда ҳал қилишга рози эмасдим.

– Шундай қилиб, лойиҳа амалга ошмадими?

- Мен ҳибсга олинганимдан кейин бу лойиҳани бошқалар иштирокида жонлантиришди. Ташкил қилинаётганидаёқ лойиҳани тўрт миллиарддан ортиққа баҳолашди. Аммо иш тўхтади: нефть нархи тушиб кетди. Лойиҳа фойда келтириши учун нефтнинг нархи камида 40 доллар бўлиши керак.

- Зарарни қоплаш масаласига қайтсак. АҚШ Адлия департаментига ёзилган хатда нима дегансиз?

- Мусодара этилган маблағларнинг бир қисмини демократияни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва фуқаролик жамияти учун йўналтириш, шу жумладан, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси томонидан жабрланувчи деб топилган одамларга тўлов сифатида ишлатиш мумкинлигини ёзганман. Қўмита Ўзбекистонга бадал тўлаш мажбуриятини юклаган, аммо Тошкент ҳалигача ҳеч нарса тўламаган. Ўзимнинг зарарларимни қоплаш ҳақида ҳам ёзганман.

- Адлия вазирлигининг даъвосида ёзилишича, бу пуллар “Вымпелком” ва иккита телекоммуникация компанияси (номи айтилмаган) берган пора деб ҳисобланади. Сизни қамашганидан кейин 2006 йилда “Ўздунробита” МТСнинг шўъбасига айланди. GTL лойиҳаси ҳам сизсиз бошлаб юборилди. Телекоммуникация компанияларининг пора сифатида берган пуллари бошқа соҳада етказилган зарарни қоплашга ишлатилиши керакми? Бу пулларнинг бир қисмига қилган даъвоингиз нимага асосланади? Уларнинг Гулнора Каримовага тегишли эканлигигами?

- Тушунтириб ўтай. Адлия вазирлиги олиб бораётган ишда иккита банд бор. Биринчиси – Foreign Corrupt Practices Act, бу қонунга кўра Адлия вазирлиги ва телекоммуникация компаниялари, масалан “Вымпелком”, “Телиасонера” ва бошқалар ўртасида музокаралар ўтказилмоқда.

- “Вымпелком” жарима тўлашга розилик билдирди.

- Ҳа. АҚШ ҳукуматига тўланади. Ишнинг иккинчи банди бу – Kleptocracy Asset Recovery Initiative: таниқли зотга тегишли ҳисоблардаги пуллар шу ҳаракатга асосланиб музлатилган. Албатта, телекоммуникация компаниялари Америка ҳукуматига тўлайдиган пулга даъво қила олмайман: бу маблағларни нима қилишни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Агар Ўзбекистонда фуқаролик соҳасини қўллаб-қувватлашга ишлатилса, зўр бўларди. Аммо буни уларнинг ҳукумати ҳал қилади.

Таниқли зотнинг музлатиб қўйилган пулларига эса даъво қила оламиз, чунки бу пуллар энди телекоммуникацион компанияларники эмас. Бу пуллар таниқли зот ёки унинг яқинлариники. Ёки бенефициар эгасининг офшор компаниялариники.

Менинг ҳибсга олинишим ортида “Зеромакс” ва таниқли зот турганини ҳисобга олсак, мен албатта даъво қилишим мумкин.

- Буни тасдиқлай оласизми?

- Ҳа, шундай деб ўйлайман. Тасдиқлай оламан.

- Иккита банд бўйичами? “Ўздунробита” ва GTL? Ёки президентнинг қизи поймол қилган ҳуқуқларингиз учун курашадиган бошқа ишлар ҳам борми?

- Буёғи ишнинг тафсилотларига киради. Юристларнинг иши.

- Аммо Департамент бу пулларни мусодара қилиш даъвосида ютиб чиқсагина, сиз ҳам даъво қила оласиз, шундайми?

- Ҳа.

- Сизга етказилган зарарни қандай суммада баҳолайсиз?

- Буниси ҳам ишнинг тафсилоти.

- Қизиқ-да барибир.

- Бу саволни юристлар билан келишиб олишим керак. Буниси кейинги босқичда ҳал бўлади, биз ҳозир биринчи босқичдамиз.

- Зарар суммасини ҳали аниқламаганмисиз?

- Аввал биринчи босқичдан ўтайлик, кейин кўрамиз. Step by step (қадам-ба қадам).

- Департаментга хат жўнатишнинг ўзи биринчи босқич эмасми? Бундан ўтдингизми?

- Ҳа, аммо энди жавоб келиши керак, мулоқот ўтиши керак.

- Демак, хатда зарарни келтирмасдан, фақат ўз ҳуқуқларингизни билдирганмисиз?

- Ҳа. Бу биринчи сўров эди.

- Бу ишингиз муваффақият қозониши эҳтимолини берувчи суд ишлари Америкада бўлганми?

- Ҳа. Ҳаттоки Foreign Corrupt Practices Act доирасида ҳам амалга ошган ва жабрланувчи томон фойдасига ҳал бўлган ишлар бор. Агар ҳукумат судда енгиб чиқса, бу пулларни кимга тақсимлашни ўзлари ҳал қилади, иккинчи марта судга бориш шарт эмас. Адашмасам, бир неча йил олдин Нигерия диктаторининг мусодара қилинган пулларига оид шунақа иш бўлиб ўтган.

- Пора берадиган компаниядан бевосита жабрланмаган шахслар ҳам бадал олишганми?

- Ҳа, чунки пуллар энди пора берувчи компанияники эмас, балки шу порани олганларники ҳисобланади.

- Бу пулларга бошқа даъвогарларни танийсизми?

- Ҳа. Чой ишлаб чиқариш билан боғлиқ бир компания бор эди, булар анчадан бери судлашмоқда.

- Улар ҳам зарарнинг қопланишини талаб қилишадими?

- Шунақа бўлса керак.

Қозоғистон ҳукумати билан Ғарб нефт компаниялари ўртасидаги шубҳали алоқаларга боғлиқ жанжал – После “Казахгейт” дан кейин Швейцария банкларидаги ҳисобларда ўнлаб миллион доллар ҳибсга олинган эди. 2008 йилда, Қозоғистон, АҚШ ва Швейцария ҳукуматлари ўртасидаги уч томонлама келишув натижасида БОТА (“Бота” деб ҳам ёзилади) хайрия жамғармаси тузилди. Бу жамғармага мусодара қилинган 84 миллион доллар ўтказилди. Бу пайтга келиб, Швейцария банкларидаги сумма фоизлари билан 115 миллион долларга етган эди. БОТА жамоат жамғармаси аҳолининг ижтимоий ночор қатлами ва кам таъминланган оилалардаги болалар ва ёшларга грантлар тақдим этар эди: моддий ёрдам берилган, ННТ орқали ижтимоий хизматлар кўрсатилган, талабалар учун таълим грантлари ажратилган. 2014 йилда жамғарма ўз ишини якунлади, чунки пул тугади.

-“Казахгейт”дан кейин ҳам пуллар мусодара қилиниб, , Қозоғистон, АҚШ ва Швейцария БОТА жамғармасини тузишди, бу жамғарма пулларни тақсимлаш билан шуғулланди. Ўзбекистонда бунақа жамғарма ташкил этиш мумкинлигига ишонмайман: бунинг учун Тошкент иштирок этиши керак, аммо ўзбек расмийлари бундай қилмайди.

- Бошқа вариант йўқ бўлса, балки шундай қилган маъқулдир?

- Улар бу пулларни қайтармоқчи.

- Ҳа. Аммо қайтаришнинг иложи йўқлигини билгач, рози бўлишади. БОТА ҳам дарров ташкил бўлмади, Қозоғистон ҳам пулларни қайтаришга уринди. Иложи бўлмагач, рози бўлишди. Ўзбекистон Адлия вазирлигининг даъвоси ҳақида январда маълум бўлди, ўшандан бери жимжитлик. Буни ким маслаҳат берганини билмайман, аммо шунчаки бюрократия учун қилишган шекилли, кейинчалик гап тегмаслиги учун. Нимадир қилаётганларини кўрсатиш учун Ўзбекистон Адлия вазирлиги шуни таклиф қилган. Аммо уларда имконият йўқ, назарий жиҳатдан ҳам ҳеч нимага эриша олишмайди.

Мен “Бота”га ўхшаган жамғарма тузишни таклиф қилган бўлардим. Пул кўп, анча нарсага етади. Ҳар йили даромад келтирадиган Нобель жамғармасига ўхшаган нарса тузишн таклиф қилардим. Ҳаммасини сарфлаб тугатмасдан, маблағни ижтимоий тадбиркорликни ривожлантиришга ётқизиш, олинган даромадни эса фуқаролик жамияти ва аҳолининг ижтимоий ночор қатламининг эҳтиёжлари учун ишлатишни маслаҳат берардим.

-Пулларнинг бир қисми хориждаги мухолифат фаолиятига йўналтирилиши мумкинми? Ёки ўзбек ҳукумати иштирок этгани туфайли бу масала муҳокамага ҳам қўйилмайдими?

- Ҳеч ким, ҳеч қандай ҳукумат сиёсий фаолият учун маблағ ажратмайди, мухолифат фаолияти эса сиёсатдир. Мусодара қилинган пуллар сиёсатга йўналтирилиши мумкин эмас.

Мария Яновская суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама