06:50 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси Қирғизистондан Азимжон Асқаровни озодликка чиқариш ва унга чиқарилган ҳукмни бекор қилишга чақирди

22.04.2016 15:40 msk

Фарғона

“Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ экспертлари Қирғизистон ҳукуматидан турмада сақланаётган сиёсий фаол ва журналист Азимжон Асқаровни зудлик билан озодликка чиқаришга чақирмоқдалар, маълум бўлишича, у қонунга хилоф тарзда қўлга олинган, қамоқда ғайри инсоний шароитларда сақланган, қийноқларга солиниб, шавқатсиз муносабатларни бошидан кечирган ҳамда суд тингловлари давомида ўзини ҳимоя қилиш учун керакли тарзда тайёргарлик кўриш имкониятидан маҳрум этилган, - дейилади Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг бугун тарқатилган матбуот релизида. – Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси жаноб Асқаров томонидан Қирғизистон устидан ёзган шикоятини кўриб чиқиб, унга қўйилган айблов ҳукмини бекор қилишга чақирмоқда”.

Азимжон Асқаров бошидан ўтган кечинмаларининг қисқача баёни

“Воздух” ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг раҳбари Азимжон Асқаров 1996 йилдан бери ҳуқуқ ҳимоя фаолияти билан шуғулланиб келади. У қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги миллатлараро тўқнашувда иштирок этишда ва одам ўлдириш бўйича айбловлар билан 2010 йил 15 июнь куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўғон туманида ҳибсга олинган. Маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларнинг кўрсатмаси бўйича Асқаров июнь фожиалари давомида инсон ҳуқуқларининг бузилишларини ҳужжатлаштириш ва мониторинги билан шуғулланиб келган, ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг айрим фурсатларини фото ва видеосуратларга олиб келган. Ҳуқуқ ҳимоячининг қирғизистонлик ва ўзбекистонлик ҳамкасблари таъкидлашича, Асқаров ўз зиммасига олган ижтимоий миссияни ҳалол ва холислик билан бажариб келган ва оммавий тартибсизликларда, одам ўлдиришларда асло қатнашмаган. Шунга қарамай, 2010 йил 15 сентябрда Асқаровни “оммавий тартибсизликларни уюштириш” ва “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимини ўлдиришда иштирок этишда шерик бўлгани” учун умбрбод қамоқ жазосига ҳукм қилдилар, мол-мулкини мусодара қилдилар. Асқаровга чиқарилган умрбод қамоқ жазоси барча юқори инстанция судлари, шу жумладан, Қирғизистон Олий суди томонидан ўз кучида қолдирилди.

2011 йил мартида Азимжон Асқаров People in Need (Одамлар муҳтожликда) ҳуқуқ ҳимоя жамияти томонидан “инсон ҳуқуқлари ва демократия учун курашга салмоқли ҳисса қўшгани учун” ҳар йили атоқли шахсларга топширадиган нуфузли Homo Homini мукофоти билан тақдирланди. 2012 йилда Асқаров Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (CPJ) Press Freedom Award мукофотига сазавор бўлди. 2015 йил июлида АҚШ Давлат департаменти Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофти билан тақдирлади.


Нью-Йоркда ўтган Press Freedom Award эълон қилиниши маросими давомида Азимжон Асқаровнинг фотопортрети меҳмонларнинг ҳар битта столга қўйилган

Буни кўриб расмий Бишкек жазавага тушиб кетди: Ташқи ишлар вазирлиги Асқаровни “жиноятчи” деб атади, Қирғизистон ҳукумати эса АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича битимни бекор қилди. Қирғизистонлик ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилар Қирғизистон ҳукуматига кўп бора мурожаат қилиб, Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқиб, унга чиқарилган умрбод қамоқ жазосини бекор қилишни сўрадилар.

Қўмита қарори

“Таркибига инсон ҳуқуқлари бўйича 18 нафар мустақил эксперт кирган Қўмитанинг аниқлашича, Қирғизистон Асқаровнинг иши бўйича фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро Пактнинг бир нечта моддаларини бузган”, - дейилади БМТ Қўмитаси хабарномасида (Қирғизистон ушбу ҳужжатга қўшилган давлатлардан бири саналади).

* Қўмита қарорининг тўлиқ матни билан на нашем сайтимизда танишиш мумкин (инглиз тилида)

Қўмита қайд этишича, жаноб Асқаровни аввал ҳалок бўлган ходим ишлаган милиция бўлимида сақладилар, бу ерда унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳеч қандай чора кўрмадилар. “Мустақли экспертлар томонидан ўтказилган суд-медицина экспертиза натижалари ҳамда бошқа далиллар унинг (жаноб Асқаров) қийноққа солинганини кўрсатмоқда”, - деб ёзадилар Қўмита аъзолари ўз хулосаларида.

Қирғизистон, шунингдек, Асқаровнинг қийноқлар тўғрисидаги шикоятларини тез ва самарали текшируви ўтказилишини таъминламаган, - дейилади Қўмита ўз хулосасида. 2013 йилда ўтказилган кейинги текширув “кенг қамровли бўлгани билан, холислик тамойилига риоя қилиниши таъминланмаган, негаки 100 дан зиёд ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, судьялар, суд котиблари ва прокуратура ходимлари ўртасида сўров ўтказилган бир пайтда, (жаноб Асқаров) қамоқда ўтирган пайтда уни бориб кўриб юрган адвокатлари, ҳуқуқ ҳимоячилар ва қариндошларининг фикри олинмаган”, - дея маълум қилади Қўмита.



Қўмита маълум қилишича, жаноб Асқаров сақланаётган шароит ғайриинсоний ҳолатда бўлган, унинг оғир касалини даволашга зарур шарт-шароит яратилмаган.

Қўмита қайд этишича, Асқаров ўз адвокати билан ёлғиз учраша олмаганин, ўзининг ҳимоясини тайёрлаш учун зарур маълумотлар тақдим эта олмаганини маълум қилган. Ҳалок бўлган милиция ходимининг қариндошлари бир неча бор унинг адвокатига ҳужум қилганида, милиция ва прокуратура бу ҳолатга бепарволик билан қараган.

Қўмитага кўра, бу аҳвол “адвокатнинг ўз профессионал вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилувчи ёппасига қўрқув муҳитини вужудга келтирган”. Шунингдек, 2010 йил 2 сентябрда бошланадиган суд мажлиси тўғрисида адвокатга кечиктириб хабар берилган. Ушбу суд тингловлари давомида айблов томонидан 16 та гувоҳнинг кўрсатмалари кўриб чиқилган. Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, “айбланувчи ва адвокат томонидан самарали ҳимояни таъминлашни амалга ошириш учун” гувоҳларни чақириш ва уларниг кўрсатмаларини кўриб чиқиш кафолати ўта муҳимдир.

Қирғизистон Асқаровни зудлик билан озодликка чиқариши ва унга етказилган барча зарарларни қоплаши шарт, дея таъкидлайди Қўмита ўзининг хулосасида. Зарур бўлса, “объектив ва холис текширув, айбсизлик презумпцияси ва бошқа процессуал кафолатлар тамойилларига риоя қилган ҳолда” янги суд процесси ўтказилиши лозим, - дея билдирдилар Қўмита аъзолари.

Ҳуқуқ ҳимоячилар фикри

- Асқаровнинг иши Қирғизистондаги жуда баҳсли кейс бўлиб қолмоқда ва билишимча, бу ҳуқуқий тамойиллар эмас, балки кибр предметига айланиб бўлди, - дейди женевалик ҳуқуқ ҳимоячи, Норвегия Хелсинки Қўмитасининг катта маслаҳатчиси Ивар Дале. – Мен Асқаров ҳибсга олинганидан сўнг Бозорқўрғонда бўлганман, ўшанда ҳам бу масала барча томонлар учун жуда оғриқли бўлишга улгурганди. Асқаров АҚШ Давлат департаментининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мукофоти билан тақдирланишига Қирғизистон расмийларининг муносабати бунга далил бўла олади. Мен Қирғизистон расмийлари Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасининг ушбу ўта муҳим қарорини синчковлик билан ўрганиб чиқишига умид қиламан. Асқаровни озод қилишга чақириқлар “Америка сиёсати”нинг узвий қисми деган баҳоналар энди ўтмайди. Агар Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси Асқаров бошбошдоқлик билан амалга оширилган қўлга олиш, қийноқлар ва шавқатсиз муносабатлар қурбони, унинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмаган деб гапираётган экан, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашининг аъзоси бўлган Қирғизистон бу хулосага жуда жиддий муносабатда бўлиши керак. Асқаровнинг иши халқаро миқёсда кўпчиликнинг эътиборини ўзига жалб этди. Бу эса Қирғизистоннинг бундан кейинги ҳаракатлари ҳам назорат остида қолишини англатади.

***

- Бу ўта муҳим қарор бўлиб, биз уни тўрт йилдан бери кутамиз, уни кутиш айниқса турмада ўтирган Азимжон Асқаровнинг ўзи учун қийин кечди, - дея шарҳ беради Front Line Defenders (штаб-квартираси Дублинда, Ирландия) халқаро ҳуқуқ ҳимоя ташкилотининг ходими, ҳимоя бўйича координатор Мария Шищенкова. – Бу нафақат Азимжон Асқаровнинг ғалабаси, балки бутун Қирғизистон учун ўта муҳим воқеа бўлиб қолди. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси ўз таркибига обрўли халқаро экспертларни жамлаган, улардан нохолислик ёки қандайдир сиёсий манфаатларни кўзлашда шубҳаланиш ножоиз, шунинг учун уларнинг фикрини объектив деб ҳисобламоқ лозим. Бундан ташқари, Қирғизистон давлат сифатида ушбу шикоятни кўриб чиқишда фаол иштирок этган. Шунинг учун ҳам экспертлар икки томоннинг ҳам далиллари билан эркин танишиш имкониятига эга бўлдилар.

Азимжон Асқаровнинг шикояти қамоқда сақлаш ва адолатли судлов ҳуқуқига оид қисми бўйича тўлиқ қондирилган. Яъни, у қўлга олинганидан бошлаб унинг бепул ҳимоя олиш ҳуқуқи бузилгани, унга нисбатан милиция ходимлари қийноқлар қўллагани ҳолатлари ўз исботини топди. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарори бизнинг кузатувларимиз натижасида олган хулосаларимизни тасдиқламоқда. Асқаровнинг устидан ўтган суд мажлисларидан бирида ўзим шахсан қатнашганман. Судланувчиларнинг эндигина қаттиқ калтаклангани ва бунга деярли ҳеч ким эътибор бермаётгани мени қаттиқ ажаблантирганди ўшанда.

Яна бир бор таъкидлашим лозим: эндиликда Қирғизистон бу қарорни ижро учун қабул қилиши жуда ҳам муҳим.

***

- Қувониш учун хали эрта деб ҳисоблайман, - дейди бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячи, “Прецедент шериклик гуруҳи” (“Партнерская группа Прецедент”) жамоатчилик бирлашмасининг раҳбари Нурбек Тўқтақунов, - чунки бу қарорнинг ижроси катта савол остида қолмоқда. Россия ўзининг миллий қонунчилиги халқаро ҳуқуқ меъёрларидан устунлигини тан олувчи қонун қабул қилгани сизга маълум. Бизнинг расмийларимиз ва судьяларимиз ҳам уларга ўхшаб фикр юритадилар. Олдинда хали анча ишлар бор, менимча ҳаммаси Европа иттифоқининг мамлакатга грант ва кредит оқимини тартибга солиш бўйича позициясига боғлиқ бўлади. Европа иттифоқи расмийларга Қирғизистон ҳукуматига аниқ ва муайан шартларни қўйиши лозим. Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарорининг ижро этилмаслиги Британия расмийларига Максим Бакиевни ватанига қайтармаслик учун яхши баҳона бўлади. Қийноқлар қўллаш одатий ҳолга айланган мамлакатларга жиноий таъқиб қилинаётган шахсларни бермаслик бўйича халқаро ҳуқуқ меъёрлари мавжуд. Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси тавсияларини улар қийноқларни тан олган пайтда бажармаслик – сўралган шахсни бермаслик учун етарли асос бўлади. Британиялик расмийлар баҳона излаб ҳам ўтирмайдилар. Улар Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси қарори Қирғизистонда ижро этилмаганини сабаб қилиб кўрсатишлари кифоя қилади.

***

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги