01:03 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент Галина Пугаченкованинг уйи вайрон бўлмоқда, бизнесменнинг кошонаси эса бўй чўзмоқда

19.04.2016 12:38 msk

Сид Янышев

Тошкентнинг Миробод туманида жойлашган, атоқли археолог ва санъатшунос Галина Пугаченкова умрининг сўнгги йилларини ўтказган уйнинг деворлари дарз кетишда давом этмоқда, томидан сув ўтиб, зангли сув оқиб кетган. Бу уйда археологнинг 75 ёшли кўзи ожиз ўғли Ростислав Сосновский рафиқаси Елена Культиасова билан бирга яшайди. Аммо бу муаммоларни келтириб чиқарган қўшни бино улкан кошонага айланиб улгурди, расмийлар эса шикоятларга жавобан хатлар-у қуруқ ваъдалардан нарига ўтмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, Сосновский билан Культиасова ўз уйларини сақлаб қолиш учун етти йилдан бери курашмоқда. Гап шундаки, 2009 йилнинг бошида Ҳиндистонлик бизнесмен Джайбир Сингх қурилиш меъёрларига риоя этмасдан ва қўшниларнинг розилигини олмасдан туриб умумий бинонинг иккинчи ярмида икки қаватли клиника қуришга қарор қилди. Шу мақсадда умумий бинонинг бир қисми бузиб ташланди, бунинг оқибатида уйнинг ички деворлари ташқи девор вазифасини бажарадиган бўлиб қолди. Кейин қўшниларга ёнма-ён ҳовлида уч метрли котлован қазилди. Натижада машҳур олимнинг уйи дарз кета бошлади.

2009 йилнинг ёзида клиникани қуриш тақиқлаб қўйилди, иморатчи ҳиндий эса маъмурий жавобгарликка тортилди. Ишлар тўхтатилди. Аммо 2015 йилнинг октябрида қурилиш яна жонланди, чунки маълум бўлишича, ҳинд бизнесмени барибир туман ҳокимиятидан рухсатнома олишга эришибди. Бугунги кунга келиб, котлован ўрнида икки қаватли кошона қад кўтариб турибди.


Сўнгги етти йил ичида Пугаченкова оиласи ариза билан кўплаб идораларга мурожаат қилди, буларга жумладан: Вазирлар Маҳкамаси, Президент аппарати, Бош прокуратура, Миробод тумани маъмурияти, Давлат санитар-эпидемиологик назорат маркази ва Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси киради. Аммо ҳеч биридан наф бўлмади: ҳамма идоралардан мужмал жавоблар, яъни қуруқ расмиятчилик учун ёзилган хатлар келди.

Жумладан, ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида Сосновский оиласи Бош прокуратурадан хат олди, унда биттагина гап ёзилган эди: “Сўровингиз Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди”. Аммо шаҳар прокуратурасидан шу кунгача ҳеч қандай жавоб келмади.

Бундан олдинроқ Архитектура ва қурилиш бош бошқармасидан хат келган эди, унда ёзилишича, бинони қуриш учун Сингхга берилган рухсатномада ён қўшнилардан розилик олиш шарт қилиб қўйилган экан. Аммо АҚББ назорат органи эмас, шунинг учун ҳеч кимга буйруқ бера олмайди.


Қурилиш туфайли пайдо бўлган ёриқ ёнидаги Пугаченкованинг портрети

Бир неча марта уринишдан сўнг, декабр ойининг бошида Сосновский ва Культиасовга Миробод тумани ҳокими Шарофиддин Қодиров қабулига кириш насиб қилди. Ҳоким Миробод туманининг Архитектура ва қурилиш бошқармаси ҳамда БТИ раҳбарининг олдида бу кошона Пугаченкованинг уйидан баланд бўлмаслигини айтди.

“Хўш, нима бўлди? Кошона икки қаватли бўлди. Шундан сўнг яна ҳокимнинг қабулига киришга роса ҳаракат қилдим, аммо иложи бўлмади”, - дейди Культиасова. Унинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи билан бирга бирон-бир идорадан тайинли жавоб олишга ҳаракат қилиши наф бермаган.

Бу пайтга келиб, уйнинг хоналарида янги ёриқлар пайдо бўлиб, сув сиза бошлади, ваннахонадаги деворлардан бири бўртиб чиқди. Шу йилнинг январида қурувчилар ўртадаги умумий деворлардан бирини бузиб ташлади, натижада даҳлиз бутунлай очилиб қолиб, икки ҳафта давомида кўчага кўриниб турди. Кейин деворни юпқа девор билан беркитиб, ички томонини гипсокартон билан қоплашди. Ташқи томонини қандайдир иссиқликни сақлайдиган пахта билан қоплашга ваъда беришди, аммо бу ваъда қуруқ гаплигича қолиб кетди.


Бутун қиш давомида Сосновский ва Культиасовларнинг уйида шамол айланиб турди, ваннахона ва яна бир хонанинг шифтидан зангли сув тинмай оқди – Елена челакларни алмаштириб туришга улгурди холос. Маълум бўлишича, Сингхнинг қурувчилари томни тешиб қўйишган экан, кейин Елена ишчи ёллаб, таъмирлатишга мажбур бўлди. Қанчалик яхши таъмирлангани ҳозирча номаълум, кейинги қишда қорлар эриганда билинади.

Шу кунларда Культиасова Миробод тумани ҳокимияти қошидаги Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш марказига мурожаат қилиб, қачонлардир Сингх томонидан топширилган ҳужжатлар тўпламини сўради. Қоғозни кўрсатишмади, аммо қурилишга Сосновский рухсат бергани ҳақида ҳужжат борлигини таъкидлашди. Культиасова ўша ҳужжатни кўрсатишни қатъий илтимос қилганидан кейин, 12 апрел куни унга жавоб бериб, рухсатнома топилмаганини айтишди...

Шундай қилиб, хусусий клиника қурилиши давом этмоқда, аммо бунга ҳеч ким халақит беролмайдиганга ўхшайди. Аммо Сосновскийга кўра, “қурилганига эллик йилдан ошган уйимизга тақаб қурилган катта бино туфайли ер чўкиб, уйимиз қулаб тушиши мумкин”.

Бу уйнинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, унда Пугаченкова умрининг сўнгги уч йилини ўтказганидан ташқари, унинг ёдгорлик хонаси ҳам бор бўлиб, бу хонада у умрининг охиригача ишлаган. Бу уйда Пугаченкованинг деярли 400 томли архиви сақланиб, бу китоблар кўплаб археологик тадқиқотларнинг чоп этилмаган маълумотларини ўз ичига олади.

“Сингхнинг такаббурлиги, бу ерда яшовчиларга нафрат билан қараши ва бутунлай жазога тортилмаслигидан таажжубдаман, - дейди аччиғини боса олмай Сосновский. – Бунга сабаб унинг элита табақасидан эканилигими ёки унинг хулқ-ахлоқига боғлиқми ёки унинг ортида кимдир борлигигами?..”

“Фарғона” маълумоти

Галина Анатольевна Пугаченкова (1915 - 2007 й.) – Марказий Осиёнинг энг атоқли санъатшуноси ва маданият тадқиқотчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Тожикистон Фанлар академияси фахрий академиги, Страсбург университети фахрий доктори, Академик пальма Франция Давлат ордени кавалери. Унинг оламшумул тадқиқотлари ва кўплаб тилларга таржима қилинган 750 та илмий иши туфайли дунё илм-фан соҳасида Ўзбекистон давлати инсон цивилизациясининг энг қадимий ўчоқларидан бири сифатида танилган.

Сид Янышев

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги