22:40 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳар доимги хўжакўрсинчилик: ШҲТ саммитига Ўзбекистон пойтахтининг олд кўриниши шошилинч тарзда ўзгартирилмоқда (фоторепортаж)

05.04.2016 09:50 msk

Ўз мухбиримиз

Биринчи навбатда “президент трассаси” деб аталадиган кўча “тегишлича” кўриниш касб этмоқда. Бу кўча Тошкентнинг марказий шоҳкўчалари – Нукус ва Мустақиллик (собиқ Пушкин) бўйлаб ўтиб, президентнинг “Дўрмон” қароргоҳига олиб борувчи Мирзо Улуғбек ва Буюк Ипак Йўли кўчаларидан ўтади.

Жумладан, феврал ойида Мирзо Улуғбек кўчаси юзидаги барча уйларнинг осма балконлари бошланғич кўринишига қайтарилди. Яъни бу балконларга эгалари ўрнатган ром ва панжаралар олиб ташланди. Бу қуйидаги тарзда амалга оширилди.


“Янгиланиш”дан олдин балконлар “индивидуал” бўлса ҳам, шунақа тартибли эди. 2016 йил феврал ойидаги сурат

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрининг магистрал кўчаларини модернизация ва реконструкция қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида (тўлиқ матни ва иловаси бу ерда ) бу жараённи қуруққина қилиб “архитектуравий қиёфасини янгилаш” деб аталган. Бу уйларда яшайдиган одамлар эса ҳисобга олинмайди: уларнинг фикри билан ҳеч ким қизиқмаган, ноқулайликлари билан иши йўқ.

“Балконларга солинган деразаларни ёмон бузишди: девор, ром ва ойналарни болға билан синдириб, тепадан улоқтиришди. Даҳшатли манзара пайдо бўлди, - дейди гувоҳлардан бири. – Бу ерда яшовчиларнинг ҳаммаси ўз уйини ободонлаштиришга ҳаракат қилганини ҳисобга олсак, бундай замонавийлаштириш ишлари кўпчилик учун кутилмаган нохуш ҳодиса бўлди”.


Темир асбоблар билан ромларни бузиб, пастга улоқтиришди. 2016 йил февралида суратга олинган


Ҳаттоки балконларга ўрнатилган шкафларни ҳам бузиб, ташлаб юборишди. 2016 йил февралида суратга олинган


Кўпчиликнинг уйида балкон билан хоналар ўртасида ром ўрнатилмаган экан, энди янгиланишдан кейин ҳаммаёқ очилиб қолди. Февралда тунги ҳарорат -3 даража эди.


Қўл остидагиларининг ишлашини кузатиб ўтирган бошлиқ чой ичмоқда


Уйда истиқомат қилувчиларнинг эса индамай кузатиб туришдан бошқа иложи қолмади. Норозилик билдириб кўринг-чи...

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида айтиб ўтилган қарорига кўра, ШҲТ саммитигача ҳаммаси бўлиб 45,6 километрлик кўчани “модернизация ва реконструкция” қилиш кўзда тутилган. Бундай чоралар рўйхатига маъмурий биноларнинг олд кўринишини алюкобонд билан қоплаш ҳам кирса керак, бу ишлар Нукус, Ойбек ва Бобур марказий кўчаларида амалга оширилмоқда.


Уйларнинг олд кўриниши алюкобонд билан “чиройли” қилинган. 2016 йил февралида суратга олинган

Уйларнинг фақат кўчага қараган томони шу йўсинда безалмоқда. Бунақа хўжакўрсинчиликка тошкентликлар ўрганиб қолган… (Узоқ вақт чала қолиб кетган “Медиацентр” биносини эсланг).

Бу безак материали умуман ёнғинга чидамсиз экани, ҳаттоки хавфли экани ҳам умуман ҳисобга олинмаяпти. Бунинг исботи сифатида 2015 йилнинг 18 сентябрида Амир Темур кўчасидаги 12 қаватли бизнес-марказдаги ёнғинни келтириш мумкин. Ўшанда пайвандлаш ишлари оқибатида алюкобондга учқун тушиб, бинонинг бир томони бутунлай куйиб кул бўлди.

Шуни ҳам эслатиб ўтиш лозимки, бу ишлар билан бир қаторда шу йилнинг январ-феврал ойларида Мирзо Улуғбек ва Мустақиллик кўчаларида юзлаб чинорлар кесиб ташланди. Чинорлар билан кураш аслида 2009 йилнинг кузида бошланган эди. Бу соя-салқинли баҳайбат дарахтларнинг ўрнига аксарият ҳолларда паст бўйли игнабаргли дарахтлар ўтқазилмоқда. Расмийлар бу дарахтларни пойтахт қиёфасига кўпроқ мос келади деб ўйлашса керак.


Бу уйлар қурилган пайтда омон қолган юз йиллик дарахтларни ҳовлиларда ҳам қолдиришмади. 2016 йил февралида суратга олинган

Албатта, ШҲТ саммити – ўта муҳим халқаро тадбир. Уни етарлидаражада тантанали ўтказиш, меҳмон делегацияларнинг тўла-тўкис хавфсизлиги ва қулайлигини таъминлаш лозим. Аммо бу ишларни амалга ошириш йўлида Тошкент аҳолисининг хавфсизлиги ва қулайлигидан воз кечиш керакми? Уларнинг мулкига тажовуз қилиш (балконларинибузиб ташлаш), жазирама ёзнинг куйдирувчи қуёшидан пана қилаётган соя-салқин дарахтлардан маҳрум этиш керакми?..

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги