08:14 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Бўрижар, ёнғин ва япон гранти

04.04.2016 15:35 msk

Виктор Крымзалов

Айрим ўқувчиларнинг ишончсизлик билдирганига қарамай, Тошкентдаги Бўрижар ариғининг ифлосланиши ҳақидаги мақоламга Тошкент расмийлари тезкор жавоб беришди: материал “Фарғона” сайтида 21 март куни кечқурун чиққан бўлса, 25 март – жума куниёқ менга Валентина Тищенко қўнғироқ қилди. Бадриддин Ҳилолий 3-торкўчасида яшовчи бу фаол аёл – мақоламиз қаҳрамонининг айтишича, унинг уйига комиссия ташриф буюрган, бу комиссия Якксарой тумани санитар-эпидемиологик станциясининг (СЭС) учта ходимасидан ташкил топган.

Яккасарой СЭСи шикоятчиларни тинч қўймаяпти

Валентина Алексеевна комиссия ташрифидан ўта норози бўлди. Чунки СЭС вакиллари унинг ҳовлисини синчиклаб текшириб, ариқдан омборхонагача бўлган масофани ҳисоблашган. Кейин омборхонани уч кун ичида бузиб ташлаш кераклигини айтишган, чунки у қирғоқдан меъёрдагидек 15 метр эмас, балки 12 метр масофада жойлашган экан.

Комиссия биратўла Тищенконинг қўшниси тадбиркор Юрий Югайнинг ҳовлисига ҳам кўз ташлаб, у ерда ўтин тўпланган бостирмани бузиб ташлаш ҳақидаги талабномани қолдиришган. Комиссия Юрий Сергеевичнинг ҳовлисига кирмоқчи бўлган, аммо эшикни ҳеч ким очмаган.

Валентина Алексеевна комиссиядан қўшни ҳовлидаги чўчқахонага кириш хоҳиши бор-йўқлигини сўраган, аммо СЭС вакиллари унга жавоб бермай, Нина Масневанинг уйига йўл олишган. Нина хола менинг мақоламда ҳайвонларнинг ахлати ариққа оқизилаётганидан шикоят қилган эди. СЭС вакиллари унга ўт-ўланларни юлиб ташлашни буюришган.

Шундай қилиб, мақолада айтиб ўтилганлар, яъни кўчанинг ўртасида яшайдиган Тищенко ҳамда Югай ва Масневалар биттадан талабнома олишди. Валентина Алексеевна билан Нина холанинг уйлари ўртасидаги ҳайвон боқиладиган уй эгалари эса СЭС ходимларини умуман қизиқтиргани йўқ.


Валентина Тищенко ўз ҳовлисида

Рамзий маънога эга кўча номи

Кейинроқ Тищенко мендан СЭС вакиллари билан бўлиб ўтган воқеани тилга олмасликни сўради. Чунки бу аҳамият беришга арзимас экан, қолаверса, талабномада омборхона ҳақида ёзилмаган, шунчаки қўрқитиб қўйишган бўлса керак. Аммо мен Валентина Алексеевнанинг фикрига қўшилмадим. Чунки бундан кейин бўладиган воқеаларни аниқ тахмин қилиш мумкин: Тищенконинг шу омборхонасига ёпишиб олиб, уни бузиб ташлашга мажбур қилишади. Шундан кейин у ҳам, бошқалар ҳам шикоят қилишдан олдин ўйлаб кўрадиган бўлади. Мен эса олдинги мақоламни таҳрирлаб, ундаги бир нечта сатрларни олиб ташлаганимга пушаймон бўлардим. Бу сатрларда мен Бадриддин Ҳилолий кўчасида яшовчиларни шу шоирнинг ўзига ўхшатганман. Ўрта асрларда яшаган бу ажойиб шоир бир бойни ҳажв қилгани учун қатл қилинган. Ҳозирги замонда шикоят учун қатл қилишмайди, аммо барибир жабр кўришингиз аниқ. Масалан, Валентина Алексеевна шикоят қилгани учун бир неча марта бемаъни даъволар туфайли жабр кўрган, худди шу даъволарга омборхонани олиб ташлаш ҳам киради.

Шунда ҳам комиссиянинг талабномасини фақат унинг ўзи бажаришга мажбур. Чунки Нина холага ўт-ўланларни юлишда ёрдам бериш учун ўша жума куниёқ ёрдамчи жўнатишган. Юрий Югай эса омборга айлантирилган участкасида яшамайди, бу жойнинг расмий эгаси бўлган ўғли эса ҳозир чет элда. Шунинг учун комиссияга ҳеч ким дарвозани очмайди, шу билан воқеага нуқта қўйилади.

“Ирригаторлар” альпинизмда маҳорат кўрсатди

Аммо барибир Тищенконинг омади келди. Кейинги воқеаларга қараганда, Бўрижар ҳақидаги мақола фақатгина туман СЭСини ҳаракатга келтирмаган. Бу ишни шаҳар ҳокимияти расмийлари ёки ҳатто Ўзбекистон ҳукумати назоратга олганга ўхшайди. Нима бўлганда ҳам, ўша жума куниёқ Бўрижарнинг Чилонзор туманига қарашли қирғоғида тозалаш ишлари бошлаб юборилди.

Ариққа латта-путта ташлашда айбланган Ирригация хўжалиги ва ободонлаштириш объектларини таъмирлашга ихтисослашган бошқармаси ҳам намуна кўрсатди. Тищенконинг айтишича, шанба куни бу бошқарма ҳудудига экскаватор келтирилиб, қирғоққа тупроқ тўккан. Менинг фикримча, ҳудудни текислаш учун келтирилган, Валентина Алексеевна эса чиқиндини кўмишга деяпти. Нима бўлганда ҳам, қирғоқни тартибга келтиради-ку.

Экскаватор бир-икки чўмич тупроқни девор орқали тикув цехи томонга ҳам тўкди. У ерда ҳам жадаллик билан тартиблаш ишлари амалга оширилди, ҳаттоки қирғоқдаги латта-путталарни тозалаш учун “альпинизм” билан ҳам шуғулланишди. Тўрт киши арқонни ушлаб турди, бир киши арқонга осилиб тушиб, тик ёнбағирда илиниб қолган чиқиндиларни олиб ташлади. Ҳатто ариқнинг ўртасидаги шохларга илиниб қолган латталарни ҳам битта қўймасдан тозалаб олишди.

Дарахтлар тўсиб тургани учун бундай ажойиб ҳаракатларни суратга олишнинг имкони бўлмади, Тищенко шунга афсусланди – ахир фақат ёмон нарсаларни эмас, яхшиларини ҳам қайдга олиш керак-да. Аммо тушликдан сўнг Валентина Алексеевнанинг сураткашлик қобилиятини намоён қилишига имкон яратилди: Чилонзор ободонлаштириш бошқармаси томонидан қуюқ тутун чиқа бошлади ва бирпасдан кейин “тез ёрдам” сиреналари эшитилди.


26 март, шанба. Чилонзор ободонлаштириш бошқармасида чиқиндига эндигина ўт қўйилди, ҳали тутун кучаймаган

Ёнғин иштирокидаги ободонлаштириш

Ободонлаштириш бошқармаси ҳам ҳудудини ўзига хос йўсинда тартибга солаётган экан: ўзлари қирғоққа йиллар давомида тўккан чиқиндиларнинг устидан бензин қуйиб, ёқиб юборишди. Натижада кўтарилган қуюқ тутун шамол туфайли ҳаттоки узоқдаги Жанубий темир йўл вокзалигача етиб борди. Қўшни кўчалардан ҳам одамлар югуриб чиқишди. Бадриддин Ҳилолий 3-токўчасидаги 130-уй эгасининг жияни, ўн ёшли Муҳсин Султоновнинг мазаси қочиб, “тез ёрдам” чақиришга тўғри келди.


26 март, шанба. Жабрланган болакайга келган тез ёрдам

Бунинг устига жуда кучли олов кўтарилиб, унинг учқунлари нариги қирғоққача етиб борди ва уйларда ёнғин чиқариш хавфини юзага келтирди. Соат 17.30 да ўт ўчирувчилар келишди. Улардан бири арқонга боғланиб, брандспойт билан тик ёнбағирга тушди.

Одамларнинг айтишича, кичик бир нохушлик ҳам рўй берган. Чиқинди аралаш қирғоқ ўт ўчирувчининг устига ўпирилиб тушиб, озгина босиб ҳам қўйган. Хайриятки, унга ҳеч нима қилмаган, ҳар қалай “тез ёрдам” чақиришмаган.

Валентина Алексеевна барибир сураткашлик қобилиятини намоён қила олмади – тутун халақит берди. Фақат болакайга келган “тез ёрдам”нинг сурати яхши чиқди холос. Нариги қирғоқ эса тутун билан қопланган – ўт ўчириш машинаси ҳам зўрға кўриниб турибди. Бунинг устига энг керакли пайтда – ўт ўчирувчи қияликдан пастга тушаётган пайтда Тищенконинг фотоаппарати ишламай қолди.


26 март, шанба. Тутун қоплаган нариги қирғоқ деярли кўринмаяпти

Ободонлаштириш бошқармасидагилар ҳеч кимдан қўрқмайди

Фотоаппарат бузилгани учун мен якшанба куни кечки пайт яна Бадриддин Ҳилолий кўчасига боришимга тўғри келди. Чилонзор тумани ободонлаштириш бошқармаси ходимлари Худодан ҳам қўрқмас экан. Шанба куни ўт ўчирувчилар келганида чиқиндиларни “нариги қирғоқда яшовчилар” ёқиб юборганини айтиб бақиришган эди. Эртаси куни кечки пайтга келиб яна ўт қўйишни бошлашди, бу сафар тутун камроқ бўлса ҳам, Бўрижарни ва атрофдаги кўчаларни қоплаб олди.

Учинчи торкўча аҳолиси шу гулханларни суратга олишни сўрашди, аммо битта расмни ҳисобга олмаганда, расмлар яхши чиқмади. Яхши чиққан расмни эса бадиий кўргазмага қўйса ҳам бўлади: кечки Бўрижар устида туман ёйилмоқда... Фақат бу аслида туман эмас, балки Ободонлаштириш бошқармасидан чиққан тутун холос.

Бу сафар бошқа жойдан, Исматовлар яшайдиган участкадан туриб суратга олдим. Улар билан суҳбатдан шуни билдимки, олдинги мақоламда озгина кўнгилчанлик қилиб юборибман. 2010 йилда “Фарғона”да ҳамкасбларим томонидан мақолалар чиқарилганидан сўнг “ободонлаштирувчилар” ариқни камроқ ифлослантираётганини ёзган эдим. Аммо оила бошлиғи Умар аканинг айтишича, ҳеч ҳам унақа эмас: бутун Чилонзор туманидан йиғилган чиқинди худди илгаригидек ариққа ташланмоқда ва ёқиб юборилмоқда экан.


27 март, якшанба. Кечки Бўрижар устидаги туман эмас, балки Чилонзор туман Ободонлаштириш бошқармасининг гулханларидан чиққан тутундир

Пластик идишлар ва резинани ёқишдан чиқадиган тутундан доим жабр кўрадиган Исматовлар оиласининг ташаббуси билан, ўтган йилнинг ёзида “Пойтахт” телеканали репортаж уюштириб, Ободонлаштириш бошқармаси чиқарган навбатдаги ёнғинни боплаб тасвирга олган эди. Бу лавҳани маҳаллий телевидениеда нақ бир ҳафта айлантиришди, аммо бунинг ҳеч қандай фойдаси бўлмади.

Шанба кунги ёнғинни Умар ака суратга олибди, шулардан бир нечтасини менга берди. Баъзи суратларни “Даракчи” ҳафтаномасига бермоқчи, бу машҳур газетада чоп этилганидан сўнг “ободонлаштирувчилар”га нисбатан қатъийроқ чоралар кўрилишига умид қилмоқда.

- Шанба кунги ёнғинга Ободонлаштириш бошқармасидагилар пайшанба кунидан бери тайёрланаётган эди, улар Бўрижарга пахта тележкаларида роса чиқинди тўкишди, - дейди унинг турмуш ўртоғи Хурсаной опа. – Мен ўшандаёқ барча ташкилотларга, жумладан, прокуратурага ҳам қўнғироқ қилишни бошладим, аммо ҳеч ким парвойига келтирмади.

Япон гранти ариққа ёрдам бера оладими?

Энди Ободонлаштириш бошқармасини росмана сиқувга олишади, деган умид бор. Валентина Тищенконинг айтишича, 28 март, душанба кунидан бошлаб, уларнинг кўчасига турли обрўли ташкилотларнинг комиссиялари кела бошлади. Улар барча ҳовлиларга кириб чиқиб, ариқни ифлослантирувчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши, ҳаттоки судга тортилишини ваъда қилишди.

Комиссиялар бу сафар Валентина Алексеевнага индашмади, шаҳардаги каналлар ҳолатини назорат қилувчи “Бўзсув ирригация” ташкилотининг вакиллари эса уни ҳовлисининг озода ва тартиблилиги учун мақташди ҳам. Ҳокимият ходимлари эса ўз навбатида Югайнинг участкасини омборхонадан оддий уйга айлантиришни ваъда беришди.

Биратўла Баҳриддин Ҳилолий 3-торкўчасида яшовчиларга шуни маълум қилишдики, Тошкентдаги сув ҳавзаларини тартибга келтириш учун Япония Ўзбекистонга катта молиявий ёрдам ажратибди, шу сабабли пойтахтдаги 39 та сув ҳавзалари қисқа муддатда мукаммал ҳолатга келтирилади. Шу жумладан Бўрижар ҳам. Кўчадаги уйларни бузишмайди, аммо қирғоқларни ободонлаштириб, ариқни ифлослантиришга ўрганиб қолганларнинг ақлини киритиб қўйишади.

“Бўзсув ирригация” ташкилотининг раҳбарларидан бирининг айтишича, Бўрижар – ўзини тозалаш хусусиятига эга бўлган ягона ариқдир. Унинг оқими ўта тез ва ёйилиб оқадиган жойлари кўп бўлиб, бунинг натижасида сув мунтазам равишда ҳаво билан тўйинади ва “аэрация” деб номланган жараён рўй бериб, ифлосликлар сувдан ажралади.

Аммо ариқни бепул канализация деб ҳисоблайдиган “ободонлаштирувчилар” ва шу кабиларнинг безбетлигини ҳеч қандай ўз-ўзини тозалаш тўхтата олмайди. Шунинг учун бу сафар расмийлар ҳақиқатан ҳам таъсирли чоралар кўради ва Бўрижар “сассиқ ариқ”дан топ-тоза сувли ажойиб ариққа айланади деб умид қиламиз.

Виктор Крымзалов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама