17:28 msk, 30 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон “оқ олтини”ни кимлар, қай тарзда оқартирмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича “Ўзбекистон-Германия форуми” маърузаси

31.03.2016 11:18 msk

Фарғона

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми “The Cover-Up. Whitewashing Uzbekistan’s White Gold” (“Хаспўшлаш: Ўзбекистоннинг “оқ олтини”ни оқартириш”) мавзусида маъруза ва шу маърузанинг (инглиз тилидаги) тўлиқ матни келтирилган сайтни тақдим қилди, бу сайтда Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат тизими қандай йўлга қўйилганлигига оид фотосуратлар ва инфографика келтирилган. Ушбу маъруза турли интервьюлар, ҳукумат ҳужжатлари ва мустақил кузатувчиларнинг пахта далаларидан тайёрланган ҳисоботларига асосланган. Бу кузатувчилар давлат вакилларининг таъқибига қарамасдан, Ўзбекистондаги далаларда мажбурий меҳнат ҳолатларини ҳужжатга туширган.

“Фарғона” маърузанинг қисқача мазмунини чоп этмоқда.

* * *

Ўзбекистонда 2015 йилги пахта терими пайтида тўрланган маълумотлардан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳукумат мажбурий меҳнатдан мунтазам фойдаланишни тугатиш учун керакли ислоҳотларни ўтказмаяпти.

Аммо 2015 йилги пахта терими олдинги йиллардан фарқли тарзда ўтди. Ҳукумат миллиондан ортиқ фуқароларни пахта теримида қатнашишга мажбурлади, фермерларни эса жарима тортиш таҳдиди остида пахта етиштиришга мажбурлади. Аммо шу билан бирга ҳукумат Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорлик қилаётганини кўрсатишга уринди ҳамда меҳнат қонунчилигига риоя этишга оид Жаҳон банки олдидаги мажбуриятларини бажараётганини кўрсатишга анча-мунча саъй-ҳаракат қилди.

Ўзбекистон ҳукумати учун бу масала кўп нарсага боғлиқ эди. Жаҳон банки Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги секторига 500 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритган. Ўзбекистон фуқаролик жамияти томонидан берилган шикоятларга жавобан банк кредит келишувларига янги шарт киритди. Бу шартда белгилаб қўйилишича, агар кредит берилаётган ҳудудларда мажбурий ёки болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани аниқланса, кредит ажратиш тўхтатилади. Шартнома шартларига биноан, ХМТ кузатувчилари 2015 йилги пахта терими пайтида мониторинг ўтказишди.

Ўзбекистон ҳукумати пахта секторида ислоҳот ўтказиш ўрнига мажбурлашни кучайтиришга қарор қилди. Бош вазирнинг фермер хўжаликлари ерларини қисқартиришни кўзда тутувчи “мақбуллаштириш” юзасидан чиқарган буйруғи туфайли барча фермерлар 2015 йилнинг 1 декабригача ерни давлат ихтиёрига қайтаришга мажбур бўлди. Фермерларга нисбатан ўтказилган “Ойболта” кампаниясида эса Бош вазирнинг буйруғи билан суд ижрочилари ва милиция ходимлари пахта ва ғалла топшириш бўйича давлат режасини бажармагани туфайли юзага келган қарзини қоплаш учун фермерларнинг мол-мулкини тортиб ола бошлади. Шу йўсинда фермерларнинг чорваси, тракторлари ва ҳаттоки телевизорлари қийматини баҳолаб ўтирмасдан мусодара қилинди.

Ўтган йиллардагидек, ҳукумат фермерларга пахта топшириш режасини белгилаб, пахта етиштиришнинг ҳар бир босқичини назорат қилиб турди. Пахтанинг ҳукумат томонидан белгиланган нархи ишлаб чиқариш харажатларини ҳам қопламайди. Қишлоқ хўжалиги учун керакли товарларни ишлаб чиқарувчи монопол компаниялар давлат томонидан бошқарилиб, бутун тизим фермерларни доимий қарз чангалида ушлаб туришга мўлжалланган.

2015 йилги пахта теримида расмийлар бу сафар ҳам миллиондан ортиқ фуқарони, шу жумладан, талабалар, ўқитувчилар, шифокорлар, ҳамширалар ва давлат ҳамда хусусий корхоналар ходимларини мажбурий равишда пахта теримига чиқарди. Чиқишни истамаганларга ишдан ҳайдалиш ва бошқа жарималар билан таҳдид солинди. Ҳукумат ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини дала ишларига жалб этмаслик ҳақидаги мажбуриятларни тасдиқлаганига қарамай, бу соҳа ходимлари ҳам ёппасига далага чиқарилди. Одамлар 15-40 кунлик сменаларга бўлинган ҳолда, аянчли шароитларда пахта теришди, бунга мисол қилиб одамларнинг тартибсиз тақсимланиши, тоза ичимлик сувининг етишмаслиги ва маиший санитар-гигиеник шароитнинг ўта ёмонлигини келтириш мумкин.

Пул маблағи етарли бўлганлар ўзининг ўрнига пахта терувчиларни ёллаш ва бошлиқларига пора бериш орқали дала ишларидан қутилиб қолишди. Амалдорлар ва тадбиркорлар давлатнинг пахта плани тўлишига кўмаклашишга мажбур бўлишди ва кўпинча ёзма фармойиш орқали ўртача ҳисобда ходимларнинг қирқ фоизини далага чиқаришди.

“Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон-Германия форуми” шундай ҳужжатларнинг бир нечтасини қўлга киритиб, уларни “Мажбурий меҳнатни ташкил қилиш схемаси" деб номланган онлайн-инфографикада тақдим этди. Бу ҳужжатлар Ўзбекистонда кенг қўлланувчи давлат мажбурий меҳнат сиёсатини тасвирлаб беради.


Даладаги мажбурий меҳнат: ҳисобга олиш ва давлат назорати схемаси

Ўзбекистон фуқаролари пахта саноатига ўз даромадлари ҳисобидан кўмак беришади. 2015 йилнинг баҳори ва кузида ўтказилган кенг тадқиқотлар ёрдамида шуни аниқладикки, аҳолининг аксарият қисми пахта даласидаги меҳнатни қўшимча даромад топиш имконияти деб билмайди. Бунинг ўрнига, пахта етиштиришдаги мажбурий меҳнат тизими ишчиларга оғир иқтисодий зарар етказади. Бу ходимлар мажбурий тарзда ўз оилаларида узоқда ишлаш ва касбдаги узилишларни қоплаш учун етарли маблағ ишлаб топа олмайди.

Бутун мамлакат бўйлаб ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини ёппасига, узоқ муддатга пахта теримига чиқариш, мактаб ва тиббиёт муассасаларини керакли ходимларсиз қолдириш орқали Ўзбекистон ҳукумати таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига зарар етказмоқда. Пахта тераётган ҳамкасбларининг ўрнига қолган ходимлар уларнинг йўқлигини қоплаш учун қўшимча ҳақ тўланмаган ҳолда иш вақтидан ташқари ишлаган. Айниқса мактаб ва шифохоналарнинг ходимлари муассаса нормал режимда ишлаши учун кучли босимни ўз бошидан ўтказган. Ўқувчилар пахта теримида бўлгани сабабли кўплаб коллеж (ўрта мактабдаги юқори синфларнинг эквиваленти) ва университетлар дарсларни тўхтатган, бошқаларида фақат биринчи ва иккинчи курслар учун номига дарс ўтилган, чунки учинчи курса талабалари пахта теримида бўлган.



Пахта терими мавсумида одамлар онгидаги қўрқув туфайли мажбурий сафарбарлик осон кечган. Пахта мавсумида суҳбатлашилганларнинг деярли барчасининг айтишича, пахта теримидан бош тортганларга таҳдид қилинган. Энг кўп тарқалгани – ишдан ҳайдаш билан қўрқитишдир. Қўрқув туфайли одамлар Меҳнат вазирлиги ва давлат бошқарувидаги Касаба уюшмалари федерациясининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилмаган, ХМТ мониторинг гуруҳи аъзолари билан очиқ-ойдин суҳбат қурмаган. Бундай гуруҳлар битта халқаро эксперт ва тўртта давлат ташкилоти вакилидан иборат бўлган.

Ҳукумат мустақил кузатувчиларни таъқиб қилиш бўйича мисли кўрилмаган кенг кампанияни бошлаб юборди. Бундан мақсад, мажбурий меҳнат ҳолатларини яшириш ҳамда кенг миқёсли мажбурий сафарбарлик аслида кўнгилли тарзда бўлаётганини кўрсатиш бўлди. Айрим ҳолларда ўқитувчилар, талабалар ва тиббиёт ходимларидан мажбурий тарзда аризаларга қўл қўйдириб олинган. Бу аризаларда уларнинг пахтага ўз хоҳиши билан бораётгани, агар пахта теримида иштирок этмаса, кўриладиган интизомий чораларга рози эканлиги, шу жумладан, ишдан ёки ўқишдан ҳайдалишга рози эканлиги ёзилган.

Расмийлар теримчиларга кузатувчилар сўраганида ёлғон гапириш кераклигини ва пахта теришга ўз хоҳиши билан келганликларини айтишни буюрган. Мажбурий меҳнат ҳолатларини ҳужжатлаштираётган ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан милиция ходимлари бир неча марта сохта айбловлар тақаб, уларга ҳужум қилишган ва ҳибсга олишган.

Ҳукумат мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётганини беркитишга ҳаракат қилган ва мониторингга халақит берган бўлса ҳам, ХМТ чиқарган хулосага кўра, мажбурий меҳнат муаммоси мавжуд бўлиб, бу тизимни ислоҳ қилиш учун анча-мунча тер тўкмоқ лозим. Бу хулосаларга қарамасдан, ўзбек ҳукумати Жаҳон банкидан маблағ олишда давом этмоқда.

Мустақил кузатувчиларнинг ҳукумат томонидан таъқиб остига олиниши ҳолатлари Жаҳон банки, ХМТ ва бошқа халқаро ҳамкорларнинг хавотирга солиши лозим. Жаҳон банки ва ХМТ вакиллари билан учрашган фаолларнинг хабар беришича, бу ташкилотлар учун мустақил кузатувчиларнинг хавфсизлиги долзарб масала эмас. Улар камдан-кам ҳолларда сўров юборишади, умуман очиқ баёнот билан чиқишмайди, агар кузатувчиларга қўпол муносабат қилинса ёки бошқа муаммога дуч келса, уларни ҳеч қандай йўл билан қўллаб-қувватламайди.

Маърузанинг якунловчи қисмида кўрсатиб ўтилишича, “Ўзбекистон-Германия форуми” Ўзбекистон ҳукуматини пахта секторини қамраб олган ва фуқароларнинг ҳуқуқларини поймол қилаётган мажбурий меҳнат ва коррупцияга чек қўйишга чақиради. Бундан ташқари, форум Жаҳон банки, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи ва ХМТни Ўзбекистон ҳукуматини халқаро мажбуриятлар доирасида жавобгарликка тортишга чақиради.

***

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳаларига оид вазият ҳақида батафсил маълумотларни “Фарғона” сайтининг “Пахта”, “Инсон ҳуқуқлари” ва “Сўз эркинлиги” рукнларидан олиш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама