04:31 msk, 24 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент Бўрижари: сассиқ сувлар, чиқиндига тўлган қирғоқлар

29.03.2016 18:03 msk

Виктор Крымзалов

Тошкентдан оқиб ўтадиган Бўрижар каналининг ифлосланаётгани ҳақида ўз вақтида маҳаллий ва хорижий матбуотда кўп ёзилган. Ўшандан бери орадан йиллар ўтди, вазият бирмунча яхшилангандек бўлди. Ҳар қалай ариққа Камазлаб ахлат тўкишмаяпти. Аммо айримларнинг таъкидлашича, бир пайтлар тоза сувли ва яшил қирғоқли бўлган бу ариқ одамларнинг хатти-ҳаракати туфайли “сассиқ ариқ”қа айланмоқда. Балки бунинг сабаби ариқ Тошкентнинг Яккасарой ва Чилонзор туманларини ажратиб тургани учундир, чунки шу туфайли “ҳеч кимники” бўлмай, нейтрал зонага ўхшаб қолган.

Кўҳна Тошкент ҳақида гап кетганида доим Бўрижар ариғини эслайман. Илгари тротуар плиталаридан ариқ ўзани бўйлаб ётқизилган сўқмоқ бор эди, бу сўқмоқ шаҳар марказидаги “Пионер” паркидан то Хмельницкий (ҳозирги Бобур) кўчасининг кесишмасигача борарди. Ёшлигимда шу сўқмоқдан юришнинг ўзи менга ҳузур бағишларди. Кўчада ҳарорат қирқдан ошган бўлса-да, бу ер соя-салқин бўларди. Бир томони – ям-яшил қирғоқ, иккинчи томони шилдираган кўм-кўк сув. Бундай сайр чоғида кўнгил таскин топиб, мияда файласуфона фикрлар уйғонар эди. Бунақанги ажойиб жойни дунёдаги ҳеч бир дам олиш масканидан топиб бўлмайдигандек туюларди…

Аммо вақт ҳам оқар сувдек ўтиб, ёшлик ҳам ортда қолди. Бозор иқтисодиётига ўтилганидан кейин Бўрижарда қандайдир тижорат ташкилотлари пайдо бўлиб, биринчи навбатда сўқмоқни тўсиб ташлашди. Шу билан кўнгилочар сайрларга ҳам нуқта қўйилди.

Шуни айтмоқчиманки, бир пайтлар одамлар табиатга ва бир-бирига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиб, ариқни ифлослантирмаган. Аммо Бўрижарнинг мен сайр қилишни ёқтирган қисмини ҳам ифлослантиришмайди. Энди “Пионер” паркининг ўрнига “Оқсарой” президент қароргоҳи жойлашган бўлиб, унинг олдидан оқиб ўтадиган ариқни хафа қилишга ҳеч ким журъат қилмаса керак.

Аммо ариқнинг бошқа қисмида – Чўпон-ота ва Фарҳод кўчалари орасидаги қисмида бошқа томоша. Бўрижарнинг Тошкентдаги жами узунлиги – 5,4 км билан солиштирса, бу қисм ҳам анчагина катта бўлиб, бир ярим ёки икки километр келади. Мақолада худди шу қисми ҳақида гап кетади.

Латта-путта солинган қоплар

Бу сафар Бўрижар бўйлаб сайр қилишимга Бадриддин Ҳилолий 3-торкўчасида яшовчи Валентина Тищенконинг “Фарғона”га қилган мурожаати сабаб бўлди. Унинг маълум қилишича, ўтган йилнинг декабридан бошлаб, Ирригация хўжалиги ва ободонлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослашган бошқармасига қарашли ҳудуддан Бўрижарга “ранг-баранг латта қийқимлари солинган целлофан қоплар” ташлана бошланган. 6 мартнинг ўзида ариққа шунақа қопдан 12 таси ташланган. “Ирригаторлар” пенсионернинг эътирозига эътибор бермаганлиги сабабли у қирғоқда қолган чиқиндиларни суратга олиб қўйиш билан кифояланган.


6 мартда ариққа ташланган латта-путта ва ахлат

Ариқда сузиб юрган қийқимлар экологик фалокат келтириб чиқармаса керак. Уларнинг ариққа ташлангани ҳам глобал муаммо эмас. Аммо бу ерда гап принципга бориб тақалмоқда. Ахир ариқни ким ифлослантиряпти? Ирригация объектларини тартибга соладиган давлат ташкилоти! Шу сабабли ҳам таҳририят мендан пенсионер келтирган фактлар рост-ёлғонлигини текшириб кўришни сўради. “Фарғона”да чиққан мақоладан кейин ариқда қандай ўзгаришлар бўлганини ҳам биратўла билиб олдим.


Латталар шохларга илиниб қолиб, бир неча кунлаб туради. Кейин баъзиларини сув оқизиб кетади

Ариқнинг бир қисмини эгаллаш

Валентина Тищенконинг уйи томон борар эканман, ўзим “Частная собственность” газетасида ишлаган пайтимда Бўрижарнинг ифлосланиши ҳақида ёзганларим, бошқа нашрлардаги ҳамкасбларим ёзганларини ҳам эсладим.

Ўша пайтда Набережная кўчаси деб аталадиган ҳозирги Бадриддин Ҳилолий 3-торкўчасида яшовчиларнинг айтишича, бир пайтлар бу жойлар табиат жаннати бўлган. Қирғоқлар яшилликка бурканган, қалдирғочлар, зарғалдоқлар ғужғон ўйнаган, “Қизил китоб”га киритилган кўкторғоқ қушлари ин қурган, Ўзбекистонда ноёб бўлган булбуллар чуруллаб сайраган... Кўм-кўк Бўрижарда эса балиқлар патир-путир қилиб сузиб юрган. Икки томондаги қирғоқда яшовчилар бу жой билан фахрланишган, уни қадрлашган, унга чиқинди ташлашмаган.

2004 йилда собиқ Набережная кўчасидаги 116 ва 114 “а” уйларни тадбиркор Юрий Югай сотиб олганидан сўнг ҳаммаси ўзгариб кетди. Расман унинг ўғли Александр Югай хўжайин бўлса ҳам, қўшниларнинг айтишича, айнан Юрий Сергеевич ҳамма ишни бошқаради. Кўзи яхши кўрса ҳам, кўзи ожизлар жамиятида қандайдир бошлиқлигини айтади ҳамда қўшниларга доим таниш-билишлари кўплигини шама қилади.

Эҳтимол, худди шу таниш-билишларига таянган ҳолда, Югай ўз ҳудудида унчалик ҳам қонуний бўлмаган ишлаб чиқаришни жадал суръатда ташкиллаштириб юборди. Металлга ишлов беришни ва мастика ишлаб чиқариш бўйича тажриба ўтказишни бошлади. Биратўла ўз ҳудудини ариқ ҳисобидан кенгайтиришга тушди.

Қўшниларнинг сўзларига кўра, бу жуда оддий ва моҳирона амалга оширилган. Эрта баҳорда, ариқда сув кам бўладиган пайтда, ариқ тубига сим билан бирлаштирилган автомобил шиналари ётқизилиб, уларнинг устидан бетон парчалари солинган бочкалар жойлаштирилган. Унинг устидан эса қурилиш чиқиндилари тўкилган. Бундай чиқинди Тошкентда кўп чиқади, чунки қурилиш ишлари тўхтамайди. Ғишт ва сувоқ парчалари ортилган Камазлар шаҳар ташқарисига қатнайди. Бу чиқиндиларни Югайнинг ҳудудига тўкиш таклифи ҳайдовчиларга ёқиб тушган, айтишларича бунинг учун Югай ҳайдовчилардан пул ҳам олган.

Расмийлар чора кўрмоқда

Юрия Сергеевичнинг бундай ишларидан барча қўшнилар, айниқса ён қўшниси Валентина Тищенко жабр кўрди. “Болгарка”нинг чийиллаши, Камазларнинг гуриллаши, кўчага тўкилиб ётган мастиканинг бадбўй ҳиди, ариққа тушаётган тонналаб чиқиндидан кўтарилаётган чанг – буларнинг ҳаммаси ёқимли эмас, албатта. Пенсионер аёлнинг олдида иккита йўл қолди – противогаз билан қулоққа тиқиладиган тиқин сотиб олиш ёки турли идораларга шикоят ёғдириш. Тищенко иккинчи йўлни танлади ва қўшниси билан узоқ давом этган урушга киришди.

Охир-оқибат Валентина Алексеевнанинг шикоятлари ва маҳаллий матбуотдаги мақолалар таъсир кўрсатди. Бундай ишлаб чиқаришни тураржойлардан 300 метргача бўлган масофада ташкил қилиш мумкин эмаслигини текширувчи органлар эслаб қолишди. Шундан сўнг “болгарка”нинг чийиллаши-ю, мастика билан ўтказиладиган тажрибалар тўхтатилди. Ҳатто Юрия Сергеевичга жарима ҳам солишди. Энди жарима миқдорини қўяверасиз, бундай жаримага ҳар қандай ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси ҳавас қилган бўларди. Югай қилган ишларга ўхшаган ўзбошимчаликка очиқ норозилик билдирганлар давлатга бир неча минг долларлаб жарима тўласа, Юрий Сергеевичга юз долларгина жарима белгилашди холос.

Аммо кутилмаганда Тищенконинг ўзи кўпроқ жабр кўрди. Тўсатдан турли ташкилотлар ҳар-хил даъволарни рўкач қила бошлашди, бир қарасанг, солиқ тўланмаган эмиш, яна бир қарасанг, газдан қарздорлик бор эмиш. Хуллас, бу айбловларнинг асоссизлигини исботлаш учун Валентина Алексеевна анчагина вақтини сарфлади.

Прецедентлар қандай юзага келади

Ариқни ифлослантиргани учун Югайни жаримага тортишган бўлса ҳам (миқдори ўша юзтани ичида), у ўз ҳудудини Бўрижар ҳисобидан кенгайтиришни тўхтатмади. Давлат ташкилотлари эса унга нисбатан ажойиб бағрикенглик кўрсатишди: унинг бу ҳаракатларини “ҳудудни текислаш” деб баҳолаб, ариқ оқимининг ўзгариши ва нариги қирғоқнинг дарахтлар билан бирга ўпирилиб тушишини “табиий омиллар таъсирида” деб тушунишди.

Эсимда, олти йил олдин Бўрижарнинг ифлосланиши ҳақидаги мақола муаллифи сифатида шаҳар прокуратураси мени комиссия билан бирга ўша жойга бориб, аҳвол билан танишишга таклиф қилишди. Эсимда қолгани – барча расмийлар бир овозда Юрий Сергеевични ҳимоя қилиб, у бечора “шундоқ ҳам жаримага тортилганини” айтишарди. Унинг ҳудудидаги металл листларидан қилинган иншоотни эса “ишлаб чиқариш цехи” эмас, балки “болохона” – дам олиш учун қурилган хоналигини таъкидлашарди.

Ўшанда мен олтинчи синфда ўтилган физика қонунларини асос қилиб олиб, “Бўзсув ирригация” (Тошкентдаги ариқларни назорат қилувчи ташкилот) вакилига шуни исботладимки, Бўрижар оқими “табиий омиллар таъсирида” эмас, балки Югайнинг ҳудуди кенгайиб, ариқ торайгани сабабли ўзгариб кетган. Бу вакил ҳудудни экскаватор ёрдамида бошланғич ҳолатга келтиришни йиғилган қўшниларга ваъда қилди. Аммо ваъда ваъдалигича қолди, Камазлар эса ариққа чиқинди ташлашда давом этиб, Юрий Сергеевичнинг ҳудудини у истаганидек кенгайтириб қўйишди.

Бу воқеани икир-чикирлари билан келтиришимдан мақсад Юрий Сергеевични ранжитиш ёки яна бир марта давлат органлари томонидан жаримага торттириш эмас. Худо сақласин. Гап шундаки, бу воқеа туфайли аянчли оқибатларга олиб келувчи прецедент юзага келди. Бўрижарнинг ҳар иккала қирғоғида яшовчи аҳоли ҳамда корхоналар Тищенко билан Югай жангини диққат билан кузатишди. Кейин давлат вакилларининг лоқайдлигини кўриб, ўзлари ҳам ариқни ифлослантиришни бошлаб юборишди.

Айниқса нариги қирғоқдаги корхоналар, Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси ҳамда Ирригация хўжалиги ва ободонлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослашган бошқармаси роса зўр беришди. Биринчиси туман бўйлаб йиғилган барг ва шох-шаббаларни ёқиб, ариққа чиқинди ташлай бошлади. Бунда Камаз эмас, балки ундан кичкина бўлмаган пахта тележкасидан фойдаланилди.

Иккинчи бошқарма эса техника сақланадиган жой яқинида оғилхона қуриб, сигир, қўй-қўзи ва ҳатто отларни сақлай бошлади. Бу ҳолда табиий ахлатни маҳкам ёпилган махсус ўрага солиш керак, аммо “ирригаторлар” оддийроқ йўлдан бориб, ахлатни ариққа тўкиб қўяқолишни маъқул кўришди.

Юрий Сергеевич “яхши қўшнига айланди”


Темир листдан қилинган “болохона” яқинида пайдо бўлган икки қаватли уй

Югайнинг ҳовлисида осойишталик ҳукм сурмоқда. “Болохона” яқинида тураржойга ўхшаган икки қаватли бино пайдо бўлибди. Қўшни дарвоза ёнида мени кутиб олган Тищенконинг қувонч билан маълум қилишича, Юрий Сергеевич деярли бенуқсон қўшнига айланибди: ҳовлисида “болгарка” чийилламаяпти, Камазлар Бўрижарга чиқинди ташламаяпти. Энди ариққа чиқиндини Юрий Сергеевич шахсан ўзи ташлаётган экан. Ҳеч кимга билдирмасдан, цемент ёки алебастр қопига солиб, арқонни ушлаб ариққа тушади. Тищенко яқинда буни суратга ҳам олди, аммо сал кечикди, чунки қоп ариққа тушиб улгурган эди.


Чапда – Валентина Алексеевна Тищенко. Ўнгда – Юрий Сергеевич Югай, ҳозиргина қопдаги чиқиндини ариққа ташлаган пайти

Тикув цехи кимга қарашли?

Дарахтлар гуллаганига қарамасдан, Валентина Алексеевнанинг ҳовлисидан қарама-қарши қирғоқни кўрса бўлади. Спортчилик маҳоратини қўллаб, озгина пастга тушилса, шохларга илиниб ётган турфа рангдаги латта-путта ва целлофан пакетларни бемалол кўриш мумкин.

Тищенконинг сўзларига кўра, ахлатини ариққа оқизадиган оғилхонани “ирригаторлар” олиб ташлашган, унинг ўрнига ўтган йилнинг охирида беташвишроқ ишлаб чиқариш нуқтаси – тикув цехи ташкил қилинган. Аммо атроф-муҳитга бўлган муносабат ўша даражада сақланиб қолган.

Валентина Алексеевна билан бирга ариқнинг нариги томонига – собиқ Набережная кўчаси билан параллел бўлган Арнасой кўчасига ўтаман. Тищенко тикув цехи жойлашган жойни иккита дарахтга қараб аниқлади, дарвоза олдида эса, латта-путтали пакетни ариққа улоқтираётган “ирригаторлар”дан бирини таниди.


Ариққа шу ердан қоплар улоқтирилади

Бу дарвоза “Ирригация хўжалиги ва ободонлаштириш объектларини таъмирлаш ихтисослашган бошқармаси” деган ёзувли дарвозага қўшни жойлашган. Аммо Валентина Алексеевна “тикув цехи жойлашган” деб таъкидлаётган дарвозада ҳеч қанақа ёзув йўқ. Кўк формали йигитлардан сўраганимизда, бу жой “хусусий корхона”лигини айтишди, кимга тегишлилигини эса “билишмайди”. Бу жойнинг ирригация бошқармасига боғлиқ жойи борми-йўқми, буни тахмин қилиш мумкин холос.

“Чиқинди ташлашади, ёқишади, ахлат ҳам оқизишади”

Тараққийпарвар шоир номига қўйилган кўчага қайтамиз. Йўлимиз Масневойлар уйи олдидан ўтади. Суҳбатдошимнинг айтишича, бу жойда 2010 йилнинг сентябрида менинг ҳамкасбларим қурилиш чиқиндиларининг иккита улкан уюмини суратга олишган. Биттаси Югайнинг ҳовлиси томонида, иккинчиси Чилонзор тумани Ободонлаштириш бошқармаси томонида бўлган.

“Ободонлаштирувчилар” шох-шаббани ёқиш ва ариққа чиқинди ташлашни тўхтатган-тўхтатмаганини Тищенкодан йўл-йўлакай сўрайман. Валентина Алексеевна чиқинди ҳақида ҳеч нима деёлмайди – унинг участкасидан “ободонлаштирувчилар”нинг ҳовлиси кўринмайди. Аммо шох-шаббани ёқиш ҳали ҳам давом этмоқда экан. Унинг айтишича, “илгаригидай ҳаммага кўрсатиб, кўп миқдорда ёқишмаяпти, фақат тунда, ҳафтада камида бир марта ёқишяпти”.

Масневойларнинг участкасидан ободонлаштириш бошқармасининг ҳовлиси бемалол кўринар экан. Шу ерда яшовчиларнинг айтишича, вақт ўтиши билан Бўрижарга тўкилган қурилиш чиқиндиларини сув оқизиб кетган. Аммо ҳовлида ҳали ҳам чиқиндига тўлган пахта тележкаларини кўриш мумкин. Ободонлаштириш бошқармаси томонидаги қирғоқнинг қиялиги ва унда ўт-ўланлар ўсмаганидан, бу чиқиндилар қаерга йўқотилаётганини билиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда яқин-яқингача шундай бўлгани аниқ.


Ободонлаштириш бошқармасининг ҳовлиси

2010 йилда суратга олган ҳамкасбларим шох-шаббалар ёқилаётган улкан алангани кўришган бўлса, менинг омадим бор экан – бошимга кул ёғмади. Мен қараган пайтда ободонлаштириш бошқармасининг ҳовлисида кичкинагина гулханча ёниб турганди, уни солиштириш учун тилга олдим холос.

Бадриддин Ҳилолий торкўчасида турадиганларнинг ўзлари ҳали ҳам ариққа ахлат ташлашади. Тищенко уйидан иккита уй наридаги чўчқахона тозаланганида чиқадиган ҳиддан шикоят қилиб қолди: “Чўчқа сийдигини ариққа оқизишганида ўткир нашатир спиртига ўхшаб сасиб кетади”.

“Менинг қўшниларим ҳам ахлатни ариққа оқизади”, - деб гапга аралашади Нина хола деган уй бекаси. Исбот тариқасида уйининг ёнидаги оғилхона деворидан чиқиб турган иккита қувурни кўрсатади. Ўша пайтда қувурлардан ҳеч нима оқмаётгган эди, аммо Нина холанинг участкасининг бошқа томонидаги қувурдан Бўрижарга аллақандай суюқлик оқаётган эди. Кўринишидан тоза сувга ўхшайди, аммо узоқда бўлгани учун яхши кўринмади, суратга олиб ҳам бўлмасди.


Оғилхонадан ариққа органик ахлатлар оқизиладиган қувур

Чегарадаги мувозанат – охири нима бўлади?

Оғилхонадан чиқаётган каналардан шикоят қилаётган Нина холанинг сўзлари остида собиқ Набережная кўчасини тарк этдим. Экологик вазият озгина яхшилангандек, аммо бу ташрифдан барибир юракни эзадиган таассурот қолди.

Тушунамиз, замон ўзгармоқда, бунга қарши чиқиб бўлмайди. Арнасой кўчасида бир пайтлар генералларнинг дала ҳовлилари бўлар эди, энди саноат ҳудудлари жойлашган. Илгари собиқ Набережная кўчасида яшовчилар участкасида дам олар эди, энди бозор муносабатларига ўтилгач, участкаларни пул топиш манбасига айлантириб олишибди.

Бунинг ёмон томони йўқ. Ариққа чиқинди ташлаётган “ободонлаштирувчилар”ни ҳам тушунса бўлади, улар шу йўл билан бензин ва вақтни тежайди. Нариги қирғоқдаги оғилхона эгаларини ҳам тушуниш мумкин – агар ҳайвон ахлатларини санитар нормаларга мувофиқ тарзда чиқитга чиқаришса, қимматга тушишади.

Шунақа қилмаслик кераклигини одамлар билишади албатта, аммо ҳеч ким назорат қилмаётгандан кейин тежаб қолиш фойдали-да! Чунки Бўрижар чегаравий ариқ бўлиб, Яккасарой ва Чилонзор туманларини ажратиб туради. Яъни, ҳеч кимники эмас.

Афтидан, расмийлар икки томонда яшовчиларга озгина тазйиқ ўтказган, энди одамлар секингина, ҳеч кимга билдирмасдан ифлослантирмоқда. Барибир Бўрижарнинг бу қисмидан қалдирғоч ва кўкторғоқлар, айниқса булбуллар йўқолган. Унча-мунча нарсадан жирканмайдиган чайкалар ҳам бу йили кўринмади. Балки бу ерда балиқ қолмаганлигидандир, балки ҳақиқатан ҳам ариқ “сассиқ” бўлиб бўлгандир.

Чиқиндининг кўплигидан Фарход кўчасидаги қувур юзига ўрнатилган панжара тиқилиб қолиб, сув тошиши мумкин. 2008 йилда шундай бўлган эди, ўшанда қувур атрофидаги жойларни сув босган.

Афсуски, Валентина Алексеевна Тищенко каби жонкуяр кишилар борган сари камайиб кетмоқда. У битта ўзи шикоят қилади, қолганлар эса индамай “хайрихоҳлик билдиришни” маъқул кўрмоқда шекилли. Ҳамма “ишқилиб тинчлик бўлсин” деган хаёлда. Чунки тинчлик бузилиши ҳам ҳеч гапмас, ана, пенсионер Тищенкони бекордан-бекорга солиқ инспекцияси билан райгазга судрашувди…

Балки, жамоат эслатмаса ҳам, расмийларнинг ўзи Бўрижарнинг шу қисмига эътибор қаратса яхши бўлармиди? Масалан, Арнасой кўчасидан саноат ҳудудини олиб ташлаб, унинг ўрнига мос келадиган ташкилотлар, масалан, шифохона ва профилакторий қурилса бўлармиди... Бундай ташкилотлар ариқни авайлаб-асраб, унинг қирғоқларини шинам дам олиш жойларига айлантирган бўларди. Ҳайвон боқаётган шахсларга эса шаҳар ичида уларни қандай боқиш кераклиги тушунтирилса-чи? Ариққа ахлат ташлайдиганлар аёвсиз равишда жаримага тортилса-чи? Балки ўшанда Бўрижарга балиқлар қайтиб, унинг қирғоқларида булбуллар хониш айлар?

Виктор Крымзалов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама