10:59 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон фуқароларига Туркия ва ББА давлатларида долларни нақдлаштириш тақиқландими?

22.03.2016 20:21 msk

Ўз мухбиримиз

Ўзбекистондаги банклар Туркия ёки Бирлашган Араб Амирликларида картадан пул ечиб бўлмаслиги ҳақида ўз мижозларини огоҳлантирмоқда. Бу икки мамлакат ўзбекистонликлар энг кўп ташриф буюрадиган мамлакатлардир. Бунга гўёки “баъзида конверсион операциялар орқали молиялаштириладиган” терроризм хавфи сабаб қилиб келтирилмоқда.

Шу билан бирга, ўзбекистонликларда нақд доллар ёки евро йўқ деб ҳисобланади: мамлакатда 2013 йилнинг февралидан бошлаб нақд валюта сотиб олиш тақиқланган, уни фақатгина нақд пулсиз шаклда халқаро пластик карталарга (Visa ёки Mastercard Exchange) олиш мумкин. Бу карталарни эса фақатгина мамлакатдан ташқарида ишлатиш мумкин.

Ўзбек ҳукуматининг ўзбошимчалик қилишига асосий баҳона – терроризм

Терроризм ва “Ислом давлати” (“Ироқ ва Шом ислом давлати”, ИШИД, ISIS, IS, Daesh тақиқланган террористик ташкилоти) тарафдорларига қарши кураш доирасида 2015 йилнинг кузида Ўзбекистонда ёппасига ҳибсга олиш ва мусулмонларни қўлга олиш ҳаракати авж олди. Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи (ЎМҲҲТГ) маълумотларига кўра, қўлга олинган диндорлар сони 150 кишидан ошган. Уларнинг аксарияти Тошкент вилояти Зангиота тумани, Тошкентнинг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманларининг айрим маҳаллалари ҳамда Хоразм ва Наманганда яшовчилардир.

Озодлик радиосининг ЎМҲҲТГ раиси Сурат Икромовдан иқтибос келтиришича: “Буларнинг ҳаммаси ноқонуний қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари эскича услубда ишлайди. Қўлга олинганларнинг кўпчилиги бошқа мамлакатлардан қайтиб келганлардир. Булар ўша мамлакатларда турли веб-сайтлар, жумладан, “Ислом давлати” веб-сайтига ташриф буюрган бўлиши мумкин, бу ҳақда эса органлар хабар топган. Ҳаммасини ёппасига ушлаб, сўроқ қилишмоқда. Айримларини қўйиб юборишди, айримларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди”.

Бундан ташқари, ўтган йилнинг кузида “хавфсизлик чоралари” кучайтирилиб, ҳар куни кечки пайт юзлаб шаҳарликлар қўлга олинди ва ижарадаги хонадонлар текшириб чиқилди.

Мана энди “бош кўтараётган” терроризм хавфини рўкач қилган ҳукумат Ўзбекистон банкларининг Туркия ва БААдаги конверсион операцияларини чеклаб қўйди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда норозиликнинг кучайишига олиб келди.

“Шу йили иккита оила бўлиб Туркияда дам олмоқчи эдик, - деб ёзади фейсбукдаги гуруҳлардан бирининг аъзоси Наргиза Қодирова. – Ҳисоблаб кўриб, саёҳатга пул етиши учун иккита конверсион карта олишга қарор қилдик. Бир-иккита банкка мурожаат қилиб билдикки, банклар картага фақат 500 доллар берар экан, буниси ҳам майли, айримларининг карталарини Туркия ва Дубайда ишлатиб бўлмас экан. Майли, битта оиланинг дам олишига 500 доллар етишини қайси ақлли ҳисоблаб чиққанини сўрамай қўяқолайлик. Аммо бошқа нарсага ғазабим қайнайди. Нимага мен бир неча кунлик навбатда туриб, асабимни йўқотиб, ЎЗ ПУЛИМГА валюта сотиб оламан-у, уни қаерда ишлатиш мумкинлигини банк ҳал қилиши керак? Бунга қандай асосингиз бор, ҳукумат қарори чиққанми? Бу савол “Асака-банк” ва Ўзбекистон Миллий банкига қаратилган”.

Маълум бўлишича, Туркия ва БААдаги конверсион опреацияларга расман ҳеч қандай тақиқ қўйилмаган. “Фарғона” мухбирининг Ўзбекистон Миллий банки вакилига берган саволига берилган жавобга кўра, бундай тақиқнинг сабабини “билишмайди ва бу масалани Миллий банк ҳал қилмайди”. Аммо Миллий банк конверсион бўлими ходимининг айтишича, пластик карталар фақатгина Туркия ва БАА эмас, балки Хитойда ҳам блокировка қилинган. Ўзбекистонликлар харид учун Хитойга кўп боришади. Яна айтишича, ҳозирда Миллий банк картага фақат 400 доллардан туширмоқда, бу миқдор навбатда турганларнинг сонига боғлиқ, навбат эса сентябргача чўзилиб ётибди.

“Асака банк”дагиларнинг айтишича, бу банк қонунда белгиланганидек, картага икки минг доллардан туширмоқда, аммо айни пайтда банкда конверсион операциялар тўхтатилган. Сабабини айтиб ўтиришмади. Бу нарса 2 февралда банк бошқарув раиси Қаҳрамон Ориповнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унга нисбатан “валюта жиноятлари ва жиноий даромадларни легаллаштириш” юзасидан жиноий иш қўзғатилган.


Тошкентдаги “Асака-банк” биноси. “Фарғона” олган сурат

“Асака-банк”дагиларнинг тан олишича, Туркия ва БААдаги конверсион операциялар айнан 2 февралдан бошлаб тўхтатилган, шу сабабли раиснинг ҳибсга олиниши билан блокировканинг учи битта тугунга бориб тақалади. Аммо бу банк ходимасининг таъкидлашича, блокировка фақат “Асака-банк” ва Миллий банк эмас, балки Ўзбекистондаги барча кредит ташкилотларида амал қилади.

“Буни Ўзбекистон томони амалга оширди, чунки бу мамлакатлардаги бир нечта терактлар шу каби конверсион операциялар ёрдамида қўллаб-қувватланган”,- деб тушунтирди ишонч билан “Асака-банк” конверсион бўлими ходимаси.

Терроризмнинг алоқаси йўқ

Аксарият фейсбук фойдаланувчиларининг фикрича, Туркия ва БААда пластик карталар блокировка қилинишининг асл сабаби – Ўзекистондан валюта чиқиб кетишини иложи борича камайтиришдир. Чунки Россияда ишлаётган меҳнат ммуҳожирлари юбораётган пул ўтказмалари ҳажми кескин камайиб кетганлиги сабабли борган сари валюта камёб бўлиб бормоқда.

“Одамлар пулни энг кўп нақдлаштирадиган мамлакатларни блокировка қилиб қўйишди, бу кундек равшан-ку”, - дейди юқоридаги постга фикр билдирганлардан бири.

Турли ҳисоб-китобларга кўра, бугунги кунда Россияда беш-етти миллион ўзбекистонлик муҳожир ишламоқда. Икки-уч йил олдин республикадаги валюта бозорининг асосий манбаси мигрантларнинг пул ўтказмалари эди. Аммо Россия рублининг қулаши ортидан пул ўтказмалари оқими ҳам камайиб кетди. Доллар 2014 йил бошида 35 рубл бўлган бўлса, ҳозирги кунда 70 рублгача ҳисобланади. Масалан, Россия Марказий банкининг маълумотларига кўра, 2014 йилда Ўзбекистонга $5,563 млрд юборилган бўлиб, бу сумма 2013 йилга қараганда ўртача $1 млрд камроқдир.

2015 йилда ўтказмалар ҳажми камая боргани Ўзбекистон “қора бозор”ида долларнинг нархини кескин ошириб юборди: бугун доллар ўртача 6550 сўм туради, Марказий Банк курси эса 2866,75 сўм қилиб белгиланган.

2013 йилгача Ўзбекистонда яшовчилар ҳар кварталда бир марта банкдан давлат нархида икки минг долларгача нақд сотиб олиш имкониятига эга эди, бу курс бозордагидан икки баравар арзонга тушади. Аслида эса бунинг учун оддий фуқаронинг “тепада ҳомийси” бўлиши ёки асаблари темирдан бўлиши керак эди, чунки валюта олиш учун бир неча ҳафталаб навбатда туришга тўғри келарди.

Аммо 2013 йилнинг 1 февралидан бошлаб хорижий валютани сотиб олиш тартиби ўзгарди: банкда нақд долларни сотиш тўхтатилди, унинг ўрнига “ваколатли банклар томонидан хорижий валютани нақд пулсиз шаклда, миллий валютани шахсий пластик картадан хорижий валюта сифатида халқаро тўлов картасига ўтказиш орқали сотиш механизми” татбиқ этилди.

Бошланишида бу операцияга бир неча ҳафта кетарди, ҳозир бир неча ой вақтни олмоқда. Бунинг устига, қонун бўйича икки минг долларни халқаро картага ўтказиш фақат “таниш-билиши” борларга насиб этмоқда, оддий одамлар эса беш юз долларга ҳам хурсанд.

Ўзбекистон ҳудудида эркин ва қонуний тарзда хорижий валютани нақдлаштириш мумкин эмас, яъни, бундай пластик картани фақат бошқа мамлакатларда ишлатиш мумкин, бунинг устига кунига юз долларгача ечиб олиш мумкин, холос.

Аммо Ўзбекистон расмийлари шуни ҳам кўп кўришди. Ҳисоблаб кўришса, аҳоли асосан БАА ёки Туркияга кетишдан олдин банкларнинг конверсион бўлимига мурожаат қилар экан, у ердан эса сотиш учун товар олиб келиш фойда келтиради. Демак, “ўзбекларнинг” долларлари айнан шу мамлакатларга ташлаб келинмоқда. Шунинг учун ҳам ўша ерларда долларни нақдлаштиришни тақиқлаб қўйишди, ахир хориждаги конверсион операциялар сонини кескин камайтириш керак-ку. Шу норасмий версия ҳақиқатга яқинроқ бўлиб кўринмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама