10:58 msk, 24 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентдаги Миробод бозори: Панжарали гумбазсиз, аммо бассейн ва фонтанли

22.03.2016 20:08 msk

Ўз мухбиримиз

Шу кунларда Ўзбекистон пойтахтида Миробод (собиқ Госпитальный) деҳқон бозори кенг кўламда жадал реконструкция қилинмоқда. Чап қанотдаги иншоот ва дўконлар деярли тўлиқ бузиб ташланган, у ерда ишлаган сотувчилар ўнг қанотдаги расталарга қўшилиб олишган. Аммо энг асосийси, бозорнинг ўзига хос сиймосига айланган томидаги фирузаранг қоплама бутунлай олиб ташланган.

Энди шаффоф поликарбонат билан қопланган пўлат иншоот шаклидаги енгил ва мустаҳкам лексан соябон ўрнига металлдан қилинган улкан профнастил ўрнатилади. Бозорнинг ўртасида, томни кўтарувчи таянч “оёқ” турган жойда бир нечта кўпикли фонтани бор бассейн қурилади. Бу маълумотни бозор директори Ўктам Отабоев ва қурилишда ишлаётган қурувчилар сотувчиларга маълум қилган.

Аввалроқ Олой бозори бутунлай қайта қурилиши, Миробод бозорида эса бинонинг олд томони ва бошқа қисмлари қайта қурилиши айтилган эди. Кейинчалик эса “Тошбозорсавдо” вакилининг изоҳ беришича, “Олой бозорининг иншооти паст қурилган, шунинг учун ёруғлик етишмас эди, Миробод бозорининг ташқи кўриниши эса замонавий талабларга мос келмайди”.

Панжарали гумбазнинг замонавий эмас деб топилиши ва унинг ўрнига улкан темир профнастил ўрнатилиши, бир неча тоннали томнинг устуни эса доим сувнинг ичида туриши сотувчиларнинг хаёлига ҳам келмаган эди.


Миробод бозорининг олдинги кўриниши. Сурат Мytashkent.uz сайтидан олинди

Марказий устунни ичидан емираётган ишқор-кислотали ер ости сувлари таъсирида ва профнастил қопламанинг ўта оғирлиги туфайли янги қопламанинг қулаб тушиш хавфи борлиги ҳақида қурувчилар очиқ-ойдин гапиришмоқда. Аммо раҳбариятнинг буйруғини бажармаса бўлмайди.

“Янги металл каркаснинг қулаб тушиш хавфи жиддийлиги камлик қилгандек, у туфайли ёзда ўта дим бўлади, қишда эса қороғи ва совуқ бўлади, - деб огоҳлантиришмоқда қурувчилар. – Исроилда ишлаб чиқарилган лександан қилинган яшил “абажур” нақ йигирма йил чидаб берди, энди эса модадан қолганмиш.”


Миробод бозори 2016 йил 12 мартда. Умида Аҳмедова фотоси, ”Фарғона.Ру”

1995-1996 йилларда (худди ўша пайтларда Тошкентда ноёб бўлган технология бўйича унинг фируза-яшил рангли гумбази қурилган эди) Миробод бозорини лойиҳалаштиришда қатнашган шахслардан бирининг ўз исмини ошкор қилмаслик шарти билан айтишича, сув ҳовузи қурилса, асосий оғирликни кўтариб турадиган пўлат устунлар учун хавф туғилиши турган гап. Бу ҳолда 2006 йил 23 февралда Москвадаги Басман бозорида рўй берган фалокатнинг такрорланиши хавфи юзага келади, ўшанда том қулаб тушиб, 68 кишининг ҳаётига зомин бўлган эди.

Тошкентнинг сейсмик фаоллигини ҳам кўздан қочирмаслик лозим. Бундан ташқари, ҳовузда тўпланган сув билан кислота ва тузларга бой бўлган ер ости сувлари ертўла иншоотлари ва товар омборларига йўл топади, бу жойларда эса бақувват вентиляция ва музлаткич қурилмалар мавжуд.


Миробод бозори 2016 йил 12 мартда. Умида Аҳмедова фотоси, ”Фарғона.Ру”

“Яқин-яқингача бозорнинг реконструкцияси билан шуғулланган “Ташгипрогор” мутахассислари ҳамда уларнинг бир нечта ташкилотлардаги (“Ўзоғирсаноатлойиҳа”, “Ташгенплан”, Метрология агентлиги, “Ўзстандарт” ва бошқалар) ҳамкасблари менинг хулосаларимга қўшилишди. Марказий устуннинг сув ичида занглаши туфайли томнинг қулаши хавфи мавжуд, - дейди “Фарғона” суҳбатдоши. – Эътироз билдирмоқчи бўлишганида раҳбарият “жим бўлиш”ни маслаҳат берган, чунки қарорни улар қабул қилмайди. Шу сабабли ҳозир Миробод бозорида бўлаётган воқеалардан лойиҳачиларнинг хабари ҳам бўлмаса керак”.

Манбага кўра, кейинчалик бозорни реконструкция қилиш буюртмаси устида ишлаб, ишни ярмига етказиб бўлган 200 кишилик “Ташгипрогор” жамоасини лойиҳадан четлатишган. Барча ҳужжатлар ва ҳисоб-китоблар тўртта хусусий фирмага берилган. Бунга шахсан шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов аралашган дейишади. “Ташгипрогор” мутахассисларни четлатишнинг расмий сабаби – уларнинг хизмати ўта қиммат деб топилганидир. Аммо аслида пул ҳақида умуман гап бормаган, бундан ташқари ўта катта ҳажмдаги иш амалга ошириб бўлинган эди.


Миробод бозори 2016 йил 12 мартда. Умида Аҳмедова фотоси, ”Фарғона.Ру”

Шу ўринда илгари юз берган бир воқеани эслаб ўтиш лозим. Эски шаҳардаги шифохоналардан бирини реконструкция қилиш буюртмасини худди шу йўсинда “Ташгипрогор”дан тортиб олиб, қандайдир хусусий фирмага беришган. Оқибати хунук тугаган: ишлаб турган муассасада девор қулаб тушиб, бир нечта қурбонлар бўлган.

Маҳаллий қурилиш ҳужжатларининг икир-чикирларидан хабардор бўлган манбанинг айтишича, ҳозирги Миробод бозорини реконструкция қилиш лойиҳаси иқтисодий жиҳатдан фойдали эмас. Бунинг сабабларидан бири, бассейнга жой ажратиш мақсадида савдо расталари сезиларли тарзда камайтирилган, бу дегани солиқлар, бандлик ва иш ўринлари ҳам камаяди. Расмийлар эса буни “савдо нуқталарини ихчамлаштириш” деб номлайди. Бир нечта жойга тарқалиб кетган савдо ҳудуди бирлаштирилар эмиш. Сотувчи ва харидорларнинг хавфсизлиги масаласи эса охирги ўринда турса керак.


Миробод бозори 2016 йил 12 мартда. Умида Аҳмедова фотоси, ”Фарғона.Ру”

“Бозор ўртасида улкан бассейн ва фонтанни кўзда тутадиган лойиҳа – исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Аниқ кўриниб турган камчиликларига қарамасдан шунга зўр беришаётган эканми, демак юқоридаги кимдир “откат”лардан манфаатдор. Госпитальный бозорининг архитектураси шундайки, унда бунақа янгиликларсиз ҳам мураккаб иншоотларнинг хавфсизлигини мунтазам назорат қилиб туриш лозим. Зарур бўлганида сув ҳовузига махсус қурилмали машинанинг кириши ҳақида расмийлар ўйлаб кўрганмикан? Шунақа зарурият албатта туғилади. Барибир бозорнинг ўртасида қиммат бассейнни қуришдан маъно йўқ, чунки вақт ўтиши билан у чиқинди тўпланадиган ёки қўл-оёқ ювиладиган жойга айланади. Эсингиздами, эски Чорсу бозорида ҳам шу каби фонтанли бассейн қурилиб, кўп ўтмай чиқиндихонага айланувди? Ёз кечаларида эса ўша ерда чўмилишни хоҳловчилар ҳам топилади албатта”, - деб ҳайронлигини яширмайди суҳбатдошимиз.


Миробод бозори 2016 йил 12 мартда. Фото Умида Аҳмедова, ”Фарғона.Ру”

“Ундан кўра қўл ювадиган жойларни тартибга келтиришса бўларди,”- деб давом этади суҳбатдошимиз, - “бозор ҳудудидаги тўртта жўмракдан биттасигина ишлайди, сув сарфини камайтириш учун атайлаб шундай қилинган. Энди бўлса, томдан тараша тушгандай, фонтанли бассейн қурилармиш”.

Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Олой ва Миробод бозорлари мустақилликнинг 25 йиллигига тайёргарлик доирасида реконструкция қилинмоқда. Иш қиймати 15 миллиард сўм (бозор курси бўйича $2,5 миллион атрофида) бўлиши кутилмоқда. “Авиасозлар”, “Наврўз”, “Сирғали”, “Юнусобод” бозорлари эса таъмирланади. Таъмирлаш-қурилиш ишларини 1 сентябрга қадар ниҳоясига етказиш режалаштирилмоқда.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама