03:32 msk, 22 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон – революция даврида давлатнинг вужудга келиши

19.03.2016 06:07 msk

CAA Network

Таниқли тадқиқотчи, Миннесота штатидаги Карлтон коллежининг тарих профессори Адиб Халид 15 март куни Ж. Вашингтон университети қошидаги Марказий Осиё дастурида чиқиш қилиб, ўзининг янги китобини тақдим қилди. Бу китоб “Making Uzbekistan: Nation, Empire, and Revolution in the Early USSR” (“Ўзбекистоннинг дунёга келиши: ССРИ дастлабки йилларидаги миллат, империя ва революция”) деб номланиб, 2015 йилнинг ноябрида Cornell University Press нашриёти томонидан чиқарилган.

Адиб Халиднинг илмий изланишлари соҳаси – Марказий Осиёдаги ўтроқ аҳолининг 1860 йиллардаги рус истилосидан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарихидир. Уни айниқса тарихий ўзгаришлар натижасида маданият ва миллийликнинг ўзгаришга юз тутиши масалалари қизиқтиради. Унинг тадқиқотларида подшо ва совет ҳукумати даврида исломга бўлган муносабат асосий ўрин тутади.

Адиб Халид иккита китоб ёзган: “The Politics of Muslim Cultural Reform: Jadidism in Central Asia” (“Мусулмон маданий ислоҳотлари сиёсати: Марказий Осиёда жадидчилик”), 1998, ва “Islam after Communism: Religion and Politics in Central Asia»” 2007 (“Коммунизмдан кейинги ислом: Марказий Осиёда дин ва сиёсат”, 2010). Иккинчи китоби 2008 йилда “Россия, Евроoсиё ва шарқий Европа борасидаги тадқиқотларга қўшган улкан ҳиссаси учун” Америка славяншуносликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ассоциациясининг Уэйн Вучинич мукофоти билан тақдирланган.

“Making Uzbekistan: Nation, Empire, and Revolution in the Early USSR” китобида Адиб Халид Марказий Осиёнинг рус революцияси давридаги суронли тарихини ёритган. Оғир замон – урушлар, иқтисодий инқироз, очарчилик натижасида маҳаллий жамият ўзгариб, ҳукуматга янги гуруҳлар чиқди, янги революцион давлат эса янги тартибларни жорий қила бошлади. Бу даврлар умид ва интилиш даври бўлиб, революция яратган имкониятдан фойдаланган маҳаллий кучлар жамиятни ўзгартириш ҳаракатида бўлган. Революция халқнинг орзу-умидлари билан чамбарчас боғланиб борган сари Марказий Осиё зиёлиларининг ниятлари янги шаклларда намоён бўла бошлади. Минтақада миллий республикаларга асос солина бошлади ва уларнинг орасида Ўзбекистон энг муҳим ўрин тутди.

Ўзбекистон ва Россия архивларидаги манбалардан ва ўша даврдаги ўзбек ва тожик тилидаги матбуот ва адабиётдан фойдаланган ҳолда Халид биринчи бор Ўзбекистондаги 1920 йилларнинг сиёсий тарихини сермазмун шаклда ёритиб берди. У ўзбек зиёлилари, маҳаллий большевиклар ва Москва ўртасидаги мураккаб муносабатларни ўрганиб, совет Ўрта Осиёсининг илк даврларидаги вазиятни кўрсатиб берди. Асосий эътиборни ўзбек зиёлиларга қаратгани туфайли унда совет миллий сиёсатини ўзгача талқин қилиш имкони юзага келди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон совет сиёсатининг маҳсули эмас, балки ўша мураккаб даврдаги бўшлиқ туфайли юзага келган бўлиб, мусулмон зиёлиларининг лойиҳасидир. Революция келтириб чиқарган жўшқин куч-қувват натижасида замонавий маданият “олтин асри”га асос солинди. Ижодкорлар янги адабий шаклларни синаб кўришди ва унинг асосида замонавий ўзбек тили вужудга келди. Китобда ўша даврнинг энг муҳим адабий асарлари тилга олиниб, ушбу ўн йиллик даврда маданий революция бўлиб ўтганлиги таъкидланади.

Ж. Вашингтон университетидаги маърузасида Адиб Халид китобдаги асосий саволга тўхталиб ўтди – Ўзбекистон нима ўзи? Қаердан пайдо бўлди? Юз йиллар олдин Марказий Осиёнинг харитаси бутунлай бошқача бўлган, бу ерда янги давлатларнинг пайдо бўлиши тахмин ҳам қилинмаган. Шу сабабли, “совуқ уруш” даврида тадқиқотчилар Ўрта Осиё республикаларининг пайдо бўлиши сабабларини ўрганишганида, шундай бир фикр илгари сурилдики, бу республикаларнинг пайдо бўлиши Сталиннинг “бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил” тамойилида олиб борган сиёсатининг натижаси деб ҳисобланди. Аксарият тадқиқотчиларнинг фикрича, минтақани миллатга кўра бўлиб ташлаш ва чегараларни ўзбошимчалик билан белгилашдан мақсад – ҳар бир республиканинг миллий ўзлигини мустаҳкамлаш, минтақанинг бирор-бир ғоя (масалан, пантуркизм, панисломизм) атрофида бирлашиб, совет ҳукуматига қарши куч вужудга келишига йўл қўймаслик бўлган.

Адиб Халиднинг таъкидлашича, бундай даъволарда совет миллий сиёсатига ҳаддан ортиқ муҳим рол берилиб, маҳаллий кучларнинг роли ҳисобга олинмайди. Бу кучларга биринчи навбатда революцияга қадар бўлган мусулмон зиёли қатлами (жадидлар) киради. Замонавий Ўзбекистон чегаралари совет этнографлари томонидан эмас, балки мусулмон зиёлилари томонидан чизилган бўлиб, бу фикр уларга революциядан бирмунча олдинроқ келган. 1917 йилгача улар (биринчи навбатда Марказий Осиёнинг ўтроқ аҳолиси вакиллари) ўзларини “Туркистон мусулмонлари” деб билган бўлса, 1917 йилда миллий ўзликни англаш ва туркизм ғоялари кескин ёйилиб кетди. Энди зиёлилар ўзларини “Туркистон турклари” деб атаб, туркий келиб чиқишидан фахрлана бошлашди. Аммо туркизмнинг кучайиши “пантуркизм”ни билдирмаган: бошқа турклар билан биродарлик тан олинган ҳолда, улар билан ҳеч қандай сиёсий иттифоқ ҳаракати бўлмаган, фақатгина хаёлий бир ҳамжамият назарда тутилган. Туркизм шарофати билан Марказий Осиё мусулмонларида дунё аренасига турклар сифатида чиқиш имкони туғилди.

Бу жараёнда тарихчи ва шоир Абдурауф Фитрат (1886–1938) алоҳида ўрин тутади. Бухорода туғилиб, форс тилида сўзлашадиган Фитрат Истамбулда тўрт йил (1909–1913) яшаб, туркизм ғояларини ўзига сингдирган. Фитратнинг бир шеърида исломдан олдинги Турон ва ўрта аср ўғузлари, мўғул Чингизхон ва чингизий бўлмаган Амир Темурнинг сиймолари ғаройиб тарзда чатишиб кетади. Буюк Турон ғояси – сиёсий тасаввур, орзу бўлиб, у кўчманчи анъаналар вориси, мусулмон, жаҳонгир, Самарқандда пойтахт қурган ва маданият, адабиёт ва чиғатой тилининиг ривожланишини қўллаб-қувватлаган Амир Темур сиймоси билан бирга келади.

Маданият, ислом, туркизм ва темурийлар меросини ўзида мужассам этган чиғатойизм Ўзбекистон ўзлигининг йўналиши сифатида қабул қилинди. Темурийлар вориси сифатида эса рус ҳукмдорлигини бошидан ўтказган ва Фрунзе буйруғи билан вайрон этилган мусулмон давлатининг сўнгги намунаси – Бухоро танланди. Фрунзенинг иттифоқчилари ёш бухороликлар бўлган, бу ёш ислоҳотчилар қаторига Фитрат ва унинг издошлари кириб, улар уч йил давомида Бухоро Халқ Совет Республикасини бошқарган. Улар Бухорони турклаштириш сиёсатини олиб боришган (жумладан, ҳукуматга келган заҳоти форс тилидан ўзбек тилига ўтиш ҳақида эълон қилинган). Яъни Марказий Осиёда туркизм Туркистондан эмас, балки Бухородан бошлаб ривожланган. Ёш бухороликларнинг режасига кўра, Бухоро асосида Ўзбекистон ташкил қилиниб, унга ўтроқ ва ярим ўтроқ аҳоли – “ўзбек халқи” яшайдиган барча вилоятлар кириши керак бўлган, аммо қозоқ ёки туркман каби кўчманчи қабилалар унга кирмаган.

Яна бир машҳур ёш бухоролик Файзулла Хўжаев ўзининг “ўзбек лойиҳасида” шуни таъкидлайдики, илгари темурийлар давлатида бирлашган “ўзбек халқи” “иқтисодий таназзул, давлат бирлигининг йўқолиши, хонлик, амирлик ва подшолик ҳукмронлиги остида халқнинг жисмонан йўқ қилиниши сабабли парчаланиб кетган”. Хўжаевнинг ёзишича, ўзбек халқини бирлаштириш совет ҳукуматининг вазифасидир.

1924 йилги миллий-ҳудудий чегаралашдан сўнг қайта ташкил этилган Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси таркибига Марказий Осиёнинг деярли барча тарихий шаҳарлари кирган. Йирик урбанистик марказлар қолоқ қишлоқ аҳолисининг иқтисодиётини қўллаб-қувватлаши керак деган совет мантиғига кўра, Жалолобод ва Ўш Қирғизистонга берилган, Хива эса эксклав бўлган. Ўзбекистан ўз таркибига кирадиган Тожикистон АССРдан ажралиб турган ҳолдаги Буюк Бухоро сифатида тамсил этилган.

Совет даврида ўзбек миллати совет қоидалари ва чекловлари доирасида ривожланган, “шонли ўтмиш”да Улуғбек ва Алишер Навоийлар мадҳ этилиб, ўзбек миллатининг чиғатойга хослиги қўллаб-қувватланган. Шу сабабли ҳам 1991 йилда Амир Темур янги ўзбек давлатининг рамзига айлангани, Ўзбекистон эса Шайбонийхоннинг ўзбек қабилалари меросига эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг ўтроқ маданияти меросига даъво қилиши ажабланарли ҳолат эмас.

CAA Network, 15.03.2016

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама