05:07 msk, 17 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Нукусдаги музейнинг янги директори: “Ўғирликлардан хабарим йўқ”

14.03.2016 09:48 msk

Фарғона

“Фарғона”нинг Ўзбекистондаги манбаларининг хабар беришича, ўтган йили собиқ директорнинг шов-шувли истеъфосидан кейин тилларга тушган Игор Савицкий номидаги Нукус Давлат музейида айни пайтда иккита ҳукумат комиссияси ишламоқда.

Улардан бири 2016 йилнинг май ойи бошигача ишлаб, дунёга машҳур коллекциянинг тўла сақланганлигини текшириши керак. Иккинчиси молиявий аҳволни текшириб, бу комиссиянинг иши 26 февралда тугаши керак эди. Аммо унинг хулосаларидан хабар йўқ, қачон эълон қилиниши ҳам номаълум.

2015 йилнинг август ойи охирида Қорақалпоғистон маданият вазирлигининг буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан бўшатилган собиқ раҳбар Мариника Бобоназарова ҳам бир неча ойдан бери жим. Уни ҳимоя қилиш мақсадида интернетда ташкил қилинган кампания иштирокчилари бу тажрибали ва ҳурматли директорни ўз ишига тиклаш юзасидан маданият вазири ва президент номига талабнома имзолаб, юборганидан сўнг, кампания иши вақт ўтиши билан тўхтаб қолди.

Қатъий равишда Бобоназарова тарафдори бўлган музей коллективидан ҳам норозилик оҳанглари эшитилмай қолди. Аммо, Худога шукрки, музейда анча йиллардан бери амалга оширилаётган қинғирликлар ҳақидаги аноним ва асоссиз хатлар келиши ҳам тўхтади.

Салкам олти ойдан кейин эса, 2016 йилнинг феврал ойи охирида музейга янги директор тайинланди. Бу шахс тарихчи ва филолог, фан номзоди Максет Карлибаев бўлиб, у бунга қадар Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида ижтимоий фанлар илмий-тадқиқот институти директори бўлиб фаолият юритган. Чапдаги сурат эскироқ бўлса ҳам, директорнинг якка-ю ягона сурати бўлиб, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимининг расмий веб-сайтидан олинган.

Максет Карлыбаев
Шу сайтдаги маълумотларга кўра, Карлибаев 1968 йилда туғилган, Тошкент давлат университетининг рус филологияси факультетини тугатган, 1996 йилда “Қорақалпоғистонда халқ таълимининг XIX аср, XX аср бошларидаги тарихи” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган, Индиана (АҚШ) ва Берлинда (ГФР) стажировка қилган, кейин Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қорақалпоғистон бўлимида Тарих, археология ва этнография институтининг директори бўлиб ишлаган.

Максета Абдибаевич билан яқинроқ танишиб, унинг янги вазифаси ҳақида сўраб-суриштириш учун телефон орқали боғландик, бу пайтда унинг лавозимга тайинланганига бир ҳафта бўлган эди. Афсуски, янги директор камгап экан. Балки кўп нарсадан хабари йўқдир, балки сир очмайдиган инсондир.... Ўзингиз баҳо беринг, у билан суҳбатнинг сўзма-сўз матни мана:

- Музей директори этиб сайланганингизга қанча бўлди?

- Бир ҳафта.

- Вазифага тайинланган пайтингизда кўнглингиздан нималар ўтди?

- Албатта, озгина ташвиш, ҳаяжон бўлди, чунки ишончни оқлаш ҳам оғир вазифа. Бу ерда иш кўп, чунки бу музей халқаро даражада обрў-эътиборга эга, уни сақлаб туриш ҳам осон иш эмас.

- Бизга маълумки, ҳозир музейда иккита комиссия ишламоқда – молиявий комиссия ва коллекциянинг тўлиқлигини текширадиган комиссия…

- Бунақа маълумотни қаердан олганингизни билмайман. Битта комиссия ишламоқда – инвентаризация бўйича.

- Бу комиссия айнан нима қилмоқда, унинг вазифасига нималар киради?

- Билмайман, чунки ҳали комиссия аъзолари билан учрашмадим. Аммо бу комиссия фақат бизнинг музейда эмас, балки Нукусдаги барча музейларда ишламоқда.

- Аммо сизнинг музейингизда бўлишган-ку? Қанақадир хулосалар, ишнинг натижаси борми?

- Билмайман, ҳали натижаларни кўрмадим.

- Музейдаги ўғирликлар ҳақида эшитганмисиз?

- Йўқ, бу ҳақда ҳеч нима билмайман.

- Демак, ишга тайинлашаётганда сизга бу ҳақда айтишмагандир?

- Ким айтиши керак эди?

- Бу нима деганингиз? Вазрликдан айтишмаган бўлса ҳам, интернетда бу ҳақда кўп гапирилди-ку. Масалан, аввалги директорнинг истеъфоси ҳам шу ўғирликларга боғлиқлиги ҳақида…

- Йўқ, бу ҳақда ҳеч нима билмайман.

- Хўп, яхши. Музейнинг собиқ директори Мариника Бобоназарова билан танишмисиз?

- Ҳа, албатта.

- Унинг аввалги фаолияти ҳақида фикрингиз қандай?

- Нимани назарда тутяпсиз?

- Унинг ишини профессионал нуқтаи-назардан қандай баҳолаган бўлардингиз?

- Мен уни ҳурмат қиламан ва жуда қадрлайман.

- Аммо матбуотдаги хабарларга қараганда, музейдаги картиналар ўғирланишига унинг алоқаси бор эмиш?

- Билмадим, ўқимаганман…

* * *

Карлибаевнинг тайинланиши юзасидан М.Бобоназарованинг фикрини ҳам сўрадик, аммо у бу мавзуда гапиришдан бош тортди. Мариника Маратовна энди бутунлай собиқ директорга айланган кўринади, чунки унинг лавозимга тикланиши ҳақида бирор сўз айтилгани йўқ. Аммо “Фарғона” Савицкий номидаги музей атрофидаги воқеа-ҳодисаларни кузатиб боради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама