11:49 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Uznews.Net: Қораланган веб-сайт янги ҳаёт бўсағасидами?

04.03.2016 08:37 msk

“Ўтюраклар клуби”

Суратда –Галима Бухарбаеванинг ўқ теккан блокноти ва 2005 йилги пресс-картаси

Голландиянинг Арнеме шаҳридаги туман суди ўзбекистонлик журналист, Uznews.net сайтининг асосчиси ва бош муҳаррири Галима Бухарбаеванинг Голландияда жойлашган “Замондош” сайтига қилган даъвоси судда кўриб чиқиладиган кунни тайинлаши керак.

Фарғоналик Мўътабар Тожибоева раҳбарлик қиладиган “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига берган интервьюсида Бухарбаева суд ишининг тафсилотлари ҳақида гапириб берди.

- Галима, аввало қайтганингиз билан табриклаймиз! Сизнинг аччиқ ва ҳаққоний журналистикангиз, сўзингизнинг ўрни билинди. Шундай қилиб, қайтдингизми?

- Раҳмат. Аслида ҳеч қаёққа кетмагандим, 2014 йилнинг декабрида Uznews.net сайтини ёпдим, ўша пайтда бу ягона тўғри қарор эди. Одамларни гирдобга ташлагим келмади, яхшиси четга чиққан маъқул эди. Аммо мен бир дақиқа ҳам журналистикадан кетиш ниятим йўқ эди, бу танаффус вақтинча эканлигини билардим, шу билан бирга шундай қилиш зарур эди.

- Ризо Обидовнинг “Замондош” сайтини судга берганингизни қайтишингизнинг белгиси сифатида қабул қилдик…

- “Замондош”га нисбатан судга келсак, бу нарса барибир рўй берар эди. Мен Ризо Обидовни жавобгарликка тортишга сўз берганман. Сўзимда тураман ҳам. Бир нарсага аминманки, ҳар бир инсон қилган ишига жавоб бериши керак, айниқса у атайлаб ёмонлик қилишда давом этиб, ҳар қилган ёмонлигидан завқланса. Жиноят жазосиз қолмайди, бу аксиома инсоният ва ҳаёт мантиғининг асосини ташкил этади, бусиз иложи йўқ. Бу нарса Ўзбекистоннинг ривожланишига ҳам боғлиқ: ҳақиқат ва адолат ўрнатилмас экан, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.

- Голландиядаги судда ғолиб чиқишингизга аминмисиз?

- Албатта. “Замондош” сайтида мен ҳақимда чоп этилган нарсалар қуруқ туҳмат. Шахсан менга қарши ва оёққа турган ва таъсир кучига эга бўлган, ҳақиқий матбуот намунаси бўлган Uznews.net сайтига нисбатан бўҳтон кампанияси амалга оширилди. “Замондош” билан бирга менга туҳмат қилган сайтлар икки ҳафта ичида мен ҳақимдаги барча мақолаларни олиб ташлаганлигини айтишди. Бу нарса шундан далолат берадики, “айби борнинг оёғи қалтирайди”. Аммо ҳар-хил бўлмағур гапларни чоп этиб, кейин қўрққанидан олиб ташлайдиган бу эркакларга ачинаман, ахир улар ҳеч бўлмаганда ўз болалари ва неваралари учун обрў-эътиборли одамлар саналади…

- Обидов томони сиз ҳақингизда чоп этилган фактларга ўнинчи февралгача судга далил-исбот келтириши керак эди, деб айтдингиз. Янгилик борми?

- Менда Обидовнинг адвокати судга ёзган хатидан нусха бор. Унда тан олинишича, “Замондош” менга нисбатан айбловларнинг биронтасига ҳам далил-исбот келтира олмайди, бунақа исботнинг ўзи йўқ. Обидов нима қиляпти? Айбни бошқаларга ағдаряпти, ёш болаларга ўхшаб, кўзини беркитиб олиб, мени ҳеч ким кўрмайди деб ўйлаяпти. Аммо уни ҳамма кўриб турибди, у билан ўйнаса бўладиган ёш бола эмас. Яъни, жавобгарнинг аргументлари қуйидагича: Обидов сайтнинг эгаси эмас, мен эса таниқли одамман, демак мен ҳақимда ҳар нарсани ёзиш мумкин, чоп этилган мақолаларни эса Обидов ёзмаган.

Обидовнинг муаммоси шундаки, унинг бемаъни гаплари ҳақиқат деб топилиши учун суд юқоридан қилинган қўнғироққа кўра ҳукм чиқариши ёки “ким кўп берса, ўша ҳақ” деган тамойилда ишлаши керак. Голландияда унақа эмас. Демак, ҳар битта сўзни исботлаш керак, аммо исбот йўқ. Демак, товон тўлаш ёки суднинг бошқа ҳукмларини бажариш керак.

- “Озодлик” радиоси ҳозир Ўзбекистонда бўлган таниқли шахс, Анвар Каримовдан интервью олди, унинг айтишича “Замондош” сайти унга тегишли экан. Бу ҳолат суднинг қарорига таъсир ўтказадими? Обидов жавобгарликдан қутулиб қоладими?

- Ҳа, бу даъво Обидовнинг голландиялик адвокатининг хатида ҳам келтирилган. Ҳаммасини очиқлаб ташламайман-у, аммо туҳмат материаллар чоп этилган пайтда сайтни Обидов бошқаргани ҳақида етарлича далил-исботимиз бор. У "Озодлик"ка берган интервьюсида ҳам буни тан олган. Аммо Анвар Каримовнинг пайдо бўлиши қизиқ ҳолат. Швед махсус хизматлари томонидан суриштирилганидан сўнг Швециядан Ўзбекистонга қочган собиқ қочқиннинг сайт эгаси деб аталиши калаванинг учини очиб юбориши мумкин. Биз шунга умид қилмоқдамизки, голланд суди Швецияга сўров юборади ва Анвар Каримовнинг аслида кимлиги аниқланади.

- Анвар Каримовнинг “Озодлик” билан суҳбатда айтишича, агар бу ахборот уруши тўхтатилмаса, улар сизга қарши даъво қўзғаб, номингизга доғ туширувчи кўплаб ҳужжатларни ошкор қилишлари мумкин. Хўш, ахборот уруши давом этадими?

- Анвар Каримов Ўзбекистондалиги учун катта кетмоқда. Менимча, Обидовўзини унчалик бехавотир сезаётгани йўқ. Голландияда Обидов жазоланганидан кейин бу тўда аъзолари Европада туҳмат материалларни чоп этиш қимматга тушишини англаб етади. Буям камлик қилса, яна даъво очилади, хуллас, уларнинг кўзи мошдай очилгунича давом этади. Обидов масаласини Голландияда муҳокама қилиш даражасига олиб чиқмоқчиман: мамлакат кимга ва нима учун бошпана берган? Европада муҳожирлар муаммоси кучайган бир пайтда, ўйлайманки, бу мавзу Голландия жамоатчилиги томонидан муҳокама қилинади — ҳамма ҳам бошпана олишга лойиқмикан, балки соддаликнинг ҳам чегараси бордир?

Ахборот урушига келсак, худди Жорж Оруэлл асарларидагидек ,бизда ҳамма нарса чалкашиб ётибди, ким ким билан урушаётганини тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг Океания Остазияга қарши, бир қарасанг Евразия Океанияга қарши, хуллас, партия нима деса, ўшани эълон қиламиз… Мен мамлакатдаги энг оммабоп сайтнинг эгаси бўла туриб, Обидовга қарши биронта ҳам мақола чиқармадим, чунки ўзимни ҳимоялаш учун сайтдан фойдалангим келмади. У ҳақида нимани ҳам ёзардим? Мен ҳозир ҳам ахборот урушида иштирок этмаяпман, мен ишни сайтда эмас, судда ҳал қиламан.

- Нега Ўзбекистонда журналистларни коррупция ва таъмагирликда айблаш ҳоллари кўп учрайди? Бу одатий айбловми ёки ҳақиқатан шунақа муаммо борми?

- Ўзбекистон коррупцияга ботиб кетган, бу нарса одамларнинг онгига сингиб, оддий ҳолат бўлиб қолган. Агар кимдир мансабга ўтирса, маблағларни тақсимлашда қатнашса, пулдорлар билан мулоқотда бўлса бас, ҳамма уни у ўғирлик қилган ёки пора олган деб ўйлайди. Чунки Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам шунақа.

Би-би-си ўзбек хизматининг журналисти мендан айблов оҳангида сўраяпти: “Ахир сиз Гулнора Каримовадан интервью олгансиз-ку?” Унингча бу нарса менинг пора олганимдан далолатдир. Ҳар ким ўзининг даражасидан келиб чиқиб ўйлайди, бошқаларни ҳам ўзига ўхшатади.

Масалан, Би-би-си Лола Каримова томонидан таҳрирланган, шубҳали бир материални чоп этди, аммо мен Би-би-си Лола Каримовадан пул олган деб ўйлаганим йўқ. Умуман олганда, улар баёнот учун минбар бериш орқали рақиб томонни – Гулнорани қоралаш кампаниясини бошлаб беришди.

Мен битта нарсани аниқ биламан: Ғарбда кайф-сафо қилиб юрган Гулнорага ўзини реклама қилиши учун Uznews минбарини бериб қўймаган бўлардим. Биз у ҳақида ёзганимизда умуман бошқача вазият ҳукмрон эди, ҳамма уни қоралашга тушиб кетувди. Шу кунгача ўзим ёзган биронта ҳам мақоладан воз кечмайман, ҳар бир мақоламга далил-исбот келтиришим мумкин.

Мени бошқа нарса – одамларнинг шуури ва бир-бири ҳақидаги фикри хавотирга солади. Демак, грузиялик Би-би-си журналисти Наталья Антелава Каримовлардан интервью олиши мумкин, уни ҳеч ким шубҳа остига олмайди. Андижонда халқ томонида бўлган каминани эса дарров сотиб олишган экан-да? Нима учун? Мен Ўзбекистондан бўлганим учунми? Биз бир-биримиз ҳақида, мамлакат ҳақида қандай фикрдалигимизни қаранг! Ўзбекистонда ҳалол одамлар борлигига ишонмасак, унда нима қилиб юрибмиз? Унақада ҳеч нарсада мантиқ қолмайди. Бизнинг бор мақсадимиз – Каримовларни ағдариб, уларнинг ўрнига ўзимиз ўғрилик қилиш экан-да.

Бизда ҳалол одамлар борлигига, ҳатто улар кўпчиликни ташкил қилишига ишонаман ва биламан. Ҳамма ҳам ҳалол яшашни, яъни (менга ўхшаб) эркин бўлишни истайди. Мен ҳеч кимдан қўрқмайман, ҳеч кимдан қарзим йўқ, мен ҳақимда ниманидир билишларидан хавотир олмайман, чунки ўғирлаш ва пора бериш учун ҳеч бўлмаганда битта ҳамкор бўлиши керак. Мен ҳалол яшайман, демак эркинман. Яна Жорж Оруэлл эсга келади, унинг қаҳрамони эркинлик билан ҳақиқат доим бирга юриши ҳақида жуда оддий бир фикрни олға суради, яъни: “Эркинлик бу – 2х2=4 эканлигини айтиш ҳуқуқидир”.

Ҳозир шу ҳақиқат учун курашяпман. Журналистикамизни ҳеч бўлмаганда пасткашларча троллингдан озод қилиш керак. Буни адолатли ва ҳалол суд қарорига эришиш мумкин бўлган Европа ва бошқа мамлакатлардан туриб амалга ошириш керак. Ахир улар фақат менга эмас, кўпчиликка зарар етказишди. Мен уларга дарс бериб қўймоқчиман, мақсадим – шу борада намунавий жараённи бошлаб бериш.

- Галима, нега “Замондош”га нисбатан даъво бунчалик чўзилиб кетди, ахир мақолалар икки йилча олдин чиққан эди?

- Биринчидан, Uznews.net ёпилганидан кейин мен ҳаммасини таҳлил қилиб чиқдим, вақтим кам эди. Иккинчидан, “Замондош”га қарши суд харажатларини бошқа шахс тўламоқда, менга нисбатан ҳар қандай тажовузга қарши суғурталанганман. Бу менга фойда бўлди, аммо жуда кўп вақтни олди – суғурта компанияси ҳам аввал ишни ўрганиб чиқиб, кейин қарор қабул қилади.

Аввалига ишни судгача етказмасдан ҳал қилишга қарор қилинганди, буни Обидовга 2015 йилнинг баҳорида таклиф қилдик. У аризани голланд тилида жўнатишимизни сўради холос, кейин жим бўлиб кетди. Ҳеч қанақанги Анвар Каримов ҳақида гапирмаган эди. Ёзда эса суғурта компанияси судга беришга қарор қилди, шу билан иш бошланиб кетди. Яъни, мен масалан Туркия ва Канададаги сайтларни ҳам судга беришим мумкин, бунга харажат талаб қилинмайди. Бунга вақт кетади холос, жиноятнинг эса эскириш муддати бўлмайди, ҳамма скриншотлар олинган, сайтлар ва уларнинг эгалари ҳақидаги маълумотлар ҳам бор. Дарвоқе, Туркия қонунчилиги туҳматга нисбатан шавқатсиз – бу жиноят ҳисобланади, адвокатлар хизмати эса қиммат эмас.

- Ҳозирги даъвога қайтсак. Гувоҳ сифатида кимлар жалб қилинганини айта оласизми?

- Мени коррупцияда, таҳририятни эса донорларга қарамликда айблашгани учун судда мен томондан гувоҳ сифатида ташкилотимизнинг Германиядаги бухгалтери, ҳар йили ташкилотимизни аудит текширувидан ўтказган аудитор компаниясининг директори ва Швециядаги SIDA донорлик ташкилотининг вакили қатнашади.

- Журналист Галима Бухарбаева касбий соҳада нималарни режалаштирмоқда? Муштарийлар янги лойиҳангизни қачон кўришади?

- Янги лойиҳа устидан ишни бошлаб юборганмиз, ҳаммасини айтолмайман-у, аммо лойиҳани 2016 йилда кўрасиз.

“Ўтюраклар клуби”, 29.02.2016

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама