22:36 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Дмитрий Тихонов: “Мени мамлакатдан кетишга мажбур қилишди”

23.02.2016 16:10 msk

Мария Яновская

- Ўзбекистондан чиқиб кетишга узил-кесил қарор қилишга нима мажбур қилди?

- “Замондош” сайтидаги мақола. Муаллиф Игорь Голенко уни тахминан қуйидагича номлабди: “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари нимага Тихоновга индамайди?” Мени “ғоявий қўпорувчи” деб атабди, бу нотўғри бўлса ҳам, чидаса бўларди. Аммо у менинг фаолиятим конституцион тузумни ағдаришга ва қонуний ҳукуматга қарши қаратилганини очиқ-ойдин айтибди. Унга “ишончли манбалардан” маълум бўлишича, менинг уйимдан портловчи қурилмаларни тайёрлашга оид қўлланмалар топилган эмиш ва мен қандайдир террористик ташкилотга алоқадор бўлишим мумкин экан. Бу оғир ва ўта оғир жиноятларда айблаш ҳисобланиб, бунинг учун 15 йилгача қамалиш мумкин. “Терроризм”, “ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлиш” – булар ҳозирги кунда Ўзбекистондаги энг даҳшатли моддалар бўлиб, бунинг учун қамоқда чиритишади. Мен учун бу мақола расмийлар томонидан навбатдаги огоҳлантириш бўлди. “Замондош” сайти расмий матбуот эмас албатта, аммо бу сайт орқали одатда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар орасида мулоқот бўлиб ўтади. Улар шу каби мақолаларни чоп этиб, бизни хабардор қилишади.

Шу мақола чиққанидан кейин узил-кесил бир қарорга келдим.

“Замондош” сайтидаги мақола қуйидагича номланди: “Игорь Голенко: “Дмитрий Тихонов тарқатаётган хавф-хатарни кучишлатар органларимиз етарлича баҳолай олмаётганига тушунмайман”. Мақола остида “таҳририят почтасидан” ёзуви ва огоҳлантириш ҳам берилган эди: “ Zamondosh мультимедия блоги жамоатчилик асосида олиб борилади. Сайт саҳифаларида чоп этиладиган материалларнинг ҳаққонийлигига муаллифларнинг ўзи жавобгардир”.

Аммо кейинги пайтда, айниқса кузда бошимдан ўтган воқеалар замирида, битта марказда режалаштирилган изчил кампанияни аниқ кўриб турибман. Мен чиқиб кетишим учун иложи борича қўрқитишга уринишди. Қамоққа тиқиш хоҳишлари бўлганида аллақачон ўтирган бўлардим. Кузда менга нисбатан учта сохта маъмурий иш қўзғатилди. Октябрда уйим ёниб кетди. Декабрда “Замондош”да шу мақола чиқди. Мени аниқ-тиниқ огоҳлантиришди: сенга нисбатан учта иш очдик, энди мақолада ёзилган айбларни ҳам тақашимиз мумкин. Чунки уйимда ҳеч қандай портловчи модда ёки қўлланма бўлмаган.

8 февралда адвокатим Голенко устидан Ангрен шаҳар ИИБга шикоят ёзди, биз унинг туҳмат қилгани учун жазоланишини истаймиз.

- ИИБгами? Судга эмасми?

- Йўқ. Аввал Ангрен прокуратурасига борувди, у ерда аризани қабул қилишмади: шаҳар ИИБда матбуот ва интернетга таалуқли масалаларни ҳал қилувчи ходим борлигини айтишди. Шунинг учун ИИБга топширдик. Шу ҳафтада жавоб беришлари керак эди, аммо ҳозирча жимжит.

Аризани қабул қилган ходимни танийман, у апрел ойида, ёдгорлик билан боғлиқ ҳодисалардан кейинги менга ҳужум қилинган ишни олиб борган. Ўшанда менга уч киши ташланган эди. Бу милиционер мени журналист сифатида ҳам, ҳуқуқ ҳимоячи сифатида ҳам яхши танигани учун, адвокатдан: “Дмитрий қани? Ўзи келсин!”, дебди. Адвокат ҳам: “Қамоққа тиқмоқчимисиз?”, дебди.

- Учта маъмурий иш нима учун? Нимада айблашган?

- Ҳуқуқ ҳимоячи сифатида менга нисбатан асосий эътирозлари шуки, мен мажбурий меҳнат муаммоси билан шуғулланганман. Бу Ўзбекистондаги энг оғриқли мавзу. Биринчи иш 20 сентябрда, Маъмурий кодекснинг 183-моддаси, майда безорилик бўйича қўзғатилган.

- Сиз Тошкент вилояти Бўка туманидаги бюджет корхоналари ходимларининг мажбурий меҳнати ҳақидаги маълумотларни эълон қилганингиздан кейинми? Ўқувчиларга эслатиб ўтамиз, у ерда Жаҳон банки молиялаштирган лойиҳа амалга оширилмоқда. Бунда кредит ажратишнинг шартларидан бири ушбу ҳудудда мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тақиқлашдир.

- Йўқ, мен барча маълумотларни иш қўзғатилганидан кейин эълон қилдим. Бюджетчилар оммавий тарзда Бўка туманига юборилаётгани ҳақида охирги дақиқагача матбуотда эълон қилмоқчи эмас эдим. Бундай чиқишдан кейин қатъий кузатиб, ишлашга йўл қўймасликлари мумкин эди. Мен фақатгина маълумот тўплаб, уни ҳуқуқ ҳимояси каналлари орқали керакли жойларга юбораётган эдим. Аммо мониторинг пайтида мени милиция олиб кетиб, бўлимда калтаклашди ва ўша куниёқ, 20 сентябрда маъмурий иш қўзғатишди. Шунда тушуниб етдимки, мавсум тугашини кутмасдан маълумотларни эълон қилиш керак.

Ўшандан кейин матбуотда чиқиш қилдим.

Орадан кўп ўтмай, иккала электрон почтам бузилди. Улардаги ҳамма маълумотлар, шу жумладан, видеофайллар ҳам ўғирланди. Кейинги қўзғатилган иккита маъмурий иш ўша видеоларга асосланган эди.

Масалан, почтамда битта саккиз-ўн дақиқалик видео бор эди, унда бир кекса аёл пахтага жалб қилишгани ҳақида гапирарди. Аммо интервьюнинг биринчи дақиқасида у муаммоси ҳал бўлгани ҳақида гапиради: ишхонада ходим етишмай қолганми, хуллас шунга ўхшаш бир нарса бўлиб, унга ишда қолишга рухсат беришган. Кейин ҳаммани ташкилий равишда пахтага боришга мажбур қилишгани, пахтадан қолишга сабаб бўладиган ҳужжатнинг ўзи йўқлиги ҳақида гапирган. Ҳаммаси сир тутилиши ҳақида ҳам… Аммо бу видеони менинг почтамдан ўғирлаганлар фақат биринчи дақиқасини YouTube сайтига ва бир сайтга чиқаришган, бу парчада аёл уни пахтага юбормоқчи бўлишганию, аммо юборишмагани, ҳаммаси жойидалигини гапирган. Кейин шу аёлни чақириб, видеони кўрсатишган ва “кўрдингизми, Тихонов ҳуқуқларингизни поймол қилди, биз сизни ҳимоя қилмоқчимиз”, дейишган… Менга интервью берган яна бир аёлни ҳам чақиришганини биламан. Аммо бу икки аёлнинг ҳам жавоби аниқ бўлган: агар бу ишни Тихонов қилган бўлса, унга эътирозимиз йўқ. Ариза ёзиш таклифини биттаси рад этган, иккинчиси охир-оқибат аризани ёзган. Аммо кейинчалик ўзи тан олди, шунга мажбур бўлганини, унга кучли руҳий босим ўтказишганини айтди.

Ва шу аризага асосланиб, иккинчи маъмурий иш қўзғатилди.

Учинчиси эса… Гап шундаки, биринчи иш юзасидан менинг ҳақорат қилганим (гарчи қилмаган бўлсам ҳам) учун шикоят ёзганларни кўрдим, иккинчи ишда эса ҳақиқатан ҳам мен интервью олган одамларни кўрдим, бу ишда эса…

Бизда ширкатлар бор, булар ЖЭКка ўхшаган идора бўлиб, коммунал хўжалик масалалари билан шуғулланади. Хуллас, учинчи “иш”нинг мазмуни шуки, мен қайсидир ширкатга бориб, қайсидир домда иситиш ёки иссиқ сув йўқлиги ҳақида гапира бошлабман ва менга ертўлани кўрсатишни талаб қилибман, қувурларни кўриб чиқар эканман. Менга ҳеч ким рухсат бермабди, мен бошқа куни келишимни айтиб, кетибман. Кейин яна шу илтимос билан келибман, менга яна йўқ дейишибди. Шунда мен ҳаммани сўкиб, кимнидир урибман ҳам.

Аммо гап шундаки, мен ҳеч қанақанги ширкатга бормаганман. Мен бу ширкатнинг қаердалигини ҳам билмайман. Мен шикоят ёзган шахсни ҳам (унинг ҳужжати нусхаси делода бор), гувоҳларни ҳам умримда бирор марта кўрмаганман.

Бу учинчи иш нимага пайдо бўлди? Менинг бузилган почтамда амалга оширишга тайёр бўлган ҳуқуқ ҳимоясига оид лойиҳа бор эди. У коммунал соҳадаги истеъмолчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган эди: ичимлик ва иссиқ сув, иситиш тизими ва чиқиндиларни олиб кетиш масаласида. Бу лойиҳа ноябрда бошланиши керак эди.

- Лойиҳанинг моҳияти нимада эди?

- Ангренда ичимлик суви муаммоси бор, бу сувнинг сифати жуда ёмон. Шаҳарда 600 тача тўрт қаватли уй бор, уларнинг ярмида иситиш тизими умуман йўқ, қолганларида бўлса ҳам, жуда сифатсиз. Иссиқ сув ҳам муаммо. Чиқинди ҳафталаб қолиб кетади. Бу лойиҳа одамларга ўз ҳуқуқларини ҳимоялаш юзасидан билим беришга мўлжалланган эди. Биз одамларга ўз ҳуқуқларини тушунтириш, уларга материаллар тарқатишни кўзлаган эдик. Зарур бўлса, керакли ташкилотларга ариза ёзишда ёрдам бермоқчи эдик.

Учинчи иш қўзғатилгандан кейин бу бошқаларга огоҳлантиришдек бўлди: қаранглар ҳуқуқ ҳимоячингиз қанақа одам экан. Шаҳримиз катта эмас, ҳамма нарса тез тарқалади, агар мен шу лойиҳани амалга оширишни бошласам, жамоатчилик менга қарши чиққан бўлар эди.

- Учала иш ҳам Янгиободдаги уйингиз ёниб кетишидан олдин қўзғатилдими?

- Йўқ. Биринчи иш 20 сентябрда қўзғатилган эди. Ёнғин 20 октябрда бўлди. Иккинчи иш қачон бўлиб ўтганини айтолмайман, менга ишнинг материаллари берилмаган. Учинчиси ноябрда бўлди.

- Бу ишлар судгача етиб борганми?

- Биринчиси етиб борган. Аввал бизда маъмурий модда бўйича жазолаш муддати икки ой эди: агар шу муддат ичида жазолашмаса, кейин мумкин эмас эди, қонун шунақа эди. Мен айбланган моддада 15 суткагача қамоқ кўзда тутилганлиги учун, менсиз қарор қабул қилиб бўлмайди, мен судда бўлишим шарт. Ва мен икки ойга шаҳардан кетишга қарор қилдим. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, августда қонун ўзгарибди, энди жазолаш муддати бир йилга чўзилибди. Бир йил қочиб юролмайсиз, қийин… Мен беркиниб юрдим, аммо 17 декабрда шаҳарда милиция мени тутиб олиб, судга келтирди. Мажлис бўлди, прокурор беш суткалик қамоқ сўради, аммо судья жарима ҳақида ҳукм чиқарди.

- Жарима каттамиди?

- 650 минг сўм. Таққослаш учун, Ангрендаги ўртача маош 500 минг сўмдан кам. Суд бўлиб ўтгач, мен ҳали чиқишга улгурмасимдан, иккита милиционер ёнимга келиб, видеоролик юзасидан ва ширкатга борганим юзасидан тушунтириш хати ёзишни сўради. Шундагина мен яна иккита иш қўзғатилганини билдим. Милиционерлар менга тикиб қўйилган ишларни кўрсатишди, унда ҳаммаси жой-жойида эди: аризалар, тушунтириш хатлари, ҳужжатларнинг нусхалари…

Кейин эса Голенконинг мақоласи чиқди.

Бутун бир стратегия ишлаб чиқилгани тушунарли бўлиб қолди, биринчи иш билан тўхтаб қолиш мақсади йўқ эди. Иккинчи иш қандай кетаётганини билмайману, аммо учинчиси бўйича милиция мени январ ойида роса қидирди, февралда эса адвокатимни огоҳлантиришибди: судга келмасам, мени қидирувга беришар экан.

- Ёнғин ҳам бўлди. Сизга қарши ҳаракатлар ёдгорлик билан боғлиқ ҳодисалардан кейин бошландими?

Ғалабанинг 70 йиллигига икки ой қолганида Ангрен шаҳар расмийлари Улуғ Ватан уруши жангчиларига бағишланган ёдгорликни синдириб ташлашди. Дмитрий Тихонов тўполон кўтаргач, бу жойда “Мотамсаро она” ҳайкалини қўйишга ваъда беришди. Шу билан бирга Тихоновни миллатчиликда ва миллатлараро низо қўзғашда айблашди (ўзбеклар билан русларни уриштираётган эмиш). Бугун ёдгорлик ўрнида “Тинчлик рамзи”, яъни пахта кўсаги билан лайлаклар ҳайкали ўрнатилган. Ангренлик жангчиларга бағишланган ёдгорликнинг олиб ташланиши ва шаҳарликларнинг ёдгорлик учун кураши ҳақида бу ерда батафсил ўқиш мумкин.

- Мен 2008 йилдан бери ҳуқуқ ҳимояси билан фаол шуғулланаман, бу давр мобайнида милиция мени кўп марта қўлга олган, неча марталиги эсимда ҳам йўқ. Аммо милицияда менга ҳеч ким тегинмаган эди. Қўлга олиш қуйидагича бўлар эди: жиноий қидирув бўлимига олиб келишади – бизда ҳуқуқ ҳимоячилари билан терроризмга қарши кураш бўлими шуғулланади, бу ҳам бекорга эмас – хуллас, олиб келишади, ўтирамиз. Аввал расмий қисм, баённома тузилади, қаерда эдинг, нимага – кейин бир неча соатга тезкор ходим билан биттама-битта қоласан, оддий суҳбат бошланади. Одатда улар менинг ишимни тўғри тушунишар эди.

Аҳоли ҳам мени тўғри тушунарди. Аммо муттасил босим остида юрардим, чунки мени мунтазам кузатишаётганини билдиришар эди. Менга маълумки, бир неча йил олдин ҳам одамларни чақириб, фуқаро кийимидаги ходимлар суриштирган, Тихонов ким, ким билан мулоқотда бўлади, қаерга боради, қаердан пул топади, қандай аёллар билан учрашади, ҳатто қанақа спиртли ичимликларни хуш кўришини ҳам сўрашган.

Август ойида яна суриштиришни бошлашгани ҳақида хабар олдим, одамларни сўроқ қилиб, чақириб, қўнғироқ қилиб, мен ва менинг оилам билан қизиқишаётган экан. Аввалига аҳамият бермадим, бу янгилик эмас эди.

Албатта, ёдгорлик билан боғлиқ ҳодиса шаҳар аҳолисини ҳаракатга келтирди. Одамлар норозилик билдирди, расмийлар эса менга қарши тиш қайрашди. 29-31 март кунлари турли сайтларда мен ҳақимда нақ учта мақола чиқди, қолаверса, Ангренда норози “фуқаро жамоатчилиги” пайдо бўлганмиш. Мен бу жамоатчиликни кундузи чироқ ёқиб тополмаётган эдим, улар ўзи уйимга келиб, мен билан тушунтириш ишлари ўтказишди. Мени миллатчиликда айблашди, уларнинг ёнига одамлар келиб, нега милатлараро низо қўзғашаётганини сўраётган эмиш. Кейин мен шаҳар ҳокими билан суҳбатлашиб олишим кераклигига шаъма қилишди. Негадир расмийлар тўғридан-тўғри айта олмайди: Тихонов, буёққа кел, гаплашиб олиш керак. Йўқ! Унда мени ҳуқуқ ҳимоячи сифатида тан олишгандек, мен билан мулоқот қилишга улар тайёрдек тушунилади. Бу ҳолда эса Рус маданият маркази орқали, “жамоатчилик” орқали айтишмоқда.

Мен рад қилдим.

Бунинг устига, ёдгорликни тиклаш учун имзо йиғиб, арзномалар ёзишни бошладим. Кейин менга ҳужум қилишди.

Тахминимча, мен ёдгорлик ҳимоясига икки юзтача имзо йиға олганимдан кейин расмийлар ташвишга тушиб қолган. Мен Ўзбекистонда шу шаклда норозилик билдирган 200 кишини жалб қила олдим. Ўзбекистонда норозилик кайфияти нима бўпти? Уни барча усуллар билан сўндиришади. Норозилик намойишига чиқиш мумкинмас, уёққа мумкинмас, буни қилиш мумкинмас. Мен бўлса 200 та имзо йиғиб қўйдим – бу дегани жамоатчиликнинг уюшган норозилиги дегани.

- Имзолар ёдгорлик синдирилмаслиги учунми ёки қайта тикланиши учунми?

- Қайта тиклаш ва уруш қатнашчиларидан кечирим сўраш. Расмийлар мен “майдан”, тартибсизликлар уюштирмоқчи эканимни шаъма қила бошлашди, аммо бунақа нарса йўқ эди. Мен билан Елена Урлаевага икки кишилик норозилик акцияси ўтказишга рухсат сўраб, Тошкент ҳокимиятига ариза ёздим. Икки юз эмас. Икки кишига. Табиийки, ҳеч нимага рухсат беришмади.

- Тўпланган имзолар қаергадир жўнатилдими?

- Ҳа. Вазирлар Маҳкамасига, президент аппарати ва Тошкент вилояти ҳокимиятига. Бу имзолар жўнатилишини одамларга олдиндан айтган эдик.

- Бузилган ёдгорлик ўрнига “Мотамсаро она” ҳайкалини қўйишмоқчи эди, кейин режалар ўзгариб кетди…

- Режалар аввалдан қанақа бўлганини билмайман. Ёдгорликни йўқ қилишганида мен ҳокимиятга бордим, улар бу жойда Алишер Навоий ҳайкали ёки шаҳар рамзи қўйилишини айтишди. Аниқ режа йўқлигини билдим. Август ойида, мустақиллик байрами яқинлашганида бу ерда “Тинчлик рамзи” пайдо бўлди, бу бирнеча метрга чўзилган, тушуниш қийин бўлган пахта кўсаги алюкобонддан қилинган. Қути тепага чўзилган, тепада эса лайлак уяси ва полапонлари бор.

- “Мотамсаро она” бўлмади.

- “Мотамсаро она”ни ҳокимият ёнига қўйишди, у ерда ҳам Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига бағишланган ёдгорлик бор эди, композицияни тўлдиришди. Ҳаммасига алюкобонд билан ишлов беришди.

- Ангренда фуқаро жамоатчилиги йўқлиги ҳақида гапирдингиз. Сизнинг олдингизга одамлар келиб, сизни миллатчиликда ва миллатлараро низо қўзғашда айблашган. Одамлар қўрқитилганми? Ёки ҳукумат тарафидами? Шунга жавоб тополмаяпман.

- Менинг олдимга “одамлар” келганини айтдингиз. Аммо икки киши келган холос: Рус маданияти маркази раҳбари ва шу марказга алоқадор бир аёл. Ўзларини “жамоатчилик” деб атаб олишибди. Иккаласи ҳам шифокор. Уларнинг айтишича, олдиларига одамлар келиб, “сиз руслар ёмон яшаяпсизларми?”, деб сўрашибди. “Сиз шаҳарчамизни шарманда қилдингиз”... Тасаввур қиляпсизми? Мен ёдгорликни йўқ қилишгани ҳақида ёзиб, “шаҳарчани шарманда қилибман”. Кейин нима дейишди денг: “тушунинг, ёдгорлик ёмон аҳволда эди, хавфли бўлиб қолувди… Қанақа хавф? Уни бетон синдирувчи машина синдиролмади… Кейин бунақанги “жамоатчилик далил-исботлари” (низо қўзғаш, ёдгорликнинг омонат тургани) барча мақолаларда санаб ўтилди. Ҳаммасини бир киши қилгани кўриниб турибди.

Аммо шаҳардаги ҳақиқий жамоатчилик, аксарияти бўлиб ўтган воқеаларга норозилигини билдирди. Автобусларда, маршруткаларда суҳбат фақат ёдгорликнинг олиб ташлангани ҳақида эди. Одамлар ғазабланарди. Ҳатто милициядагилар ҳам бу ишлардан норози эди: бу ёдгорлик уларнинг деразасидан кўриниб турарди ва улар: “ёдгорликни синдиришаётгани бизга ҳам ёқмаяпти. Аммо нима ҳам қила олардик,” дейишарди.

Аммо норозилик акциясига чиқишга қўрқишади. Аммо имзо йиғишга муваффақ бўлдик, чунки Ғалаба куни ҳали ҳам ҳамма учун аҳамиятли кун. Ангрендаги деярли ҳар бир оиладан кимдир урушда ҳалок бўлган ёки оталарининг нишонлари сақланади. Ўша даврлар хотираси сақланиб қолган ва одамлар улкан ҳурмат билан ёндашишади. Аммо Ангренда нима қилишди? Биринчидан, ёдгорликни йўқ қилишди, иккинчидан бу етмиш йиллик юбилей олдидан рўй берди.

Мени бу имзоларни шахсан йиққан деб ўйлайсизми? Йўқ. Мен фикр бердим, матнни тайёрладим – одамларнинг ўзи уйма-уй юришди, аёллар ҳам, эркаклар ҳам бирдай қатнашди.

Шундан кейин бошланди. Ёдгорликка оид ҳодисалар пайтида мени миллатчиликда айблашди. Кейин, 2 июнда “Маҳалла” сайтида мақола чиқди, унда мени тўғридан-тўғри бешинчи колонна деб аташди. Декабрь ойида эса мени қонуний ҳукумат ва мавжуд тузумга қарши фаолият юритувчи ғоявий қўпорувчига чиқариб қўяқолишди.

- Нега Ўзбекистондаги маҳаллий ҳокимият ўзи ҳақидаги ҳар қандай салбий фикрдан шунчалик қўрқади? Аҳамиятсиз бирор-бир сабаб туфайли бўлса ҳам? Мен ҳокимлар, прокурорлар ўзини қандай тутиши, одамларга нима дейиши ва қандай қарорлар қабул қилиши ҳақида ўқисам, нақадар аҳмоқгарчилик деб ўйлайман. Ҳаммаси аҳмоққа ўхшайди. Бунақа эмас-ку?

- Тепадагилар аҳмоқ бўлиши мумкин эмас. Бунақа лавозимдагилар олий маълумотли, катта иш тажрибасига эга одамлар бўлади. Улар нимага бундай қилаётганларини яхши тушунишади. Мамлакатда нималар бўлаётганини кўришади, қандай мақсад сари кетишаётганини билишади. Уларни аҳмоқ дейиш тўғри эмас.

- Улар нима қилаётганини сиз тушунасизми? Менимча улар мамлакатни бутунлай хароб қилишмоқчи.

- Ҳа. Улар пул ишлаяпти холос, бу улар учун катта бизнес бўлиб, мамлакатга нима бўлаётгани иккинчи даражали масала. Бугунги кунда шундай бренд бор – “Майдан”. Бу сўзни айтган заҳоти одамлар кўз ўнгида Украинада бўлиб ўтган воқеалар гавдаланади. Бу воқеалар турлича талқин қилинади. Ўзбекистонда нимадан қўрқишади, одамларнинг қурбон бўлишиданми ёки ҳокимиятни қўлдан чиқаришданми? Ҳокимиятни қўлдан чиқаришдан бўлса керак. Аммо майдон нимадан бошланувди? Бўлаётган воқеалардан одамлар норози эди. Ўзбекистонда ҳам ички танглик жуда кучли. Тепадагилар ҳам мамлакатдаги кайфиятни, инсон ҳуқуқлари масаласи қанақалиги, истеъмолчилар ҳуқуқи нима бўлаётганини яхши тушунишади. Қаерга қараманг – муаммо, муаммо ва муаммо. Уларни ҳал қилиш жуда қийин.

Мени оммавий тартибсизлик уюштирмоқчи деб айблашди. Аммо бунинг учун норозиларни топиш керак – менда эса 200 та имзо йиғилган. Ҳукумат ҳам қўрқади: одамлар аҳамиятсиз бир нарса туфайли намойишга чиқса ҳам, бу сиёсий талаблар даражасига чиқиб кетиши мумкин. Мамлакатдаги танг аҳволдан қўрқишади.

- Кичкинагина Ангренда ҳам танглик шу даражадамики, ҳукумат ҳам қандай учқундан қўрқади?

- Ҳар қандайидан. Ҳукумат томонидан ҳар қандай адолатсизликка халқ муносабат билдиради. Ўзбекистонда нималар бўлаётганига қаранг. Масалан, пластик карточкалар. Бутун дунёда бу фойдали нарса. Бизда-чи? Халқ учун мусибат. Ҳаммани мажбуран ўтказишяпти, аммо қонунда бу ихтиёрий эканлиги айтилган. Бизнинг шаҳарда маҳсулотлар бозордан олинади, агар карточкада бўлса 15% қимматига оласиз. Бу кимга керак? Нақд қилиб олишнинг деярли иложи йўқ. Бу битта мисол холос.

Оддий одамга нима керак? Овқатланиш, кийиниш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш. Қишдан омон чиқиш. Хўш? Қиш келди, уйларнинг ярми иситилмайди, сувни график бўйича беришади. Пахтани мажбуран териш ҳақида ҳамма билади. Боргинг келмаса, маошингни бер. Одамлар ёлғонни билмайди деб ўйлайсизми? Билишади. Аммо очиқ норозилик билдирмайди – давлатнинг жазолаш воситалари етарли.

- Ангрен ҳақида сўзлаб беринг. Сиз ўша ерда туғилганмисиз?

- Йўқ, Тошкентда туғилганман, аммо бутун умр Ангренда яшадим. Бу шаҳар Тошкентдан юз километрча узоқликда жойлашган бўлиб, бир пайтлар Ўзбекистоннинг саноат марказларидан бири эди. Бу шаҳарни ташкил этишга сабаб бўлган корхона – Ангрен очиқ конидир. Ҳозир кон раҳбарияти кўмир ўғирлагани учун судланмоқда. Кўмир, олтин қазиб чиқариш марказлари бор эди, Янгиободда уран олинар эди, билишимча, биринчи совет атом бомбаси бизнинг урандан қилинган. Иттифоқ тарқалиб кетгач, кўпчилик корхоналар таназзулга юз тутди. Қашшоқлик бошланди, йигирмата тўққиз қаватли уй бутунлай бўшаб қолди: одамлар кета бошлади, сотишнинг иложи йўқ эди, бир хонали квартира битта яхши этик ёки чарм куртка баҳосида сотиларди. Шаҳар бутунлай инқирозга учради.

Ҳозир нималарнидир тиклашга ҳаракат бўлмоқда, беш йил олдин эркин саноат ҳудудини ташкил қилиш ҳақида эълон қилинди, аммо иш суст кетмоқда. Масалан, икки йил олдин давлат матбуотида икки марта кремний ишлаб чиқариш заводи очилгани ҳақида хабар берилди. Бу завод яқин жойда, мен бориб кўрдим, завод тугул, асбоб-ускуналар ҳам йўқ. Завод ҳудудига кирдим, ишчилар у ёқ - бу ёқни кўрсатишди. “Нимага цехда ғишт ётибди?” – “Ҳали ҳеч нарса охирига етмаган”. – “Асбоб-ускуналар қани?” – “Келтирилмаган” Аммо завод ишга тушганини икки марта эълон қилишга улгуришган.

Ангрендан Фарғона водийси ва Хитойга темир йўл ўтиши керак, ҳозир Марказий Осиёдаги энг узун туннел қурилмоқда.

- Яшил шаҳарми?

- Умуман олганда, кўкаламзорлаштирилган, обод қилинган, аммо йўллар ёмон аҳволда. Йўлларни таъмирлаш учун тендерни ютиб чиққан корхона раҳбарини ўғрилик қилгани учун қамашди. Йўллар бузилиб кетмоқда.

Чинорлар ҳам кўп эди, аммо ҳозир кесиб ташланмоқда. Шох-шаббанинг етмиш фоизи қирқиб ташланмоқда. Бунга қарши ҳеч нима қилиб бўлмайди. Қанча шикоят ёзилди – фойдаси йўқ.

- Уйингиз 20 октябрда ёниб кетди, ўт ўчирувчилар ёнғин сабаби текширилишини айтишган. Хулоса тайёрми?

- Ҳа, қилишди. Ўт ўчириш хизмати бошлиғи менга натижаларни бераётганида, бу ёнғин билан турли органлар қизиққанини айтди. Ҳисоботни прокуратура, милиция ва МХХга берганини айтди: “Биз одатда натижаларни ҳеч кимнинг қўлига бермаймиз, аммо сиз давлат одами бўлганингиз учун…” У мени айтяпти! (кулади). Унга кимлигимни батафсил айтишмаган шекилли, аммо қизиқиш борлигини кўрган. Менга экспертизани берди, унда ўзбекча ёзилган экан. Таржима қилиб берди. Уларнинг хулосасига кўра, ёнғин томда бошланган, қисқа туташув бўлган. “Қулфлар бузилмаган, ҳаммаси жойида”. Бу нимага ёзилганлигини сўрадим. – Милиция қўшиб қўйишни сўради. – Томга нарвон қўйилганини, мен нимадир қилиш учун уни ўзим қўйганимни ёздингизми? Чордоққа кирадиган люк ҳам очиқ эди. Ўт ўчирувчилар шу нарвондан фойдаланишган. Ҳисоботда бу ҳақда ҳеч нарса йўқ.

Ҳуфуфни муҳофаза қилиш органлари сен билан қизиқса, қулфлар бузилмаганини ёзиш нимага керак? Улар ҳамма нарсани бемалол оча олади. Ёнғиндан кейин иккита қаттиқ диским йўқолди. Биттаси металл қути ичида эди, бу қутини ёниб кетган хонадан топдим. Лекин ичи бўш эди. Диск ёниб кетган бўлганда ҳам, қолдиқлари қутида қолар эди. Иккинчи диск ҳам йўқолди, унинг олдида ётган нарсаларни эса топдим.

- Оилангиз қаерда? Ўзбекистонда кимдир қолдими?

- Фақат укам билан онам бор, иккаласи ҳам Россия фуқароси. Укам Россияда, онам Ангренда яшайди. Аммо сентябрдан декабргача онам ҳам Россияда эди, унга нималар бўлаётганини айтмадим. Ёрдам бера олмайди, бекорга хавотирга туширганим қолади. Декабрда қайтиб келганидан кейингина ҳаммасидан хабар топди.

Онам етмишга бориб қолди. У ерда ҳеч кимдан ёрдам кутмайман. Уй бор, аммо умуман яшашга яроқсиз ҳолга келган. Ангрендан ўттиз километр узоқликда, тоғли жойда жойлашган. У ерда нима бўлаётганини билмайман. Нима бўлса бўлар.

- Сизга қийин экан.

- Мен сентябрдагина бу уйни ўз номимга расмийлаштириб бўлдим. Ҳеч қаерга кетмоқчи эмасдим, унақа режа йўқ эди. Ҳамма ҳужжатларим битта хонада сақланарди, худди шу хона тепасида ёнғин чиққан. Даҳлиз бузилган, ошхона бузилган, ёнмаган хоналар қорайиб, қурум босиб ётибди. Ҳарорат шунақа бўлганки, қандиллар эриб кетибди. Шунақаси ҳам бўлар экан. Томнинг қирқ фоизи йўқ, тўсинлар ёниб кетган…


Тихоновнинг ёниб кетган уйи

Ишим охири нима билан тугаши мумкинлигини тушунардим. Аммо кетгим келмаётганди. Аммо ёдгорлик воқеасидан кейин мени Ўзбекистондан чиқариб юборишга аҳд қилишган кўринади. Ахир ҳуқуқ ҳимоячилари одатда нимада айбланади? Ҳаётнинг салбий томонларини ёритишда. Менда эса – “миллатчилик”, “бешинчи колонна”, “қўпорувчи”…

Почтамни бузишгач, органлар ҳамма контактларим, манзиллар, видеороликларга эга бўлишди. Бу видеоларда одамлар пахта далаларидаги кўргиликлар, қандай мажбурлангани, пул таъма қилингани ҳақида гапирган эди… Уларнинг ҳаммасини топишибди. Ҳаммасини! Мен кетгандан кейин, январь ойида милиция уйма-уй юрган, шу одамларнинг ишига, мактабига борган. “Тихоновни танийсизми?” – “Ҳа”. – “Тушунтириш хати ёзинг, нимага унга норозилигингиз ҳақида айтгансиз. Бошқа қайтарилмайди деб ҳам ёзинг. Давлат сиёсатини тўғри тушуниш керак, пахта кампанияси бу сиёсий масала”. Буларни чақирилган одамларнинг ўзи айтиб берди.

Милиционерлар очиқ-ойдин айтишган: “Агар Тихоновни ҳимоя қилсангиз, “жиноятчини ҳимоя қилиш” моддаси қўлланади.Тихоновга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эмиш. Қанақа жиноий иш?! Милициянинг айтишича, унинг уйидан қўлланмалар билан портловчи модда топилганмиш… Милиция шунақа деяпти! Ҳеч қанақа иш очилмаган, портлагич ёки қўлланма йўқ, аммо милиция шаҳарда юриб, миш-миш тарқатяпти.

Мени атайлаб одамлардан четлаштириб, сотқин қилиб кўрсатишмоқда. Мен Ғарб манфаатини кўзлаб, ўз мамлакатимга қарши иш юритар эканман, жосус эканман. Уялишмайди ҳам.

- Ўзбекистонда шунақа қилинади ўзи.

- Ҳа. Ўктам Пардаевни ҳибсга олишди, икки ой терговда ўтирди. У ҳам мажбурий меҳнат мониторингини ўтказган эди, биз шахсан яқиндан танишмиз, Жаҳон банкидаги учрашувларда бирга иштирок этгандик. Менга нисбатан иш очилган пайтда уни ҳам ҳибсга олишган. Прокурор унга 7,5 йил сўраган, судья шартли равишда 3,5 йил берган. Ҳукумат қўлидан келишини кўрсатди. Ўктамни қўйиб юборишди, “гуманизм” - инсонпарварлигини намоён қилишди. Агар юқорида, расмий учрашувларда бу ҳақда гапирилса, уни қўйиб юбордик, қамоқда эмас, дейишади. У тилхат билан юрибди, ҳеч нарса билан шуғулланиш мумкинмас, соат 22.00 дан кейин милиция рухсатисиз уйдан чиқолмайди. Бежо қадам ташласа, қамалади. Уни ҳуқуқ ҳимоячи сифатида йўқ қилишди.

Мен билан ҳам шу аҳвол. Мамлакатда эмасман, энди журналист ва ҳуқуқ ҳимоячи сифатида ҳукуматга зарарим тегмайди. Бизни бир зарбада йўқ қилишди, шу билан бирга Ўзбекистондаги ҳуқуқни ҳимоя қилиш жамоатчилиги ва қолган-қутганларнинг ҳушини жойига келтириб қўйишди.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари иши ҳақида қўшимча маълумот. Мен Жаҳон банки молиялаштирган ҳудудга 12 минг киши жўнатилгани ҳақидаги маълумотларни Халқаро меҳнат ташкилотининг кузатувчилари, мониторинг гуруҳига бердим. Ишониш қийин, аммо “Ангрен ҳақиқати” газетаси пахта кампаниясидан барча оператив маълумотларни чоп қилди. Унда ёзилишича, ташкилотчи сифатида Ангрен шаҳри ҳокими, прокурори ва милиция бошлиғи тайинланган. Газетада!

- Буни оддий ҳолат деб билишган.

- Агар улар ХМТ конвенцияларини ўқиган бўлганида, буларни умуман ёзмас эди. Ҳаммаси саводсизликдан. Расмий матбуот ёзмоқда: бу йили тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар пахтага чиқарилмайдиган бўлди. “Ангрен ҳақиқати” хабар бермоқда: Ангрен шаҳар халқ таълими тизимидан икки минггача одам пахтага юборилди.

Мен бу маълумотни ҳам, ўзимдаги маълумотларни ҳам мониторинг гуруҳига бердим, Ангренда кимдан суриштириб билиш мумкинлигини аниқ кўрсатдим. ХМТ кузатувчилари шу одамларнинг олдига келган, улар эса пахтага юбориш ҳақидаги буйруқни ўз қўли билан ушлаганини, бормаганлар ҳайдалишини айтишган. Агар нормадаги пахтани термаса ҳам ҳайдалиши айтилган. Имзоланган буйруқ! Хўш, мониторинг нима билан якунланди деб ўйлайсиз? Мониторинг гуруҳи мажбурий меҳнатга оид ҳеч қандай фактни аниқламади, кузатувчилар билан учрашган ҳар бир киши билан эса милиция яхшилаб гаплашиб қўйди.

Агар Ўзбекистонда қолганимда, бу мониторинг гуруҳларига бошқа ҳеч кимни жўнатмас эдим. Мен бу муаммо билан кўп йиллар шуғулланган ҳуқуқ ҳимоячи сифатида айтяпман. Мен одамларга айтган бўлардим: бу мониторинг гуруҳларига ишонманг. Ўзингизни хатарга қўйганингиз қолади, бундан бир иш чиқмайди.

- Горький шу йўсинда Гулагга келган эди.

- Жуда боп ўхшатиш бўлди. Мен буларнинг ҳаммаси қандай тузилганини одамларга тушунтирдим, ҳужжатларни кўрсатдим, одамлар менга ишонгани каби, мониторинг гуруҳига ҳам ишонишди. Оқибати нима бўлди? Бу мониторинг гуруҳларининг вазифаси – мажбурий меҳнат ҳолатларига кўз юмишдир.

Ўзбекистондаги ҳукумат эса ўз навбатида мажбурий меҳнатни ёритганларни ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасидан чиқариб юбормоқда. Худди шу нарса Ўзбекистонда мажбурий меҳнат борлигини исботламайдими?

***

Дмитрий Тихонов 1995 йилда педагогика институтини тамомлаган, мутахассислиги – география ва биология ўқитувчиси. 2000 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясида кундузги аспирантурани тамомлаган. 1997 йилдан бошлаб, Марказий Осиё давлатлари бўйлаб илмий-тадқиқот экспедициялари таркибида юрган. Ошкора ҳуқуқ ҳимоячиси фаолиятини 2008 йилда, журналистикани – 2010 йилда бошлаган. Uznews.net, IWPR, “Фарғона.Ру”, AsiaTerra нашрлари билан ҳамкорлик қилган. 2016 йилда таъқиблар туфайли Ўзбекистонни тарк этди.

Мария Яновская суҳбатлашди

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги