20:52 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентнинг Чилонзор туманида навбатдаги чинорзор йўқ қилинмоқда

18.02.2016 16:10 msk

Фарғона

Тошкентнинг Чилонзор тумани олтинчи даҳасидаги 178-мактаб яқинида бир дарахтзор бор, унда 182 та кўп йиллик чинорлар қад кўтариб туради. Тўғрироғи, 2016 йилнинг 16 февралигача бор эди, ўша куни бу ерда дарахтларни ёппасига кесиш бошланди.

15 феврал куни эрталаб бу ҳудудда кўп қаватли автомобиль тураргоҳи ва иккита тураржой биноси қурилиши бошланди. Яқин-атрофдаги уйларда яшовчиларнинг севимли жойи бўлган чинорзор эса қурилиш майдончаси сифатида танланди. Аҳолининг норозилиги эътиборга олинмади – қурувчилар куч ишлатиб, қурилиш майдончасини девор билан ўраб олишди.

15 феврал куни эрталабданоқ олтинчи мавзеда яшовчилардан “Фарғона” таҳририятига шикоят келиб тушгач, тошкентлик мухбирлардан биридан маълумотни текшириб кўришни сўрадик. Мухбиримиз воқеа жойига келиб, юзлаб чинорлар ўсиб турган шинам хиёбонча қурилиш майдони сифатида танлангани ҳақида хабар берди. Қурувчилар эса ишга шунчалик жон-жаҳди билан киришганки, ишнинг тезроқ тамомланиши улар учун ҳаёт-мамот масаласига ўхшайди.


2016 йил 16 февраль, 12:00. Дарахтларни кесиш ва майдонни тозалаш бошланди. Видео © “Фарғона”

Хиёбондаги тўқнашув: қурувчилар фойдасига “бир-у ноль”

Воқеа жойига журналист етиб келган вақтда маҳаллий аҳолидан ўнтача одам ўша ерда эди. Уларнинг айтишича, эрталаб ҳовлига қурувчилар томдан тараша тушгандай кириб келганидан сўнг, камида элликта одам ташқарига чиқиб, дарахтларни кесишга қаршилик қилган. Кейин айримлари ишга кетган, айримлари турли идораларга шикоят қилиш учун кетган.

Қурувчилар бу ердагиларга шаҳар ҳокимиятининг қарорини кўрсатган, унда айтилишича, олтинчи мавзе ҳудудидаги бир гектар ер “ПРИОРИТИ СТАНДАРТ” МЧЖ фирмасига қурилиш учун ажратилган. Аммо қарорда расмийлар қайси жойни ажратгани аниқ кўрсатилмаган. Аммо МЧЖ қурилиш учун нега айнан шу хиёбонни танлагани ҳақида қурилиш фирмасининг вакиллари тайинли жавоб бера олмади.

“ПРИОРИТИ СТАНДАРТ” ҳеч қандай қонунчиликка риоя қилмаган ҳолда сурбетларча иш юритаётганини сезган одамлар норозилик билдира бошлади. Жанжал кучайди. Қурувчилар қурилиш майдончаси тўсиғи учун тахта ортилган “Камаз” автомобилини хиёбонга олиб келиб, юкларини туширмоқчи бўлганида эса жанжал авж нуқтасига етди. Муштлашувга оз қолди ҳам дейишди, айримлар эса муштлашув бўлди, дейишди. Аммо қурувчилар қатъият билан ҳаракат қилганини ҳамма тасдиқлади.


15 февраль куни тушликка бориб, хиёбон ўраб олинди. Фото © “Фарғона.Ру”

Йиғилган оломон юк машинасининг олдини тўсиб олганида ишчилар бригадири ҳайдовчига “Босиб кет!” деб бақирди. Тахталарни туширишда ва металл қозиқларни қоқишда халақит берган одамларни қурувчилар итариб ташлашди, ҳатто бир кампирни ҳам туртиб юборишган шекилли, у оғриқдан бақира бошлади.

Курашда ғалаба қозонган қурувчилар хиёбон атрофини тўсиб олиб, баҳайбат қурилиш техникаларини олиб кира бошлади. Одамлар ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан шикоят ёзишди, уни 260 киши имзолаб, Тошкент прокуратурасига олиб бориб топширишди. Ҳодисани телефонга ёзиб олганлар эса видеоларни YouTube сайтига жойлай бошлади.


15 февраль: мавзе аҳолиси қурувчиларга қарши чиқишга уринмоқдалар. Фото © “Фарғона.Ру”

Қурилиш бошланишими ёки ҳудудни босиб олишми?

Аммо қўшниларининг бу ҳаракатини қўллаб-қувватламаганлар ҳам бор экан. Шу ерда яшовчилардан бири иккинчи қаватдаги ошхона деразасидан қараб, журналистдан гувоҳномасини кўрсатишни талаб қилди, қўшниларга эса матбуот вакили билан мулоқот қилгани учун қамоққа кетишини таҳдид қилди. Қамоқ ҳақида бир неча марта такрорласа ҳам, негадир гувоҳномани текшириш учун пастга тушишга журъат қилолмади.

Аммо ошхонадан туриб айтилган таҳдидлар қўшниларни қўрқитгани йўқ. Улар норозилик билдираверишди:

“Табиатни асраш қўмитаси фақат ўн битта (!) чинорни кесишга рухсат берган. Бу кулгили, чунки қурилиш бўлгандан кейин ҳаммаси кесилиб кетади!”;

“Дарахтлар таъминлайдиган тоза ҳавонинг ўрнига жазирамада нимадан нафас оламиз?!»;


Қурувчилар бригадири шу “Камаз” ҳайдовчисига одамларни босиб кетишни буюрди. Фото © “Фарғона.Ру”

“Бу ерда қуриладиган иккита кўп қаватли уй билан автотураргоҳни бизнинг уйларга тегишли коммуникацияларга улаб қўйишади, кейин сувсиз, газсиз ва иссиқликсиз ўтирамиз!”;

“Қурилишни бошқа жойда бошласа ҳам бўлар эди – бу ердан эллик метрча нарида айнан бир гектарли ташландиқ қурилиш майдони бор. Етти йил олдин у ердаги ҳамма дарахтларни кесиб ташлашди, аммо ҳечнима қуришмади!”.

Одамлар “ПРИОРИТИ СТАНДАРТ” билан боғлиқ ҳужжатларни кўрсатишди. Бу МЧЖ ўтган йилнинг июн ойиданоқ хиёбон ўрнида қурилиш қилишга ҳаракат қилаётган экан. Бу ҳудудга эгалик қиладиган “Ислом коммунал” ХУМШ (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати) бунга жавобан умумий йиғилиш ўтказиб, бу қурилиш фирмасига қатъий рад жавобини берган, Чилонзор ҳокимияти бу қарорнинг қонунийлиги тасдиқланган экан.

“ПРИОРИТИ СТАНДАРТ” бу ҳудудни эгаллаш фикридан қайтмагани ҳақидаги гаплар 2016 йилнинг қишида пайдо бўлди. Бунинг натижасида 11 февралда яна йиғилиш ўтказилиб (бу сафар бутун “Халқлар Дўстлиги” маҳалласи бўйича), унда иштирок этган 2, 5, 7, 8, 9, 10 и 11-уйларда яшовчилар бир овоздан бу қурилишга қарши чиқди.

2016 йил 15 февраль. Мавзеда истиқомат қилувчилар дарахтзорни ҳимоя қилмоқда. Ижтимоий тармоқдан олинган видео

Кейин 15 феврал куни “ПРИОРИТИ СТАНДАРТ” маҳалла ва ХУМШ рухсатини олмасдан туриб тўсатдан қурилишни бошлашга аҳд қилди. Шу сабабли бу ерда яшовчиларнинг норозилигини тушунса бўлади. Қурилиш фирмасининг ҳаракатлари эса бегона ҳудудни босиб олишни эслатади.

Кейинги куни, 16 февралда бу қурилишдан норозилар бир гуруҳ бўлиб туман прокуратураси ва президент аппаратига борди, у ерда уларга судга мурожаат қилишни маслаҳат беришди.

Олтинчи мавзе: кўкаламзорлаштириш муаммолари ҳақида қисқача

Чилонзорнинг олтинчи мавзеси 1963 йилда қурилган. Ўсимлик ўсмаган тақир жойда тўрт қаватли уйлар пайдо бўлиб, бу мавзе айниқса ёз ойларида қўрқинчли фильмлар декорациясига ўхшаб кўринар эди. Ўша пайтда бу ерда яшовчилар иштиёқ билан атрофни кўкаламзорлаштиришга киришди, давлат ҳам кўчат етказиб бериш орқали бу ҳаракатни қўллаб-қувватлади. Тез орада бу мавзе яшил бир гўшага айланиб, одамларга роҳатбахш салқинлик бахш эта бошлади.

Маҳаллий аҳолининг сўзлаб беришича, чинорлар ўсиб, катта бўлгунича хурсанд бўлишган холос. Кейин мавзеда қурувчилар пайдо бўлган. Олтинчи мавзенинг яшил бойлигини йўқотишга илк бор 1980 йилда ҳаракат қилинган, ўша пайтда метронинг “СССР 50 йиллиги” (ҳозирги “Мирзо Улуғбек”) бекати ёнида тажрибавий уй қуриш режалаштирилган. Бу мўъжизавий уйларнинг ҳар қаватида боғлар бўлиши керак эди, шу сабабли бу қурилишга аҳоли қаршилик кўрсатмаган. Аммо уйнинг икки қаватини қуриб бўлгандан сўнг қурилишга ажратилган пул тугаб, бу жой нақ ўттиз йил чала аҳволда ётди.

1987 йилда, қайта қуриш авж олган пайтда иккинчи уриниш бўлди. Лойиҳа институтларидан бири футбол майдони ўрнига иккита тураржой биноси қуришни режалаштирган. Бу лойиҳа бўйича қурилиш техникасига халақит берадиган ўн-ўн бешта чинорни кесиш кўзда тутилган эди.

2016 йил 15 февраль. Чилонзор 5-мавзеда болалар майдончасини бузиб ташлашга тайёргарлик. Ижтимоий тармоқдан олинган видео

Ўшанда иш котлован қизишгача бормаган эди, шу ерда яшовчилар дарахтларни кесишга йўл қўймаган. Катталар барча идораларга шикоят ёзган, “маҳкум” майдонда тўп сурадиган болалар эса қатъийроқ чоралар кўришган – ишчиларга рогаткадан отишган, ҳаттоки қурилиш вагончасини ёқиб юборишган. Натижада, қурилиш майдончасида тунда милиция машинаси қўриқчилик қиладиган бўлган.

Ўшанда футбол майдончасини ҳам, дарахтларни ҳам сақлаб қолишга эришилган. Аммо Иттифоқ тарқалиб кетгандан сўнг қурувчилар қасос олишди. Одамлар мамлакатдаги глобал ўзгаришлардан эсанкираб қолганидан фойдаланиб, Чилонзор ҳокимияти тезда футбол майдони ўрнига тураржой бинолари қуриб ташлади. Натижада, олтинчи мавзедаги 178 ва 182-мактаб ўқувчиларининг футбол билан шуғулланиш имкониятини йўққа чиқариб, одамларни кўкаламзорнинг бир қисмидан маҳрум қилишди.


16 февраль. Фото © “Фарғона.Ру”

Чинорнинг бир куби 400 доллардан

90-йилларда қурувчиларни асосан олтинчи мавзедаги бино қуриш мумкин бўлган “бўш” ҳудуд қизиқтирган бўлса, 2000-йилларга келиб, дарахтларни кесиб олиш масаласи долзарброқ бўлиб қолди. Ўша пайтлардаёқ чинорнинг бир кубометри 400 долларга баҳоланиб, битта дарахтнинг ўзидан анча ишлаб олиш мумкин эди, бунинг устига давлат ғазнасига арзимаган пулни тўлаш кифоя эди.

Энг катта жанжал 2003-2004 йилларда содир бўлди, ўшанда бир қурилиш фирмаси иккита икки қаватли дўкон қуришни режалаштирган. Бунда фирма билан маҳаллий расмийлар “Мирзо Улуғбек” метро бекати яқинидаги ташландиқ қурилиш майдонини эмас, балки йигирматача чинор ўсган 50-51 уйларнинг ён томонини танлаган.

Ўшанда маҳаллий аҳоли қурувчиларга қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилиб, “дарахт кесувчилар” техникаси йўлини тўсиб, занжир ҳосил қилиб туриб олишган. Аммо воқеа жойида ҳокимият вакиллари пайдо бўлиб, одамларни давлатга қарши чиқишда айблаб, “сиёсий” моддалар бўйича жавобгарлик ҳақида гапира бошлаган. Буни эшитган одамлар бўшашиб, занжирни очиб юборишган.

Аммо 50 ва 51-уйда яшовчилар курашни давом эттириб, қурилишга рухсат берган шаҳар ҳокимияти билан судлашишгача борган. Суд узоқ вақтга чўзилиб, судья ишга учинчи томон – қурилиш фирмасининг вакилларини жалб қилгунча давом этди. Бу вакиллар сицилия мафиясининг вакилларига ўхшар эди, аммо суд жараёни жуда тезлашиб кетди.

2004 йилнинг апрел кунларидан бирида судья кечки пайт прокурор билан бирга келиб, 50 ва 51-уйда яшовчиларнинг паспорт маълумотларини фонар ёруғида ёзиб олган. Кейинчалик чиқарилган қарорда айтилишича, бу ерда яшовчилар чинорларга даъво қила олмайди, чунки яшовчиларнинг аксарияти бу дарахтлар ўтқазилган 1963 йилдан кейингина келиб жойлашган.

Бу орада йигирматача кўп йиллик чинорни суд жараёни бошланмасидан анча олдинроқ кесишга улгуришган эди. Қурилиш ва дарахтларни кесишга тақиқ қўйилишидан хавфсираган чоғи, қурувчилар тунни тун демасдан, экскаватор ёрдамида кесилган чинорларнинг илдизини қўпориб олган. Маълумки, паркет ишлаб чиқарувчилар бу илдизларнинг қадрига етишади. Ўшанда ким неча минг доллар ишлаб олганини тасаввур қилиш мумкин холос.


Бу одам ўзини “каттакон” деб билиб, мухбирларни “ўз уйига киритмасдан” ҳайдамоқда. 16 февраль, фото © “Фарғона.Ру”

> Усти ялтироқ, ичи қалтироқ

Олтинчи мавзе аҳолиси устидан судда ғалаба қозонганидан илҳомланиб, турли фирма ва компаниялар чинор ўсган ҳамма жойларни қурилиш майдонига айлантира бошлади. Ҳаттоки “Мирзо Улуғбек” метро бекати яқинидаги чала қурилиш атрофида дарахт бўлмаса ҳам, қурилишни ниҳоясига етказишди – мўъжизавий уй ўрнига замонавий, кўп қаватли супермаркет қурилди.

Қайд қилиб ўтиш керакки, қурилиш майдони ўраб олиниб, дарахтлар кесилган заҳоти, зудлик билан бажарилаётган қурилишлар кутилмаганда тўхтаб қолар эди.

Бунёдкор (собиқ Халқлар Дўстлиги) шоҳкўчаси бўйлаб олтинчи мавзе ёнидан ўтилса, бунга амин бўлиш мумкин. “Мирзо Улуғбек” метро бекатига яқинлашганда иккита ташландиқ қурилиш майдонини кўриш мумкин. Биттаси ўраб олинган, иккинчисининг тўсиқлари яқинда олиб ташланди, натижада дарахтлари кесиб олинган бўш ер очилиб қолди.

Метро бекати яқинидаги супермаркет ҳам аслида хўжакўрсинга қурилган: кўзни шамғалат қилиш учун қорайтирилган ойнали замонавий панеллар билан ўралган бетон қутидан бошқа нарса эмас. Ичига кирганлар билади, бу ерда қаватлар орасида тўсиқ ҳам йўқ...


Анвар исмли киши “Фарғона” мухбири видеога олаётгани учун “тумшуғига туширмоқчи” бўлган. Ҳамманинг кўз ўнгида. Фото © “Фарғона.Ру”

Хафа бўлиш йўқ, бу бизнес холос

178-мактаб яқинидаги уйларда яшовчилар ўз ҳудудини ҳимоя қилиб олишлари мумкин, чунки қурилиш фирмаси ўта сурбетлик билан ишламоқда. Аммо чинорларни сақлаб қолишнинг иложи йўқ шекилли. Чунки бошиданоқ қурувчилар Табиатни асраш қўмитаси рухсат берган ўн битта чинордан анча кўпроғини кесиб ташлашга ваъда берган эди, “қолган дарахтларга рухсатни кейинроқ кўрсатишар” экан. Айнан шундай бўлган тақдирда ҳам ҳеч ким ҳайрон бўлмайди. Ахир Ўзбекистонда ўрмон йўқ, сифатли мебелни эса ҳамма ҳам харид қилгиси келади.

Умуман олганда чинорни ҳеч ким қўриқламайди. Талаб эса таклифни келтириб чиқаради. Тошкентда кўп йиллардан бери ярим яширин цехлар фаолият юритмоқда, улар чинорларни мебел корхоналари ишлатиши учун керакли ҳолатга келтириб беришади.


Арраланган чинорларни тартиб билан тахлаб, номаълум йўналишда олиб кетишмоқда. Фото © “Фарғона.Ру”, 2016 йил 16 февраль

Шаҳарда чинор камайиб бормоқда, сифатли мебелга талаб эса ошмоқда. Шундай пайтда солиққа тортилмайдиган бир неча юз минг доллар келтирадиган икки юзтача чинорни ким ҳам қўлдан чиқаргиси келади? Бу ерда прокуратурага шикоят ҳам, бош вазирга арзнома ҳам ёрдам бермайди. Айтишади-ку, хафа бўлиш йўқ, бу бизнес холос.

P.S. Бу мақола тайёр бўлган пайтда мавзеда яшовчиларнинг “Фарғона”га хабар беришича, 16 февраль куни эрталабдан дарахтларни арралаш бошланган ва кун ярмига келиб, 70 та чинорни йўқ қилишган.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама