20:51 msk, 23 Апрель 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Туркия соҳиллари не керак ёки Истанбулда марказий осиёлик мигрантлар қандай ишлаётганлари ҳақида

13.02.2016 08:36 msk

Шоҳрух Соипов

Туркияда четдан келган ўн минглаб мигрантлар ишлайди. Улар уйларни, савдо марказларини тозалашади, уларни сотувчилар, официантлар ва қоровуллар орасида учратиш мумкин. Мухбиримиз Шоҳрух Соипов икки ҳафта Истанбулда яшаб, бир неча йиллардан бери Туркияга ишлашга келадиган ўзбеклар, тожиклар ва туркманлар билан суҳбатлашди. Улар нима сабабдан кетганини, нима билан шуғулланишлари ва нималарни орзу қилишлари ҳақида сўзлаб беришди.

Истанбулнинг Оқсарой ва Лалели мавзеларида йирик савдо марказлари жойлашган, марказий осиёлик тадбиркорлар мол олиш учун айнан шу ерга келишади. Оқсарой ва Лалелида ресторанлар, меҳмонхона ва каҳвахоналар кўп. Шулардан бири, “Бабахан” ресторани ташрифчиларга уйғур ва ўзбек таомларидан тамадди қилишни таклиф этади.

Истанбулга келганимнинг иккинчи куни кечки пайт “Бабахан”га бордим. Орадан бир кунгина ўтган бўлса ҳам, ўзимизнинг таомларни соғиниб қолувдим. Кириш эшигида мени Дониёр исмли истараси иссиқ йигит кутиб олди: “Ассалому алайкум, келинг ока. Хуш келибсиз кафеимизга”. Кейин Дониёр пештахтадаги турли таомларни кўрсатиб, таклиф қила бошлади: “Мана марҳамат, иссиқ таомлар: шўрва, манти, сомса, палов...”


Ўзбек ва уйғур таомлари бериладиган Babahan кафеси

22 ёшли Дониёр Истанбулга уч ой олдин Тошкентдан келибди. “Бабахан” кафесида ошпаз-сотувчи бўлиб ишлайди. Мен қўй гўштидан шўрва буюртирдим ва Дониёрдан Туркияда ишлари қандай кетаётганини сўраб-суриштирдим. “Мен Ўзбекистонда иш йўқлигидан ёки пул йўқлигидан келмадим, - дейди Дониёр. – Шунчаки, аввалдан Истанбулда ишлашни истар эдим. Асли касбим – радиотехник, коллежни тугатганман. Бу ерда ойига 1500 лира пул топаман (500 доллар атрофида)”.


“Бабахан” кафеси миллий услубда безатилган: “Пахта” ўзбек чинни идишлари, мусиқий асбоблар: дутор ва дўмбира, ҳатто дўппилар ҳам бор.

Таом тайёрланадиган ошхонани кўрсам бўладими, деб сўрадим. Мени у ерга олиб боришди, у ерда самарқандлик бир ошпаз бор экан. Исмини айтмади, бунинг аҳамияти йўқ, деди. Уни иш шароити қандай қониқтиришини сўрадим. “Шароитлар ўртача, - деди у. – Биз бу ерга ишлагани келганмиз. Ўзингиз биласиз, бизда одам кўп, тўйга пул керак, уйга пул керак…” Ошпазларнинг таъкидлашича, Истанбулда қонуний асосда ишлашмоқда, барча рухсатномалар расмийлаштирилган.

Мен мазали таомлар учун миннатдорчилик билдирдим. Қўй гўштидан шўрва, чой ва новвой нон учун 12 лира (4 доллар атрофида) тўладим. Анча арзон тушди.


“Бабахан” кафесида

Истанбулда бир юртдошимизнинг уч хонали уйида вақтинчалик турдим, мендан ташқари яна олти киши яшарди (ҳар битта хонада иккитадан). Қўшниларим асосан туркманлар экан, улар асосан хизмат соҳасида: дўконлар, автомобил ювиш нуқталарида ишлашаркан, уйларни тозалашаркан. Нега Истанбулга келганларини сўраганимда, улар Туркманистонда маошлар камлиги, коррупциянинг кучайиб бораётгани ва одамлар ижтимоий муаммолардан чарчаганидан ҳасрат қилишди. Аммо суратга тушишмади: ватанга қайтганда муаммо бўлиши мумкин экан.

Истанбулда ишлаётган мигрант бошпана ижараси учун тахминан 120 доллар тўлайди, электр, иситиш, газ ва сув тўловлари ҳам шунинг ичида. Битта квартирада ўрта ҳисобда беш-олти киши яшайди.

Истанбулдаги аксарият мигрантлар ноқонуний асосда ишлайди, ишга рухсатнома олмайди ва керакли ҳужжатларни расмийлаштирмайди. Туркиядан чиқиб кетаётганда эса миграция қоидаларини бузгани учун жарима – олдиндан тайёрлаб қўйилган 400 долларни тўлашади. Аммо уч ойдан сўнг яна расман Истанбулга қайтиш имконияти очилади.


Исмоил ишлайдиган Okyanus автомобил ювиш нуқтаси

Эртаси куни ҳамкасбларим билан учрашувга жўнадим. Йўлда Okyanus номли автомобил ювиш нуқтасидан ўтдик. Бу ерда ҳам ўзбеклар ишлар экан. “Мен енгил машиналарни 25 лирага юваман, жипларни – 30 лирага”, - дейди Исмоил, у Тошкентдан етти ой олдин келган. Мижоз пулни кассага тўлайди, Исмоил эса, кунига беш-ўнта машинани тозалаб, ойлик маоши олади. Қанчалигини айтмади.

Истанбулдаги “Боязид” тарихий маскани атрофида сайр қилиб юриб, Афғонистоннинг Фарах вилоятидан келган афғон ўзбегини учратдим. У дўкон олдида туриб, туркча нон сотаётган эди. Йигирма ёшли Раҳамат Истанбулга икки ой олдин иккита акаси билан келган (жами саккизта ака-укалари бор). Афғонистонда кўйлак тиккан, аммо ҳозирги зиддиятлар ва уруш даврида пул топишнинг иложи йўқ: “Афғонистонда кам топар эдим, ойига беш-етти минг афғоний (тахминан 70-100 доллар) холос. Бу ерда 800 лира (270 доллар атрофида) оламан. Дўкон эгалари маошни босқичма-босқич оширишга ваъда беришган. Мен эрталабки еттидан кечки еттигача ишлайман”.

Раҳамат акалари билан пул тўплаб, тахминан тўрт йиллардан кейин Истанбулда уй сотиб олишни орзу қилади. Кейин Афғонистонга қайтмоқчи. Туркиядаги ҳаётда нимадан қийналганини сўрасам, кутилмаган жавобни олдим: “Ота-онамсиз қийналдим. Бирга бўлганларида эди… Соғиндик”.


Раҳамат ўзи ишлайдиган дўкон олдида

Кеча Қирғизистоннинг Ўш шаҳридан Истанбулга келган Шавкат Қобилов билан гаплашдик. Жуда чарчагани билиниб турарди: ҳар куни 12 соат ишлаб, омборда молларни қабул қилиб, дўконларга юборар экан. “Осон эмас, - дейди Шавкат. – Аммо ойига 600 доллар оламан. Шаҳарни айланишга вақтим йўқ, ҳафтада бир кун дам оламан, шунда ҳам шахсий ишларимни ҳал қилишга ҳаракат қиламан. Оилани боқиш учун пул ишлаб топишим керак”.

Истанбулда мигрантлар топадиган иш турлича бўлиши мумкин. Масалан, Оқсаройда юзига қизил суртиб олган “мама”лар йўлингни тўсаверади. “Қиз керакми?” – деб сўрашади, мен бунга жавобан: “ўзбечкалар борми?” дейман, – “йўқ”, - деб қўшмачилар нари кетади.


Оқсаройдаги қўшмачилар. Биттаси чапда, сариқ куртка кийган.

Шу пайт олдимга бир эркак келди. “Ўзбечкалар керакми?” – деб сўради. “Ҳа, - дедим. – Соатига қанча?” – “100 лира (30 доллар атрофида). Меҳмонхонага алоҳида тўлайсан, менга ҳам қиз топганим учун 10 лира тўлайсан”, - деди қўшмачи.

Рози бўлдим, аммо шарт қўйдим: “Менга кўрсатасиз, ёқса тўлайман”. – “Бўпти, - деди эркак. – Ҳозир таксида борамиз, ўзбечкаларни кўрасан”. Биз такси тутиб, кетаётганимизда мен қалтис ишга аралашиб қолганимни, мени қаёққадир олиб кетишаётганини тушуниб қолдим. Машинани тўхтатишни талаб қилдим, такси ҳақини тўлаб, уйга кетдим.

Истанбулга дунёнинг турли чеккаларидан, жумладан Марказий Осиёдан ҳам ҳар йили юзлаб аёллар келади. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам фоҳишалик қилиш учун келмайди. Кўпчилиги оиласи билан келади.

Метрода битта аёл телефонда ўзбекча гаплашаётганини эшитиб қолдим. Унга ўзимни таништириб, Истанбулда нима қилиб юргани билан қизиқдим. “Бу ерда оилам билан етти йилдан бери яшайман: қайнатам, эрим, унинг укалари, синглиси ва яна бир неча киши. Эрим укалари билан Ўзбекистонга юк жўнатадиган “Карго” компаниясида ишлайди. Биз аёллар уйда ўтирамиз”, - деб кулади Зарина.

Охирги марта Ўзбекистонга қачон борганини сўрадим. “Вақти-вақти билан бориб турамиз, - дейди у. – Аммо кейинги пайтда қийин бўлиб кетяпти, иқтисодий аҳвол оғирлашяпти, шунинг учун бу ерда яшаяпмиз”.


Босфор
Босфор

Босфор атрофида мени бир киши тўхтатиб, уни бўғоз фонида суратга олишимни сўради. Бу суратларни Тожикистоннинг Хатлон вилоятидаги Қўрғонтепа шаҳрида яшовчи ўғлига юборар экан, ўғли февраль охирида уйланмоқчи экан.

“Бугун-эрта тўйга керакли нарсаларни ўғлимга жўнатаман, ўзим ой охирида тўйга етиб бораман, - дейди Иноят ака. – Беш йилдан бери Истанбулда яшайман. Янги кўп қаватли уйларда қоровул бўлиб ишлайман. Бу ерда пул топса бўлади, ишларим жойида”.

Мен Истанбулда икки ҳафта бўлдим, бу ерда мен учратган барча ўзбек, тожик ёки туркманларнинг айтишича, оилани боқишнинг бошқа йўли йўқлиги учун бу ерларда ишлаб юришибди. Аммо бир масалада фикрлари якдил эди: агар ватанда яхши иш бўлганида, ҳеч ким ҳеч қаерга кетмаган бўларди.

Шоҳрух Соипов, Истанбул-Ўш

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама