15:40 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Ҳаётнинг четида қолдирилган кексалар

12.02.2016 16:50 msk

Ҳаёт Хон Насриддинов

Ўзбекистонда ҳар бир йил биронта ўта муҳим масалага бағишланади. Масалан, бу йил “Соғлом она йили” деб аталди. Балки бунинг сабаби аёлларнинг ёппасига стерилизация қилинаётгани ёки тиббий хизматнинг ачинарли аҳволда эканлигидадир? Ўтган 2015 йил эса “Кексаларни эъзозлаш йили” деб аталган эди. Бунга қуйидаги ҳолат сабаб бўлса керак: мамлакат президентининг ўзи ҳам ёш эмас, нақ 78га кирди, бу муҳлатнинг чорак асрдан кўпроғини масъулиятли лавозимда ўтказмоқда ва ҳозирча кетиш нияти йўқ... Хўш, кексаларнинг дардини ҳеч ким тушунмаса ҳам, Ислом Каримов тушуниши керак эмасми? “Фарғона”нинг доимий ўқувчиси ва муаллифи, тошкентлик Хаёт Хон Насриддинов ўз мақоласи билан айнан президентга мурожаат қилмоқда.

* * *

Мен такроран ёзаётган бу мавзуни бемалол сиёсатга боғлаш мумкин. Яъниким, мамлакатдаги кексаларнинг тақдирига эътиборсизлик ва лоқайдлик сиёсатига боғлаш мумкин. Расмийлар оддий фуқароларнинг муаммолари ва қашшоқ турмуш тарзини кўрмаганга олиб, уларнинг ҳаётини ўзгартириш истаги умуман йўқлигини яна бир бор намойиш қилмоқда.

Тошкент шаҳрининг Яланғоч массивида “бит бозори” (“блошиный рынок”) ҳали ҳам бор. У ерда кексалар ва пенсионерлар ташлаб юборишга кўзлари қиймаган, арзимаган пулга сотса бўладиган эски буюмларини сотишади. У ерда тадбиркорлар ҳам фаолият юритади, улар яп-янги сантехника ва маиший жиҳозларни сотишади. Аммо бу тўлақонли маънодаги бозор эмас. Бу ерда шунчаки бир нечта кексалар йўл четига эски нарсаларини ёйиб, бир-икки сўм топиш илинжида туради.

Шундоққина ерга ёйиб қўйилган чойшаб ва целлофанларнинг устида ҳамма нарсани топиш мумкин. Ювилиб, дазмолланган эски кийим-кечак, лампочкалар, занжирсимон ёпқич, уй жиҳозлари, тозаланган тарелка ва санчқилар... Қора денгиздан откриткалар (балки ёшликдаги хизмат сафаридан эсталикдир), Эльбруснинг гўзал кўриниши (буниси амалга ошмаган орзудир)... Одамлар ўзларига кераксиз, эски нарсаларни сотишади, балки кимларгадир керак бўлиб қолади. Ўтган-кетганлар уларнинг буюмларига қизиқиб қолса, уларга уят аралаш умид билан қарашади: қанийди шу нарса ёқиб қолса-ю, сотиб олишса. Шунда шу пулга озгина бўлса ҳам озиқ-овқат сотиб олиш имкони туғилади. Натижада озгина вақт бўлса ҳам “ажойиб иқтисодий ўсиш” ва “фаровонлик” ҳукм сураётган бу мамлакатда ўзини тўлақонли одам деб ҳис этиш мумкин бўларди.

Албатта, йўл четидаги бу савдо-сотиқ қонуний эмас. Аммо участка милиционерлари индамайди. Балки муҳтож одамларнинг аҳволига тушуниб, бундай майда маъмурий қоидабузарликка эътибор беришмас? Ёки ўзининг мажбуриятлари ва йўл четидаги одамларга нисбатан лоқайдлик устун келаётгандир? Иккинчисига кўпроқ ишонаман, чунки, тан оламан, ўзим ҳам милицияга ва солиқ қўмитасига мурожаат қилиб, ноқонуний бозорларга қарши курашганман. Маҳаллий маъмуриятдан илтимос қилиб, қонуний равишда савдо қилиши учун бу бечораларга бирорта бино топиб беришни сўраганман.

Аммо расмийлар менга ёзма тарзда қуруқ жавоб йўллаб, бу масалага эътиборсизлигини намойиш қилди. Менда солиқ хизматидан келган расмий хат бор, унда айтилишича, бу бозор йўқ қилинган (аммо у жойида турибди ва ҳар куни ишлаяпти!). Милициядан ҳам жавоб бор, унда айтилишича, “бозордаги сотувчилар билан профилактик суҳбат ўтказилган” ва улар бундан буён у ерда савдо қилмайди. Бир кундан сўнг уйлар атрофидаги бу жойлар яна сотувчилар билан тўлди. Маҳаллий маъмурият ҳам худди шундай йўл тутди. Яъни, бозор ташкил қилиш учун бўш жой йўқ, бунга маблағ ҳам йўқ деган мазмунда жавоб ёзишди. Шу билан бирга, мамлакатдаги бахтли ҳаёт ҳақида сўзловчи, хўжакўрсинга қилинган плакатлар ва узундан-узун деворлар қуришга пул етади.

Амалдорлар фақатгина мамлакат фуқароларига нисбатан бепарво эмас. Улар ўз мажбуриятларига ҳам масъулиятсизлик билан қарашади. Бундай ноқонуний савдо-сотиқ “Бозорлар ва савдо комплексларининг фаолиятини ташкил этиш қоидалари”ни бузади, бу ҳужжатга қўйилган бош вазир Мирзиёевнинг имзоси эса туман амалдорлариникидан пастроқда туради. Лоақал мен шундай хулосага келяпман. Чунки, ноинсоф раҳбарларнинг асосий иш тамойили – муаммони ҳал қилиш эмас, балки қуруқ жавоб билан қутулиб қолиш.

Бир нарса ҳақида кўп ўйлайман, нега бизнинг мамлакатда айримлар пенсияга чиққанидан сўнг одам сафидан чиқариб қўйилади? Эски кийим-бошда юришади, энг зарур нарсалардан, жумладан дорилардан ҳам пулни тежашади, аммо коммунал хизматлар учун ўз вақтида тўлайдиган пенсионерларимизни кўрган одам ачинади ва ҳурмат ҳиссини туяди. Мен уларни ҳурмат қиламан, чунки улар кўчага чиқиб, норозилик намойиши уюштирмайди, ҳукумат ва президентни ёмонлаб гапирмайди, ўғирлик қилмайди. Улар бу қашшоқ турмуш тарзига индамасдан чидайди, кўз ёшини ичига ютади. Ҳеч кимга кераксиз ҳаётларини сал бўлса ҳам узайтиришга уринади. Иложсизлик туфайли, балки ўлимдан ҳам қўрқишмайди.

Барахолка в Ташкенте
“Ачиниш инсонни хўрлайди”, аммо мен уларга ачинаман. Улар бутун умр порлоқ келажакка ишониб яшаган, аммо кўришсаки, бу келажакда уларга жой йўқ. Қорни тўқлар бу ҳаётдаги қашшоқликларни атайлаб кўрмаётганидан асабим бузилади. Кексаларнинг бахтли ҳаёти ва сермазмун кексалик чоғлари ҳақидаги шиорларни тинмай такрорлайдиганлар шунга жавоб беролмайдики, нега шу кексалар орасида қашшоқлари бу қадар кўп?

Уларда деярли ўз вақтида тўланадиган пенсияси бор. Имкониятга қараб ёрдам берадиган фарзандлари бор. Давлат томонидан имтиёз ва қўшимча тарзидаги ижтимоий ёрдам бор. Аммо пенсионерлар ўзларини тўлақонли инсон деб ҳисоблай олишмайди. Бунга сабаб нимада?

Бу ҳақда мамлакат раҳбари билан гаплашиб олмоқчиман, мен шу раҳбарга қачонлардир овоз берганман.

Нимага йилдан-йилга ойликлар ўн-йигирма фоизга ошади-ю, ҳеч кимга кераксиз саройларни қуришга кетган харажатлар юзлаб миллионларни ташкил этади? Масалан, Тошкентда форумлар саройи ва миллий кутубхона қурилган. Кутубхона албатта керакли жой, у жой ўқувчилар билан лиқ тўла. Аммо яна битта мажлислар зали кимга керак – ҳайронман. Бунақа ҳашаматли ва бефойда қутилар шаҳарда етарлича қурилган. Мен бир куни ўша ерга кирмоқчи бўлдим, ахир бу бино фуқаролар учун, яъни мен учун ҳам қурилган!. Аммо ниятим амалга ошмади. Бу бетондан қилинган миллиарднинг даҳлизига ҳам киргизишмади.

Мен Самарқандда битта нарсага гувоҳ бўлганман, ўзига тўқ бўлган америкалик пенсионерлар Регистон ҳайбатига маҳлиё бўлиб қараб турарди, уларнинг ёнида иккита ўзбек чол чўкка тушиб ўтириб, уларга Хўжа Насриддин ҳайкалчалари ва эсдалик пичоқларини сотиб олишни таклиф қилишарди. Одамнинг хўрлигини келтирадиган манзара.

Кейинги пайтда нопок банк ходимлари ва пенсия жамғармаси бўлими ходимлари алдов йўли билан пенсияларни пластик карточкага ўтказаётгани ҳақида кўп эшитяпмиз. Уддабурон ходимлар сохта шартнома ва аризаларга имзо қўйиб, пенсияларнинг ихтиёрий равишда пластик карточкага ўтказилаётгани ҳақидаги ғирт уйдирма гаплар билан одамнинг кўзини шамғалат қилади. Яна буларга ҳеч ким индамайди. Прокуратура билан милиция оғзига талқон солиб олган, пенсионерларни фақат ўз фарзандлари ҳимоя қилади. Нимага пенсионерларнинг ожизлигидан фойдаланиб қолишга уринишади?

Буларнинг ҳаммаси ҳақида тўғридан-тўғри президентга ёзмоқчиман. Параллел равишда барча вазирларга ҳам шуни айтмоқчиманки, қуруқ жавоб билан қутулмасдан, юзага келган муаммони ҳал қилиш керак. Мен оддийгина бир муаммони расмий ҳукумат органлари орқали ҳал қилиш учун деярли тўққиз ой овора бўлдим. Ҳаммаси бекор бўлиб, мен бутунлай умидсизликка тушган эдим. Чорасизликдан ушбу сайтга ёзилган мақолагина менга ёрдам берди. Тошкент билан Москва орасидаги уч минг километрлик масофа ҳам “Фарғона” таҳририятига халақит бермади, улар менинг муаммоимни таҳлил қилиб, маҳаллий газ идораси билан юзага келган маиший зиддиятни ҳал қилишда ёрдам беришди.

Демак, фақат хорижий матбуотга мурожаат қилган фуқароларнинг муаммолари ҳал бўладими? Хорижий журналистлар ҳеч қандай таъмасиз бошқа давлат фуқароларининг ёнини олишади. Унда маҳаллий амалдорлар нима билан шуғулланади, уларнинг ўз ишига нисбатан лоқайдсизлигини ким жиловлайди? Ахир бунақа бўлиши керак эмас-ку. Мамлакат фуқароси сифатида мен буни жиноят ва мен учун ҳақорат деб тушунаман.

Мана шулар ҳақида президентга айтиб бермоқчиман. Умид қиламанки, мен тайёрланаётган учрашув албатта бўлиб ўтади.

Ҳаёт Хон Насриддинов

Маълумот ўрнида: Тошкентдаги илк эски-туски бозори шаҳар марказида – Воскресенский бозори ёнида бўлган. Ҳозир бу жойда “Театральная” майдони жойлашган. XX аср бошида олинган сурат.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама