15:18 msk, 29 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқанд ва Хивадан “откриткалар”: Ўзбекистон туристик салоҳиятини Euronews канали орқали муттасил реклама қилмоқда (видео)

02.02.2016 06:37 msk

Фарғона

2016 йилнинг бошидан бошлаб Euronews каналида Ўзбекистоннинг тарихий ва архитектура ёдгорликлари, маданияти ва санъатига бағишланган видеолавҳалар берилмоқда. Январ ойи мобайнида Самарқанд ва Хива гўзалликлари, Риштон кулолчилиги ва Марғилон ипагига бағишланган бешта бир дақиқалик лавҳа кўрсатилди.

“Откриткалар” кўрсатуви бошловчиси – Евроньюс мухбири Симус Кирни (Seamus Kearney). У “Қозоғистондан откриткалар” рукнидаги кўплаб репортажлари билан танилган.

Gazeta.uz хабар беришича, “Ўзбектуризм” 2013 йилдан бери Euronews билан ҳамкорлик қилмоқда. Ҳамкорликдан мақсад – туристлар учун диққатга сазовор жиҳатларни чет элда тарғиб қилиш ва Ўзбекистонга туристлар оқимини кўпайтириш.

Ўтган йилнинг охирида Euronews каналидаги “Uzbekistan Life” рукнида беш дақиқалик видеолавҳалар кўп марта кўрсатилган эди. Мана шулардан бири.


«Uzbekistan Life»: “Uzbekistan Life”: Термиздаги Будда мероси

Ўзбекистонга кимлар боради? ЖТТ (БМТ Жаҳон Туризм Ташкилоти) “Ўзбектуризм” миллий компанияси билан ўтказган тадқиқотига кўра, аксарияти Россия, Туркия, Ҳиндистон, Германия ва Корея фуқаролари боради. Кўпчилигининг ёши 50 дан ошган, олий маълумотли, қулай шароитда дам олиш ёки ўрганиш мақсадидаги саёҳатни маъқул кўришади. Сўровнома иштирокчиларидан 77 фоизининг айтишича, Ўзбекистонга келишга ЮНЕСКО Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган маданий-тарихий объектларни ўз кўзи билан кўриш истаги туртки бўлган. Туристларнинг аксарияти интернетда топилган маълумотлар туфайли Ўзбекистонга келишга аҳд қилишган.


“Ўзбекистондан откриткалар”: Риштон кулолчилигининг кўҳна гўзаллиги

“Ўзбектуризм” маълумотларига кўра, 2015 йилнинг биринчи кварталида (бундан янги маълумотлар йўқ), Ўзбекистонга 22,8 мингта хорижий турист, яъни туристик хизматлар пакетини сотиб олган саёҳатчилар келган. Яна 330 минг хорижий фуқаро қариндошларини кўргани келган, 70 мингдан ортиқ киши иш юзасидан, ўқишга, ишлашга, тижорат мақсадида ва доимий яшаш учун келган.


“Ўзбекистондан откриткалар”: Хивадаги Калта Минор

“Анхор.Uz” хабар беришича, 2014 йилда Ўзбекистонга 155.957 та турист келган, бу 2013 йилга қараганда 0,7 фоизга кўп. Энг кўп туристлар 2012 йилда келган бўлиб, уларнинг сони 181.875 киши бўлган. 2015 йилнинг биринчи кварталида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизга ошганини ҳисобга олсак ва қолган тўққиз ой давомида кўрсаткич шундай ўсган деб олсак (жумладан, ёзда ҳам, чунки бу пайтда туристлар сони кескин ортади), ўтган йилдаги туристлар сони тахминан 170 минг кишидан иборат бўлиши керак.


“Ўзбекистондан откриткалар”: Марғилон ипагининг ёрқин жилолари

Таққослаш учун, аҳоли сони ва ҳудудининг катталиги бўйича Ўзбекистонга яқин бўлган Малайзия, келган туристлар сони бўйича Осиё ва Океанияда учинчи ўринда туради: 2013 йилда мамлакатга 25,7 миллионта турист келган. Албатта, бу таққослаш унчалик ўринли эмас, чунки соҳилда дам олишни ёқтирувчилар сони ўрганиш учун саёҳат қилувчилар сонидан бир неча марта ортиқ, аммо орадаги фарқнинг ўта катталигига кўз юмиб бўлмайди. Дунёдаги 141 мамлакатдаги вазиятни таҳлил қилиш натижасида Бутунжаҳон иқтисодий форумининг (БИФ) таҳлил гуруҳи эълон қилган Саёҳат ва Туризм рақобатбардошлиги бўйича мамалакатлар рейтингида (The Travel and Tourism Competitiveness Report 2015), 2015 йилда Малайзия 25-ўринда, Ўзбекистон эса умуман рўйхатда йўқ. Аммо рейтингда Қозоғистон (3,5 индекси билан 85-ўрин), Қирғизистон (3,1 индекси билан 116-ўрин), Тожикистон (3,0 индекси билан 119-ўрин) бор.


“Ўзбекистондан откриткалар”: Самарқанддаги Амир Темур мақбараси

“Ўзбектуризм” 2015 йилнинг июль ойида маълум қилишича, туристик хизматлар экспорти ҳажми йилига $615 миллиондан ортиқ, октябрь ойида хабар беришича эса, 2015 йилнинг биринчи ярмидаёқ бу кўрсаткич $550,5 миллионга етди. Ўзбекистон ЯИМда туризм ҳиссаси 2 фоиз атрофида. Бу ачинарли ҳолат, чунки ўзбек матбуотига ишонилса, тарихий ва курорт зоналар сони бўйича Ўзбекистон дунёда тўққизинчи ўринда туради. “Ўзбектуризм” реестрига турли давр ва цивилизацияларга тегишли 7000 дан ортиқ (археологик, архитектура ва табиат) ёдгорликлар, 110 та халқаро туристик йўналишлар, шулардан 65 таси тарихий-маданий мерос объектлари, 30 таси табиат-рекреацион, 15 таси соғломлаштириш туризми элементларига эга экологик йўналишлар киритилган.


“Ўзбекистондан откриткалар”: Хивадаги Тош Ҳовли саройи

Ўзбекистон гўзал масканларига жалб қилиш орқали хорижий меҳмонлар сонини сезиларли тарзда оширишга ҳаракат қилаётганга ўхшайди, аммо натижаларга кўра, буни уддалай олмаяпти. Чунки рекламанинг ўзи билан иш битмайди. Потенциал туристларни қочирадиган омиллар талайгина, булар асосан: Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги, виза олиш ва турган жойида рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ бюрократик оворагарчиликлар ҳамда авичипта ва туристик хизмат нархларининг нисбатан баландлигидир.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама