11:48 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Чинор шамол ва бўрондан қўрқадими?.. Йўқ. Ўзбекистондаги амалдорлардан қўрқади

29.01.2016 18:02 msk

Феруза Жоний

Чинор бу – Шарқнинг рамзларидан биридир. Марказий Осиё халқлари учун бу дарахт тарвақайлаб кетган шох-шабба, жазирамадан сақловчи қуюқ сояни эсга солиб, шинамлик ва хотиржамлик туйғуларини бахш этади.

Ўзбекистонда чинорларни йўқотиш ҳаракати 2009 йилда бошланди. Биринчи қурбонлар сифатида пойтахтнинг қоқ марказида – машҳур Тошкент скверидаги (Амир Темур хиёбони) салкам юз йиллик дарахтлар қулатилди. Бу хиёбон миллионлаб ўзбекистонликлар хотирасида ёз жазирамаси ўртасидаги яшил нуқта сифатида қолди. Кейинчалик деярли барча шаҳарларнинг – Андижон, Наманган, Фарғона, Самарқанд, Бухоронинг кўча ва паркларидаги чинорлар йўқотила бошланди... Бугун Тошкент скверининг ўрнида майсалар ва чет элдан келтирилган нодир арчалар бўй чўзиб турибди, улар бу ердаги жазирамага бардош бера олмайди.

Бундай ваҳшиёна муносабатга Ўзбекистон жамоатчилиги жим қараб турди, деб бўлмайди. Аммо ҳеч қандай митинг ёки норозилик акцияси ўтказилмади: ҳукуматдан қўрқиб қолган ўзбекистонликларнинг бундан бошқа, жиддийроқ масалалар бўйича ҳам норозилик кўрсатиш истаги йўқ.

Эсимизда бор, номаълум ҳаваскорлар томонидан клип “Ўрмон кесилди…” деб номланган клип суратга олиниб, маҳаллий видеоартга бағишланган ярим-яширин фестивалда кўрсатилган эди. Интернетда, жумладан, “Фарғона”да ҳам мақолалар ёзилди, форумларда қизғин баҳслар бўлди...

Фейсбукнинг пайдо бўлиши ва оммалашиши туфайли норозиларнинг бирлашиши осонлашди. Тошкент расмийлари 23-25 январда “президент трассаси”да, Мустақиллик шоҳкўчасидан Амир Темур хиёбонигача бўлган ҳудуддаги чинорларни кесиб ташлаши оқибатида интернетда норозилик бўрони кўтарилди. Ҳатто Ўзбекистонда камдан-кам содир бўладиган воқеа содир бўлди – Тошкент ҳокимияти ва Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси номига арзнома ёзилди. Бу мақола тайёрланаётган пайтда арзномани 2400 дан ортиқ киши имзолаган эди.


Тошкент скверида қулатилган чинорлардан бири

“Фарғона” Change.Org сайти орқали расмийларга арзнома бериш ташаббуси билан чиққан тошкентлик Фарида Шарифуллинадан вазиятни шарҳлашни сўради.

“Арзномани кеча, 25 январда ёздик. Чунки бу бемазагарчилик ва ваҳшийликка қараб туришга одамнинг кўнгли чидамади. Чунки бу чинорлар олдида ўзимизни айбдор ҳис қилдик, улар бизни ўнлаб йиллар давомида ёз жазирамаси, қуёш радиацияси, шаҳардаги чанг-тўзон ва қурумдан ҳимоя қилди. Энди уларни қулатишмоқда… Ахир улар ҳимоясиз-ку! Биз қанақа одам бўлдик ….

Одам соғлом пайтида юраги қаерда, ўпкаси ёки ўт пуфаги қаердалиги ҳақида ўйлаб ўтирмайди… Улар оғригандагина сезишни бошлайди. Чинорлар билан ҳам худди шу ҳолат: кундалик ташвишлар билан уларга эътибор бермаймиз, аммо улар кесилаётганида дарров нохушликни ҳис қиламиз! Масалан, кеча Дархондаги чинорлар кесиб ташлангач, уларнинг шаҳар транспорти бекатлари яқинида жойлашгани кўзга ташланиб қолди. Энди улар йўқ. Энди одамлар 60 даражали иссиқда, қуёш тиғи остида бекатда қандай туради?


Бекатни қуёшдан ҳеч нима тўсмаяпти

Бу ҳолатда айнан чинорлар кесилаётганига аҳамият беринг. Қиммати пастроқ турдаги дарахтлар, масалан, шумтол ва қайрағочлар кесилмаяпти. Улар фақат буталмоқда, аммо ғалати кўринишда: ҳамма пастки шохларини арралаб ташлаб, тепасида кичкина тож қолдирилган. Агар дарахт қимматли турдагиси бўлмаса, синдирилган ҳолда ҳам ташлаб кетишаверади.

Ўтган бир неча кунда арзномани икки мингдан ортиқ киши имзолади. Буларнинг аксарияти Тошкентда яшовчилар. Собиқ ҳамюртларимиз ҳам бор, улар Россия, Исроил, Ирландия, Канада, АҚШда… Одамлар арзномани имзолабгина қолмасдан, шарҳ ҳам қолдиришмоқда. Шарҳлар сони беш юздан ошди. Одамлар ўз дард-аламини ёзмоқда. Улар тирик қолган чинорларни сақлаб қолишмоқчи.

Имзо қўйганларнинг таъкидлашича, чинорларни кесиш оқибатида Тошкентнинг экологиясига тузатиб бўлмайдиган зарар етказилмоқда. Чинорлар шаҳримизнинг тарихий диққатга сазовор жойи эканлигини ёзишмоқда. Шаҳарни аждодлардан қандай қабул қилинган бўлса, шундай ҳолда авлодларга қолдириш истагини билдиришмоқда…


Тошкент скверидаги дарахтларни кесиш

Умумий кайфиятни ифодаловчи айрим шарҳлар (тузатишсиз):

George Nikolenko, Тошкент: “Хиёбон яқинидаги жойда ўқиганман, уйга кетаётганда бу жойда дарахтлар панасида қуёшдан беркиниб, скамейкада қушларнинг сайрашини тинглаш мумкин эди! Қани ўша жой? Ҳозир бу ерда хиёбонни эмас, Амир Темур сағанасини эслатувчи бетон кўлмак бор! Серқуёш шаҳримиз бунақа аҳволга тушмаслиги керак! Ким бефарқ бўлмаса, арзномани имзоланглар!”

Тамара Борисова, Тошкент: “Тошкентда кесилган соғлом дарахт саҳро ўртасидаги кўмиб ташланган қудуқдек гап”.

Галима Тлеукудлава, Тошкент: “Имзоладим, чунки бу ақлдан озганларнинг ишида асос йўқ! Ким имзо қўйган? Ким рухсат берган?!! Наҳотки, қарор қабул қилувчиларнинг инсоний туйғулари йўқ? Мен чуқур қайғудаман”.

Мариана Кубашова, Тошкент: “Шаҳримизни севаман, бундай даҳшатли ғўлаларга қараб бўлмайди, булар дарахт эмас, майиб-мажруҳларга ўхшайди …»

Валентина Щежина, Тошкент: “Мен имзо чекаман, чунки қадрли шаҳримни чинорларсиз тасаввур қилолмайман, улар Тошкентнинг рамзидир”.

Бахтиёр Насимов, Тошкент: “Биз туғилмасимиздан олдин ўтқазилган дарахтлар соясида улғайдик. Авлодларимиз бизни ёмон гаплар билан эслашига сабаб бўлмайлик”.

Лола Сайфи, Москва, Россия: “Тошкент дунёдаги энг кўкаламзор, соя-салқин шаҳарлардан бири сифатида машҳур эди. Шу сабабли ҳам бу ерда яшовчилар Осиё ҳароратига чидай олади. Илтимос, дарахтларни кесишни тўхтатинг, авлодларимизни тоза ва салқин ҳаводан, Тошкентни эса машҳурликдан бенасиб қилмайлик!”

Наиля Гарифулина, Тошкент: “Ҳокимият билан Табиатни муҳофаза қилиш қўмитасининг амалдорлари ва “табиат қўриқчилари”нинг ақлга сиғмайдиган ҳаракатларини юракда оғриқсиз кузатиб бўлмайди. Мен ёшлигимда, ўтган асрнинг 70-йилларида хиёбонда сайр қилиб, чинор ва эманлар остидаги тахтачаларни ўқирдим: “Давлат томонидан қўриқланади, 1878 йилда ўтқазилган” ва буларни сақлагани учун аждодларга раҳмат айтардим. Биз ўз авлодларимизга нимани қолдирамиз? Наҳотки бу амалдорларда умуман виждон ва уят бўлмаса? Бу ўзбошимчаликни тўхтатишга ҳаракат қилайлик”.

Дильдора Муслимова, Тошкент: “Мен Тошкентни, Ватанимни жуда севаман. Унинг болалик пайтларимдагидек гўзал ва ям-яшил ҳолатда қолишини истайман. Биз катта бўлган ҳовлида чинорлар кўп эди, худога шукрки, ҳаммаси ўз жойида турибди. Ҳар баҳорда мен куртаклар чиқишини кузатар эдим. Ёзда бизнинг ҳовлига кирган ёшу-қари скамейкага ўтириб, турли мавзуларда суҳбатлашиб ўтиришарди, чинорнинг катта барглари остида жазирама билинмас эди. Кузда баргларини катта ғарам қилиб уйиб, устида сакраб ўйнардик. Қишда эса... эртакдагидай эди. Бу улуғвор чинорлар оппоқ бўлар эди. Бу хотиралар жуда қадрли бўлиб, айнан шу дарахтлар билан боғлиқ. Тошкент, мен сени севаман!”

Ҳис-ҳаяжонга тўла шарҳлардан ташқари, чинорни ҳимоялаш бўйича аниқ аргументлар келтирилган шарҳлар ҳам жуда кўп:

Феруза Хашимханова, Тошкент: “Давлат порталида ёзилган матндан парча: “Давлатимизнинг яшил ўсимликлар борасидаги алоҳида ғамхўрлигининг сабабини тушуниш учун, бу ажойиб табиат ресурсларининг инсонлар ҳаётининг асосий манбаи бўлган кислородни (О2) етиштириб беришларини эсга олишнинг ўзи кифоя. Бундан ташқари яшил ўсимликлар, ҳар бир аҳоли пунктининг меъморий кўринишини яхшилашда, муҳим иқлим функцияларини бажаришда ва умуман экологик соғлом атроф муҳитни яратишда асосий ресурс бўлиб хизмат қиладилар.

Шундай қилиб, яшил ўсимликларни, дарахтларни кесиш оддий тадбир бўлиб қолмасдан, бундай харакатлар қатъий равишда асосланган бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда, давлат томонидан бундай табиий ресурслар билан муомала қилишнинг аниқ тартиб қоидалари ишлаб чиқилади”. Табиатни муҳофаза қилишга масъул шахсларнинг мамлакат бўйича энг қимматли турдаги дарахтларнинг ёппасига кесиб ташланишини қандай асослашади, ахир уларнинг ваколатсиз ҳаракатлари ўзларининг гапига тескари тушмоқда?! Номаълум шахсларнинг буйруғини бажараётган бу бағритошларга кесиб ташланган Тошкент Скверининг фожиаси маълум эмасми?!»


Ҳозирги кунда Тошкентда ҳудудлар шу йўсинда “ободонлаштирилади”

Сергей Кузнецов, Красногорск, Ўзбекистон: “Бечора тошкентликлар... “Ободонлаштирилган” сквер билан ТуркВО паркига кўз ўрганиб улгурмасидан, яна бир бало келди. Бизнинг туғилишимиздан анча олдин улғайган улуғвор эманлар ва чинорлар булутларга тегиб турган жойларда энди қора қарағай ва қарағайларнинг иссиқда қуриб қолган куртакларини кўриш нақадар ачинарли... Ёш ниҳолларни эҳтиёткорлик билан чопиқ қилган аждодларимиз билармидики, уларнинг авлодларга бу совғаси кейинчалик ўтин боғи ёки дидсиз бир табуреткага айланишини? Бизга аждодлардан қолган нарсаларни вайрон қилиш – яхши иш эмас. Гап фақат экологияда эмас. Ҳозирда амалдорлар орасида Тарихни “кесиб ташлаш” урфга кирган. Қайғу, нафрат ва иложсиз ғазаб...”

Бахтиёр Каримов, Тошкент: “Шаҳардаги дарахтлар тизими Қорақум, Қизилқум, Оролқум ва бошқа саҳролар билан ўралган ўрмон вазифасини бажаради. Шунинг учун, Ўзбекистони шаҳарларида дарахтларнинг систематик равишда кесилиши ва улардан тўнка ёки ёғочнинг ўзи қолиши бу Ўзбекистон аҳолисининг яшаш муҳитини йўқ қилиш билан баробар. Бизнинг иқлимда арчалар асфальт, бетон, шиша орасида ўса олмайди, уларнинг ўзига кўп сув керак, ҳаттоки уларни қуёшдан пана қилиш зарур. Арчалар ёппасига қуриб қолмоқда, кейин бошқатдан экиб чиқилмоқда. Бундай исрофгарчилик ҳар йили такрорланади, ўтқазилган қиммат кўчатлар муттасил қуриб қолмоқда. Аксарият ривожланган давлатларда чинор зарарли дарахт деб ҳисобланмайди. Унинг фойдаси фан томонидан исботланган ва тан олинади. Акс ҳолда уларни кесиб ташлашар эди, чунки улар экология ва аҳолини ўраб турган атроф-муҳит ҳақида қайғуришади. Бошқа дарахтлар ҳам жуда қўпол равишда ихчамлаштирилмоқда, ёғочи билан тепасида озгина супургиси қолмоқда, бунақанги кесишдан кейин дарахт ҳам қурийди. Бу ҳаракатлар Тошкентга улкан зара етказмоқда, буларни ўнлаб йиллар давомида ҳам қоплаб бўлмайди. Ўзбекистон халқининг соғлиғи ҳисобидан ким бойимоқда? Буни ваколатли органлар аниқлаб, тегишли чоралар кўриши керак. Ўзбекистон шаҳарлари, Тошкент ҳам гуллаб-яшнаётган воҳа, чўлу-дашт ўртасидаги ўрмон сифатида қолиши керак. Дарахтларнинг ўзи сояга муҳтож бўлмасдан, соя-салқин ҳосил қилиш керак, дарахтлар қуруқ тиканакка айланмасдан, яшил барглари билан кислород бериши керак. Мен атроф-муҳит ҳимояси учун Ўзбекистон дарахтларини муҳофаза қилиш бўйича арзномани қўллаб-қувватлайман. Буни экологик хавфсизлигимизнинг муҳим таркибий қисми деб ҳисоблайман”.


Ўзбекистон давлат хизматлари сайтидан скриншот

Наталия Шулепина, Тошкент: “Чинорларни кесиш орқали амалдорлар биноларнинг зилзилабардошлиги масаласини кўздан қочирмоқда. Бақувват томирлар ер ости сувлари сатҳини пасайтиради. Чинорлар кесиб ташланганидан кейин ер ости сувлари кўтарилади. Бу Тошкентда нимага олиб келади? 1966 йилдаги зилзилага чидаган уйларнинг зилзилабардошлиги ҳақида унутинг. Афсуски, пойтахтда ер ости сувлари сатҳи кўтарилмоқда. Сквер йўқотилганидан кейин Навоий номидаги ДАКТ ертўласи сувга тўлди. Театр ер ости сувларининг оқимида жойлашган. Театрнинг реконструкцияси давомида бу муаммо қандай ҳал қилинганидан хабарим йўқ. Шаҳар ўрмон жинслари устида жойлашганини ҳисобга олиш керак. Улар қуруқлигида тошдай бўлади, намликда эса яхмалакка айланади. Мана шу ўта жиддий сабаб ҳам Тошкентда чинорлар бўлиши зарурлигини исботлайди, чунки уларнинг бақувват илдиз тизими бор”.

Людмила Титова, Тошкент: “Машиналардан чиққан ишланган газларга тўлиб-тошган шаҳар экосистемасига дарахтлар ижобий таъсир кўрсатади. Уларнинг кесиб ташланиши аянчли ва ортга қайтариб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади. Чунки кўчат ҳозир ўтқазилса, ўнлаб йиллардан кейингина шох-шаббали дарахтга айланади”.

Диана Амедиева, Тошкент: “Мен ҳам имзо чекаман, сабаби, дарахтларни кесишни шаҳарни “ободонлаштириш” деб ҳисобламайман, бунинг фақат салбий томонларини кўраман: иссиқ кунларда соя-салқиндан маҳрум бўламиз, кислороддан маҳрум бўламиз, чунки ҳаммамизга маълумки, дарахт кислород ишлаб чиқаради. Бунинг устига, қолган тўнкалари ҳам кўзни қувонтиради деб бўлмайди. Мен бу улкан, гўзал ва асосийси, соғлом дарахтларнинг кесилишига қаршиман!”

Максим Олтян, Тошкент: “Бугунги вазиятни ҳамда ям-яшил Тошкент билан фахрланиш туйғуларини тиклашга камида 40-50 йил керак бўлади. Чунки бу бизнинг ўпкамиз, бизнинг фарзандларимиз яшайдиган шаҳарнинг ўпкаси. Бу дарахтлар – жамият мулки, ҳар бир фуқаронинг мулки, шу сабабли бундай қарор жамоатчилик ёки мустақил фуқаролар кенгаши розилиги билан қабул қилиниши керак. Агар бундай ҳаракатларга объектив ва жиддий сабаб бор бўлса, ҳаммага билдирилиши керак. Ҳар бир кесилган дарахт ўрнига ўнтасини экиш керак, чунки улар шаҳардаги кислород синтезида қатнашади. Сo2 ва бошқа газларни чиқариш даражаси ошган бир пайтда шу йўл билангина кейинчалик саҳрода яшашнинг олдини олиш мумкин. Бундай қарорлар тегишли математик ҳисоб-китоблардан кейин қабул қилиниши керак, бу ҳисоб-китобларда экологик меъёрлар бўйича аҳоли турмуш тарзини ошириш эмас, балки балансни ушлаб туриш учун баргли, игнабаргли ва бошқа дарахтларнинг керакли миқдори кўрсатилиши шарт”.

Екатерина Страздина, Тошкент: “Бизнинг иқлимда ҳар бир дарахт тиллага тенг. Айниқса кўп йиллик чинор! Ундан кенг соя жой, салқинлик, микроиқлим оласиз, улар шаҳарнинг ўпкаси ҳисобланади! Апрелдан октябргача уларнинг кўланкасида қуёшдан паноҳ топдик. Бу соғлиғи заифларга – кексалар, болалар, ҳомиладор аёлларга шаҳарда юриш имконини берар эди. Энди дўконга бориш учун қуёш тиғида, қизиган асфальтда узоқ юриш ҳамманинг ҳам қўлидан келмайди, бу жойларда улар соя-салқинда юришар эди! Эстетик таъсирини айтмаса ҳам бўлади – бутаб ташланган дарахт таналари жуда хунук кўринади”.

“Арзнома автоматик равишда учта маҳкама раҳбарларининг электрон почта манзилига боради: Раҳмонбек Усмонов, Тошкент ҳокими; Абдусаматов Бахтиёр Ҳасанович, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси; Алихонов Борий Ботирович, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати фракцияси бошлиғи, - санаб ўтди Фарида Шарифуллина. – Умид қиламизки, шаҳар расмийлари ва унда яшовчи халқ биз севган Тошкентни шундайлигича сақлаб қолишнинг уддасидан чиқишади”.

Бу ҳаволага ўтиб, арзномани имзолаш мумкин. Бу ерда эса “Ўзбекистонда чинорларнинг кесилишини тўхтатишни сўраймиз” фейсбук жамоатчилигига ўтиш мумкин.

“Фарғона” ҳар доимгидек вазиятни кузатиб боради.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама