06:49 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ҳуқуқ ҳимоячилари яна бир бор АҚШни Ўзбекистонга босим ўтказишга чақиришди. Фойдаси бўлармикан?

20.01.2016 18:46 msk

Фарғона

2016 йилнинг 19-21 январида Вашингтонда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан АҚШ Давлат департаменти ва бошқа муассасаларнинг мансабдорларининг учрашуви бўлиб ўтади. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг пресс-релизида хабар берилишидан олдинроқ ҳуқуқ ҳимоячилари бу учрашув ҳақида хабар топишган эди.

Ўтган ҳафта охирида қароргоҳи Францияда жойлашган “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси ва Human Rights Watch халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти шу хусусда қўшма баёнот билан чиқиб, АҚШ расмийлари сиёсий маҳбусларга қилинаётган муносабатнинг ёмонлашиши ва қамоқхоналардаги ўлимлар сабабли Тошкентга босимни кучайтиришга чақирди.

Бу баёнотга сабаб бўлган воқеалардан бири – қамоқдаги 52 ёшли Акром Йўлдошевнинг ўлимидир. У расмий версияга кўра “Андижон қўзғолони” етакчиси, HRW фикрига кўра эса сиёсий маҳбус эди.

Шу баёнотнинг тўлиқ матнини келтирамиз.

* * *

АҚШ: Сиёсий маҳбусларга муносабатнинг ёмонлашиши ва қамоқхоналардаги ўлимлар сабабли Ўзбекистонга нисбатан босимни кучайтиришга чақирув

Вашингтондаги музокараларда “мажбурий йўқолиш” масаласини кўтаринг

(Вашингтон, Колумбия округи) – 2016 йилнинг 19 январига белгиланган икки томонлама маслаҳатлашувларда АҚШ расмийлари сиёсий маҳбусларни озод қилиш мақсадида Ўзбекистонга ошкора босим ўтказиши керак, деб баёнот беришди “Хьюман райтс вотч” ва “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов билан АҚШ Давлат департаменти расмийларининг учрашуви АҚШ ва Ўзбекистоннинг Ислом давлатига (ИШИД) қарши глобал коалиция ва америкаликларнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари бўйича ҳарбий ҳамкорликни давом эттираётган пайтга тўғри келди.

11 январда “Хьюман райтс вотч” ташкилотига маълум бўлдики, атоқли диний арбоб, Ўзбекистон бўйича ҳибсда энг узоқ вақт сақланган сиёсий маҳбуслардан бири, 52 ёшли Акром Йўлдошев 2010 йилда сил касаллиги туфайли қамоқда ўлган. У 2016 йилнинг февралида озод этилиши керак эди, аммо унинг тақдири номаълум бўлиб, қамоқдан дом-дараги чиқмади; унинг қаердалиги ва аҳволи 2009 йилдан бери пинҳон тутилаётган эди.

“Акром Йўлдошев кейинги ойда қамоқдан чиқиши керак эди, аммо аслида беш йил олдин вафот этган экан, буни унинг яқинлари ҳам, бошқалар ҳам билмаган, — дейди Стив Свердлов, “Хьюман райтс вотч”нинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси. — Узоқ вақт қамоқда қолган, Ўзбекистондаги энг атоқли диний арбоблардан бирининг даҳшатли ўлими АҚШ расмийларининг кескин ва ошкора муносабатини талаб этади”.

“Хьюман райтс вотч” ва бошқа ташкилотлар Йўлдошевнинг тақдирини аниқлаштиришни бир неча марта талаб қилгани билан, расмийлар унинг қаердалигини ошкор қилмаган ва 2009 йилдан бери оиласи билан кўриштирмаётган эди. Қамоқдаги шахснинг тақдири ёки жойлашган жойи ҳақида маълумот беришни рад этиш ёки яшириш бу “мажбурий йўқолиш” деб таснифланади ва халқаро ҳуқуқ нормалари бўйича жиноят ҳисобланиб, ҳар қандай ҳолатда ҳам тақиқланади.

Ядгорой Юлдашева
Ёдгора Йўлдошева – Акром Йўлдошевнинг турмуш ўртоғи. Акром Йўлдошев 2010 йилда қамоқда жон берган, аммо бу ҳақда шу йили ошкор қилинди. Расмийлар уни 2005 йилнинг май ойидаги норозилик намойишларини ташкил қилишда айблашган, аммо у бошқа сиёсий айбловлар билан қамалиб, 1999 йилдан бери қамоқда бўлган.

Собиқ математика ўқитувчиси Йўлдошев диншунос бўлгач, 90-йилларда исломий умр кечириш ҳақидаги асаридан сўнг Фарғона вилоятида машҳур бўлиб кетди. Кўплаб издошлари унинг таълимотига асосланиб кичик бизнес юрита бошладилар. Органлар уни бир неча марта сўроқ қилиб, 1998 йилда наркотикка оид сохта айбловлар билан ҳибсга олишди. Кейин 1999 йилда Тошкентда портлашлар юз бергач, расмийлар бунда ислом “экстремистлари”ни айблаб, Йўлдошевни яна қамашди. 2005 йилда қамоқдан туриб, Андижон воқеаларига жавобгар деб топилган “Акромия” экстремистик гуруҳини ташкил этишда айбланди, аммо унинг бирорта ҳам жиноятга алоқаси борлиги исботланмаган.

Ҳар йилги икки томонлама маслаҳатлашувлар бу икки ҳукумат ўртасидаги энг муҳим учрашувлардан биридир. Инсон ҳуқуқлари масаласи айрим америкалик расмийлар томонидан мунтазам равишда тилга олинади, аммо бундай юмшоқ ёндашув Ўзбекистонда ўз самарасини бермади, Ўзбекистондаги қийноқлар, тузум танқидчилари ва диндорларнинг қамоққа олиниши, мажбурий меҳнатдан кенг фойдаланиш масалалари бўйича ҳеч қандай натижага олиб келмади, деб кўрсатиб ўтилади юқоридаги ташкилотлар баёнотида.

Икки томонлама учрашувлар давомида АҚШ маъмурияти вазият ўзгармаган тақдирда муайян чекловлар татбиқ қилинишини очиқ-ойдин билдириши керак. Бу чекловларга, масалан, инсон ҳуқуқлари, жумладан маҳбуслар ҳуқуқларининг қўпол тарзда бузилишига жавобгар шахсларга нисбатан виза чекловлари ва уларнинг маблағларини музлатиш чоралари кириши мумкин. Бундан ташқари, АҚШ маъмурияти 2009 йилгача амалда бўлган чекланган ҳарбий ёрдам дастурини яна йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқиши лозим.

Йўлдошев масаласида АҚШ маъмурияти ўзбек расмийларига очиқ босим ўтказиб, унинг қамоққа олиниши ва қаердалиги сир тутилганида айбдорларни текширувдан ўтказиб, судга тортишни талаб қилиши керак. Ўзбекистон ҳукумати Йўлдошевнинг ўлими ва қамоқда сақланиши тафсилотларини унинг оиласига билдириб, унинг жасадини топшириши керак.

2015 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Авторитар президент Ислом Каримов бошчилигидаги ўзбек ҳукумати сиёсий сабабларга кўра минглаб кишиларни, жумладан, ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари, журналистлар, диндорлар, рассомлар ва бошқа танқидчиларни қамоққа олди. Кўпчилиги турли дардларга чалинишмоқда ва қийноққа солинмоқда, уларнинг қамоқ муддати сабабсиз узайтирилмоқда.

Эркин фикр билдириш ҳуқуқини тинч йўл билан амалга оширгани учунгина қамоққа олинганлар ичида 14 та ҳуқуқ ҳимоячиси бор: Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Ғайбулло Жалилов, Нуриддин Жуманиёзов, Матлуба Комилова, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Бобомурод Раззоқов, Фахриддин Тиллаев ва Аъзам Турғуновлар.

2014 йилнинг октябридан бошлаб, ўзбек расмийлари Нуриддин Жуманиёзовнинг қайси қамоқдалиги ҳақида маълумот беришдан бош тортиб, ёнига адвокатнинг киришига рухсат берилмаяпти.

Бундан ташқари бешта журналист қамоқда: Солижон Абдураҳмонов, Муҳаммад Бекжонов, Ғайрат Михлибоев, Юсуф Рўзимуродов ва Дилмурод Сайидов. Мухолифат фаолларидан учта: Самандар Қўқонов, Қудратбек Расулов ва Рустам Усмонов. Қолган еттитаси — мустақил дин арбоблари ва таниқли ҳукумат танқидчиларидир: Руҳиддин Фахриддинов, Ботирбек Эшқўзиев, Баҳром Иброҳимов, Даврон Қобилов, Эркин Мусаев, Даврон Тожиев ва Равшанбек Вафоев. Яна Дилором Абдуқодирова ҳам бор, у Андижондаги 2005 йил 13 май воқеаларига гувоҳ бўлган, бу қонли кунда ўзбек ҳукумати қўшинлари юзлаб тинч намойишчиларни отиб ўлдирган.

АҚШ Давлат департаментининг мамлакатлар йиллик ҳисоботида Ўзбекистонда давлат томонидан инсон ҳуқуқлари топталиши кенг миқёсда мавжудлиги тан олинади. Аммо АҚШ маъмурияти бундай ҳуқуқ бузилишлари учун жиддий оқибат ва чораларсиз мулоқот ўтказиш сиёсатини маъқул кўрмоқда.

Эътиқод эркинлигига қўйилган чекловлар туфайли Давлат департаменти ўн йиллар давомида Ўзбекистонни “жиддий хавотир уйғотувчи мамлакат” деб белгилаб келмоқда. Шу билан бирга, миллий хавфсизлик нуқтаи-назаридан Оқ уй санкция қўлламаган. Мамлакатнинг бундай тоифага киритилгани муҳим бўлгани билан, у Ўзбекистондаги ҳуқуқ бузилишларнинг миқёси ва шавқатсизлик даражасини акс эттирмайди. Бундан ташқари, хавотир билдириш ёки вазиятни яхшилаш мақсадида босим ўтказиш учун барча мавжуд дипломатик имконият ва воситалар ишга солинмаган.

“АҚШ расмийлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига шуни очиқ билдириши керакки, унинг ҳукумати ўтказаётган қатағонлар жиддий оқибатларга, зарур бўлганда жарима санкцияларига ҳам олиб келади”, — дейди Надежда Атаева, “Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари” ассоциацияси президенти. — Бундай ҳолатлар учун жавобгарликка тортилиши мумкинлигини англаб етса, ўзбек расмийлари ўз ҳаракатларининг мақсадга мувофиқлиги ҳақида ўйлаб кўришга мажбур бўлиши мумкин”.

Қуфаролик жамияти ташкилотларининг қайд этишича, АҚШ инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ Кенгашида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачи тайинлаш масаласини кўриб чиқишлари лозим.

СТРАТЕГИК САБР-ТОҚАТ

2004 йилда Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам дастурига киритилган чекловлар АҚШ томонидан 2012 йилда олиб ташланди. 2015 йил январида АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Ниша Бисвал маълум қилдики, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги жиддий муаммоларга қарамасдан, АҚШ бу мамлакат раҳбариятига нисбатан “стратегик сабр-тоқат” кўрсатишга тайёр. “Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларининг доимий қийноқ қўлланишига бўлган муносабати иккиюзламачилик ёки сукут орқали иштирок этишдир. АҚШ Ўзбекистон билан муносабатини “стратегик сабр-тоқат” сиёсати деб атамоқда, аммо буни стратегик кўнгилчанлик деб атаган маъқул. АҚШ, Германия ва ЕИ Ўзбекистондан қийноқларни тўхтатишни зудлик билан талаб этишлари зарур”, - деб баёнот берди Amnesty international халқаро ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилоти.

АҚШ қуйидаги мақсадда Ўзбекистонга босим ўтказиши керак:

- сиёсий айбловлар билан қамалган барча ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, сиёсий рақиблар ва бошқа фаолларни дарҳол, ҳеч қандай шартларсиз озод этиш;

- фаолларни таъқиб қилишни тўхтатиш ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш миллий ва халқаро ташкилотларига давлат аралашувисиз фаолият юритишга имкон бериш, жумладан, Ўзбекистонда фаолияти зўрлик билан тўхтатилган “Хьюман райтс вотч” каби халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини дарҳол рўйхатдан ўтказиш;

- қийноқлар ва ёмон муносабатга чек қўйиш ҳамда булар учун жазога тортилмаслик одатини тўхтатиш учун жиддий чоралар кўриш, жумладан, БМТнинг қийноқлар бўйича махсус маърузачиси, БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси ва БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасининг барча тавсияларини татбиқ қилиш;

- ҳақиқий матбуот эркинлигини таъминлаш, журналистларни таъқиб қилишни тўхтатиш, миллий ва халқаро матбуот вакиллари, жумладан, фаолияти мажбуран тўхтатилган ахборот агентликлари фаолиятини тиклаш; хорижий журналистларга аккредитация бериш;

- мустақил кузатувчиларга, жумладан, БМТнинг мамлакатга кириши тақиқланган 13 та кузатувчисига чекланмаган кириш ҳуқуқини бериш ва БМТ мустақил кузатув органларининг тавсияларини бажариш;

- пахта саноатида мажбурий меҳнатга чек қўйиш, мустақил ташкилот ва фаолларга чекловсиз кузатув ўтказишга рухсат бериш;

- диний эътиқодига кўра таъқиб қилишга чек қўйиш, тинч диний фаолиятни жиноят қаторида кўрмаслик, диний қарашлари учун қамалган минглаб кишиларни озод этиш.

Манба - HRW

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги