16:50 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Трансвеститни калтаклаган милиционерлар унвондан маҳрум қилиниб, ишдан ҳайдалди (18+)

18.01.2016 16:56 msk

Фарғона

Тошкент милициясидаги аноним манбадан “Фарғона” таҳририятига келиб тушган маълумотга кўра, 11 январь куни эрталаб пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокимлигининг мажлислар залида ички ишлар бошқармаси (ТИИБ) ходимларининг йиғилиши бўлиб ўтган. Унда интернетга ёйилиб кетган, тошкентлик трансвеститнинг калтакланишини тасвирловчи видеороликдаги воқеалар муҳокама қилинган (трансвестизм - итал. travestire — эркакларнинг аёллар ва аёлларнинг эркаклар либосларини кийиб юришга интилишлари.-таҳр.) . Бу йиғилишда ўзбошимчаликда айбдорлар – капитан унвонидаги ахлоқий ишлар бўлими ходими ва катта лейтенант унвонидаги профилактика инспекторининг погони ҳамманинг кўз ўнгида юлиб олинган.

Йиғилиш иштирокчиларидан бирининг маълум қилишича, айбдорларнинг погонларини Чилонзор ТИИБ бошлиғи Абдумажид Шермухамедовнинг шахсан ўзи юлиб ташлаган. Мажлислар залида ички ишлар тизимининг бошқа раҳбарлари, хусусан, декабрь ойининг охирида Тошкент шаҳар милицияси бошлиғи этиб тайинланган Баҳодир Қурбонов ҳам бўлган.

Милиция ходимларига кўра, интернетда тарқалган видеоролик негизида хизмат текшируви ўтказиш фикри айнан шаҳар ички ишлар бошқармасидан чиққан. Бу текширув хулосаси ўлароқ, шаҳар милициясининг ходимлар бўйича инспекцияси қуйидаги қарорни чиқарган: ички йўриқноманинг 69-бандига мувофиқ ходимларнинг иккови ҳам ишдан ҳайдалсин. Бу ички йўриқнома ҳозирча Ўзбекистонда милиция тўғрисидаги қонун ўрнида амалда қўлланмоқда. Бу банд қуйидагича номланади: “қонунчиликка риоя қилмаслик ва аҳоли орасида милиция ходимларининг салбий образини яратиш”.

“Бўлмағур” квартира

Капитан билан катта лейтенант учун аянчли оқибатларга олиб келган бу видеоролик 2015 йилнинг декабр ойи охирида Telegram ижтимоий тармоғида пайдо бўлди ва интернетда кенг таралиб кетди. Видеода қуйидаги саҳналарни кўриш мумкин: милиция ходимлари бир квартирага бостириб киришади, у ерда бир нечта йигитлар билан бирга бошига аёллар паригини таққан, юзларини макияж қилган, аёлларнинг ич кийимини кийиб олган йигит ўтирган бўлади. Милиционерлар қўполлик билан йигитларни тиз чўктиради, формасиз милиционер эса трансвеститнинг юзига тепади.

“Фарғона” агентлигига маълум бўлишича, видеодаги воқеалар ўтган йилнинг август ойида Чилонзорнинг 6-кварталида бўлиб ўтган. Бу Қатортол ва Чўпонота (собиқ Волгоградская) кўчалари кесишувидаги 37-уйдаги хонадонлардан бирида бўлган.

Бу квартира эгаси Нина В. (масала нозик бўлгани учун фамилияларни келтирмаймиз) худди шу массивда яна битта уйи борлиги сабабли олтинчи кварталдаги бир хонали уйини ижарага қўйган. Аммо милиция ходимларининг айтишича, ижарачилардан ҳеч ёлчимаган. Бундан олдин ижарада турган аёллар фоҳиша бўлиб чиққан. Уларга нисбатан ТИИБ иш қўзғаб, суд ҳукми билан жаримага тортиб, август ойиниг бошида квартирадан чиқариб юборган.

Бир неча кундан кейин эса навбатдаги ижарачи – ўзини талаба деб таништирган камтаргина йигит квартирани ижарага олган. Қўшнилар унинг нимасидир “бошқача”лигини дарров пайқашган. У аёлларга ғалати назар ташлар, юз ифодаси ҳам ноодатий бўлган. Аммо қўшниларни хавотирга солган нарса бу эмас, балки унинг ёнига тунда келадиган меҳмонлар бўлган. Шовқин солишмайди, жим келиб, жим кетишади, аммо зинадаги оёқ товушлари бемалол эшитилади. Бу йигитнинг олдига тунда уч-тўрт марта меҳмонлар келиб-кетганидан сўнг, бу ҳолат қўшниларни ўйлантириб қўйган.

Улар шубҳаларини милицияга етказишган, 6-кварталнинг майор унвонли участка милиционери эса Дониёрни олдига чақиртириб, керакли маълумотларини ёзиб олган ва кўп хонадонли уйларда яшаш қоидалари ҳақида огоҳлантирган, жумладан, исловотхона ташкил қилиш мумкин эмаслигини билдирган.


Трансвестит ўз меҳмонларини қабул қиладиган, Чилонзорнинг 6-кварталидаги 37-уй

Трансвеститларни қўрқитиб қўйишди холос

Дониёр майорнинг маслаҳатларига қулоқ солгандай бўлди, аммо милициянинг туман ахлоқий ишлар бўлими назарига тушди. У ерда дарров бу йигитнинг трансвестит экани, фахш ишлар билан шуғулланиши, тунги меҳмонлар эса унинг мижозлари эканлигини тахмин қилишди. Қўшнилар орқали олинган маълумотга кўра, Дониёр милицияда ўтказилган профилактик суҳбатдан тўғри хулоса чиқармаган, унинг олдига келадиган тунги меҳмонлар оқими камаймаган. Шундан сўнг уни жиноят устида қўлга тушириш учун рейд ўтказишга қарор қилинган.

Видеога туширилган рейд августнинг йигирманчи саналарида ўтказилган. Унда ахлоқий ишлар бўлими ходими, Жамшид исмли капитан ҳамда олтинчи кварталнинг бошқа милиционери – Исроил исмли катта лейтенант қатнашган. Улар иккита холис гувоҳ билан 8-хонадон олдида навбатчилик қилиб, мижозлар чиқишини кутиб туришган. Ваниҳоят, тунги ўн бир яримларда эшик очилганида рейд иштирокчилари квартирага бостириб киришган...

Мазкур квартирант ва унинг меҳмонларининг кейинги тақдири шармандали кечган бўлса ҳам, улар жазога тортилмаган. Аввал Чилонзор ТИИБ га олиб борилган, кейин Сирғали туманидаги тери-таносил касалликлари диспансерига жўнатилган. Уларни август охирида, 1 сентябрь – Мустақиллик куни арафасида қўйиб юборишган. Қўшниларнинг айтишича, Дониёр бир-икки кундан сўнг бамайлихотир нарсаларини йиғиштириб, бу машъум квартирадан чиқиб кетган.

Хуллас, уларни озгина қўрқитиб қўйишди, холос. Аммо қонун бўйича милиция офицерлари материалларни тергов бўлимига топшириши, у ерда эса иккита жиноий иш очилиши керак эди. Биринчиси Жиноят кодексининг 120-моддаси – “бесоқолбозлик” бўйича, бу модда бўйича Ўзбекистонда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади.

Иккинчиси кодекснинг 131-моддаси – “фоҳишахона сақлаш ёки қўшмачилик қилиш” бўйича, бу модда жиддийроқ бўлиб, унга кўра уч йилдан беш йилгача қамалиш мумкин. Энг қизиғи шундаки, бу модда бўйича квартиранинг эгаси Нина В. жавобгарликка тортилиши керак эди. Балки у квартирада нималар содир бўлаётганини билмагандир, аммо масаланинг яна бир жиҳати бор, агар квартиранинг эгаси ижарачи билан расман шартнома тузмаган бўлса, унинг фаолияти учун жавоб бериши керак. Бундан ташқари, унинг квартирасини мусодара қилишлари ҳам мумкин эди, шунақаси ҳам бўлган. Шу сабабли, видеога олган холислардан бири фақатгина рейд ўтказган милиционерга эмас, бошқаларга ҳам панд бериб қўйишган.

Офицерлар жазони ҳаддан ташқари оғир деб ҳисобламоқда

Ўзбекистон Европа эмас, бу ерда аҳоли ўртасида ноанъанавий жинсий озчилик вакилларига нисбатан муносабатлар ўта салбий. Собиқ Иттифоқ доирасида фақатгина Ўзбекистон билан Туркманистонда Жиноят кодексидаги 120-модда сақланиб қолганлигидан келиб чиқсак, бу масалага фақатгина расмийлар эмас, балки аҳолининг аксарият қисми ҳам салбий муносабатини сақлаб қолган. Айниқса транссексуаллардан жирканишади, пес-моховга чалингандек улардан ҳазар қилишади. Шу сабабли ҳам, погони юлинган офицерларни қўллайдиганлар оз эмас.

Офицерларнинг ўзлари раҳбариятнинг бундай қароридан норози, улар жазони ўта оғир деб ҳисоблаб, ушбу қарор устидан шикоят қилишга уринишмоқда. Масалан, катта лейтенант ўзини фақат унвони юқори ҳамкасбининг ўзбошимча ҳаракатларини тўхтатишга уринмаганда айбдор, деб ҳисобламоқда.

Капитан эса ўзини оқлашга уриниб, ноанъанавий ориентациядаги фуқароларни кўргани кўзи йўқлигини билдирмоқда. Шу йўл билан у бесоқолларни ҳақорат қилиб, ўз нафратини ифода этган. Трансвеститни тепганига келсак, уни тарбиялаш мақсадида, шунчаки, номигагина тепган.

Бу видеоролик қаҳрамонига айланган офицерларнинг келгуси тақдири қандай кечиши ҳозирча номаълум. Аммо бу ҳодисада битта қувонарли жиҳати бор – пойтахт милицияси раҳбарияти интернетга қўйилган видеога ўз муносабатини билдирди. Бошқа томондан эса, танқидга нисбатан бундай муносабат ҳақида матбуотда ёзилиб, муҳокама қилиш керак эди. Шунда балки милициянинг ижобий образи яратилган бўлармиди. Аммо афсуски, бунақа бўлмади. Ҳаттоки ушбу мақолага маълумот олиш учун ҳам аноним манбалардан фойдаланишга тўғри келди.

Ўз мухбиримиз

* * *

Таҳририятдан: Бу ҳодисанинг жумбоқли томонлари кўп. Нега милиционерларни жазолашга қарор қилинди? Умуман олганда, бунақа ишлар Ўзбекистон расмийларига хос эмас. Аёллар кийимидаги йигит нега жавобгарликка тортилмади? Бу фоҳишаликмиди ёки шунчаки “суҳбат”миди? Ҳар қандай ҳолатда ҳам унга нисбатан 120-моддани (бесоқолбозлик) қўллаш мумкин эди. Нега қўлланмади? Ўқувчиларимиздан бу саволлар ҳақида ўйлаб кўриб, биз билан ўртоқлашишларини сўраб қоламиз. Фикр-мулоҳазани шарҳлар саҳифасида ёки ижтимоий тармоқларда –Фейсбук, ВКонтакте, Одноклассники ва Твиттерда қолдириш мумкин.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама