10:56 msk, 20 Август 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон: Тошкентда кутилмаганда бир кечанинг ичида суд ва иккита диспансер биносини бузиб ташладилар

15.01.2016 12:39 msk

Фарғона

Тошкентдаги туманлараро суди биноси

Ўзбекистон пойтахти Тошкентда 9 дан 10 январга ўтар тунда кутилмаганда Нукус ва Бобур кўчалари кесишган чорраҳада фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди биноси, эндокринологик ва силга қарши диспансер бинолари бузиб ташланди.

“Фарғона” манбасининг маълум қилишича, бино бузилади, деб судьялар ва диспансерлар ходимларини бузиш ишларидан бир неча соат олдин огоҳлантирдилар. “Шанба куни эрталаб ҳам биз ҳеч нарсани билмаганмиз. Тушга яқин туман ҳокимлигидан телефон қилиб зудлик билан буюмларни ва ишчи инвентарларни олиб чиқишни ташкил этишимизни сўрашди. Ҳеч нимани тушунтирмадилар, фақат юқоридан шунақа буйруқ бўлди, кўчишни тезлаштириш керак дейишди. Нега бунақа шошилдилар, билмадим”, - дея вазиятни шарҳлади эндокринологик диспансернинг ходимларидан бири.

Воқеа шоҳидларига кўра, бузиладиган биноларнинг олдига жуда кўп миқдорда қурилиш-таъмирлаш техникасини ҳайдаб келдилар, кечаю-кундуз иш тўхтамади, тез орада бинолар қад кўтариб турган ерда фақат ахлат уюмларини ва кесилган дарахтлар шох-шаббасини кўриш мумкин бўлди. Бинолар бузилаётган пайтда уларнинг ичидан жуда кўп миқдорда янги дераза ромларини олиб чиқиб юк машиналарига юклаётган одамлар кўринди. Дераза ромларини нафақат юк машиналарида, балки енгил машиналарида ҳам номаълум йўналишда олиб чиқиб кетдилар.


Икки қаватли биноларда эндокринологик ва силга қарши кураш диспансери жойлашган эди. “Фарғона” фотоси

Шу атрофдаги кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган одамларнинг айтишича, шу кунларда кўплаб хонадонлардаги телевизорлар ва стационар телефонлар ишламай қолди. Афтида, экскаваторлар ер остидан ўтган коммуникация кабелларини узиб қўйганга ўхшайди.

Эътиборга сазавор ери шундаки, уч-тўрт йил олдин суд биносида жуда катта капитал таъмирлаш ишлари ўтказилган эди.

Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотга кўра, туманлараро суди энди Сирғали тумани ҳокимлиги ёнидаги бинога, бошқа тахминларга кўра эса, Яккасарой туманидаги “Россия” меҳмонхонасидан узоқ бўлмаган ердаги ҳарбий қисм ёнидаги бинога кўчиб ўтади. Тошкетдаги манбаларнинг маълум қилишича, диспансерлар Бешёғоч майдонига, Муқимий номидаги мусиқа ва драма театри ёнидаги биноларга кўчиб ўтди.


Бу суратда бинолар йўқ – улар бузилган. “Фарғона” фотоси

Туман ҳокимлиги ходимлари маълум қилишича, бинолар бузилган жойда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик компаниясининг ходимлари учун кўп қаватли турар-жой мажмуаси қурилади. Хонадонларнинг кўпи айни пайтда Марказий Осиёдаги энг узун, Қамчиқ довонидан ўтадиган туннель қурувчилари учуун аталган. Бошқа маълумотларга кўра, бу ерда “яшил зона” – катта ўтлоқ ва ҳиёбон барпо этилади.


Бузилган ҳудудни дарахтлардан тозалашяпти. “Фарғона” фотоси

Ижтимоий тармоқлардаги шарҳлардан кўриниб турибдики, яқин атрофда жойлашган кўп қаватли уйларда яшовчилар бу ишлардан хавотирда: улар ўз уйлари бузилиши мумкинлигидан ташвишланмоқдалар. Бу ташвишлар ўринли: Фейсбукдаги гуруҳлардан бирининг иштирокчиси ёзишича, 8 январь куни “соат 7 да 48 мактабнинг мажлислар залида Абдулла Қаҳҳор кўчаси 31 ва 33 уйларида яшовчи одамларни тўплаб, 2-3 ҳафта ичида уйлар бузилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилдилар. Ҳужжатлар, планлар, хабарномалар беришмади. Чоршанба кунгача кутасиз дейишди. Эвазига иккита вариант таклиф этишди: майдони бир хил, эски кўпқаватли уйлардан хонадон берилади, қаерданлиги ҳақида аниқлик киритилмади. Ёки бузилган ерда янгидан қуриладиган беш қаватли уйга қўшимча тўловларсиз хонадон берилади. Фақат 10-11 ой кутиш керак. Ҳиссиётлар, кўз ёшлар ҳақида гапириб ўтирмайман, одамлар юрак ўйноқ бўлиб қолди, билағонлар, нимани маслаҳат қиласиз?”

Ушбу тармоқда тошкентликлар “шаҳардаги барча эски типдаги уйларни бузишади, бир йил ичида янги шаҳар қуришлари керак”; “риелторлар айтишича, уй танлаётганда икки ва уч қаватли уйларни танламанг дейишяпти, бузилиш хавфи юқори экан. Ҳамма районларда”; “ЖБИ заводини ҳам бузишар экан, ишчиларни огоҳлантиришда, у ерда 11 гектар бор экан, турар-жой массиви қурилар экан”; “Бобурдаги кейинги уйга яқинлашиб қолишди, йўлнинг нариги томонидаги. Болалар бооғчасини бузишяпти. Билмадик, балки бизнинг уйни ҳам бузишар. Жимжитлик, даҳшат. Кутилмаганда кўчинглар деб буйруқ келиши мумкин. Ёки ўрнига ярамас квартира беришлари мумкин” шарҳларни кўриш мумкин.


Тошкентдаги Бобур ва Нукус кўчалари кесишган чорраҳа

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрининг реконструкцияси доирасида ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистон пойтахтида турли биноларни бузиб, дарахтларни кесишмоқда. Шу билан бирга, уйларнинг бузилиши ҳақида турар-жой эгаларини ва ташкилот бинолари ходимларини қонунчликда кўзда тутилганидек бир неча ой олдин эмас, балки бир неча кун ва ҳатто бульдозерлар келишидан бир неча соат олдин огоҳлантиришяпти. Дарахтлар ҳам ҳеч қанақа огоҳлантиришларсиз кесиляпти.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама