01:07 msk, 19 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Янги курс билан: Россия ва Марказий Осий давлатларининг миллий валюталари курси шиддатли тарзда тушиб кетмоқда

12.01.2016 17:01 msk

Фарғона

Суратда: Ўзбекистон фуқароси сўмда 2,5 минг долларни кўтариб турибди

2016 йилнинг бошида Россияда ҳамда Марказий Осиёнинг беш мамлакатида АҚШ долларининг миллий валюталарга нисбатан курси шиддат билан юқорилади.

Tengrinews.kz маълумотига кўра, Қозоғистонда долларнинг ўртача курси 11 январь куни тарихий антирекорд ўрнатиб, KASE биржаси кундузги натижаларига кўра бир доллар 357,66 тенгега етди. Саррофлик шохобчаларида доллар 359 тенге, евро 391 тенгедан сотилмоқда. Нашрнинг қайд қилишича, 2016 йилни доллар 343,11 тенге билан бошлади, 8 январдаги эрталабки савдолардан кейин эса 350 тенгедан ошди. Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Миллий банки ва ҳукумати миллий валюта курсини 2015 йил 20 августида эркин қўйиб юборди, натижада АҚШ доллари курси кескин кўтарилиб кетди – 19 августдаги 188,38 тенге бўлган бўлса, 20 августда 255,26 тенгега чиқди.

Dollaruz.com сайтидаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда қора бозорда доллар 5750-6100 сўмдан сотиб олиниб, 5850-6180 сўмдан сотилмоқда. Сайтнинг қайд қилишича, саррофлар валютани ўзи истаган курсда олмоқда ва сотмоқда, ўртача сотиб олиш курси эса 11 январда 6000 сўм, сотиш 6050 сўмни ташкил этмоқда. 12 январ ҳолатига долларнинг расмий курси 2821 сўм қилиб белгиланган.

Ўзбекистонда долларнинг камида тўрт хил курси бор. Биринчиси расмий курс бўлиб, Марказий банк белгилаган курсга кўра Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки томонидан белгиланади (энг паст курс). Иккинчиси “биржа курси” бўлиб, Республика валюта биржасидаги “савдо-сотиқ” мобайнида аниқланади. Аҳоли ва майда тадбиркорлар учун “қора бозор” (энг баланд курс) ишлайди, бундан ташқари товар-хомашё биржасида “клиринг” курси ҳам бор.

Қирғизистондаги валюта алмашиш пунктларида 11 январь куни бир доллар 76,3 сомга етди, дея хабар беради “Азаттык” ( Озодлик радиосининг қирғиз тили хизмати). Ўсиш унчалик сезиларли эмас: декабрдан бери америка валютаси курси 75-76 сом оралиғида турибди. 2016 йил бошидан бери Қирғизистон Миллий банки уч марта, жами 15 миллион долларни интервенция қилди (бозорга ташлади). Маҳаллий матбуотда нақд долларнинг тақчиллиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди, аммо Миллий банк бу хабарларни рад этиб, қуйидагиларни маълум қилди: “Банк тизимидаги доллар ҳажми етарли. 2016 йилнинг 6 январь ҳолатига тижорат банкларидаги доллар қолдиғи 390,8 миллионга тенг, шундан 51,8 миллиони нақд пулда, 340 миллиони нақд пулсиз шаклда. Миллий банк халқаро резервлари ҳажми 4 ойлик импорт суммасини қоплаб, 6 январь ҳолатига 1 миллиард 758,3 миллион долларни ташкил этади”.

“Саррофлик шохобчаларида доллар етарли, ҳаммасида нақд пул бор. Муаммони банклар вужудга келтирмоқда, улар америка валютасини майда суммада – 500-1000 доллардан сотишади. Улар ажиотаж қўзғаб, сом курсини ошириш учун атайлаб шундай қилишади, кейин айбни саррофлик шохобчаларига ағдаришади. Аммо биз ўзаро келишиб олиб, ҳозирги курсни барқарор ушлаб турибмиз”, - дея тан олишди Бишкекдаги саррофлик шохобчаларидан бирида.

“Озоди” (Озодлик радиосининг тожик тили хизмати) хабар беришича, Тожикистонда долларнинг бозор нархи 7,5-7,7 сомонийга тенг. Тожикистон Миллий банки маълумотларига кўра, 11 январь ҳолатига расмий курс деярли 7,26 сомоний бўлиб, бу 2015 йилнинг 31 декабрь кунги курсдан 27 дирҳам кўпроқ. Эслатиб ўтамиз, ўтган ойнинг охирида республикада банк тизимидан ташқаридаги барча саррофлик шохобчалари ёпилган бўлиб, хорижий валюта олди-сотдиси фақат банкларнинг хизмат кўрсатиш марказлари, филиаллари ва кредит ташкилотларининг бош офисларида амалга оширилмоқда.

“Хроники Туркменистана” ахборот агентлигига кўра, 10 январь куни қора бозорда Мари ва Балканабатада (собиқ Небитдаг) доллар нархи 4,20 манатга чиқди, аммо расмий курс 3,50 манат атрофида қолмоқда. 5 январдан бошлаб Туркманистонда хорижий валюта харид қилмоқчи бўлганлардан паспортнинг ўзигина эмас, балки маоши тўғрисидаги маълумотнома ҳам талаб қилинмоқда. Бундан ташқари, Марказий банк томонидан банкларнинг ҳар қандай ходимига валюта сотиб олиш тақиқланди. Бундай тақиқ камида “Сенагат” ва “Туркменбашибанк” ходимлари учун амал қилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг октябрь ўрталаридан бошлаб Туркманистонда истиқомат қилувчиларга нисбатан муайян тақиқлар қўйилган. Саррофлик шохобчалари ва банк бўлимларидан йилига 8000 доллардан ортиқ харид қилиш мумкин эмас, бир марта алмаштириш миқдори 500 доллардан ошмайди, декабрь ойидан бошлаб эса Ашхободда доллар ва еврони фақат махсус талон билан харид қилиш мумкин.

Юқорида келтирилган вазиятни ҳисобга олсак, йил бошида Жаҳон банки эълон қилган прогнозга нисбатан шубҳа уйғонади. Жаҳон банкининг “Глобал иқтисодиёт истиқболлари” ҳисоботига кўра, 2016 йилда Марказий Осиё мамлакатларида ЯИМ 3,2 фоизга ортади, 2015 йилда эса бу кўрсаткич 2,8 фоизни ташкил қилган.

11 январда Россияда доллар бирданига 3 рублга қимматлаб, 75,95 рублга етди. Бунинг натижасида марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг даромади янада камайиб, ватанга камроқ пул жўнатишади, аҳолининг харид қобилияти пасаяди ва миллий иқтисодиёт ривожланиши секинлашади.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йилнинг охирида рубль курси кескин тушиб кетиши оқибатида меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари ҳажми бир ярим-уч баробарига камайди. 2015 йилнинг январидан сентябригача Ўзбекистонга $1,874 млрд жўнатилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,5 марта кам ($4,592 млрд), Тожикистонга – $1,054 млрд (ўтган йилгидан 2,9 марта кам – $3,016 млрд), Қирғизистонга – $860 млн (ўтган йилгидан 1, 8 марта кам – $1,578 млрд), Қозоғистонга – $243 млн (ўтган йилгидан 1,5 марта кам – $372 млн), Туркманистонга – $12 млн (ўтган йилгидан 2 марта кам – $25 млн).

Меҳнат муҳожирларидан келаётган маблағнинг камайиши миллий валютанинг қадрсизланиши, инфляциянинг ортиши ва аҳоли турмуш даражаси пасайишининг сабабларидан биридир. Ва бу пасайиш давом этади.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги