16:54 msk, 25 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Икки миллион берсангиз, қўйиб юборишади, чунки бизда қонунлар ишламайди!”

05.01.2016 08:19 msk

Фарғона

Агар тинимсиз ҳаракат қилинса, ҳаттоки Ўзбекистонда ҳам адолатга эришиш мумкин. Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячи Сурат Икромов сўзлаб берган навбатдаги ҳикоядан сўнг кишида шундай умид уйғонади. Сурхондарё вилоятидаги туман коллежи ўқитувчисига нисбатан прокуратура ходимлари сохта жиноий иш очганидан сўнг бу аёл таслим бўлмасдан, деярли уч йил давомида ўз ҳуқуқлари учун курашиб, охирида ғалаба қозонди: ўз ишига қайта тикланди ва ишдан четлатилган даври учун маошини олди. Уни хафа қилганлар эса жазога тортилди.

33 ойлик курашнинг натижаси ижобий бўлди

Ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилотимизга турли одамлар ёрдам сўраб мурожаат қилган. Айримлари ўзларича уйимга келиши биланоқ муаммолари ўз-ўзидан йўқолиб кетади деб ўйлашади. Энди ўзларини ҳимоя қилиш шарт эмас, уйда телевизор кўриб ётса ҳам бўлаверади, ҳамма ишни ЎМҲҲТГ бажаради деб ўйлашади.

Бошқалар эса, биздан маълумот олиш юзасидан, маънавий ва юридик жиҳатдан ёрдам сўраб келадилар. Шу билан бирга ўзлари ҳам қўл қовуштириб ўтирмасдан, қатъийлик ва жасорат ила ўз ҳуқуқларини ҳимоя қиладилар. Худди шу турдаги кишиларнинг муаммолари одатда ижобий ҳал бўлган. Шунақа ҳикоялардан бирини сўзлаб бермоқчиман. Бу жараён нақ 33 ой давом этиб, охирида адолатнинг тўлиқ тантанаси билан тугалланди.

“Бу ярамасларнинг ҳаммасини отиб ташлайман!”

2004 йилнинг октябр ойи бошида уйимга бир эр-хотин келди. Эркак қоматдор, бақувват эди – ўтмишда ҳарбий бўлгани билиниб турибди. Аёли ҳам ўзига ўхшайди – кучли, иродали аёл. Мен ҳақимда қаердан билишгани менга қоронғу, тўғриси, сўраб ҳам ўтирмадим. Чунки эркак кириб улгурмасиданоқ мени довдиратиб қўйди:

- Сурат ака, ҳамма умид сиздан. Агар сиз ҳам ёрдам бермасангиз, автоматни оламанда, бу ярамасларнинг ҳаммасини отиб ташлайман!

Мен иложи борича меҳмонни тинчлантиришга ҳаракат қилиб, столга ўтирғиздим ва гап нимадалигини сўрай бошладим. Бу қатъиятли эркакнинг исми Анвар Муродов бўлиб, у менга ўз ҳаётини қисқа тарзда сўзлаб берди. Адашмабман, у ҳақиқатан ҳам собиқ ҳарбий, доимий хизматдаги офицер экан. Афғонистондаги жангларда қатнашган, еттита жанговар орден ва кўплаб медаллар олган. Яралангани боис капитан унвони билан истеъфога чиққан. Туғилиб ўсган жойига, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманидаги қишлоққа қайтган, номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, шу ердаги Гидромелиорация коллежига ўқитувчи бўлиб ишга кирган. У билан биргаликда олтита фарзандни тарбиялаётган хотини Барно ҳам шу ерда ишлаган.

Бу ҳаёт йўли – яхши одамларнинг, оддий ва ҳалол одамларнинг муносиб ҳаёт йўлидир. Аммо айнан ҳалоллик ва обрў-эътибор туфайли бу одамларнинг, аниқроғи Барнонинг ҳақлари топталди, шу сабабли бу оила узоқ Сурхондарё вилоятидан менинг олдимга келди.

Анварнинг сўзлаб беришича, ҳаммаси 2003 йилда Қумқўрғон Гидромелиорация коллежига А.Шукуров номли одамнинг директор этиб тайинланганидан бошланган. У мансабга ўтира-ўтирмас ноқонуний фармойишлар чиқариб, ўзбошимчаликни бошлаб юборган. Масалан, Барно Муродовага ўқувчилардан пахта теримига бормаган ҳар куни учун 400 сўмдан йиғишни оғзаки буюрган.

Ҳозирга пайтда 400 сўмга бир буханка нон ҳам бермайди. 2003 йилда эса бу деярли 40 центга тенг бўлиб, коллежда ўқийдиганлар учун кичкина пул эмасди, бир нечта сомсага етарди. Бу коллеж техникум бўлган пайтидаёқ Барно бу ерга ишга келиб, 26 йил давомида ҳалол ишлаган эди, шунинг учун ўзининг ўқувчилари ёки аллақандай ўзбошимчанинг олдида ғурурини тўкмади. Барно ўқувчилардан пул йиғиш ҳақидаги буйруқни бажаришдан бош тортди, бунинг натижасида янги директор билан муносабатлари бутунлай бузилгач, ёзма ариза билан Қумқўрғон тумани прокуратурасига мурожаат қилди.

Бу шикоят аризасида Барно Муродова директор Шукуровнинг “пахта йиғимлари”дан ташқари бир нечта қонунбузарлик ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларини келтириб ўтган. Аммо “қонун посбонлари”дан ҳеч қандай жавоб бўлмади. Қайтага, Шукуров Барнога ва унинг эри Анварга нисбатан босимни кучайтириб юборди.

Ҳалолликка жавобан “пистирма”

Шу билан бирга, прокуратура коллежда бўлаётган воқеалардан четда қолди, деб бўлмайди. 2004 йил 20 майда Муродова учинчи курс талабаларига дарс ўтаётган хонага кутилмаганда камера кўтарган одам кириб келди. У ўқувчиларга баланд овозда “Ўқитувчингиз пора олди!” деб эълон қилгач, Барнодан уч метрлар узоқроқда турган партадаги қоғоз ўрамини камерада суратга тушира бошлади.

Кейинсалик маълум бўлишича, видеокамерали бу нотаниш одам Қумқўрғон прокуратураси терговчиси И.Хуррамов бўлиб, қоғоз ўрамини учинчи курс талабаси Жуманиёзова олиб келган, унинг ичида эса “пора” деб махсус белги қўйилган минг сўмлик купюралардан иборат 20 минг сўм пул бор экан.

Меҳмонларимнинг фикрича, бу провокацияни коллеж директори Шукуров Сурхондарё вилоятининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги мансабдор танишлари (балки қариндошлари) ёрдамида тайёрлаган. Бу фикрга мен ҳам қўшилдим.

Аммо ўта қолоқ усулда ва ахмоқона тарзда амалга оширилган бу провокациянинг миси чиқди. Ўрамда Муродованинг бармоқ излари топилмади, пул эса ўқувчилар томонда, ўқитувчининг столидан узоқда ётган эди, боз устига, бундай шароитда пора бериш ҳолати ўта маъносиз эди. Бундан ташқари, белги қўйилган бешта купюрада қўпол хатога йўл қўйилган, унда “Ҳотамовага пора” деб ёзилган бўлиб, бу Муродованинг қизлик фамилияси эди.

Дунёдаги энг одил тергов ва суд

Аммо мазкур фактларга қарамай тергов бошланди, уни ҳам бир томонлама, нохолис олиб борилди. Барнонинг айтишича, терговчи Хуррамов унинг қўлига уриб, “пора олганингни ёз!” деб бақирган. Бу терговчининг бошлиғи, прокурор У.Сувонов бундан ҳам баттар экан. У ҳам Муродовадан фақат битта нарсани, “пора олдим” деган сўзларни ёзиб беришини талаб қилган. Бироқ Барно жиноятни бўйнига олмаслигини тушуниб етгач, уни сўкишга тушган. Ўзи эса ҳеч кимдан қўрқмаслигини, чунки “тепадагиларга пул узатиб туришини” пеш қилган.

Муродова эксперт-криминалист Самад Чориев билан суҳбатдан сўнг, прокурор қаердан пул топиб, раҳбариятга узатишини тушунди. У Барнога очиқдан-очиқ: “Икки миллион сўм ($2000) берсангиз, қўйиб юборишади, бизда қонунлар ишламайди”, - деб айтди.

Буни эшитган Муродова ғазабланиб, бундай ўзбошимчалик устидан шикоят қилишга ўтди. 2004 йилнинг ёзида Сурхондарё вилояти прокуратура бошлиқлари ва МХХга мурожаат қилди, Бош прокурор, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва ҳаттоки президент номига хат жўнатди. Аммо бундан ҳеч қандай наф бўлмади – унга ҳеч қандай жавоб ҳам келмади.

Бунинг ўрнига жиноий ишлар бўйича Қумқўрғон судида “порахўр” Муродова иши юзасидан суд бўлиб ўтди. Бу судда унинг айби исботланмаган ва барча гувоҳлар ўқитувчининг фойдасига кўрсатма берган бўлса ҳам, судья Э.Ҳамидов 2004 йилнинг 17 сентябрида барибир айблов ҳукмини эълон қилди.

Барно айбланган Жиноят кодекси моддаси енгил бўлди – 214-модда, 1-қисм (мулкий манфаатдор бўлиш). Ҳукм ҳам енгил эди – шартли равишда бир йилга озодликдан маҳрум қилиш. Аммо шу билан бирга Муродовани коллеждан ҳайдаб, айблов ҳукми билан қишлоқдошлари орасида унинг номини қора қилишди. Муродова ҳеч қачон пора олмагани учун бундай вазият унинг нафсониятига тегди. Эри эса қонуний йўллар билан адолатга эриша олмагани учун ғазабдан қайнаб, кескин чоралар кўришга ҳам тайёр эди.

Бироқ мен “афғончи” ветеранни тинчлантириб, ўз ҳуқуқи учун радикал чоралардан кўра қонуний тарзда курашиш кўпроқ натижа бериши мумкинлигини айтдим. Бунда асосийси – таслим бўлмаслик, ҳақиқат учун қатъий курашиш. Бу масалада ЎМҲҲТГ қўлдан келганича ёрдам беришини ваъда бердим.

Миқдордан сифат сари

Эр-хотин менинг фикримни маъқуллашди ва дарҳол адолатсиз ҳукм устидан аппеляция шикоятини ёзишга тутинишди. Мен ҳам ўша куниёқ баёнот тарқатиш билан чекланмасдан, Муродовлар оиласига маслаҳат бериб бордим.

Апелляция ҳам Барнонинг фойдасига ҳал бўлмади, аммо у аскардек чидамли экан. Юқори инстанцияларга шикоят ёзарди, улар эса янги суд жараёнларини белгиларди. Бу жараёнлар ҳам унинг фойдасига ҳал бўлмасди, аммо у яна шикоят ёзиб, яна суд ўтказилишини талаб қиларди. Натижада бу судлар Сурхондарёдан Қашқадарё вилоятига ўтказилди, бўлиб ўтган жараёнларнинг сони ҳам тўққизтага етди.

Тўққизтадан сўнг ишларнинг миқдори сифат сари ўзгара бошлади – қўшимча тергов ўтказиш учун иш Сурхондарё вилоятига юборилди. Жиноий ишни текширган прокуратура терговчиларининг вилоят коллегияси ҳам Жиноят-процессуал кодекси қўпол тарзда бузилгани ҳақида хулосага келди.

Масалан, бир нечта суд жараёнида учинчи курс талабаси, “жабрланувчи” Жуманиёзова ўзининг Муродова устидан ёзган аризасини биринчи марта кўриб турганини айтди. Бу ариза ва ундаги имзо ўзиники эмаслигини, бу ариза компьютерда ёзилган бўлиб, ўзи компьютер ишлатишни билмаслигини маълум қилди.

Холис гувоҳ Ю.Тўрабоевнинг учта (Сурхондарёнинг Шеробод, Денов ва Бандихон туманларидаги) суд жараёнида айтишича, Муродовани қўлга олиш акти уч марта қайта ёзилиб, ҳар гал унга янгидан имзо қўйишга мажбур қилишган.

Охирги суд жараёнида исботланишича, бу актни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учинчи – “охирги” марта Тўрабоевнинг уйига бориб, имзолашга мажбур қилишган, унга ўқишга ҳам рухсат берилмаган ва киритилган ўзгаришлардан хабардор қилинмаган.

Тергов барибир нохолис ўтказилди…

Муродовлар қўшимча терговнинг ўтказилиш тарзидан норози эди. Улар тергов бир томонлама, айбловга ён босган ҳолда ўтказилаётганлигини айтиб, бунга мисоллар келтиришди. Масалан, терговчилар Барно келтирган барча далил-исбот ва фактларни эътиборга олмадилар. Прокуратура ходимлари Муродованинг айбсизлигини исботловчи аудиоёзувни яширишди. Сўроқларни эса тунга яқин ўтказиб, ёлғон кўрсатма олиш мақсадида вояга етмаган гувоҳларни ҳақорат қилиб, таҳқирлашган...

2006 йилнинг ноябрида Муродовлар менинг олдимга келиб, қўшимча тергов бир томонлама ўтказилаётганини айтишди. Мен бу ҳақда ЎМҲҲТГга ариза ёзиб, фактларни батафсил келтиришни маслаҳат бердим.

Барно худди шундай қилди. Мен бу аризани навбатдаги баёнотимда эълон қилиб, “асосли жавоб олиш мақсадида” уни ташкилотимиз номидан расмий равишда президент Ислом Каримовга, Бош прокурорга, МХХ раисига, Олий суд раиси вазифасини бажарувчига ва Ўзбекистон Республикаси парламенти қошидаги Омбудсменга жўнатдим.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ўзини бахтиёр ҳис қилганида

Сурат Икрамов
Сўнгги 13 йил давомида Сурат Икромов юзлаб суд процессларини мониторинг қилди, минглаб одамларга адвокатлик ва юридик ёрдам кўрсатди. Ахборот агентликларига, элчихоналарга, халқаро ва республика ташкилотларига инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари тўғрисида юборилган хабарномаларнинг сони бир минг сакккиз юзтадан ошиб кетди. Ҳуқуқ ҳимоячи ёзаётган китоб айнан шу хабарномалар асосида ётган воқеалар тафсилотлари шаклланмоқда.

Натижада, коллеж ўқитувчисининг ўз номини оқлаш йўлидаги қатъийлиги муносиб равишда мукофотланди. Суд-ҳуқуқ тизимида қандайдир яхши деталь ишлаб кетди, бунинг натижасида 2006 йилнинг декабрида Қумқўрғон тумани прокурори Э.Намозов жиноят аломатлари топилмагани сабабли Барно Муродовага нисбатан жиноий иш тўхтатилгани ҳақида расман маълум қилди.

2007 йилнинг 26 январида Сурхондарё вилояти прокуратурасидан яна битта хушхабар келди. Бош прокуратура ўқитувчининг оқланиши ҳақида ҳукм чиқарибди. У ўз ишига қайта тикланади, 33 ойлик ишсиз юрган даври учун маошини олади, бундан ташқари фуқаролик суди орқали маънавий зарар учун маблағ ундириши мумкин.

Уч кундан сўнг Сурхондарё вилояти прокуратурасидан яна битта хабар келди, бу ҳақиқий адолат тантанаси ҳақидаги мужда эди. Бу хатда прокурор ўринбосари Ф.Шаймановнинг Барно Муродовага билдиришича, “Қумқўрғон тумани прокуратурасининг (жиноят ишини сохталаштирган) ходимларига нисбатан тегишли чоралар кўрилади”.

Худди шундай бўлди ҳам. Барно ўз ишига қайта тикланди, 33 ойлик маоши берилди, прокуратуранинг қўли эгри ходимлари жазоланди. Гидромелиорация коллежи директор Шукуров эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди. Буниси ҳам майли, Барнонинг турмуш ўртоғи Анвар Муродовни Қумқўрғонда янги очилган Нефть-газ саноати коллежига директор этиб тайинлашди.

Барно Муродова эса менга хат ёзди, ундаги баъзи сатрларни мен бу ҳикояни якунлаш учун ёзган хабаримда келтирдим: “Тергов ва суд пайтида биронта ҳам давлат муассасаси менга амалий ёрдам кўрсатмади, хўжакўрсинга ёзма жавоб беришди холос. Фақатгина ЎМҲҲТГ раиси Сурат Икромов тимсолида мен Ўзбекистон келажаги ва инсон ҳуқуқлари учун қайғурадиган, жабрланган кишиларга самимий ва беминнат ёрдам беришни истайдиган одамни кўрдим. Бизни яқинларимиз, танишлар, қариндошлар, қўшнилар ва маҳалла олдида юзимизни ёруғ қилишга амалий ёрдам берган ЎМҲҲТГ ходимларига Муродовлар оиласи ва уларнинг олтита фарзанди миннатдорчилик изҳор қилади”.

Бу хат мен учун энг қадрли хатлардан бири. Чунки ҳуқуқ ҳимоячи учун асосийси – одамларга ёрдам бериш. Айниқса, сенинг ёрдаминг билан шундай сезиларли натижага эришилса, бу ундан-да қувончли ҳодисадир. Қилаётган ишинг муҳим ва керакли эканидан қувончга тўлади киши.

Сурат Икромов

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама