15:18 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон: Қамоқхонада Азимжон Асқаровга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишмоқда; унинг хотини эса кузатув остида

31.12.2015 09:51 msk

Фарғона

Қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячи Азимжон Асқаровнинг хотини Хадича Асқарова махсус хизмат ходимлари томонидан босим ва муназам кузатув юзасидан “Бир Дуйно – Қирғизистон” ташкилотига шикоят қилган.

Хадичанинг сўзлаб беришича, 2015 йилнинг 29 май куни АҚШнинг Қирғизистондаги элчихонасининг сиёсий-иқтисодий бўлими бошлиғи Жеймс Моррис унинг уйига, Бозорқўрғонга келган. Меҳмоннинг кетишини кутиб тургач, Асқарованинг уйига вилоят махсус хизматлари ходимлари Талант Маматов ва Мурат Асанов кириб, бу америкалик нимага келганини ва пул берган-бермаганини суриштира бошлаган. Уйни кундузги соат бирдан кечки тўққизгача кузатишган.

Хадича 2015 йилнинг 23 сентябрида кузатув остида эканлигига амин бўлди. Бозорқўрғондаги Навоий номидаги мактаб директори ва “Лола” болалар боғчаси раҳбари унинг ёнига келишиб, Хадичанинг Азиза Абдурасулова (“Кылым Шамы” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари. –“Фарғона” изоҳи) билан учрашмоқчилиги тўғрисида суриштира бошлашди. “Улар мендан хорижлик меҳмонлардан биронтаси билан ҳам учрашмаслигимни сўрашди, чунки сайловдан олдин ортиқча шов-шув керакмас дейишди”, - деб ёзади Хадича. Қизиғи, ўшанда FIDH ташкилоти вакиллари билан учрашув режалаштирилган эди. “Худди шу пайтда махсус хизмат органларига қарашли машинасига кўзим тушди, кейин хавотирга тушиб, қўшниларникида тунаб қолдим”, - дейди у.

“2015 йил 19 октябрь соат 13.30 да маҳалла врачи Аҳмедова Мақсуда уйимга келиб, унга бошлиғи қўнғироқ қилганини, менинг уйимда бўлиб туриши керак эканлигини айтди, - деб эслайди Хадича опа. – соат 14.00 ларда суд ижрочилари Сапарбаев Замир, Кенешов Алтинбек ва бошқа нотаниш одамлар келишди. Улар билан участка милиционери Эрмек ҳам келди”. Келганлар Хадичанинг уйи мусодара қилинишини, улар Мусодара баённомасини тузишга келганини айтишди. Хадича ҳеч қандай қоғозга қўл қўймади. Чақирилмаган меҳмонлар кетгач, врач Аҳмедова тушунтирди: уйни мусодара қилиб бўлгандан сўнг уйни қулфлаб қўйиш кераклигини унга айтишган экан.

“8 декабрь куни қишлоқ кенгаши (сельсовет) ўринбосари Юнус Тешебаев олдимга келиб, суриштира бошлади: Бишкекка кетаяпсанми, нима сабабдан, у ерда чет элликлар билан учрашасанми ва ҳоказо, охирида: бугун бормасанг бўлмайдими? деб сўраб қолди – деб ёзади Хадича. – У кетганидан сўнг уйимиз ёнида турган D1243АА рақамли оқ автомашинани кўрдим. Ундан сўнг соат 16.30 да боғча мудираси Мамажонова Турсуной келиб: “Бишкекка кетяпсанми? Мен шунчаки ўтиб кетаётгандим, сўраб ўтгим келди”, - деди. Мен Бишкекка бораётганимни ҳеч кимга айтмаган эдим!”

“Тайёрланиб, Бишкек томонга кетадиган таксига чиқдим. Орқамиздан оқиш рангли “Хонда Аккорд 0001” Қўчқор-Отагача кузатиб келди. Биз бу ҳақда ҳайдовчи билан маслаҳатлашдик ва тор кўчалар орқали унинг танишлариникига бордик, у ердан мен бошқа таксига ўтиришга мажбур бўлдим, - давом этади Хадича. – Ҳайронман, мени нега кузатишади? Хавотирланиб асабийлашадиган бўлиб қолдим, қон босимим ошиб, қулоғим битиб қолади. Бу махсус хизматларни тўхтатадиган милиция билан прокуратура қаерда? Эримни ноҳақ қамашди, уйимни ўғри урди. Уларга яна нима керак?”


Азимжон Асқаровнинг хотини Хадича унинг автопортрети билан. Григорий Михайлов сурати, 2011 й. 17 май, Бишкек

Бу вақтда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация (FIDH) ва Қийноқларга қарши жаҳон ташкилоти хабар беришича, Бишкекдаги 47-колонияда Азимжон Асқаровнинг шароити ёмонлашмоқда. Адвокат Валериан Вахитовнинг айтишича, янги қоидаларни рўкач қилиб, Асқаров билан учрашув пайтида маҳбусдан кишанларни ечишмаган. Аммо бу қоидаларни Вахитовга ҳам, Асқаровга ҳам кўрсатишмаган.

1 декабрда бўлиб ўтган учрашувда Асқаров билан адвокатни ёлғиз суҳбатлашиш ҳуқуқидан маҳрум қилишган. Валериан Вахитов буни Асқаровга нисбатан шафқатсиз ва таҳқирловчи муносабатнинг бир белгиси ва унинг конституцион ҳуқуқларининг бузилиши деб ҳисоблайди. Валериан Вахитов шикоят билан Қирғизистон бош прокуратураси, колония маъмурияти бошлиғи ва Қийноқларнинг олдини олиш маркази директорига мурожаат қилиб, Асқаровга нисбатан бундай муносабатнинг амалдаги қонунлар ва Қирғизистон конституциясига мувофиқлигини текширишни талаб қилди.

Баённома эълон қилган халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг таъкидлашича, сўнгги пайтда Азимжон Асқаровнинг соғлиғи жиддий ёмонлашган, у қаттиқ бош оғриғи ва бош айланишидан қийналмоқда. Асқаровнинг бўғинлари оғрийди, у бир нечта тишидан айрилган, тиш протези мос келмасдан, оғриқ бермоқда. Баҳорги тиббий кўрикда Азимжон Асқаровнинг юраги, жигар ва сийдик пуфагида жиддий муаммолар аниқланган, ўшандан бери маҳбуснинг аҳволи яхшиланмаган. 10 декабрда Инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитасига ёзган хатида Азимжон Асқаров ўз ишининг кўриб чиқилишини тезлаштиришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, Азимжон Асқаров 2010 йилнинг ёзида “оммавий тартибсизликлар ташкил қилиш” ва “ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимини ўлдиришда иштирок этиш” айблови билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2015 йилнинг июлида АҚШ давлат департаменти Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирлади. Бунга расмий Бишкек кескин муносабат билдирди: Ташқи ишлар вазирлиги Асқаровни “жиноятчи” деб атади, Қирғизистон ҳукумати эса АҚШ ва Қирғизистон ўртасидаги гуманитар ёрдам етказиш бўйича келишувни бекор қилди. Қирғизистондаги ва халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари Қирғизистон ҳукуматига бир неча бор мурожаат қилиб, Асқаровнинг ишини қайта кўриб чиқиш ва умрбод қамоқ жазосини бекор қилишни сўрашган.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама