15:42 msk, 26 Июль 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Муштарий мактублари: “Ўзбекистонда содир бўлаётган ишларни ёқтирмайман, аммо ватанимни севаман”

31.12.2015 09:33 msk

Фарғона

Ўзбекистондан фақат президент Каримов тилга олган “дангаса” ва “бекорчилар”гина чиқиб кетаётгани йўқ. Мамлакатдан аҳоли фаол қатламининг энг яхши вакиллари чиқиб кетмоқда, “ижодкор синф” вакиллари бундай коррупция, таниш-билиш ва уруғ-аймоқчилик билан қоришиб кетган қашшоқ ва биқиқ муҳитдан ўзларига жой топа олмаяпти. Улар ўз салоҳияти билан янги ўлкаларни бойитишмоқда. “Мен Ўзбекистонда ўз келажагимни кўрмаяпман, Россия фуқаролигига ўтмоқчиман”, - деб ёзади муаллиф.

* * *

“Мен 40 ёшдаман, олий маълумотлиман, илгари солиқ инспектори бўлиб ишлаганман. Оилалиман, балоғатга етган ўғлим бор, ҳозир Россия Федерациясида ишлаб юрибман...

Гапнинг пўскалласини айтсам, ватандаги аҳволдан бутунлай кўнглим совиган, у ерда ўзимнинг ҳам, оиламнинг ҳам келажагини кўрмаяпман. Солиқ хизматида ишлаган чоғимдаёқ мавжуд тизим ва ҳукумат органларининг бутунлай бузилиб кетганлигини тушундим ва бу аҳволда яшаб бўлмаслигини англадим.

Яшаш учун тизимга киришиб кетиш, пора олиш керак эди. Аммо умуман пора олмаган тақдирингизда ҳам сизни таъқиб қилишлари мумкин. Нима учун? Ҳалол бўлганингиз учун.

Маош рўзғорга етмагани учун қўшимча равишда мактабда информатикадан дарс берар эдим, хотиним эса ҳамшира бўлиб ишларди. Оиламизнинг жами даромади ойига $200 эди (бу 2004 йилги, ишдан бўшашим ва кетишимдан олдинги маълумотлар). Харажатлар эса, ўзингизга маълум, - уйим, машинам, ота-онам, фарзандларим учун ва ҳоказо, жами $500 гача борарди. Тирикчиликка етказиш учун пенсионер ота-онамдан, қариндош ёки дўстлардан қарз олишга тўғри келарди, бундан жуда хижолат чекардим.

Ҳаммага ўхшаб, мен ҳам амал поғоналарида кўтарилишни орзу қилардим. Аммо ҳақиқий ҳаётга дуч келгач, бунинг охири бахайр эмаслигини тушуниб етдим.

Шаҳримизнинг ҳар битта ҳокими пировардида, жиноий жавобгарликка тортилиб, қамалганини кўрдим. Деярли барча дўстларим, олий маълумотли, президент академияларини тугатган ва турли соҳаларда (банк, молия, органлар) туман миқёсидаги, ҳатто вилоят ва республика миқёсидаги раҳбар лавозимларини эгаллагач, ишдан бўшагани, судлангани ва қамоққа олинганини кўрдим. Шунда кўзим очилди.

Фақатгина давлат хизматида эмас, тадбиркорлик соҳасида ҳам шу аҳвол. Бу амалдорлар, ҳукумат органларининг зўравонлиги, бу чириган, коррупция аралашган тузилмалар, таъмагирлик, ноҳақ йиғимлар ва “откат”лар... Булар бизнес билан шуғулланишга қўймайди, ҳар қандай ташаббусни таг-туги билан йўқотади. Органларда ёки ҳукуматда танишлар ёки қариндошлардан ҳомийлар бўлиши керак. Акс ҳолда, умр бўйи қул каби ишлашингиз, ўзингиз ва оилангизни эмас, ман шу “паразитларни” ҳам боқишингиз тўғри келади.

Оддий хизматчи бўлсанг-у, прокуратура, махсус хизматлар, прокуратура қошидаги департамент, бошқарма қошидаги хавфсизлик хизмати бўлими ва бошқалар ортингдан таъқиб қилса, ҳар қадамингни пойласа... Буларнинг ҳаммаси ҳиқилдоғимга келди, ўша “омадли” дўстларимнинг куни бошимга тушмасидан олдин органдан кетишга қарор қилдим. Дўстларимнинг ҳаммаси ҳозир судланган тамғаси билан ишсиз юрибди. Кимдир четга чиқиб кетди, кимдир киракашлик қиляпти, кимдир кўримсиз биронта идорага ишга кирган ёки майда бизнес билан машғул.

2000-йилларда мен ишдан бўшаб, омад излаб мамлакатдан чиқиб кетдим. Аввал бошқа фуқаролик олган укамнинг олдига бордим, унинг кичкина бизнеси бор эди, у билан уч йил бирга ишладим, кейин оёққа туриб, 2008 йилда Москвага келдим. Шу ерда ўрнашдим, оиламни ҳам олиб келдим.

Оддий ишчидан бошлаб, қурилишда бригадир, товар қабул қилувчи бўлдим, хусусий дала ҳовлида ишладим, чопар, сотувчи-консультант, интернет-дўконда савдо-сотиқ бўйича менежер, суғурта брокери бўлдим... Ҳозир пойтахтдаги универсамлардан бирида администратор бўлиб ишлаяпман.

Менинг маслаҳатимга кўра хотиним тирноқ парвариш хизмати бўйича малака оширди, ҳозир яхши пул топади. Ўғлим Москвадаги супермаркетлардан бирида сотувчи бўлиб ишлаяпти.

Рус тилини, ҳуқуқлар ва қонунчиликни яхши билганим, славян ва европа маданияти билан бевосита танишлигим асқатди (мактаб ва институтни рус тилида тугатганман). Шаҳарни яхши билишим ҳам қўл келди. Шахсий автомобиль сотиб олмоқчи эдим, аммо қўядиган жой муаммолиги, жарима ва тиқинларнинг кўплиги учун бу ниятдан воз кечдим. Шаҳар транспортида ёки пиёда юрган маъқул: шуниси тезроқ бўлади, соғлиққа ҳам фойда.

Бир хонали квартирани ижарага олганман, Москвада бундай яшаш учун яхши ишда ишлаш керак. Москвага келган кунларимни эслайман – уч хонали квартиранинг битта хонасида ўн бешта эркак, бошқасида ўнтача аёл, учинчисида бешта оила. Квартирамизда кеча-ю кундуз тинчлик йўқ эди, одамлар тинимсиз квартирага кириб-чиқишар (кундузги ва тунги сменаларда ишлашарди), ошхона билан ваннахона доим банд бўларди ва ҳоказо... Полиция келиб, ҳаммамизни олиб кетиши ҳақидаги қўрқинчли ўйдан бемалол ухлай олмасдик. Йилдан-йилга яхшироқ шароитларга, қимматроқ бўлса ҳам одам камроқ жойларга ўта бошладим. Ва ниҳоят, 2011 йилда бутун оилам учун алоҳида хонани ижарага олдим. Кейинчалик бутун квартирани ижарага олдим.

Бир хонали уйга бир ойда 25.000 рубль тўлаймиз. Ижара ҳақи билан бирга харажатларимиз ойига 50 мингга боради. Бундан ташқари патентлар – ойига 12.000 рубль (уч кишига) ва кварталда бир марта – миграцион ҳисобни узайтириш учун 4500 рубль.

Ўтган йили бир ойлик жами даромадимиз 200 минг рублга етди. Ватандаги $200 билан солиштирсангиз, ер билан осмонча фарқи бор.

Бу йили даромадлар деярли икки баравар камайди, харажатлар эса учдан бир қисмга ошди. Валюта нархи даромадимизга таъсир ўтказмоқда: қимматлашса – даромад камаяди. Яъни, 2013-2014 йилларда топган икки юз минг рублни долларига 35 дан ҳисобласак, $5700 бўларди, бугунги юз минг даромад эса 70 рублдан ҳисоблаганда $1400 холос.

Ота-онам ўтиб кетишган, шу сабабли юртимга деярли пул жўнатмай қўйдим – баъзи-баъзида қариндошларга ёрдам бериб тураман. Ўзбекистонда ўз уйим ва автомобилим бор. Қариндошларим қараб туришади.

Келажакка некбин қараймиз. Инқироз ўтиб кетиб, аввалги ҳолатга қайтишга умид қиламиз. Кризис бўлишига қарамай, ватандагидан кўп топамиз. Москванинг шуниси менга ёқади, етарли маош олиб, одамга ўхшаб яшаш мумкин. Етишмайдиган ягона нарса – биздаги иссиқ об-ҳаво, мевалар, таомлар, қариндош ва дўстлар. Биз ишлаймиз, ўз вақтида ҳамма ҳужжатларни расмийлаштириб, барча тўловларни тўлаб келамиз: ҳеч ким безовта қилмаслиги учун ҳаммасини қонуний қилишни маъқул кўраман.

Россиянинг миграция қонунчилигидаги янгиликларга ҳам тўхталиб ўтсам. Озгина ошириб юборишди деб ҳисоблайман. Ўтган йили Москвада патент билан ишлаш учун йилига 20-30 минг рубль тўланган, патенти борларга миграция ҳисоби автоматик равишда узайтирилган, бугун эса бу харажатлар йилига 70 минг рублга етиб боради. Бу йил мигрантларга нисбатан тартибни кучайтиришди, тўловларга кўмиб ташлашди, жазони кучайтиришди, боз устига – кризис ва рублнинг қадрсизланиши! Энг чидамлилар эплаяпти. Рус тилини ёки ўрисларнинг маданиятини яхши билмайдиганлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади... Шу сабабли мигрантларимиз чиқиб кетмоқда. Вақт ўтгани сайин камайиб бораверади.

Хулоса ўрнида айтадиган гапим: қийинчиликларга қарамай, шароитимдан қониқаман ва айрим мақсадларимга эришишга ҳаракат қилмоқдаман.

Ўзбекистонда бўлаётган ишларни маъқулламасам ҳам, юртимни севаман. Буни тушунтириш осон, аммо қийин ҳам. Инсон доим ўзига қулай ва хавфсиз жой қидиради. Аммо туғилиб ўсган Ватанга, табиатга, иқлимга, урф-одатларимиз, қариндошлар, дўстларга нисбатан муҳаббат йўқолмайди.

Бизнинг шарқ анъаналарининг ижобий томонлари кўп. Салбийлари ҳам бор. Жамиятимиз ўзгариши керак. Ҳаммаси аввалгидай давом этаверса, ҳеч нарса яхши бўлмайди. Янги авлод эскисининг қолипи бўйича катта бўлади, бу дегани – ўзгариш бўлмайди.

Албатта, бизда янги ва гўзал бинолар қад кўтармоқда, ҳаётимизга интернет, янги автомобиллар, техника кириб келди... Аммо маънавий одатлар – ақида каби мустаҳкам ўрнашган. Биз аросатда қолиб кетдкми деган ҳаёл келади. Нима демоқчилигимни тушунтирай.

Аҳолининг аксарияти солиқ тўламайди. ДСИда махсус бўлим бор – аҳолидан ҳар куни солиқ йиғиш билан шуғулланадиган участка нозирлари. Райгаз, электр тармоқлари, сув-оқава каби бошқа хизматларда ҳам шунақа.

Аммо нега давлат ҳар битта одамнинг орқасидан югуриши керак, ўз вақтида тўлаш – фуқароларнинг мажбурияти эмасми? Бу саволга жавоб беришдан олдин шуни тан олиш керакки, давлат ҳам фуқаролар олдидаги мажбуриятларни бажариши керак. Нега Россияда ҳамма барча тўловларн ўзича тўлаб юради? Чунки аслида шундай бўлиши керак, тўғрими?

Менимча, бу ерда “иккиёқлама” муаммо бор. Миллий ўзликни англашдан бошлаб, янги, иштиёқли ёш кадрларгача, ҳаммасини ўзгартириш керак, уларни ишга таниш-билишлар орқали эмас, қатъий танлов асосида ишга олиш керак.

Ҳар гал бирор жойга учишдан олдин, аэропортда ватандошларимни осонгина топаман: ҳамма жойда тартиб ва навбат амал қилса, бизнинг авиалинияларда алғов-далғов. Юртдошларимдан уялиб кетаман. Ахир биз пода ичида юрган мол эмасмизку, нега ҳамма битта эшикчага бирданига киришга интилади?!... Буни йўқотиш керак...

Москвада анчадан бери яшаётган, аллақачон фуқаролик олган дўстларим бор. Аммо, фақатгина тирикчилик ва оилани боқиш учун Россияда ишлаб юрганлар ҳам кўп, чунки Ўзбекистонда бунинг иложи қолмади. Кимнингдир амал поғоналаридан кўтарилаётган нарвони синиб кетгани учун четга чиқиб кетди, кимдир пенсияга чиқди-ю, хали ишлашга кучи борлиги учун кетди, асосан ҳарбийлар ва махсус хизмадатгиларни назарда тутяпман.

Ватанимга келсам, шаҳарда эркаклар қолмагандай туйилади, 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган қўшниларим, танишлар, қариндош эркакларни кўрмайман. Кўчаларда фақат аёллар, болалар ва чоллар юради. Деярли ҳамма эркаклар Россияда, Қозоғистонда ва бошқа жойларда. Арзимаган маош, ишсизлик, соғлиқни сақлаш тизими ва ижтимоий ҳимоя институтларининг ночор аҳволда қолгани – буларнинг ҳаммаси ишга лаёқатли аҳолини республика ташқарисидан иш қидиришга мажбур қилмоқда.

Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда келажагимни кўрмаганим сабабли, Россияда яшаш ва ишлаш учун фуқаролигини олмоқчиман. Албатта, Ватанни унутмайман, иложи борича тез-тез келиб тураман. Россия Федерацияси менга муҳтож эмаслигини биламан, фуқаролик олиш ўта қийин, балки иложсизлигини ҳам биламан.

Аммо келажакка некбинлик билан қарайман, қонуний тарзда Россия фуқаролигини олишга ҳаракат қиламан”.

Одилжон Иброҳимов (тахаллус)

* Бошқа муштарийларнинг хатларини “Фарғона”нинг махсус рубрикасида ўқинг ёки исталган мавзуда бизга хат ёзиб, ferghana@fergananews.com манзилига жўнатинг.

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама