22:56 msk, 24 Март 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Сайловдан кейинги Ўзбекистон: Президент Каримовнинг собиқ “рақиблари” нима билан шуғулланмоқда?

29.12.2015 13:52 msk

Фарғона

2015 йил март ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловидан шу нарса маълум бўлдики, мустақил номзодлар – тошкентлик Абдулло Тожибой ўғли, Жаҳонгир Шосалимов ва Шуҳрат Рустамовда ҳаттоки сайловолди ташвиқотда ҳам иштирок этиш имконияти йўқ. Бир неча ой олдин, 2014 йил декабрида бўлиб бўтган Олий Мажлис сайловлари эса, уларга депутатлар сафига қўшилиш имконияти ҳам йўқлигини кўрсатб қўйди. Ўзбекистон шароитида истиқболи йўқ бўлган бундай номзодларга фақатгина милиция эътибор бериб, “ғамкўрлик” қилиб келмоқда. Аммо қаҳрамонларимиз умидни сўндиргани йўқ. Янги йил бўсағасидаги шу кунларда улар мақсад сари, яъни Ўзбекистон президенти курсини эгаллаш ниятидаги ҳаракатларини жонлантириб юборишди.

Абдулло Тожибой ўғли, Жаҳонгир Шосалимов ва Шуҳрат Рустамовнинг ўхшаш томонлари кўп. Учаласи ҳам деярли тенгқур – 1950, 1953 ва 1952 йилларда туғилишган, арзимас миқдордаги пенсия олишади ва мамлакатнинг Ислом Каримов бошчилигидаги ҳозирги раҳбариятининг фаолиятига танқидий назар билан қарашади. Хорижий оммавий ахборот воситаларида уччовини ҳам “ҳуқуқ ҳимоячи” деб аташади ва одатда унчалик ҳам фарқлашмайди. Аммо аслида улар ҳар хил услубда фаолият юритадилар. Шуҳрат Рустамов ўзини фақатгина ҳуқуқ ҳимоячи деб билади ва суд-ҳуқуқ тизимидаги қонунбузарликларга қарши курашиб келади. Жаҳонгир Шосалимов камтарлик билан ўзини мустақил иқтисодчи деб атайди ва молиявий соҳадаги стратегик хатоларни фош қилиш билан шуғулланади. Абдулло Тожибой ўғли эса аксинча, уни сиёсатчи ёки ҳеч бўлмаганда мухолифатчи деб аташларини маъқул кўради. Кейинги пайтда у сиёсий кураш усулларини ўзгартирди: бир кишилик пикет ва бошқа оммавий норозилик намойишлари ўтказишни тўхтатиб, расмийлар билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Тожибой ўғли уларга давлат пахта концерни тузишни таклиф қилди, шу йўл билан давлат бюджетини сезиларли равишда тўлдириб, пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланиш каби оғриқли муаммони ҳам ҳал қилиш мумкин.

Шуҳрат Рустамов

Ҳуқуқ ҳимоячи Шуҳрат Рустамов – буларнинг ичида 2015 йилнинг март ойида хориждаги мухолифат томонидан ташкил қилинган муқобил президент сайловларида ўз номзодини қўйган ягона шахсдир. Балки худди шу иштироки учун бўлса керак, Ўзбекистон расмийлари суд қарори билан уни муомалага лаёқатсиз деб эълон қилишган. Шу даражага бордики, Самарқандда суд-ҳуқуқ тизимига кирувчи муассасаларга кириш жойида суднинг бу қарорини деворга илиб ҳам қўйишди.


Шуҳрат Рустамов Ўзбекистондаги ҳукуматнинг фаолиятсизлигини исботламоқчи

Ўзининг лаёқатсизлиги ҳақидаги суд қарори ҳеч қандай асосга эга эмас деб ҳисобловчи Рустамов ўз фаолиятини давом эттириб, турли шикоятлар тузиш орқали Ўзбекистон фуқароларига беғараз ёрдам бериб келмоқда. У ҳар бир масалани чуқур тушуниб етиб, уни ниҳоясига етказишга ҳаракат қилади: агар аризага тегишли тарзда жавоб бўлмаса, қонунга риоя қилган ҳолда, юқори органларга шикоят ёзиб, керак бўлса олий раҳбариятгача муожаат қилади.

Худди шу шикоятлар туфайли ҳам Рустамовни расман муомалага лаёқатсиз деб эълон қилишди. Аммо у ўзини “жуда лаёқатли” деб ҳисоблайди, шикоят тузишни эса фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишгина бўлиб қолмасдан, балки президент лавозими учун сиёсий кураш усули деб тушунади. 2015 йилнинг июль ойи охиридан – лаёқатсиз деб топилганидан бери – Рустамов яна 77 та янги ишлар бўйича 500 дан ортиқ шикоят ёзди. Натижада, ҳозирги пайтга келиб унинг ҳисобида 357 та иш бор, шикоятларнинг умумий сони эса уч мингтадан ошган.


Рустамовнинг БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасига ёзган шикоятидан парча

У ҳимояга олган кишиларнинг ишлари одатда ҳеч қачон ҳал бўлмаслиги, биронта мансабдор устидан ёзилган шикоят ўша мансабдорнинг ўзига қайти келишини ҳисобга олиб, қолаверса, ўзбек расмийларига қонунан мурожаат қилиш йўллари қолмагани ҳақида хулоса чиқарган ҳуқуқ ҳимоячи Ўзбекистон расмийларининг фаолиятсизлигини исбот қилишга бел боғлади. Декабрь ойида у БМТга хат юбориб, Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон олий раҳбариятининг фаолиятсизлиги ҳақида сўзлаб берди.

“Қонун бўйича, вазирлар, Сенат раиси, Бош прокурор ва бошқа расмийлар устидан ёзилган шикоятларни президент шахсан ўзи кўриб чиқиши керак, аммо бирон марта ҳам унақа бўлмаган, - дейди Шуҳрат Рустамов. – Тушунаман, менинг шикоятларим ҳақида президент билмаса ҳам керак: амалдорлар ундан яширишади. Шикоятларни бошқа олий мансабдорлардан ҳам яширишса керак, чунки менинг хатларимга милиция кичик офицерларигина жавоб ёзишади. Ҳукуматнинг фаолиятсизлиги масаласи БМТга олиб чиқилгани натижасида Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимидаги жорий вазият сал бўлса-да ўзгаради, деб умид қиламан”.


Рустамовнинг БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасига ёзган шикоятидан парча

Ҳуқуқ ҳимоячининг сўзларига кўра, унинг лаёқатсизлиги ҳақидаги суд қарори ноқонунийлигини ҳамма билади, қарорнинг таъсири эса тескари бўлди: Тошкентда ҳам, вилоятларда ҳам ҳақиқат учун курашувчи жасур инсон сифатида Рустамовнинг обрўси ошиб кетди. Натижада ундан ёрдам сўраб мурожаат қиладиганлар сони кескин тарзда ошди. Демак, унинг сайловчилари сони ҳам ортмоқда. Бу сайловчилар шунга ишонадики, Рустамов президент бўлса, у “шу заҳоти ўзига бино қўйган амалдорларни ҳайдаб юборади”.

Жаҳонгир Шосалимов

“Мен халқнинг ичида юраман, шунинг учун Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий соҳалардаги вазият кундан-кунга оғирлашиб кетаётганини кўриб турибман, - дейди мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимов. – Шу сабабли менинг иқтисодий билимларим республикага керак деб ҳисоблайман ҳамда ёшим имкон бергунича президент лавозимига номзодимни қўйиш фикридан қайтмайман”.

Шосалимов ҳукумат вакиллари, вазирлар, ҳокимлар, сенаторлар, парламент депутатлари ва аҳоли орасида обрў-эътиборли оқсоқоллар билан мулоқот қилиш орқали президент лавозимига етишмоқчи. 2014 йилдан бошлаб мустақил иқтисодчи уларнинг олдига ташриф буюриб, нарх-навонинг баландлиги, пул эмиссияси, инфляция ёки арзимас маош масалаларини кўтармоқда.


Жаҳонгир Шосалимов расмийлар билан мулоқотдан ижобий натижа чиқишига ишонади

Шосалимов ўзи яшайдиган Учтепа тумани ҳокимининг ҳузурида бўлишга улгурди, бундан ташқари Тошкент ҳокимияти мансабдорлари, қонун чиқарувчи палата депутатлари ва ҳаттоки март ойидаги сайловда президентликка расмий номзод – “Адолат” партияси раиси Наримон Умаров билан ҳам учрашди. Шу йилнинг ноябр ойида эса Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев қабулига ёзилди. Биратўла Сенат қабулхонасига ариза ҳам қолдирди, унда олаётган пенсияси миқдорини ёзиб (215 минг сўм, расмий курс бўйича $76, қора бозор курсида $40), Ўзбекистон иқтисодиётининг ночор аҳволдалигини билдириб, охирида президент Ислом Каримовнинг истеъфо бериши кераклигини асослаб берди.

Сенат раиси Шосалимовни қабул қилмади, у билан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмита раиси суҳбатлашди. Шосалимовнинг айтишича, Умаров ҳеч нарса демасдан, фақат тинглаб ўтирган. Мустақил иқтисодчининг монологи тугаганидан сўнг, унинг саволларига ёзма тарзда жавоб беришини билдирган. Ҳаттоки парламент қўмитаси раиси даражасидаги мулозим ҳам раҳбарият билан маслаҳатлашмай жавоб бера олмас экан.


Шосалимовнинг Сенат раисига мурожаатидан парча

Умаровдан жавоб келди – Шосалимовнинг Сенатга берган аризаси кўриб чиқиш учун Молия вазирлигига жўнатилгани ҳақида қисқа маълумот берилди. Тез орада у ердан ҳам хат келди, молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев имзолаган бу мактубда айтилишича, 2005 йилдан бери Ўзбекистон бюджети профицит билан якунланмоқда, яъни даромадлар харажатлардан кўп. Шу билан бирга, Бюджет кодексининг 151-моддаси ҳақида маълумот ҳам берилган, унда айтилишича, давлат бюджети дефицитини қоплаш учун Марказий банк кредитларини жалб қилиш тақиқланади. Яна эслатиб ўтилганки, президентнинг 2014 йилнинг 4 декабридаги қарорига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш, қонун ҳужжатларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағларининг 2015 йил бошидаги бўш қолдиқлари ва бошқа қадрсизланмайдиган манбалар ҳисобидан амалга оширилади”.

Шосалимов молия вазирлигининг шунақанги катта амалдоридан жавоб келганига хурсанд бўлди, бироқ ўзининг пенсияси ва бошқа юз минглаб кексаларнинг пенсияси ҳақидаги саволга жавоб бермаганидан ранжиди. Бунинг устига, вазир ўринбосарининг хатида “сўмнинг қадрсизланиши, қимматчилик ҳамда меҳнаткашларнинг шароити ўта оғирлашиб кетаётгани ҳақида бир оғиз ҳам гап йўқ”.


Жаҳонгиру Шосалимовга Сенатдан келган жавоб

“Марказий банкнинг ўзбошимчалик билан назоратсиз пул сиёсатини ўтказиш тарафдорлари мамлакатимиздаги тинчликни ҳамда иқтисодиётини пароканда қилишларини истамайман, - дейди Жаҳонгир Шосалимов. – Шу сабабли ҳам ўз тарафдорларим билан бирга Ўзбекистон Сенати раиси номига очиқ хат ёзмоқчиман, унинг тагида ҳамма хоҳловчиларнинг имзосини йиғаман”.

Унинг фикрича, шу зайлда “ҳукумат олдига савол қўйишга қўрқмайдиган ва иқтисодиётни соғломлаштириш юзасидан реал фаолиятни амалга оширишга ундайдиган тарафдорларнинг сони кўпаяди”. Бинобарин, Шосалимовнинг эҳтимолий сайловчилари сони ҳам ошади.

Абдулло Тожибой ўғли (Мирсоатов)

Ўзбекистон Адлия вазирлиги мухолифатчи Тожибой ўғлига ўз сиёсий партиясини рўйхатдан ўтказишга рухсат берган бўлса ҳам, ҳозирча у бу ишга киришмагани ҳақида яқинда “Фарғона” ёзган эди. Бир кишилик пикетлардан воз кечиб, ҳукумат билан мулоқотга киришишни танлаган Тожибой ўғли шу кунларда Ўзбекистон бош вазири қабулига ёзилмоқчи бўлиб, ўз мурожаатномасини тайёрламоқда.


Абдулло Тожибой ўғли пахта концерни ҳақидаги фикрини билдириш учун бош вазир қабулига тайёрланмоқда

Умумий иқтисодий масалаларни кўтариб чиқадиган Шосалимовдан фарқли ўлароқ, Тожибой ўғли пахта секторига тегишли муайян битта таклифга эътибор қаратишга қарор қилган. Унинг фикрича, бу жуда муҳим бўлиб, агар унинг таклифи мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинса, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари пахта далаларида мажбурий меҳнат ҳақида бонг уришдан тўхтайди.

“Мавжуд пахта сиёсатидан фарқли ўлароқ, юқори самарали ва сердаромад, тажрибавий пахта концерни ташкил қилишни таклиф этаман. Бу концернда ишлаб чиқаришнинг барча босқичлари – пахта етиштиришдан бошлаб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқич ягона бошқарув остида бўлади ва хўжалик ҳисобида, ўз-ўзини қоплаш тамойиллари билан тартибга солинади, - дейди Тожибой ўғли. – Концерннинг тайёр маҳсулоти сифатида пахта хомашёси ёки калава эмас, балки юқори сифатли мато ёки кийим-либос бўлади, улар ички ва ташқи бозорда талабгир бўлади. Пахта толасидан ишлаб чиқарилган яхши газламалар халқаро бозорда бир метри ўн доллардан бир неча юз долларгача сотилади. Бу матодан қилинган замонавий, яхши сифатли кийим-кечак, албатта, бундан ҳам қимматроқ туради. Буларнинг ҳаммаси концернга катта даромад, унинг ишчиларига эса моддий рағбат келтиради”.

Мухолифатчининг ишончи комилки, агар унинг ғояси амалда татбиқ қилинса, “пахтага оид иқтисодий сиёсат ўзгариб, пахта етиштиришдан давлат оладиган даромад бир неча баробар ошади, катта маошли иш жойлари яратилади, пахта терими пайтида қишлоқ аҳолисига яхши даромад топиш имконияти туғилади ва Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ошади”.


Абдулло Тожибой ўғлининг пахта концерни ташкил қилиш таклифи ёзилган хатидан парча

Тажрибавий пахта концерни ташкил қилиш таклифини Тожибой ўғли ўтган йилнинг октябр ойидаёқ бош вазир Шавкат Мирзиёев номига жўнатган. Аммо Вазирлар Маҳкамасида мухолифатчи томонидан кўтарилган масала шахсан бош вазир ёки унинг ўринбосарлари кўриб чиқишига арзимайди, деб қарор қилинди. Тожибой ўғлининг таклифини ҳатто Вазирлар Маҳкамасининг ихтисослашган бўлими – Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари ахборот-таҳлил департаменти ҳам кўриб чиқмади. Мазкур департамент бошлиғи А.Равшанов мухолифатчининг хатини Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига йўналтириб қутулди. У ердан ҳам жавоб кўп куттирмади. Икки ҳафта ўтар-ўтмас, мухолифатчининг манзилига Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директорининг ўринбосари Б.Холиқов имзолаган хат келди. Тожибой ўғлига “пахта етиштириш ва пахта саноатини ривожлантиришга бағишланган” хат учун миннатдорчилик билдирган директор ўринбосарининг билдиришича, ХХ асрнинг 90-йилларида республикада пахта хомашёсининг 7 фоизигина қайта ишланган бўлса, ҳозирги кунда унинг 44 фоизи қайта ишланмоқда, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 60 фоизга етади. Бу 60 фоиз хомашё УзТЕКС-Чирчик каби илғор корхонада қайта ишланади, “у ердан хорижга фақат тайёр, сўнгги модада тикилган маҳсулотлар юборилади”.

Директор ўринбосари ўз жавобини нотўлиқ деб ҳисоблаган шекилли, бир ҳафтадан сўнг қўшимча хат юборди. Бу хатда у бош вазирнинг сўзларидан иқтибос келтириб, 2020 йилда Ўзбекистонда пахта хомашёсини қайта ишлаш 80 фоизга етишини хабар қилган. “Пахта етиштирувчи” мамлакатларда пахта концернлари йўқлигини мисол келтирган ҳолда, таклиф эгаси учун кўнгилсиз хулосага келган: “Замонавий бозор иқтисодиёти шароитида тажрибавий давлат пахта концернини ташкил қилишни мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз”.


Абдулло Тожибой ўғлига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан жавоб

Шу ўринда республикада етиштириладиган пахтани қабул қилиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишнинг ягона мажмуаси сифатида фаолият юритадиган “Ўзпахтасаноатэкспорт” компанияси кузда ташкил қилингани эсга тушади. Аммо бунда фақатгина пахта хомашёсини, пахта толасини ва чигитни қабул қилиш ва қайта ишлаш, ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Тожибой ўғли жавоб сифатида Холиқовнинг келтирган фикрига умуман қўшилмайди. Пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳажми ортгани билан, у фақат арзон калавага айланиши мумкинлигидан хавотирда. Айниқса Ўзбекистондаги иқтисодий вазиятни ҳисобга олмасдан, “пахта етиштирувчи мамлакатларнинг” мисол қилиб келтирилганини танқид қилади.


Абдулло Тожибой ўғлига Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан жавоб

“Нимага биз бошқа мамлакатлар тажрибасини кўр-кўрона кўчириб олишимиз керак, ўзимизнинг ақлимиз йўқми? – дея риторик савол беради мухолифатчи. – Ўзбекистонда пахта етиштириш давлат монополияси бўлса, бу соҳа эркин бозор иқтисодиёти шароитида ишлайдиган бошқа мамлакатларни қандай қилиб мисол сифатида келтириш мумкин?”

Тожибой ўғлининг фикрича, унинг давлат пахта концернларини ташкил қилиш лойиҳаси муросали вариант бўлиб, бунда монополия давлатда қолади, шу билан бирга қишлоқ аҳолиси учун пахта далаларида ишлаш фойда келтиради, шаҳарликлар, талаба ва ўқувчиларни эса мажбурий меҳнатдан бутунлай халос қилади.

Мухолифатчининг сўзларига кўра, у қишлоқ хўжалиги билан алоқадор одамлар билан суҳбатлашиб, ўз таклифини бир йил давомида пишитган. Ва бу ғоя ҳаётий эканлиги, уни қатъий тарғиб қилиш зарурлиги ҳақида хулосага келган. Шу муносабат билан бош вазир қабулига ёзилишга аҳд қилган. Бироқ, бош вазир уни қабул қилмаслиги, унинг мурожаатини Вазирлар Маҳкамаси яна бошқа ташкилотга ошириши мумкин бўлса-да, Тожибой ўғли қатъий туришга аҳд қилган. Чунки фақат қатъиятли шахсларгина президент бўлиш имконини қўлга киритиши мумкин.

Ўз мухбиримиз

“Фарғона” халқаро ахборот агентлиги



 

Реклама